Latest news

00:00"Монца" — "Ювентус". Таркиблар маълум  1 23:35Туркия чемпионати. "Галатасарой" сафарда йирик ғалабага эришди, Осимхен ва Бариш ўз хисобларига иккитадан гол ёздириб қўйишди  0 23:23АПЛ. "Тоттенхэм" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 9та гол урилди!  19 23:05"Реал" Ла Лига жадвалида "Барселона"дан ўтиб кетди  11 22:20Ла Лига. "Реал" ўз уйида "Севилья"га 4та гол урди  62 21:23МЮ АПЛдаги сўнгги 4та ўйинда 3 бор мағлубиятга учради  16 20:55АПЛ. "Борнмут" "Олд Траффорд"да МЮга "тарсаки туширди", "Эвертон" — "Челси" ўйинида эса ҳисоб очилмади  37 20:20Туркия Суперлигаси. "Ризеспор" меҳмонда йирик ҳисобда мағлуб бўлди, Алиқулов тўлиқ ҳаракат қилди  0 19:45Зиеш АПЛга қайтиши мумкин  1 18:40Ўзимизнинг карикатура. Гвардиола ва "Манчестер Сити"нинг ишлари жойида эмас  15 18:20А Серия. "Рома" ўз уйида 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Шомуродов захирада қолдирилди  11 17:28Беларусь чемпионатининг кетма-кет икки йилдаги энг яхши ҳимоячиси "Навбаҳор"га ўтмоқда  5 16:59Магуайр Италияга йўл олиши мумкин  2 16:11МЮ ва "Ман Сити" бразилиялик хавбек учун 70 млн евро таклиф қилишди  1 15:43ОКМКнинг янги посбони Ҳумоюншоҳ Сайётов: "Ёш йигитчанинг болаликдаги орзуси амалга ошди"  2

Осиё Кубогида жамоалар энг кўп аниқ зарбани — Туркманистон ва Ўзбекистон дарвозаси томон йўллашган (тўлиқ статистика) News

Осиё Кубогида жамоалар энг кўп аниқ зарбани — Туркманистон ва Ўзбекистон дарвозаси томон йўллашган (тўлиқ статистика)

"Opta" статистика қўмитаси Осиё Кубогидаги барча терма жамоаларнинг ҳамда футболчиларнинг тўлиқ статистикасини тақдим этди.

Мазкур статистик маълумотлар асосида мусобақа иштирокчилари ва хусусан терма жамоамизнинг кўрсаткичларини таҳлил қилиб чиқамиз.



Демак, терма жамоамиз мусобақада "F" гуруҳидан ўрин олиб, якунда иккинчи ўрин соҳибига айланди. Нимчорак финалда эса Австралия билан ўйнади ва 120 дақиқа ичида ғолиб аниқланмагач, масала пенальтилар сериясида ечилди. "Лотерея" дея ном олган серияда омад "кенгурулар"га кулиб боқди. Натижада терма жамоамиз Осиё Кубогида 4 учрашув ўтказди ва 2 ғалаба, 1 дуранг ҳамда 1 мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати эса 7-3 кўриниши хосил қилди.



Энг кўп голни кутилганидек чемпион жамоа Қатар киритди - 19. Феликс Санчес жамоаси 7 учрашувда рақиблар дарвозасини 19 маротаба ишғол этишни уддасидан чиқишди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 4 ўйинда 7та гол уришга муваффақ бўлди. Терма жамоамиз фақатгина Австралия дарвозасига йўл топа олишмади. Уммон дарвозасига 2 та, Туркманистонга 4 ва Японияга 1та гол уришни уддаладик. Барча голларимиз гуруҳ босқичида киритилди. Урилган голларнинг ярмидан кўпи айнан Туркманистон терма жамоасига қарши баҳсда юзага келди. Тўртта ва ундан кам ўйин ўтказган жамоалар ичида энг кўп гол бизга тегишли бўлди. Умумий ҳисобда эса урилган голлар бўйича бешинчи кўрсаткични қайд этдик.


Мазкур жадвалда терма жамоаларнинг бутун мусобақа давомида дарвоза томон берилган зарбалари ҳақида маълумот тақдим этилган. Рақиб дарвозаси томон энг кўп хавф солган жамоа - Эрон. Кейруш қўл остидаги жамоа 6 учрашувда 91 маротаба дарвоза томон зарба йўллаган. Шулардан 30таси мўлжалга аниқ борган. Бу дегани ҳар учинчи зарбадан бири дарвоза аниқ борган.

Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича анча пастки ўринда. Терма жамоамиз дарвоза томон хавф солиш, яъни зарба йўллаш борасида 15-ўринни эгаллаган. Терма жамоамиз 4 учрашувда 40 маротаба дарвоза томон хавф солишга уринган. Шулардан 16таси мўлжалга аниқ борган. Эътиборли тарафи, терма жамоамизнинг дарвоза томон йўллаган 16та аниқ зарбасидан 7таси голга айланган. Яъни вазиятларни голга айлантириш фоизи борасида терма жамоамизнинг кўрсаткичи чакки эмас. Ўзбекистон терма жамоасининг дарвоза томон тепган зарбаларининг 17,5% голга айланган. Мазкур жиҳат бўйича фақатгина Қатар биздан яхшироқ натижа қайд этган. Бироқ бу ерда бизнинг терма жамоамиз нисбатан камроқ зарба йўллаганини ҳам инобатга олиш лозим. Умумий ҳисобда рақиб дарвозаси томон хавф солиш борасида хатто Қирғизистон терма жамоасидан ортда қолганмиз. Қўшнилар 57 маротаба рақиб дарвозаси томон зарба йўллашган. Аммо аниқ зарбалари сони уларда атиги 15тани ташкил қилади.


Энг кўп тўп узатмани амалга ошириш борасида Паулу Бенту бошқарувидаги Жанубий Корея барчани ортда қолдирди. Хаттоки кореяликлардан биттадан кўп ўйин ўтказган Қатар ва Япония ҳам умумий ҳисобда Жанубий Кореяни қувиб ўтолмади. Жанубий Корея терма жамоаси ўтказилган 6 учрашувда жами 3341та пас ўйнаган. Аниқлик - 87%. Ўзбекистон терма жамоаси эса тўп узатма борасида 9-поғонада. Купер қўл остидаги жамоа 4 учрашувда жами 2047 маротаба пас ўйнаган. Аниқлик - 82,8%.

Узатмани аниқлиги борасида Саудия Арабистони (2569) энг яхши натижани қайд этди - 87,8%. Энг кам пас ўйнаган терма жамоа - КХДР. Энг кўп ноаниқ узатма эса Ҳиндистон терма жамоасига тегишли - 56,3%.


Тўп назорати, яъни тўп билан муомула қилиш бўйича энг яхши кўрсаткич Саудия Арабистони терма жамоасига тегишли. Улар барча ўтказган ўйинларида умумий ҳисобда 72,6% фоиз тўп билан муомулада бўлишган. Бу борада энг ёмон натижа КХДРга тегишли - 32%. Ўзбекистон терма жамоасининг эса мазкур ҳолат борасидаги натижаси - 47,4%.


КХДР терма жамоаси нафақат энг кам пас ўйнаган, балки энг кўп тўп ўтказиб юборган жамоа сифатида ҳам Осиё Кубоги-2019 тарихида қолди. Шимолий Корея дарвозаси 3 учрашувда жами 14 маротаба ишғол этилди. Кейинги ўринда гуруҳдошимиз, Ўзбекистондан 4та гол ўтказиб юборган Туркманистон - 10. Шунингдек, Яман терма жамоаси ҳам энг кўп гол қўйиб юборган орасида кучли учликка жойлашган. Ўзбекистон терма жамоаси эса 4 ўйинда 3та гол ўтказган ва 2 қуруқ ўйин ўтказган. Бу борада Ироқ, Саудия Арабистони, Фаластин, Эрон биз билан бир хил кўрсаткич қайд этган. Жанубий Корея, Иордания ва Қатар эса биздан кўра кам гол ўтказган.


Дарвозаси томон энг кўп хавф солинган терма жамоалар рўйхатида Япония пешқадам. Вице-чемпион жамоа дарвозаси томон жами 72 маротаба зарба йўлланган, шулардан 18таси дарвоза томон аниқ бўлган. Иккинчи ўрин мезбон БААга тегишли. Амирликлар дарвозасига 71 маротаба зарба берилган, шулардан 21таси мўлжалга аниқ келган. Кубок соҳиби Қатар дарвозаси томон эса рақиблар 71 маротаба зарба йўллашган. Чемпион жамоа дарвозаси томон аниқ йўлланган зарбалар сони - 11.

