Ўн йилликнинг "хулоса"си
11 jan 2020 12:40
News
Ўтган йилнинг сўнгги кунларида эса ижтимоий тармоқларда футболдаги охирги ўн йилликнинг энг асосий воқеаси ҳақидаги сўровномалар кўпайди. 2010-2020 йиллар оралиғидаги жуда ҳам кўп воқеалар бўлди. Сўровномаларни ўтказган инсонлар эса яхши воқеаларни эсга олибдилар. “Лестер эртаги” ёки Португалия терма жамоасининг Европа чемпиони бўлганлиги. EЧЛ да қаторасига 3 маротоба ғолибликка эришган “Реал Мадрид” жамоасини ҳам асосий воқеликлардан деб эътироф этишган. Бироқ, сўровномаларда яна икки асосий нарса ҳам қайд этилганки, бу нарсани ўн йилнинг бир йилида эмас балки йиллар давомида амалга ошган десак тўғрироқ бўлади. Икки қарама-қаршилик. Бири мураббийлар ўртасида: Гвардиола – Моуриньо. Яна бири эса футболчилар, йўқ “ўзга сайёраликлар” қарама-қаршилиги. Топдингиз, Месси – Роналду.
Шахсан ўзим мана шунча воқеалар орасидан айнан охирги санаб ўтганимга овоз бердим. Негаки, бошқаларига эътибор берсак футбол тарихида авваллари ҳам бўлган. Айтишингиз мумкин, Месси – Роналду қарама-қаршилигига ўхшаш баҳс авваллари бўлмаганми деб. Ҳа, бўлган, лекин ўша даврдаги футболчиларданда устунроқ қаршилик бўлди бунисида. Ёш авлод вакили сифатида мен кўрмаган футболчиларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, аввалги қаршиликлар ҳозиргисидан тубдан фарқ қилган. Футболга қизиқувчи ёши катта инсонлар ҳам гарчи ёшлик пайтларида Марадонадан тортиб Бажжоларни кўрган бўлсада ишонаманки улар ҳозир бу икки футболчига бошқача кўз билан қарайди.
“Лестер эртаги” нафақат ўн йил, балки юз йилликда ҳам бир бўлиши мумкин аммо бу воқеа бир марта бўлди. Айнан мана шу бир йилда бўлган воқеа бутун ўн йиллик ўрнини боса олмайди. Португалия терма жамоасининг Еврода ғолиб бўлгани аввалги ўн йилликда ҳам бўлган. Греция 2004 йили айнан Европда чемпион бўлганини биласиз. "Реал"нинг қаторасига 3 йил давомида қилган гегемонлиги бу айнан Мадрид жамоасининг охирги ўн йиллиги учун муҳим воқеа бўлиши мумкин, лекин бу нарса бутун футбол оммасига таъсир ўтказа олади деб ўйламайман. Мураббийлар қарама-қаршилигига келадиган бўлсак бу нарса жуда кўп бўлади. Ўз вақтида Моурни Гвардиолага қарама-қаршилигини эътироф этган бўлсак, ҳозир Клоппнинг Гвардиолага қаршилигини гапирмоқдамиз. Футбол ҳали шунга ўхшаш воқеани кўп кўради, ишонаверинг.
“Ўзга сайёраликлар” нинг ўзаро баҳси аслида аввалги ўн йилликда бошланганди. 2008-йилда Роналду “Олтин тўп”ни қўлга киритган ва 2009-йили “Реал Мадрид”га ўтганида айнан ўша йили Месси “Олтин тўп” олиб “ҳисобни тенглаштирганди”. Буёғига эса биласиз нималар бўлганини. Яна бир жиҳат борки, айнан шу қарама-қаршиликни ўн йилликнинг воқеасига айлантирган. Бу ҳам бўлса 2018 йили Лука Модрич “Олтин тўп”ни олганида футбол оммаси иккига ажралиб олганди. Кимдир Месси – Роналду “эраси” тугади деса, яна кимлардир ҳали давом этишини айтганди. Аслида ўша вақтдаёқ айтилган “эра” ҳам ўн йиллик вақтни билдирган. Фақат сал бошқачароқ, 2008-2018 йиллар оралиғи. Барибир 2010-йилдан кейинги саккиз йил давомида ҳамма мана шу футболчилар қанақа соврин олишини кўпроқ кутган ва бу нарса ҳозиргача ҳам давом этмоқда. Миллий чемпионатларнинг ҳар турида бири бўлмаса бири “шедевр” гол урмоқда. Ҳозир ҳам ЕЧЛ да “Ювентус” – “Барселона” тўқнашувини финалда кутишмоқда. Гап жамоларда эмас, гап яна шу икки даҳонинг тўқнашувида. Мана нимага бу воқеа аввалгиларидан фарқли ва энг асосий воқеа.
Дарвоқе, яна бир воқеани шу сўровномаларга киритишган. Бу VAR тизимининг футболга кириб келиши. Лекин бу янгиликни ҳалитдан асосий воқеа сифатида олиш бошқаларига нисбатан ҳурматсизликдир. Балки, янги бошланган ўн йиллик сўнггида футболни ўзгартирганлиги туфайли олиш мумкиндир, яна ҳам билмадим…
Янги йилни, янги ўн йилликни кузатамиз, қанақа воқелар бўларкан. Балки юқорида санаганларданда яхшироқ ва қизиқроқ воқеа бўлар. Агар Ўзбекистон МТЖ Жаҳон чемпионатига чиқса ўзбек футболи учун мана шу асосий воқеа бўлиши мумкин. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мбаппе, Фати, Санчо ва ҳозир исми ёдимдан кўтарилган бир қанча ёш иқтидорлар етишиб келмоқда. Балки улар ҳамма нарсани ўзгартирар. Лекин мен охирги ўн йилликда айнан Месси – Роналду қарама-қаршилигини кўрганимдан хурсандман. Кейинчалик шунга ўхшаш қаршиликлар кўп бўлса ҳам бунисини бошқача эслаймиз. “Ўша даврларда бу икки даҳо кўрсатган ўйин бошқача эди” деб айтамиз, кўрасиз ҳали.
Оғабек Самисов
Comments