Мутолаа учун. Миллионларни мафтун этган "Аталанта", ниятига ета олмаган "Интер", "Рома", "Наполи" ва аутсайдерлар ҳақида
05 aug 2020 18:00
News
Мутолаа учун. Миллионларни мафтун этган "Аталанта", ниятига ета олмаган "Интер", "Рома", "Наполи" ва аутсайдерлар ҳақида
Тўғри, скудетто расман қўлга киритилгач, "Ювентус" шунчаки тўхтади, кетма-кет 2 та учрашувда мағлуб бўлишди, лекин усиз ҳам жамоа статистика борасида ҳам аввалги мавсумдагилардан фарқ қиларди.
"Ювентус" на урилган, на ўтказиб юборилган голлар бўйича энг яхшиси бўлди. Маурицио Сарри талабларини тушуниш, уларга кўникиш осон бўлмади. Баъзан жамоа шунчаки нима қилишини билмай қоларди. Шундай вазиятда ҳам қўлга киритилган соврин, "бьянконери" Италияда энг кучли таркибга эга эканлигининг исботи бўлди. Мунтазам жароҳатлар ҳам туринликларни тўхтата олмади. Керакли лаҳзаларда етакчилар биринчи планга чиқар ва учрашувлар тақдирини ҳал қиларди. "Ювентус" ҳал қилувчи ўйинларни зўр ўтказди. Мисол учун "Интер"га қарши беллашувлар. Ўшанда бўлажак чемпионлар тахт учун курашмоқчи бўлганлардан бирини жойига ўтқазиб қўйди. Аммо Сарри жамоаси муваффақиятининг асосий омили рестардан кейин жамоа прагматик ўйин кўрсатиб бўлсада, ғалабаларни қўлга киритгани, рақиблар эса кетма-кет очко йўқотгани бўлди. "Бьянконери" ўйинига саволлар етарли, Сарри қўл остида жамоа кутилган ўйинни кўрсата олмади, баъзи "дўстлар" эса жамоа фойдасига пенальти ва баҳсли қарорлар кўплигига шаъма қилмоқда. Балки уларнинг гапида ҳам жон бордир. Лекин натижа шундай бўлдики, энг но стабил мавсумда "Ювентус"дан стабилроқ жамоа топилмади.
"Интер" йиртқич ҳолатга келмади
"Нерадзурри"дан бу мавсум чинакамига қандайдир ўзгача футбол кутилганди. Ахир Контенинг ҳар қандай жамоаси ҳам ўта ҳавфли ва титул учун давогар бўлади. Мавсумнинг қайсидир палласига келиб, шундай бўляпти деган фикр ҳам уйғонгандек бўлди. "Интер" яхши бошлади, Лаутаро-Лукаку жуфтлиги исталган рақиб ҳимоясини ваҳимага солиб қўярди, аммо жамоа аксарият ўйинларда ҳолдан тойган рақибига охирги зарбани бера олмади, қаердадир режа иш бермади. Яна бир муҳим палла "Ювентус"га қарши ўйинлар бўлди, уларда "Интер" бирор очко ололмади. "Интер" ҳимояси чемпионатнинг энг ишончлиси бўлди, лекин бунинг ўзи камлик қилди. Конте ҳақли равишда шогирдларидан кўпроғини талаб қиларди.
"Парма", "Рома" ва "Болонья"га қарши ўйинлар каби учрашувлар кам бўлмади. Вазиятлардан фойдаланишнинг оқсаши, концентрация ва очколар йўқотилиши. "Ювентус"нинг неча бор қоқилиши фонида, "Интер" бироз омадлироқ бўлганда, скудетто тақдири ҳеч бўлмаганда охирги турда ҳал бўларди. Рестардан кейинги стартни ҳам "Интер" кўнгилдагидек ўтказа олмади. Бир тарафдан "нерадзурри" 9 йилдан буён илк бор 4-ўриндан юқорироқ кўтарилишди, аммо максималист Контедан кўпроғини кутсак ҳам бўларди. Янги мавсум янада қизиқро бўлиши турган гап, ҳозир кўпчиликни Антонионинг ўзи қоладими деган савол ҳам қизиқтирмоқда. Мавсум якунлангач алленаторе нафақат рақибларни танқид қилди, балки раҳбариятни ҳам "ширин сўзлар" билан тилга олиб ўтди. Унинг айтишича, улар томонидан қўллаб-қувватлаш етарлича бўлмапти. Шунингдек, мураббий ҳакамлар ишидан ҳам норозилигини яшириб ўтирмади. Шу сабаб энди буёғига нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
Миллионларни мафтун қилган "Аталанта"
"Бергамасклар" мавсум кашфиёти бўлди, дейишимиз бироз ғалати туюлади. Сабаби, ўтган мавсум якунида ҳам шундай фикр янграганди. Ўшанда, трансфер ойнаси очилади ва грандлар таркибдагиларнинг асосий қисмини олиб кетади, жамоа ЕЧЛда шарманда бўлади, Гасперини эса кадрлар билан муаммони баҳона қилади деб ўйлаганди кўпчилик. Амалда жамоа очколар бўйича шахсий рекордини янгилади, чемпионатнинг энг ёрқин жамоаси бўла олди ва баъзи етакчилар янги даражага кўтарила олди. Буларнинг барчаси пандемия ва асосий таркиб вакилларидан баъзиларнинг жароҳати бўлганда. Ҳар бир футболчи ўзининг кучли жиҳатини жамоа фойдаси йўлида кўрсата олди ва янги футболчилар ҳам тезда киришиб кетишди.
Етакчилар ҳам панд бермади. Де Рон, Госенс, Иличич ва Гомес юқори даражадаги мавсум ўтказди. Улардан бирортасини "кетмони" бир-икки ўйин учмай қолса, захирадагилар лаббай деб жавоб бера олишди. Қайсидир паллада айнан "Аталанта" "Ювентус" учун асосий рақибга айланди, лекин "кекса синьора"ни тахтдан туширишнинг имкони бўлмади. Шу ўринда, Гасперини шогирдлари мавсум давомида урилган голлар кўрсаткичини 100 талик довонга етказа ололмагани ачинарли. Лекин 98 та гол ҳам мақтанишга арзигулик кўрсаткич. Яна эсдан чиқармайлик, "Аталанта" ҳамон ЕЧЛдан чиқиб кетгани йўқ!
"Лацио"га коронавирус тўсқинлик қилди (ми?!)
Футбола "агар ..." дейиш ноўрин деб ҳисобланади. Лекин бир тасаввур қилиб кўринг, ҳеч ким кутмаган бу офат дунёни қамраб олмаганида, нима бўларди? Мажбурий танаффусга "Лацио" "Ювентус"нинг асосий рақиби сифатида чиқиб кетди. "Бургутлар" шу қадар ёрқин ўйин кўрсатиб, ғалабалар қўлга киритардики, уларга ҳатто "Ювентус"нинг ҳам кучи етмай қолганди. Афсус, бироқ рестартдан кейин Инзаги шогирдларининг ёрқин ўйинидан асар ҳам қолмади.
Ҳа, "Лацио" бир қатор асосий футболчиларини жароҳат сабаб йўқотди дейиш мумкин, лекин майдонга тушганлари ҳам умуман ёрқин ўйин кўрсата олмади. Натижада, "Лацио" бирин-кетин очколар йўқотди, Симоне Инзаги эса ночор, жим қолиб кетди. Скудеттони орзу қилаётган йигитлар, якунда 4-поғонани банд этишди.
Биргина қувончли факт, Чиро Иммобиленинг афсонавий Франческо Тоттидан кейин А Серияда тўп тепиб "Олтин бутса"ни қўлга киритган илк футболчига айлангани бўлди. Бу орада Чиро голлар сони бўйича барча италияликларни ортда қолдирди ва рекорд қўйди, Игуаин натижасини эса такрорлашга муваффақ бўлди. Яна ўша гап, танаффус бўлмаганда Иммобиле ҳам 40 та гол уриши ва тарихга кириши мумкин эди, лекин айтганимиздек, "агар"га ўрин йўқ.
