Кудус – ЖЧдаги ғалаба дублини қайд этган "Аякс"нинг ганалик абжир йигити. У билан яқинроқ танишиш вақти келди
29 nov 2022 16:37
News
Кудус – ЖЧдаги ғалаба дублини қайд этган "Аякс"нинг ганалик абжир йигити. У билан яқинроқ танишиш вақти келди
34-дақиқада 2:0, 61-дақиқада 2:2, 68-дақиқада эса ганаликлар олдинга чиқиб олишди ва ғалабага эришишди. Бош қаҳрамон – иккита гол урган Муҳаммад Кудус.
Агар билмайдиган бўлсангиз, "Аякс"нинг истиқболли хавбеки билан танишамиз.
МЮнинг собиқ скаути академиясидан Европага кетди. Ва Дания клуби орқали йўл олди
Кудус Гана пойтахти Аккрада туғилган. Унинг сўзларига кўра, оиласи камбағал ҳам, бой ҳам бўлмаган. Асосийси – терма жамоанинг бўлажак қаҳрамони ҳеч қачон оч қолмаган, у бунинг учун ота-онасидан миннатдор. Бироқ, унинг оиласи ҳақида маълумотлар кўп эмас.
"Онам мен ва оиламиз ҳақида қайғуриш учун ҳаётини хавфга қўйди", – дейди Муҳаммад. Унинг Аккрада овқат сотиши маълум.
Муҳаммад тезда тенгдошлари орасида ажралди. У билан болаликда бирга ўйнаганлар 11 ёшли Кудуснинг бир ўзи жамоани ортидан эргаштирганини эслашади: масалан, бир ўйинда олтита гол урган – баҳс эса 6:6 ҳисобида тугаган.
Йигитчанинг биринчи мураббийи Жошуа Авуа буни тасдиқлади: "Унинг кўчада қандай ўйнаётганини кўрганимда, бирдан ҳаммасини тушундим ва уни машғулотларга таклиф қилдим. У биринчи кунданоқ ажойиб ҳаракат қилди. У билан кўришганимизда атиги 10 ёш эди, аммо унинг сифатлари кўзга ташланарди".
Муҳаммад бир неча юз километрлик узоқликдаги Right to Dream академиясига 12 ёшида сўнгра Европага йўл олиш учун уйидан кетди. Бунга сабаб Гана академияси асосчиси (ва "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ скаути) Том Вернон "Нордшелланд"ни 2015 йилда харид қилгани бўлди.
Эндиликда Дания клуби Right to Dream'нинг энг яхши ўйинчилари йўл оладиган тизимнинг энг юқори қисми. "Янги Лионель Месси ёки Усэйн Болтнинг Африкада пайдо бўлишига яхши имконият бор, аммо иқтидорни ривожлантириш учун имконият олишмайди", – деб тушунтирди Вернон.
Кудус энг яхшилар қаторига кирди ва 2018 йилда Данияга йўл олди.
Ҳар куни беш вақт намоз ўқийди, Даниядаги барчани бирданига ҳайрон қолдирган, дисциплина эса максимум даражада
Кудус – катта хауса халқининг вакили. Уларнинг умумий сони 60 миллиондан ортиқ, аммо хаусанларнинг кўпчилиги Нигерия (37 миллион) ва Нигер (13 миллион)да яшайди. Улар Ганада 300 минг атрофида, кўплар айнан Муҳаммад ёшлигини ўтказган пойтахтнинг мусулмонлар яшайдиган қисмига кўчишган. У Европага йўл олганидан сўнг исломга қатъий равишда амал қилади ва беш вақт намоз ўқийди.
"У майдонда данияликларнинг ўйин услубини тез ўзлаштирди, – дейди ҳимоячи Андреас Сковгаард. – Биз машғулотлардан бирдан унинг қандай тезкор, кучли ва техникали эканлигини кўрдик. Мураббийлар ҳам. Улар уни қачон таркибга киритишни интизорлик билан кутишди".
Ёш Кудус "Нордшелланд"да 57та ўйинда 14та гол ва 3та ассист қайд этди. "Аякс" 20 ёшли ярим ҳимоячини икки йилдан сўнг тўққиз миллион евро эвазига олди.
Нидерландияликлар йигит билан бирдан беш йиллик шартнома имзолашди, Дания клуби спорт директори Ян Лаурсен эса унинг ўйнаб кетишига шубҳа қилмади: "Буни айтаётганим сабаби, унда интизом билан барчаси жойида. У ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормаган ва ҳеч қачон кечикмаган".
ЧЛда жуда ёмон дебют қилди. Аммо, ҳозир у ерда ҳам порламоқда
Кудус "Аякс"да Эрик тен Хаг қўл остида пайдо бўлганди, у ганаликни ақлбоварқилмас имкониятга эга ўйинчи деб атаган.
Муҳаммад дастлабки уч ўйинда гол урди ва учта ассист қайд этди, аммо орага Чемпионлар Лигасидаги дебют қўшилди. Муҳаммад "Ливерпуль"га қарши ўйинга чиқди, аммо олти дақиқадан сўнг уни ўзгартиришга тўғри келди, бунга тиззасидаги жиддий жароҳат сабаб бўлди. Бир неча муҳим ойларни ўтказиб юборди.
Кудус тезда "Аякс"да очилиб кетмади: жароҳат ва позиция ҳалақит берди – сабаби Тен Хаг уни майдон марказига қўйди. Кудус ҳозирда амстердамликлар сафида 63та ўйинда майдонга тушиб, 15та гол ва 6та ассист қайд этган, аммо катта қисмини жорий мавсумда ўтказган.
Янги мураббий Алфред Схройдер ганаликни ҳозирда "алдамчи тўққизлик"да ишлатмоқда ва унинг самарадорлиги шунда юқорироқ. Кудус жорий мавсум "Аякс"да аллақачон 10та гол урди, улардан тўрттаси Чемпионлар Лигасида. Еврокубокдаги ишлар чемпионатдан яхшироқ: ