Latest news

23:30 Суперлига. "Андижон" – "Хоразм" 3:2   0 23:26БАА. "Бани Яс" "починни очди", "Дибба" пешқадамлардан биридан очко тортиб олди  0 23:10U-17 Жаҳон чемпионатида барча чорак финал якунланди ва ярим финал жуфтликлари аниқ бўлди  1 22:56Вадим Абрамов: "Бир қанча муаммолар бўлишини билардик, лекин муаммолар бунчалик кўп бўлишини кутмагандик"  0 22:38Баҳром Ҳайдаров: "Динамо" майдонида дуранг ўйнаш биз учун ғалабага тенг"  1 22:13Акмал Шораҳмедов: "Натижадан қониқдим, лекин ўйиндан эмас"  3 21:54"Милан" собиқ "қария"сини қайтармоқчи  2 21:19Ҳаким Фузайлов: "Учала голни ҳам ўзимизга ўзимиз олиб келдик"  2 21:16Суперлига. "Машъал" – "Навбаҳор" 0:0  3 20:54Отабек Нарзуллаев: "Агар вазиятлардан фойдаланганимизда 5:0 ё 6:0 ҳисобида ютган бўлардик"  0 20:34Шерзод Жўраев: "Мен ҳар доим бор маҳсулотдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан"  1 20:14Суперлига. "Динамо" "Қўқон-1912" билан дуранг ўйнаб, 2-ўринга кўтарилиш имкониятини бой берди  33 20:08Суперлига. "Андижон" муҳим ғалабага эришиб, хавфли ҳудуддан узоқлашди  19 19:50Ямаль: "Мухлисларнинг "Камп Ноу"да қўллаб-қувватлаши жамоа учун муҳим омил бўлади"  7 19:22"Нима бўлишининг фарқи йўқ, биз жаҳон чемпионатини ютиб бўлдик" ёхуд орзулар ороли энди мундиалда  0

"Нима бўлишининг фарқи йўқ, биз жаҳон чемпионатини ютиб бўлдик" ёхуд орзулар ороли энди мундиалда News

"Нима бўлишининг фарқи йўқ, биз жаҳон чемпионатини ютиб бўлдик" ёхуд орзулар ороли энди мундиалда

Такрорланмас тарих ярата олган терма жамоа жаҳон чемпионатини интиқлик билан кутмоқда.

Бугун бўлажак мундиалнинг алоҳида эътирофга лойиқ яна бир иштирокчиси — Кюрасао ҳақида сўз юритамиз. 

Қандай қилиб ҳудуд ва аҳоли сони бўйича ер юзидаги энг кичик мамлакатлар (орол)дан бири бу каби улкан натижага эриша олди? Мамлакатнинг ўзига хосликлари, футбол соҳаси ривожи ва яна кўплаб қизиқарли фактлар эътиборингизни тортиши, сизни лол қолдириши аниқ. 


Кюрасао Жаҳон чемпионатларида иштирок этган — аҳолиси энг кам мамлакат бўлади

Кюрасао мундиалда иштирок этган мамлакатлар ичида аҳолиси энг ками сифатида тарихдан ўрин оладиган бўлди.

Куни-кеча Кюрасао КОНКАКАФ (Марказий ва Шимолий Америка футбол Конфедерациялари ҳамда Кариб денгизи мамлакатлари) саралаши учинчи босқичида мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. ФИФА рейтингида жамоа 82-поғонани банд этиб турибди.

2023 йилдаги ҳисоб-китобларга кўра, оролнинг аҳолиси 155,8 минг инсонни ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Кюрасао 2018 йилда Россиядаги мундиал иштирокчиси бўлган Исландияни (тахминан 400 минг аҳоли) ортда қолдиради. Шунингдек, Кюрасао Жаҳон Чемпионати финал босқичига йўл олган тарихдаги энг кичик мамлакатга айланди — 444 кв. км. Бу борада орол Андорра ёки Ҳива туманидан ҳам кичикроқ.


Мамлакат учун мазкур тарихий воқеадан сўнг, Кюрасао футбол федерацияси президенти Жильбер Мартина қуйидаги сўзларни айтди: 

"Бу Кюрасаонинг ҳар бир фуқароси учун унутилмас ва жуда ёқимли воқеа. Шу жумладан, Америка ва Европада истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз ва бизнинг оролни яхши кўрадиган ҳар бир инсон ҳам хурсанд эканлиги турган гап. Биз ҳудуд жиҳатдан кичик бўлишимиз мумкин, лекин қалбимиз ва юрагимиз жуда катта", - деди Жильбер Мартина.