"Рома" ва "Наполи"дан кўпроғини кутгандик
"Рома"дан бирданига ёрқин, томошабоп, очиқ ўйин кутишмаганди тўғри, лекин Пауло Фонсекадан кўпроғини кутишгани бор гап. Ҳа, жамоа анча ўзгарди, ҳа, янги футболчиларнинг ҳаммаси ҳам ўйнаб кетмади, лекин бошқа томондан "Рома" таркиб бўйича кучайганди, етакчилардан ҳеч ким кетгани йўқ, уларга яна ўзини кўрсатган футболчилар қўшилганди. Лекин иккинчи даврада "Рома" ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдан чиқиб бўлганди. Бу кўп жиҳатдан Николо Заньолонинг жароҳати билан боғлиқ десак ҳам бўлади. Энди мавсумлар оралиғида "бўрилар" уни олиб қолиш учун тер тўкишлари зарур. Усиз ҳам клуб трансфер бозорида астойдил ишлаши, баъзи нуқталарга тезкорлик билан ўйинчи олиб келиниши зарур. Бундан ташқари етакчилардан баъзилари ушбу ажойиб шаҳарни тарк этиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Чамамда "Наполи" Карло Анчелотти бунчалик тез хайрлашади деса, кўпчилик ишонмаган бўларди. Бироқ биринчи даврада жамоа ўйинидан кўра, унинг атрофидаги жанжаллар кўпроқ муҳокама қилинди. Президент Аурелио Ди Лаурентис мураббий ва футболчиларни айблар, улар эса ўз навбатида машғулот ўктазишни исташмасди. Унданда қизиғи, кимсан Гаттузо келиб, вазият янада қизғин тус олмай, анчайин тинчиб қолди. "Наполи" Италия Кубогида ғалаба қозонди, турнир жадвалидаги ишларини бироз яхшилади. Энди олдинда кутаётган "Барселона" билан жавоб ўйинини ва янги мавсум кутмоқда. Бозорда клубнинг вакиллари юришибди, энди клуб ушбу трансфер ойнасида қанчалик фаол бўлишини билиб олсак бўлгани.
Янгиларга ўрин йўқ
"Брешия" ва айниқса "СПАЛ" А Серия билан хайрлашиши пандемия сабаб юзага келган танаффусгача деярли аниқ бўлиб улгурганди. "Шеърлар" нисбатан ёмон бўлмаган таркиб ва олмослари Тоналли бўлсада, А Серияда чинакам рақобатбардош клуб бўла олмади. Лекин "СПАЛ"нинг бундай омадсизлиги сюрприз бўлди. Леонардо Семпличи яхши жамоа ярата олди ва шогирдлари ўйини кучайишига сабабчи бўлди, лекин сафари узоққа чўзилмади. Умид қиламизки, клубнинг бир қатор ёрқин футболчилари А Сериядан жойларини топа олишади.
Бироқ "Лечче" жон сақлаш учун охиригача курашди, қаерлардадир ҳимояни, натижани унутиб, шу қадар ёрқин ўйин кўрсатдики, унча-мунча нейтрал мухлис уларни элитада қолишига тилакдош эди. Ушбу жамоанинг ўйинини кўриш чиндан одамга завқ бағишларди. Ливерани қуйи дивизионга тушиб кетган бўлсада, илиқ сўзларга муносиб меҳнат қилди. Афсус, "жанубликлар"нинг "қўллари калталик" қилди. Машҳурроқ "Женоа" мавсум сўнгига яқин мақсад йўлида хаёлини йиға олди, лекин шундай бўлсада Генуянинг ҳар икки клуби ушбу мавсумни омадли деб айта олмайди. Сабаби "Торино" ҳам мухлисларини анчадан буён хурсанд қила олмаяпти, устига-устак жамоа анчадан буён бу қадар қуйи поғонани эгалламаганди.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments