Орзу йўлининг муваффақиятли якуни ёхуд ҳар қадамда тарихга кирган Кападзе
07 jun 14:32
News


Орзу йўлининг муваффақиятли якуни ёхуд ҳар қадамда тарихга кирган Кападзе
Энг тор кўчаларга киришдан олдин ҳам аввал харитага қаралади. Аммо биз ҳақида сўз бораётган йўл, дунё харитасида белгиланмаган, глобусда номаланмаган манзил эди. Бу — футболда мусобақалар гултожи саналмиш Жаҳон чемпионатига олиб борувчи йўл эди.
Бу йўлни биз 34 йил изладик. Шу мақсадда неча марта карвонни манзилга қарата бурдик. Бир неча бор энди етиб қолгандек бўлдик, бироқ ҳар гал қандайдир сабаб билан карвон яна ортга қайтди. Турли мураббийларни таклиф этдик, улар ўз билим ва тажрибалари билан йўл очишга уринишди. Аммо ҳеч бири бу машаққатли йўлни охиригача етиб бора олмади. Ниҳоясида эса биз Жаҳон чемпионати сари олиб борувчи, аммо ҳеч қайси харитада белгиланмаган манзилга Сречко Катанец ва Тимур Кападзе бошчилигида етиб бордик. Кападзе – шунчаки мураббий эмас, у ҳар қандай шароитда натижа учун ишлашни, мавжуд вазиятдан максимал фойда келтиришни мақсад қилган, масъулиятни зиммасига олишдан чекинмаган мутахассисдир. У ишлаган ҳар бир клуб ёки терма жамоада мақсад аниқ, йўналиш равшан бўлган.
Шахсан мен Кападзени мураббийлик фаолиятининг илк йиллариданоқ кузатиб келаман. Шу боис, у ҳақидаги фикрларимни аниқ фактлар ва шахсий кузатувлар асосида баён этишни лозим топдим.
2019 йил. “Локомотив” ёшлари билан чемпионлик пойдевори ва “Қўқон-1912”ни қутқариш миссияси
2019 йил Тимур Кападзе мураббийлик фаолиятида муҳим қадамлар ташланган йил бўлди. У “Локомотив” жамоасининг ўринбосарларини қабул қилиб олди ва дебют мавсумидаёқ ёшлардан иборат жамоа билан жиддий натижа қайд этди. Шу пайтгача ёш “темирйўлчилар” ҳеч қачон турнир жадвалида пешқадамлик қилмаган эди. Ўша мавсум якунида жамоани Рифат Акрамхўжаев бошқарган бўлса-да, асосий пойдеворни айнан Кападзе қўйиб бергани инкор этилмайди.
Мавсум ўртасига келиб, яна бир синов — “Қўқон-1912” клуби билан боғлиқ мураккаб миссия пайдо бўлди. Суперлигада жон сақлаш учун кураш олиб бораётган “шунқорлар” жиддий "кризисга" учраган, жамоа турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида қолиб кетган эди. Иккинчи давра бошида Кападзе “Қўқон-1912”га йўл олди. Гарчи у расман бош мураббий сифатида эмас, балки норасмий мақомда фаолият юритган бўлса-да, бош мураббий Азиз Тўхтабоев билан ҳамжиҳатликда жамоанинг ўйинини тўғри йўлга солишга муваффақ бўлди.
Натижа қай тарзда ўзгаргани рақамларда аниқ кўринади:
Биринчи даврада жамоа 13 та ўйинда атиги 1 та ғалаба, 5 та дуранг ва 7 та мағлубият қайд этган ҳолда 8 очко билан охирги ўринда бораётган эди.
Иккинчи даврада эса “Қўқон-1912” 13 та баҳсда 5 та ғалаба, 3 та дуранг ва 5 та мағлубият билан 18 очко тўплаб, 11-ўринга кўтарилди ва Суперлигада қолишга эришди.
Шундай қилиб, 2019 йил Тимур Кападзе учун мураббийликдаги илк жиддий синовлардан бири бўлди ва у бу синовни икки фронтда ҳам муваффақият билан енгиб ўтди. Ёшлар билан натижа, катталар билан эса амалда қутқарув миссиясини бажариш — бу йил Кападзе мураббийлик салоҳиятининг илк жиддий ёритилиши бўлиб тарихда қолди.