Ўзбекистон терма жамоаси дарвозаси томон эса рақиблар 4 учрашувда жами 61 маротаба зарба беришган. Шулардан 24таси аниқ йўлланган ва 3таси голга айланган. қайд этиш керакки, нисбатан дарвозаси олдидан кўп хавф солинган Япония, БАА ва Қатар Ўзбекистон терма жамоасига нисбатан кўп учрашув ўтказган. Ўйин сонига қараганда, нисбатан терма жамоамиз дарвозаси олдида анчагина кўпроқ хавф солинган. Бу борада бизга нисбатан битта кам ўйин ўтказган Туркманистон терма жамоаси натижаси ёмонроқ. Таққослаш учун солиштирадиган бўлсак, биз билан тенг ўйин ўтказган Қирғизистон терма жамоаси дарвозаси томон 4 учрашувда жами 56 маротаба зарба берилган. Шулардан фақатгина 16таси мўлжалга аниқ борган. Ёки биздан кўпроқ учрашув ўтказган Хитой ёки биз билан тенг ўйинда майдонга тушган Таиланд ҳам нисбатан анча тартибли ва ҳимояда мустаҳкамроқ ўйнаган.

Осиё Кубогида рақиблар энг кўп аниқ зарбани Туркманистон терма жамоаси дарвозаси томон йўллашган - 25. Иккинчи кўрсаткич эса Ўзбекистонга тегишли - 24.


Чемпион Қатар терма жамоаси 7 учрашувда 13 маротаба огоҳлантириш олган ҳолда мазкур кўрсаткич бўйича пешқадамликни КХДР билан бирга бўлишди. Гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган КХДР атиги 3 ўйинда 11 огоҳлантириш ва 2та қизил карточка билан сийланди. Энг кам огоҳлантириш эса Ҳиндистон терма жамоасига тегишли - 2.

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Осиё Кубогида 7 маротаба огоҳлантириш олди ва 1 маротаба четлатилди.


Осиё Кубогида майдонга тушган энг ёш бошланғич таркиб Ироқ терма жамоасига тегишли - 23 ёшу, 309 кунлик. Чемпион Қатар терма жамоасининг ҳам ўртача ёши жуда ёш бўлди - 25 ёшу, 92кунлик. Ўзбекистон терма жамоаси бу борада 18 ўринда қайд этилди - 27 ёшу, 276 кунлик.


Осиё Кубоги тўпурари бўлган Қатар терма жамоаси ҳужумчиси Али Алмоез 7 учрашувда 9та гол урди. Қайд этиш керакки. Али Алмоез эронлик афсонавий ҳужумчи Али Даининг Осиё Кубогидаги рекорди, яъни бир мусобақада 8та гол уриш кўрсаткичини янгилади. Тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни Элдор Шомуродов сардор Азмун, Юя Осако ва Али Мабҳут билан бўлишиб турибди. Энг яхши ассистент бўлган Қатар терма жамоаси ярим ҳимоячиси Акрам Афиф ҳам фантастик натижа кўрсатди. Қуйида тўпурарлар рўйхати ва голли узатмалар бўйича энг энг ассистентлар билан танишасиз.


Осиё Кубогида энг кўп вазият яратган футболчилар рўйхатида кутилганидек турнирнинг энг яхши ассистенти Акрам Афиф жуда катта тафовут билан пешқадамлик қилди. Афиф турнир давомида жами 26 маротаба хавфли вазият яратишга эришди. Иккинчи ўринда Австралия терма жамоаси вингери Крис Икономидис бўлди. Мазкур рўйхатда бирорта ўзбекистонлик футболчи қайд этилмади.

Шунингдек, гол плюс пас тизимида ҳам Акрам Афиф етакчиликни қўлга олди. Иккинчи ўрин тўпурар Али Алмоезга насиб этди. Мазкур гол плюс пас тизимида тўпураримиз Элдор Шомуродов голлари эвазига 8-ўринни эгаллади.


Энг кўп пас ўйнаган футболчилар рўйхатида Жунг Ву-Янг пешқадамлик қилди. Жанубий Корея терма жамоаси футболчиси 5 ўйинда 495 маротаба узатмани амалга оширди. Узатмаларнинг аниқлик фоизи - 89,7. Энг кўп узатмани амалга оширган футболчиларнинг (TOP15) рўйхатида ҳам ўзбекистонлик футболчи кирмади.


Энг кўп тўпга ташланиш (подкат) ва рақибдан тўпни олиб қўйган футболчилар рўйхати: Тўпга ташланиш борасида Педро Корреа энг яхши кўрсаткични қайд этган. Рақибдан тўпни олиб қўйиш борасида Қирғизистон терма жамоаси ҳимоячиси Валери Кичин энг яхши натижани кўрсатди. Эътиборлиси, мазкур рўйхатда ҳам ўзбекистонлик футболчининг номи кўринмади.