"Ўйлашимча, бизнинг муваффақият - бу машаққатли меҳнат маҳсули. Биз кун келиб жаҳон чемпионатига чиқа олишимизга ишонардик ва ўша кун келди. Мусобақада Кюрасаога қарши қайси жамоалар рақиблик қилишини умуман фарқи йўқ, энг зўрларига қарши ўйнасак ҳам майли, биз жаҳон чемпионатини ютиб бўлдик", - қўшимча қилди президент

Нидерландия Антил оролларидан мустақилликкача йўл

Кюрасаонинг футболдаги тарихи 1924 йилга бориб тақалид. Ўшанда жамоа "Кюрасао Ҳудуди" расмий номи билан иштирок этган. 1946 йилда Кюрасао Кариб денгизининг бошқа 5 та ороли (Аруба, Бонайре, Саба, Синт-Эстатиус ва Синт-Мартен) билан бирлашади ҳамда Нидерландия Антил ороллари номи билан ҳаракат қила бошлайди.

Нидерландия Антил ороллари жамоаси маълум натижаларга ҳам эришади, мисол учун, Финляндиядаги Олимпия ўйинлари-1952да иштирок этади ва 1963 ҳамда 1969 йилларда КОНКАКАФ кубогида ғолиб чиқади. Бирлашган жамоа умумий ҳисобда 191 та ўйинда 52 ғалаба, 50 дуранг ва 89 мағлубият қайд этади.

2010 йилда Нидерландия Антил ороллари йўқ бўлади ва Кюрасао Нидерландия Қироллиги таркибидаги автоном республикага айланади. Бу ҳолат ҳар бир оролга футбол бўйича ўз терма жамоасини яратиш имкониятини берди. Айнан шу жойдан Кюрасао футболининг янги тарихи бошланди.

Кюрасао футбол жамоаси минтақада энг тез ривожланаётган миллий терма жамоалардан бири ҳисобланади. Орол ҳажман кичик бўлса-да, футбол анча ривожланиб улгурган ва бир қатор Европада тўп тепаётган профессионал футболчиларга эга.


Патрик Клюивертнинг таъсири

Кюрасао футболи трансформацияси ҳозирги бош мураббий Дик Адвокат келишидан анча аввал бошланган. 2015 йилда нидерландиялик машҳур ҳужумчи Патрик Клюиверт терма жамоа бошқарувини ўз қўлига олади ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда Европада тўп тепаётган маҳаллий футболчилардан кучлироқ даражадаги ўйинчиларни терма жамоа таркибига жалб қилишда муҳим роль ўйнайди. 

Айнан Клюиверт бошчилигидаги жамоага қатор муҳим футболчилар таклиф этилган. Дарвозабон - Элой Виктор Рум ("Витесс"), ҳимоячи Леандро Бакуна ("Астон Вилла") ва бошқалар. Уларнинг аксарияти Нидерландиянинг турли ёшдаги термалари сафида майдонга тушганига қарамай, профессионал даражада оролнинг терма жамоаси сафида тўп тепишни танлаган.

Клюиверт давридаги энг муҳим ғалабалардан бири — 2017 йилдаги Кариб денгизи кубоги. Финалда Кюрасао амалдаги чемпион Ямайкани мағлуб этади. Ғалаба голи ўйин якунланишига 15 дақиқа қолганида урилади. Айнан шу ғалаба жамоага КОНКАКАФ олтин кубоги-2017га йўл очади – автоном республика сифатидаги илк йирик халқаро мусобақа.

Вазиятни яхшироқ тасаввур қилишингиз учун: Кариб денгизи кубоги-2014да жамоа Этьен Силие (ҳозирда Кюрасао футбол Федерацияси техник директори) бошчилигида барча ўйинларда мағлубиятга учраб, охирги ўринни эгаллайди. Орадан бор йўғи 3 йил ўтиб, барчаси тубдан ўзгаради.


Кюрасао терма жамоаси муваффақиятлари

Албатта, футбол бўйича Кюрасао терма жамоасининг энг катта муваффақияти айнан жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани ҳисобланади. Бироқ бундан аввал ҳам маълум натижалар қайд этилганини таъкидлаб ўтиш лозим.  

Кариб денгизи кубоги: 2017 йилда Кюрасао мазкур мусобақада ғолиб бўлади ва бу жамоанинг тарихдаги энг катта ютуқларидан ҳисобланади. 

КОНКАКАФ Кубоги: терма жамоа 3 марта мусобақанинг финал босқичида иштирок этган (2017, 2019 ва 2021 йилларда). 2019 йилда жамоа илк бор бош совринни қўлга киритишни уддалади.

КОНКАКАФ олтин кубоги: мазкур мусобақада ҳам Кюрасао терма жамоаси ишончли ўйинлари билан ёдда қолган. Энг яхши натижаси ҳозирча чорак финал ҳисобланади.

КОНКАКАФ Миллатлар Лигаси: Кюрасао мунтазам равишда энг кучли ҳисобланган А Лигада тўп тепади.

ФИФА рейтингидаги ўсиш: Охирги ўн йилликда жамоа рейтингдаги вазиятини сезиларли равишда яхшилашни уддалади. Агарда 2014 йилда у 183-ўринни банд этиб турган бўлса, 2025 йилга келиб юзталикка кирди ҳамда 82-ўриндан жой олди.  

Кюрасао футбол федерацияси

Расмий номи: Federashon Futbòl Kòrsou (FFK). КОНКАКАФ ва ФИФА аъзоси.

Кюрасаода футболнинг энг юқори дивизиони: Curaçao Promé Divishon

Машҳур клублари: RKSV Scherpenheuvel, CRKSV Jong Holland, SV Hubentut Fortuna, RKSV Centro Dominguito, UNDEBA

Бу клублар ўртасидаги рақобат маҳаллий футболнинг жонли кечишига сабаб бўлади.


Жамоанинг муҳим фигуралари

Ака-ука Бакуна: жамоа юраги

Леандро ва Жуниньо Бакуна Кюрасао терма жамоаси муваффақияти рамзига айланиб улгуришди.34 ёшли Леандро универсал футболчи бўлиб, вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳимоянинг ўнг қанотида ёки марказий ярим ҳимояда тер тўкиши мумкин. Терма жамоа сафида 67 ўйин ўтказган Бакуналарнинг каттаси дарвозабон Элой Ром ва ҳимоячи Куко Мартина билан гвардиячилар (терма сафида энг кўп ўйин ўтказган) учлигини ташкил қилади.

Леандро профессионал фаолиятини "Гронинген"да бошлаган, кейинроқ, 2013 йил "Астон Вилла" сафига кўчиб ўтади. Бу ерда 4 мавсум тўп тепади ва 2015 йил Англия Кубоги финалида ҳам майдонга тушади. Кейинроқ Нидерландияга қайтгунча у "Рединг" ва "Кардифф Сити" клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган. ЖЧ-2026 саралашида Леандро 16 та голга, жумладан Бермуд оролларига қарши ҳал қилувчи ўйинлардаги, муаллифлик қилди.

Жуниньо Бакуна, 28 ёшли марказий ярим ҳимоячи. У ҳам акаси сингари фаолиятини "Гронинген"да бошлаган, кейинчалик Англиянинг "Хаддерсфилд Таун" клуби сафига кўчиб ўтади ва Премьер-лигада бир, Чемпионшипда икки мавсумни ўтказади. Шотландиянинг "Рейнжерс" клуби сафида ўтган ярим йилдан сўнг, 2022 йил "Бирмингем Сити"га, 2024 йилда эса Саудия Арабистонининг "Ал Вехда" клуби сафига бориб қўшилади. Бугунги кунда Туркиянинг "Газиантеп" жамоаси футболчиси ҳисобланади. Кюрасао терма жамоаси таркибида 45 ўйинда 13 та гол урган.

Жуниньо акаси билан бирга тўп тепиш имконияти уни Кюрасаони танлашида муҳим роль ўйнаганини таъкидлаган. Оилавий алоқалар жамоанинг ғалабасини янада таъсирлироқ қилади.

Элой Рум: дарвозанинг ишончли қўриқчиси

36 ёшли Элой Рум Нидерландиянинг Неймеген шаҳрида таваллуд топган. 2015 йил 6 июнь санасида Кюрасао сафида дебют қилган кипер жамоанинг ҳимоя қўрғонида жуда муҳим роль ўйнайди. Дарвоқе, ўша Тринидад ва Тобагога қарши ўтган баҳсда Рум ўйиннинг "энг яхши футболчиси" деб тан олинади.

Рум фаолияти "Витесс"да бошланган, ўшанда у 13 ёшда эди. 2017 йилда Элой жамоасига тарихда илк бор Нидерландия Кубогини қўлга киритишда ёрдам беради. Финалда АЗ 2:0 ҳисобида таслим этилади. Мазкур муваффақиятдан сўнг, посбон "ПСВ Эйндховен" сафига кўчиб ўтади ва икки мавсумдан кейин Америкага йўл олади.

2019 йил у MLS иштирокчиси "Коламбус Крю" сафида ҳаракат қила бошлайди ва 5 мавсум давомида "MLS Cup"ни (2020 йил) қўлга киритади. Айнан ўша мавсум у "Йил сейви" совринини қўлга киритади. 2023 йилда у "Витесс"га қайтганига қарамай, ўтган вақт оралиғида "Серкль Брюгге" сафида ҳам тўп тепишга улгурган.