2020 йил. “Локомотив”да такрорланган сценарий ёхуд Кападзе яна “қутқарувчи” ролида
Юқори ўринлар ва чемпионлик унвони учун курашиб келаётган “Локомотив” 2020 йилда кутилмаган инқирозга дуч келди. Жамоа ўша мавсумда барқарорликни йўқотди, футболчиларнинг кайфиятида ва ўйинида тушкунлик сезиларди. Айниқса, “Пахтакор”дан 0:7 ва “Насаф”дан 0:4 ҳисобидаги мағлубиятлар жамоа иштиёқини таг томири билан қирқиб ташлади. Айнан шу пайтда клуб муаммони ҳал этиш учун бугунга қадар ўзини “қутқарувчи” сифатида намоён этган Тимур Кападзега юзланди. У қисқа фурсат ичида жамоани кайта руҳлантирди, ўйинда тараққиёт кўзга ташланди, натижалар ҳам ўзгарди.
Фактлар гувоҳ:
– Биринчи даврада: 13 ўйин, 4 ғалаба, 9 мағлубият, тўплар нисбати 13–28, жами 12 очко.
– Иккинчи даврада: 13 ўйин, 6 ғалаба, 5 дуранг, фақат 2 мағлубият, тўплар нисбати 15–10, жами 23 очко.
Иккинчи давра натижаларига кўра “Локомотив” “Пахтакор” ва “Насаф”дан кейин учинчи ўринни эгаллади. Бундай ўзгариш ортида яна Кападзенинг ишонган мураббий сифатидаги таъсири тургани шубҳасиз.
2021 йил. “Олимпик” билан Суперлига сари – ёшларнинг зафарли қадами
Одатда “Олимпик” каби жамоалар нега керак, деган саволлар тез-тез юзага чиқади. Аммо Кападзе матбуот анжуманларидан бирида бу саволга жавобни қисқа ва лўнда қилиб берди: “Агар клубларда ҳамма шароит бўлганида, “Олимпик” керак эмас эди.”
Дарҳақиқат, Кападзе асосий таркибда ўйнай олмаётган футболчиларни жамлаб, яхлит жамоа тузди ва уларни рақобатбардош кучга айлантирди.
Про-лигада “Олимпик” “Нефтчи”, “Динамо”, “Бухоро”, “Шўртан” каби тажрибали жамоаларни мағлуб этди. Утиш ўйинида эса “Машъал” устидан ғалаба қозониб, Суперлига йўлланмасига сазовор бўлди.
Эътиборли факт: “Олимпик”нинг ўртача ёши – 20,1. Қиёслаш учун айтайлик, “Нефтчи”да бу кўрсаткич – 27,8, “Динамо”да – 25,8, “Машъал”да – 26,5. Бу натижалар Кападзенинг мураббий сифатида ёшлар билан қандай ишлай олишини яққол намоён қилади.
2022 йил. Осиё кубогидаги аламли кўз ёшлар – умид билан суғорилган финал
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 2022 йилда тарихда илк бор бу ёшдаги қитъа турнирга мезбонлик қилди. Тимур Кападзе қўл остидаги жамоа асосан 2001 йилда туғилган футболчилардан ташкил топган бўлиб, улар учун бу мусобақа дебют саналган.
Гуруҳ босқичи муваффақиятли якунланди. Чорак финалда Ироқ пенальтида енгилди – ҳеч нарсага қарамасдан, бир киши кам бўлган жамоа ақлбовар қилмас иродани намоён қилди. Ярим финалда Япония 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Финалда эса Саудия Арабистони устун келди – 0:2. Лекин бу мағлубиятдан кўра кўпроқ умид, келажак ва ишонч кўзга ташланди. Йигитлар ва уларни бошқарган мураббий келгусида Олимпиада масаласини ҳал қилишга қодир эканликларини намоён этдилар.
2023 йил. Хиросима эртаги такрорланмади, лекин янги тарих ёзилди
1994 йилдаги Хиросимада қозонилган олтин медал сингари натижани яна кузатиш орзуси сўнмаганди. 29 йилдан сўнг Ханчжоуда ўтган Осиё ўйинларида Кападзе бошчилигидаги терма жамоа ярим финалгача етиб борди ва тарихда илк бор бронза медалини қўлга киритди.