Дарвозабонлар статистикаси назар ташлайдиган бўлсак, Осиё Кубогида энг тер тўккан ва рақиблар кўп безовта қилган посбон Игнатий Нестеров бўлди. Терма жамоамиз посбони турнир давомида 21 маротаба дарвозага келган зарбаларни қайтаришга муваффақ бўлган. Нестеров дарвозаси томон келган хавфнинг 87,5% қайтаришга эришган. Нестеров турнир давомида 2 маротаба чинакамига катта сейвни амалга оширган. Фоиз кўрсаткичида энг яхши натижа Амир Шафига тегишли. Иордания посбони Осиё Кубогида 20 маротаба сейв амалга ошириб, дарвоза томон юзага келган 95,2% хавфни қайтаришга муваффақ бўлган. Катта сейвларни амалга ошириш бўйича Уммон терма жамоаси кипери Файз Ал Рушейди устунлик қилган. Рушейди мусобақа давомида дарвозасини 5 маротаба муқаррар голлардан сақлаб қолишга эришган.


Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, терма жамоамиз Осиё Кубогида барқарор кўринмаганини статистик маълумот ҳам тасдиқлаб турибди. Яъни, кўплаб жиҳатлар борасида нисбатан анча паст кўрсаткичлар қайд этилган. Тўп назорати, ҳимоядаги тартиб ва ҳужумдаги кескинлик. Мазкур ҳижатлар футболдаги энг муҳим омил саналади. Ўтказилган тўртта ўйинда рақиблар дарвозамиз олдида керагидан кўпроқ хавф яратишга муваффақ бўлишган. Дарвозабонимиз Нестеровнинг жонбозлиги ва мусобақада атиги 4 ўйин ўтказганимизга қарамасдан энг кўп сейвни бизнинг киперимиз амалга оширгани ҳам ҳимояда қандай "тартибли" ўйнаганимизга холисона жавоб беради.

Статистикага назар соладиган бўлсак, биргина яхши томони шуки, нисбатан кам вазият яратганимизга қарамасдан голларимиз сони чакки эмас. Яъни, самарадорлик фоизи юқори. Аммо шуни утунмаслик керакки, урилган голларимизнинг ярмидан кўпи даража жиҳатидан биздан анча паст бўлган Туркманистонга қарши ўйинда киритилган ва Уммон билан бўлган баҳсдаги индивидуал маҳорат мевалари. Яъни, терма жамоамизда аниқ йўлга қўйилган жамоавий ўйин, позицион ва комбинацион ҳужумлар йўқлиги мусобақада кўриниб қолди. Купер қаерда нима хатога йўл қўйгани ва мусобақага мураббий жамоани тайёрлай олмагани ҳақида аввал ёзган мақоламда тўхталгандим.

Эктор Купер Осиё Кубогидаги терма жамоамизнинг иштирокини чуқур таҳлил қилиши ва қаерда нима хатоларга йўл қўйгани ҳақида яхши тасаввурга эга бўлиши муҳим. Қизиғи, ҳозирга қадар ЎФА терма жамоамиз бош мураббийи иштирокида матбуот анжумани ташкил этгани йўқ. Одатда йирик мусобақалардан сўнг бош мураббий иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, мураббий ОАВ ходимлари олдида мухлисларга ҳисобот беради. Хоҳ мусобақа муваффақиятли ўтган бўлсин, хоҳ муваффақиятсиз.

Мисол учун, Германиянинг ЖЧдаги муваффақиятсизликдан сўнг ГФИ Йоахим Лёв ва терма жамоа етакчилари билан махсус матбуот анжумани ташкил этиб, мураббий мундиалдаги иштирок борасида 2 соатдан ортиқ ҳисобот берган. Мураббий қаерда нима хатога йўл қўйгани ҳамда бунга қандай ечим топгани ва яқин келажакдаги режалари ҳақида батафсил ўртоқлашганди. 

Терма жамоа халқники. Унинг тақдири фақатгина ЎФА ёки Куперга эмас, барчага бирдек қизиқ. Шу боисдан ҳам Эктор Купер иштирокида айнан Осиё Кубогига бағишланган матбуот анжумани ўтказилишини кутишга ҳақлимиз.


Шаҳбоз Беғамов 

Rating: +21   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика