Матбуот анжумани. Рўзиқул Бердиев: "Ал Ҳилол"нинг салоҳияти ёки фамилиясидан қўрқишимиз эмас, майдонда боримизни бериб курашишимиз керак"
28 sep 19:35
News


Матбуот анжумани. Рўзиқул Бердиев: "Ал Ҳилол"нинг салоҳияти ёки фамилиясидан қўрқишимиз эмас, майдонда боримизни бериб курашишимиз керак"
Унда Қаршининг "Насаф" жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клубини қабул қилади. Учрашувдан аввал мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва футболчи Шерзод Насруллаев фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ал Ҳилол" билан ўйинлар доим қизиқарли ўтган. Ўйлайманки, эртага стадионимизда ажойиб муҳит бўлади. Бу жамоага муносиб қаршилик кўрсатишга ва мухлисларимизга кутилган натижани совға қилишга бор маҳоратимизни ишга соламиз. Бу қанчалик оғир бўлмасин йигитларда тайёргарлик яхши, иштиёқи бор. Хоҳиш ва иштиёқ бўлган жойда натижа ҳам яхши бўлиши керак",- дейди Рўзиқул Бердиев.
"Эртанги ўйинга жамоамиз тайёр. Максимал ғалаба қозонишга ва мухлисларимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз",- дейди Шерзод Насруллаев.
- Эртанги ўйинда омад тилаймиз. Сиз рақибни яхши ўрганадиган мураббийлардансиз. Бундан хабаримиз бор. "Ал Ҳилол"нинг заиф томонларини ҳам топдингизми?
- Албатта. Ҳар бир ўйиндан олдин рақибни ўрганишга ҳаракат қиламиз. "Ал Ҳилол" жамоасига таъриф бериш шарт эмас. Ўз сиёсати, мақсади, трансферлари билан бутун дунёга танилган. Ҳар бир жамоанинг кучли ва кучсиз тарафлари бўлади. Рақибнинг охирги ўйинларини кўриб йигитларга бу борада маълумотларни етказдик. Индивидуал кучли футболчиларга эга жамоа, лекин уларда ҳам баъзи бир муаммолар бор. Буни футболчиларга тушунтирганмиз. Рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишимиз талаб этилади.
- "Ал Ҳилол"нинг пенальти ишлаш, стандарт вазиятлардаги самарадорлигини қандай баҳолайсиз? Бунга қарши жамоа қандай чора кўра олади?
- Стандарт вазият футболда жуда муҳим. "Ал Ҳилол"да стандарт вазиятлардан ҳам кўра қарши ҳужумлари хавфли. "Ал Аҳли" билан ўйинни кўриб чиқдик. Жамоа қарши ҳужумда 3 та тўп киритди. Стандарт вазиятларда ҳам яхши ижрочилари бор. Биз ҳар бир футболчини, бўйдор ўйинчиларини ўрганиб чиқдик. Уларга қарши тўғри ўйнаш талаб этилади.
- "Ал Ҳилол" сафида Ал Довсари, Дарвин Нунез каби футболчилар келмаслиги ҳақида гап чиқди. "Насаф"нинг таркиби бу борада тўлиқми? Йўқотишлар йўқми?
- "Ал Ҳилол" жамоаси таркиби жуда кенг, йўқотишлар ўрнини билинтирмайдиганлар бор. Индивидуал кучли футболчиларга қарши тайёрланяпмиз. Бизда ҳам йўқотишлар бор. Лекин ҳаммасини айтмоқчи эмасман. Бу ҳақида ўйлаётганимиз йўқ, таркибимизда футболчилар бор.
- Шерзод Насруллаевга савол. "Насаф" таркибида терма жамоа футболчилари бор. Эртага тажрибали футболчиларга қарши тайёрмисизлар? Иштиёқ қандай?
- Албатта. Ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир футболчи ғалаба учун майдонга чиқади. Ҳамма бор кучини беришга ҳаракат қилади. Бизда қўрқув йўқ, чунки Ўзбекистон ҳам уларнинг даражасига чиқиб бўлган. Жамоамиз тайёр.
- "Насаф" жамоаси эртага қандай тактикада ўйнайди? Рақиб ҳужумларини бартараф этишга бу тактика ёрдам берадими?
- Ҳамма сирларни очиб ташладингиз (кулади). Эртага тактика битта юқори иштиёқ ва ўйинни тартибли ташкил қилиш. Бунга амал қилсак ҳаммаси яхши кечади.
- Мухлислар европача ўйин кутмоқда. Эртага сифат муҳимми ёки натижа?
Шерзод Насруллаев:- Биз учун натижа муҳим.
- Абдувоҳид Неъматовнинг руҳияти қандай? "Ал Аҳли" билан ўйиндан сўнг кийиниш хонасида нималар дедингиз?
- Абдувоҳидни сўксангиз ҳам, урсангиз ҳам таъсир қилмайди. У зўр йигит. Руҳияти кучли йигит. Ўйлайманки, Абдувоҳид ҳам, жамоа ҳам аввалги хатони такрорламаслиги керак. "Ал Ҳилол" кучли рақиб, бундай ўйинларда хатолар кечирилмайди. Абдувоҳид ўйинга тайёр.
- Сиз жамоангизда қайси футболчини кўпроқ яхши кўрасиз?
- Бутун жамоани яхши кўраман, биз бир оиламиз. Шу пайтгача 100, 120талаб футболчи чиқиб кетган. Уларга бир хилда эътиборда бўлганман ва ҳар бири мен учун қадрли.
- Шерзод Насруллаевга саволим. Позициянгиздаги қўриқлайдиган футболчини биласизми?
- Малкомга қарши майдонга чиқамиз. Уни қўриқлашга ҳаракат қиламиз.
- "Ал Ҳилол"нинг совриндорлиги ва "Насаф"га нисбатан бойроқ клуб эканлиги, натижалари руҳий ҳолатга таъсир қилмаяптими?
- Рақибнинг кимлигини барчамиз тушунамиз. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам улар исботлашди. Бу билан муаммо бўлмайди. Эртага натижани ўйламасдан борини бериб курашиши керак. Жамоа курашмаса мухлисларга ҳурматсизлик бўлади. Эртага курашсак, боримизни берсак ҳар қандай натижадан мухлислар мамнун бўлади. "Ал Ҳилол"нинг салоҳиятидан, фамилиясидан қўрқиш керак эмас, боримизни беришимиз лозим.
- "Насаф" "Ал Аҳли"га қарши 64-дақиқага қадар 2:0 ҳисобида олдинда эди. Черан майдонга тушгач кўп ўтмай ҳисоб тенглашди. 84-дақиқада Отубанжо майдонга тушгач ҳисоб 2:4 бўлди. "Ал Аҳли" билан ўйинда натижага сизнинг таъсирингиз қанчалик бўлди? Ғалаба қозониб турган жамоа стратегияси назоратингиз эди. Лекин 2 та легионерлар тушгач ўйин ўзгарди...
- Саволингиз ҳам, фикрингиз ҳам нотўғри. Умуман қўшилмайман. Черанни ҳужум чизиғида чиққанига Абдувоҳиднинг хатосига нима алоқаси бор? Ҳимоячиларнинг хато қилганига ҳужумчининг нима алоқаси бор? Саволингизга жавоб ҳам бермоқчи эмасман. Жамоам ютқазди. Ютган ўйинларимизда нима учун Черан ёки Отубанжони меҳнати сингганини айтмайсиз?
Similar news

Comments
Bu bola futbolchi emas. Darajasi Super Ligaga ham tortmaydiku?!