"Насаф"га қарши ўйин "Навбаҳор" бош мураббийи учун ҳал қилувчи баҳсми? Андрей Канчельскис билан суҳбат
11 apr 2019 21:30
News
"Насаф"га қарши ўйин "Навбаҳор" бош мураббийи учун ҳал қилувчи баҳсми? Андрей Канчельскис билан суҳбат
Мухбиримиз эртанги Суперлига доирасидаги "Насаф" - "Навбаҳор" учрашуви олдидан наманганликлар бош мураббийи Андрей Канчельскисни ёшлар жамоалари ўртасидаги баҳсда учратиб, ундан баъзи саволларга жавоб олди.
"Ям-яшил ажойиб майдонда шуғулландик. Жамоада кайфият яхши. Барча тўлиқ консентрация билан "Насаф"га қарши баҳсда тараддуд кўрмоқда", - дея гап бошлади Андрей Канчельскис.
Шундан сўнг "Навбаҳор" устозидан яқиндагина клуб раҳбарияти ва жамоа ўртасида бўлиб ўтган йиғилиш ҳақида сўрадик.
"Ҳа, раҳбарият билан Наманганда футбол ривожига бағишланган учрашув ташкиллаштирилди. Шунингдек, жамоа кўрсатаётган ўйин ва натижалари ҳақида ҳам гап кетди", - дея изоҳлади россиялик мутахассис мазкур йиғилишни.
Андрей Канчельскис "Навбаҳор"га омад етишмаётганини, футбол тилида айтганда, фарт йўқлигини тушунтирди.
"Ҳали ғалабалар келади. Умид қиламанки, тез орада узоқ кутилган ғалабани мухлисларга тақдим этамиз. Шуни режалаштиряпмиз. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Биз ўзимиз жамоани шундай қийин ҳолатга тушишига олиб келдик. Ҳаёт давом этади. Энди мазкур муваффақиятсиз даврдан ўтиб олиш лозим. Вазиятга позитив равишда қараб, ғалабалар ва очколар орқали муваффақиятли йўлга тушиб олиш даркор. Машғулотларда янада кучлироқ ишлаймиз ва ишлаяпмиз. Эндигина учта тур ўтди. Муҳими, бизда ўйин сифати мавжуд. Бизга озгина омад етишмаяпти. Ҳужумларни якунлашда омад бизга кулиб боқмаяпти. "Бунёдкор" билан ўйинда дуранг адолатлироқ бўларди. Шунингдек, ўша ўйинда ғалаба қозониб кетишимиз ҳам мумкин эди. Футбол тилида айтганда, фарт йўқ. Ишлашда давом этсак, ўша фарт келади", - деди Канчелскис.
Суперлиганинг 4-туридан жой олган "Насаф"га қарши эртанги марказий баҳс Канчельскис учун "Навбаҳор"даги ҳал қилувчи баҳсга айланадими? Мураббий мазкур ҳолатга шундай қарайди:
"Ҳар қандай ўйин мураббий ёки футболчи учун ҳал қилувчи баҳсга айланишини мумкин. Бу ўйин менинг жамоадаги ҳал қилувчи ўйиним ёки аксинча бўлиши клуб раҳбариятига боғлиқ. "Насаф" билан ўйин ҳал қилувчи бўладими ёки йўқ, буни клуб президенти ҳал қилади. Кўрамиз", - деди Андрей Канчельскис.
"Навбаҳор" устози "Бунёдкор"дан учралган мағлубиятдан кейин келаси турда таркибда жиддий ўзгаришлар бўлишини таъкидлаганди. Айнан шу масалада ҳам россиялик мутахассисга мурожаат қилдик.
"Насаф"га қарши ўйинда таркибмизда ўзгаришлар бўлиши аниқ. Ҳозирданоқ буни амалга оширдик. Шундай футболчи борки, биз уни Наманганга қолдириб келдик. Чунки мазкур футболчининг ўйини, учрашувга бўлган муносабати ва кўрсатган футболи "Навбаҳор" даражасига мос келмади. Мағлубиятни фақатгина шу билан боғламоқчи ёки барча айбни унга ағдармоқчи эмасман. Ҳамма айбдор. Лекин ўша футболчининг ҳаракатлари манзур келмади. Майдонга чиққандан сўнг борини бериб сидқидилдан ўйнаш керак. Майдонда шунчаки "настрой"сиз чиқиш ярамайди. Гап ким ҳақида? Буни ошкор қилмоқчи эмасман. Яхшиси ўша футболчи, бу сўзлардан тегишли хулоса чиқарсин. Биз жазо тариқасида уни Наманганда қолдирдик", - деди Андрей Канчельскис.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, "Навбаҳор" ҳимоячиси, "Насаф"нинг собиқ аъзоси Игорь Голбан жароҳати туфайли эртанги беллашувни ўтказиб юборади. Футболчи айни пайтда ўз юртида муолажа олмоқда.
Маълумот ўрнида, Қарши шаҳридаги "Геолог" стадионида кечган "Насаф" - "Навбаҳор" ёшлари ўртасидаги баҳсда қаршиликлар рақибни тор-мор келтиришди. Эътиборга молик жиҳати, ўтган мавсумда айнан "Навбаҳор" билан ўтган беллашувда жароҳат олиб узоқ муддат сафдан чиққан Азиз Ғаниев узоқ танаффусдан сўнг яшил майдонга қайтди. Ғаниев ёшлар таркибида бир бўлим фаол ўйнади.
Эслатиб ўтамиз, "Навбаҳор" жамоаси Суперлиганинг 3-туридан кейин 1 очко билан турнир жадвалининг энг охирги поғонасини банд этиб турибди. Эртага жамоа Қашида "Насаф" меҳмони бўлади.
Comments