Терма либосида Рум 67 ўйинда (бошқа бир манбада 2025 йил июнь ойига кўра, 62 ўйин) майдонга тушган ва 11 бор ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни уддалаган. Унинг сифатли лигаларда орттирилган улкан тажрибаси ва етакчилик хусусиятлари саралашда муҳим роль ўйнагани турган гап.


Яна бошқа муҳим футболчилар:

Рангело Янга, жамоа ҳужумчиси, Кюрасаонинг барча даврлардаги энг яхши тўпурари ҳисобланади. У 42 ўйинда 21 та гол уриб,    ҳар бир ўйиндаги ўртача голлари бўйича ҳам (0,5) ажойиб натижа қайд этган.

Юриен Гаари, терма жамоа сафида 55 ўйин ўтказган ўнг қанот ҳимоячиси ғалабали КОНКАКАФ-2019 қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. Ямайкага қарши ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда гол уриб (1:1), жамоаси якунда чорак финалга йўл олишига сабабчи бўлган.

Тахит Чонг, 24 ёшли вингерни кўпчилик мухлислар "Манчестер Юнайтед" орқали яхши эслашса ажаб эмас. 1999 йил Виллемстадда таваллуд топган футболчи бугунги кунда "Шеффилд Юнайтед" сафида тўп тепмоқда. Айнан шу жиҳат Тахитни жамоа аъзолари ичида бевосита оролда таваллуд топган кам сонли футболчилардан қилади. Афсуски, спорт формаси оптимал ҳолатда бўлмаганлиги туфайли Чонг саралашнинг ҳал қилувчи ўйинларида иштирок этмади.


География ва жойлашув

Кюрасао — Нидерландия Қироллиги таркибига кирувчи давлат ташкилоти. 2010 йилгача орол Нидерландия Антил оролларининг бир қисми эди. 

У, айниқса, ўзининг ажойиб манзаралари, қўрғонлари ва тарихий мероси билан машҳур. Нидерландия қўшинлари XVII асрда оролни ишғол этган ва Кюрасао узоқ вақт нидерландияликлар назоратида қолган.

Ўлка: Кюрасао ороли Кариб денгизи жануби, Венесуэла соҳилига яқин ҳудудда жойлашган. 

ЮНЕСКО рўйхатидаги шаҳар: Оролдаги асосий шаҳар — Виллемстад (пойтахт). Виллемстад, мамлакатнинг бошқа шаҳарлари билан солиштирганда, сезиларли даражада жозибали архитектурага эга ва туризм учун жуда мос жой ҳисобланади. Бунинг исботи сифатида шаҳар ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси махсус рўйхатига киритилганини келтириш мумкин. 

Тарих: Кюрасао ороли 1499 йилда Испанлар томонидан кашф этилган. Лекин XVII асрда Голландия ушбу оролни ўз назорати остига олади. Бундан ташқари, орол тарихида кўплаб бошқа халқлар, жумладан, Африкадан келган мигрантлар ҳам яшаган. Бу оролнинг иқтисодий ва маданий ривожланишида муҳим роль ўйнаган.

Маданият: Кюрасао маданияти Голландия, Африка ва Кариб халқлари таъсирида ташкил топган десак, муболаға бўлмайди. Улар мураккаб ва хилма-хил тиллар, саломатлик ва қатор ишлаб чиқариш соҳаларига эга.

Туризм: Кюрасао ороли Кариб ҳудудидаги энг яхши туризм манзараларидан биридир. Унинг ажойиб пляжлари ва сув спорти билан машҳур.

Расмий тил: Мамлакатда расмий тил голланд тили ҳисобланади. Бироқ у расмий тил бўлса ҳам, маҳаллий Папиаменто тили кенг тарқалган.


Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи қуръаси 5 декабрь санасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мусобақада илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. 11 июнь — 19 июль оралиғида ўтказилиши режалаштирилган мазкур мусобақага АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилади. 

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Кюрасаонинг ЖЧ-2026га йўл олиши футбол тарихидаги энг буюк муваффақиятлардан бири ҳисобланади. Кариб денгизининг кичик бир оролидан энг нуфузли футбол мусобақаси иштирокчиси бўлишгача бўлган йўл – жамоа саргузаштлари қатъият, стратегик режалаштириш ва орзуга бўлган ишонч кучини ўзида мужассам этади.


Саводхонлик даражаси 90% бўлган вулқонлар мамлакати ҳам ЖЧда иштирок этади

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика