Мутолаа учун. Яхшибоев "Шахтёр"да ўзини ноқулай ҳис этганмиди?
02 dec 2020 18:59
News
Мутолаа учун. Яхшибоев "Шахтёр"да ўзини ноқулай ҳис этганмиди?
Владислав Татур by.tribuna.com сайтида ўзбек ҳужумчисининг ғайриоддий тарихи ҳақида тўхталди.
Жасурбек Яхшибоев биринчи даврада БАТЭга қарши ўйинда дубль қайд этиб, футболимизга чақнаб кириб келди. Борисов жамоаси "Энергетик"нинг тезкор ҳужумларига дош беролмади ва ўзбекистонлик яккама-якка ўйинда "сариқ-кўклар"нинг икки марказий ҳимоячиси билан хоҳлаган ишини қилди. Федерациянинг расмий You Tube каналида ушбу ўйинни 110 минг томошабин кўрди. Номаълум футболчининг бундай кўрсаткичи ҳамма учун сюрприз бўлди.
Яхшибоев учун "Энергетик" ўйин тизими жуда мос эди: 3-5-2, кўпроқ кенглик, қарши ҳужумга интилиш ва энг яхши фазилатлар – тезлик ва дриблингни намойиш этиш учун имконият. "Талабалар" таркибидаги 14 учрашувда Жасурбек 9 та гол урди ва 3 та голли пас берди. 4 та голни пенальтидан урди, шундан 2 тасини легионернинг ўзи ишлаб олганди.
БАТЭ Яхшибоевни қўлга киритишни хоҳлади, аммо клуб қўйилган шартлардан қўрқиб кетди
Кирилл Альшевский ҳам буни истади. БАТЭнинг ўша пайтдаги бош мураббийи ўйинчи ўзини нафақат қарши ҳужум моделида, балки кўп вақтни тўпга эгалик қилиш учун сарфлайдиган, позицион ҳужум уюштирадиган жамоада ҳам яхши ҳис эта олади, деб ишонган.
Скавиш, Нехайчик ва Стасевич мавжудлигида Яхшибоев БАТЭда қандайдир позицияда ўйнашини тасаввур қилиш қийин. Албатта, Жасурбек ротация ва старт учун рақобат шароитида марказий ҳужумчи сифатида ҳам, қанот вакили сифатида ҳам ўз дақиқасига эга бўларди.
Билишимча, БАТЭ кейинчалик суммани ошириш шарти билан маълум бир таклифларни илгари сурди. Агентлар бирданига барча жиҳатлар бўйича таклиф қилинганидан икки баравар кўпроқ пул олишни хоҳлашди. Кейинчалик катта молиявий талаблар Киевнинг "Динамо"сини қўрқитди, лекин жиддий қизиқиш бор эди.
Клуб битим тузилмасидан ҳам чўчиди: Яхшибоевнинг эгалик ҳуқуқининг бир қисми "Пахтакор"га, яна бир қисми – учинчи шахсларга тегишли эди. Футболчининг вакиллари билан у ёки бу тарздаги музокаралар ҳеч нарсага олиб келмади. Жасурбек Солигорскга жўнаб кетди, афтидан клуб барча шартларни бажаришга рози бўлиб, Яхшибоевни сотиб олиш имконияти билан мавсум охиригача ижарага олди.
"Шахтёр"нинг молиявий имкониятлари Борисов жамоасиникидан юқори эканлиги сир эмас. Илгари БАТЭ лигадаги исталган футболчи учун курашда барчадан устунликка эга эди. Ҳозир ва яқин келажакда эса бундай эмас.
Лисаковичнинг ўрнини босиши керак эди, аммо катта ўйинларда кўринмай қолди
Ўзбекистонлик ўйинчи "Шахтёр"дан кетган Лисакович ўрнини эгаллаши керак эди. Умуман олганда, булар бошқа-бошқа профилга эга ижрочилар. Эҳтимол, таққослаш мутлақо тўғри эмас, чунки биринчи даврада улар турли хил тизимларда ўйнашган, аммо барибир: Виталий позицияни тўғри танлаши туфайли хавфли зоналарда тўпни яхшироқ қабул қилиб оларди. Лисакович иккинчи ҳужумчи ролида ўзини қулай ҳис этмасди – у рақиб дарвозасига яқинроқ жойда бўлишни хоҳларди.
Яхшибоев – қарши ҳужумга ихтисослашган ҳужумчи. Мутахассислар уни Лисакович сингари соф ҳужумчи бўлиб ўйнай олишига ҳам ижобий баҳо беришган, бироқ у позицион ҳужумда унчалик яхши очилмайди ва яқин масофада ёмонроқ ҳаракат қилади.
"Шахтёр" сафидаги биринчи ўйин – "Городея"га қарши ўйинда ўзбекистонлик гол уришни бошлади. Шунингдек, "Витебск" дарвозасига гол урди. Бундан ташқари, "Белшина" дарвозасини ишғол этиб, "Смолевичи" билан ўйинларда хет-трик ва дубль намойиш қилди.
Яхшибоев катта ўйинларда ўзидан умуман таассурот қолдирмади: сўнгги турда "Брест", "Ислоч", Минскнинг "Динамо"си, БAТЭ ва “Минск” билан учрашувларда – ноль гол.
Яхшибоевнинг биринчи даврада "Энергетик"даги, иккинчисида "Шахтёр"даги статистикасига мурожаат қилиб, уларни солиштирсак, Жасурбек "Шахтёр"да комбинациялашган ва голли пасларда фаолроқ иштирок этгани, кўпроқ ёрдам бергани, аммо шу билан бирга унинг якка тартибдаги муваффақиятли алдаб ўтишлари камайганлиги аниқланди. У жарима майдончасида тўпларни камроқ қабул қила бошлади ва кўп вазиятларга эга бўлмади.
Жамоада илдиз отмади
"Шахтёр"даги беш ой давомида Яхшибоев жамоага қўшилиб кета олмаган. Айтишларича, у деярли ҳеч ким билан гаплашмаган ва машғулотларда у қадар интенсив ишламаган. Шунингдек, "Рух"га қарши ўйиндан кейин жамоа етакчиларидан бири билан зиддиятга борган. Ҳеч қандай жиддий нарса йўқ: футболчилар жандаллашиб қолишган ва уларни тезда ажратиб олишган.
Ўзбекистонлик футболчи сўнгги турга қадар бўлган тайёргарлик чоғида бир ҳафта давомида номаълум сабабларга кўра бир нечта машғулотларни ўтказиб юборган, аммо барибир ўйинни асосий таркибда бошлаган ва учрашувдан сўнг ҳеч ким унинг юзида эришилган ютуқдан кейинги қувонч ҳиссини кўрмаган.
Футболчилар ва мураббийлар байрамни давом эттириш учун стадиондан чиқиб, базага боришди, бироқ Жасурбек улар билан бирга бўлмаган. Футболчи дарҳол жамоавий чатни тарк этиб, Минскка йўл олди. Бир кун ўтгач, шарафлаш маросимида ҳам уни ҳеч ким кўрмади. Эҳтимол, олтин медаль ўз эгасига етиб бормайди.
Нима учун бундай бўлганини айтиш қийин. Айтишларича, "Энергетик"да Яхшибоевга Артем Радьков ижобий таъсир кўрсатган. "Шахтёр" эса ҳеч ким билан овора бўлиб қолмайдиган топ-клуб.
"Шахтёр"(Солигорск)га ўтиш бомба трансферга айланганди. Жасурбек жамоага албатта, ёрдам берди, аммо кутилганидан кўра камтарона. Нима бўлган тақдирда, 2020 йилги мавсум Яхшибоевнинг ёрқин ўйинлари билан ҳам эсда қолади.
Ўзбекистонлик футболчи Беларусда ўзини кўрсатди ва чемпион бўлган жамоасини шу қадар тез тарк этдики, ҳеч ким билан хайрлашмади.
Шерзод Нурматов таржимаси.
Comments