Ойбек Полвонов: “Таклифлар бўлса, катта футболга қайтаман”
30 dec 2016 12:31
News
Ойбек Полвонов: “Таклифлар бўлса, катта футболга қайтаман”
Вилоятнинг бир қатор футбол жамоаларида тўп тепган футболчи айни пайтда Қарши шаҳрининг “Дўстлик – АИН” футзал жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. “Дўстлик-АИН” жамоаси айни пайтда футзал бўйича мамлакат чемпионати баҳларида етакчилик қилмоқда. Шубҳасиз жамоанинг муваффақиятларида сардор Ойбек Полвоновннинг ҳиссаси катта.
Биз Ойбек ПОЛВОНОВ билан футболчилик фаолияти, жамоасининг бугунги ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик.
Ойбек Полвонов – 1987 йилда Қашқадарё вилояти Нишон туманида таваллуд топган.
6 ёшдан футбол билан шуғуллана бошлаган.
Биринчи мураббий – Умар Раҳматуллаев.
Ёқтирган футболчиси – Хави ва Инеста.
Ёқтирган жамоаси – “Реал”.
Оилали, 1 та фарзанди бор..
Тўп тепган жамоалари: Қашқадарё Вилоят футбол мактаб интеранати жамоаси таркибида (2-лига),
2007 августидан “Насаф” ўринбосарлари, 2009 йил асосий таркибга жалб қилинди.
2011 йил -“Ерқўрғон” (Косон) ижара асосида тўп тепган.
2012 йил -“Насаф -2” да биринчи лигада
2013 йил. “Аланга” (Косон) биринчи лигада. Ўша йили иккинчи даврадан “Машъал” жамоаси асосий таркибида тўп тепган.
2014 йил. Бир давра “Аланга”да ўйнаб, сентябрь ойидан футзалга ўтиб кетган.
-Футболга кириб келишимга акам ва отам сабабчи бўлишган ва мени ўша пайтда Қарши шаҳридаги Вилоят футбол мактаб интернатига олиб боришган, -дея гап бошлади Ойбек Полвонов. – Шу шу футболга ошно бўлиб, вилоятнинг турли жамоаларида тўп тепишга улгурдим.
-Фаолиятингзни катта футболда бошлаган бўлсангизда, бугунги кунга келиб футзал жамоаси сафида ҳаракат қилаяпсиз. Катта футболда ўйнаб кетолмаслигига нима сабаб бўлди?
-Очиғи бу саволга ўзим ҳам жавоб излайман. Эҳтимол менинг услубим мураббийларга маъқул келмагандир, деб ўйлайман.
-Умуман, мини футболни катта футбол билан фарқи нимада?
-Минифутболда спортчи майдонда тезда ўйлаб, фикрлаши ва шу ўйлаган ишини тезроқ амалга ошириши лозим. Катта футболда эса биринчи навбатда жисмонан кучли бўлиши лозим. Минифутболда эса чарчаб қолган футболчи, бироз дам олиб, яна майдонга қайтиш имконияти бор. Катта футболда эса бу нарса имконсиз.
-“Насаф” асосий таркибида машғулотларда қатнашсада, асосий таркибда майдонга туша олмади. Нега?
-Ҳақиқатан ҳам ўша пайтда ўринбосарлар таркибида ажойиб ўйин кўрсатиб, асосий таркиб машғулотларига жалб этилгандим. Таркибда рақобат катта эди. Лутфулла Тўраев бу чизиқда ҳаракат қилар эди. Билмадим, балки мураббийнинг қарашларига менинг услубим тўғри келмагандир. Балки ўзим қаердадир хатога йўл қўйгандирман.
-Нима учун жамоангиз номи “Дўстлик” АИН деб аталади?
-Бу жамоамиз бош ҳомийси “Аин-Фарм” корхонаси номи билан боғлиқ.
-“Дўстлик – АИН” бир неча йиллардан бери футзал беллашувларида қатнашиб келади. Аммо бу йилги баҳсларни жамоа муваффақиятли ўтказмоқда. Бу аввалги йиллардагига нисбатан таркиб ўзгарганигами ёки...
-Билсангиз илгари Олий лигада Қарши шаҳри шарафини иккита жамоа ҳимоя қиларди. Айни пайтда бу икки жамоа “Дўстлик-АИН” номи остида бирлашди. Қолаверса, мусобақада доимий иштирок этиб тажрибамиз ҳам ошди. Энг муҳим жиҳат сифатида мен таркибимизда тўлиқ маҳаллий футболчилар тўп тепаётганлигини кўрсатишим мумкин. Сабаб таркибдаги йигитлар билан бир неча йиллардан буён турли жамоаларда тўп тепганмиз. Бир биримизни сўзсиз тушунамиз. Жамоамизнинг аҳиллиги бир мақсад сари дадил интилишимизга сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида жамоамиз устозининг хизматларини ҳам таъкидлаб ўтишим лозим.
-Ҳозир агар, таклиф бўлса, катта футболда ўзингизни синаб кўрасизми ёки...
-Албатта, ҳар қандай футболчи, менимча, ўз имкониятини катта футболда синаб кўришни истайди. Менга бу агар бу борада таклифлар бўлса, шубҳасиз яна бир бор ўз имкониятларимни катта футбол жамоаларида кўрсатишга интиламан.
-Мураббийлик фаолияти ҳақида
-Бу Ўзбекистон футзал термаси ўз тарихида илк марта Жаҳон чемпионати баҳсларида иштирок этди. Жамоангиз аъзолари ҳам бу мусобақада қатнашиб қайтишди.
- Умуман терма жамоанинг бу турнирда иштироки ҳақида нима дея оласиз?
-Терма жамоа мураббийи Хосе Мария Мендез тажрибали мураббий, ўзи ишининг устаси. Унинг темир интизоми боис жамоа муваффақиятларга эришмоқда. Таркибга дарҳақиқата бугунги кунда Ўзбекистондаги энг кучли футзалчилар жалб этилди. Гарчи гуруҳ босқичини муваффақиятсиз ўтказган бўлсада, футзалчиларимиз жаҳон майдонларида қандай имкониятларга эга эканликларини намойиш этишди. Ҳеч бир рақибдан чўчимай ҳаракат қилишиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди.
-Яна жамоангизга қайтсак. “Дўстлик-АИН” хусусий жамоа ҳисобланади. Футболчилар эса асосан мукофот пуллари эвазига майдонда тўп тепишади. Жамоада бу борада шароитлар қандай?
- Бу борада муаммоларимиз йўқ. Клуб раҳбарияти биз учун керакли шароитларни яратиб берган. Биздан фақат майдонга тушиб, ғалаба қозониб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш талаб этилади.
-Футболчилик фаолиятини якунлагач, кўпчилик спортчилар ўзларини мураббийликда синаб кўришади. Сизда ҳам бу борада қандайдир режалар борми?
-Мини-футбол мураббийлиги учун лицензия олиш учун дастлабки қадамларни ташладим. Келажакда мураббийликда ўзимни синаб кўраман.
Азиз Нурий суҳбатлашди
Comments