Бу муваффақият осонликча келмади. Жамоа ўз синовларини маҳорат билан енгиб ўтди. Эътиборлиси – ярим финалгача етиб келган йўлда “саҳро лочинлари” яъни Саудия Арабистони термаси яна тўсиқ бўлди. Лекин бу сафар, бронза ҳам олтин қийматга эга натижага айланди – ўзбек футболининг тарихида илк бор Осиё ўйинларида бронзага эга чиқилди.
2024 йил. Орзудаги йўл зафар билан тугади
Футболда ҳар қандай ибтидо муваффақиятли якун талаб қилади. Тимур Кападзе олиб борган ишлар 2024 йили ўз мантиқий нуқтасини топди. Қатарда ўтган Олимпиада саралаш босқичи – U-23 Осиё кубогида Ўзбекистон термаси финалгача етиб борди ва Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.
Бу сафар ҳам кучли футболчилар жамланганди, аммо аввалгилардан фарқи – мураббий фактори эди. Олтин авлод олтин мураббийга ишонди. Кападзе бошчилигида жамоа нафақат натижа қайд этди, балки янги менталитет билан ўйнади. Олимпиадага чиқиш – бу нафақат мусобақада иштирок, балки узоқ йиллик меҳнатнинг сўнгги мукофоти, тинимсиз ҳаракатларнинг чўққиси бўлди.
2025 йил. Орзулар фасли: Жаҳон чемпионати йўлланмаси
2025 йил — Ўзбекистон футбол тарихида тилга олишга арзигулик сана. 5 июнь куни БААга қарши ҳал қилувчи ўйинда терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бу натижа бир йил ичида амалга оширилган икки улкан миссиянинг мантиқий давоми эди.
Кападзе Словениялик мутахассис бошлаб берган ишга сўнгги нуқтани ажойиб тарзда қўйди. Бир йил ичида Олимпиада ва Жаҳон чемпионати – бу сўзлар билан тасвирлаб бўлмайдиган ютуқ. Бу сафарги натижаларда нафақат маҳорат, балки ўзгаришни истаган қалб овози, эзгу ният ва ихлос акс этганди.
Америкада кўришгунча!
Тимур Кападзе бошлаган мураббийлик сафари йиллар давомида ўзига хос зафар йўлига айланди. “Қутқарув” миссияларидан бошланган йўл Олимпиада ва Жаҳон чемпионатигача олиб келди. Эндиликда унинг тарихи — ўз йўли бор, ўз услубига эга ўзбек мураббийи тарихи. Футболда баъзи исмлар борки, уларни бир мавсум, бир ғалаба ёки бир тўсиқ билан эслаб қоламиз. Аммо шундай шахслар ҳам чиқадики, улар ўз йўлини босиб ўтади, босган ҳар қадами билан тарих ёзади. Тимур Кападзе айнан шундай шахс. Унинг футболчилар сафидаги фаолияти ҳам, мураббийликдаги сафарлари ҳам эзгу орзулар, мураккаб синовлар ва сўнмас ишонч билан тўлди. Бу йўлда ҳар бир йил бир босқич, ҳар бир босқич эса тарихий зарбалардек мустаҳкам урилган лавҳаларга айланди.
Сеҳрли диёрдаги саргузаштлар олдинда. Биз эса янги саҳифаларга тайёрмиз.
Similar news

Comments
Jch ga boradigan murabbiyga nima kerak?
1.Yaxshi joylada amaliy nazariy bilim olgan bo‘lishi kere.
2.Oldin bir ikkita natija qilgan bo‘lishi kere.
3.O‘sha TJ mentalitetini yahshi tushunishi kere.
4.Metodikasi zamonaviy futbolga mos bo‘lishi kere.
Hammasi borku unda.
Olimpiadani gapirasanla doim. O‘zbekiston termasi tushib qolgan sharoitga va birinchi marta qatnashishimizga yaxshi natija bo‘ldi. Katanesga 3 yil vaqt berildi. Vaqtida ketmaganda hozir yana boshimizzi ushab o‘tirgan bo‘lardik. U uzr hayr dib surgan bo‘lardi. Kapadzeda 1 yil vaqt bor endi bemalol o‘zi boshqattan jamoa yigadi o‘z uslubini singdiradi. Sensatsia ko‘rsatadi Jch da.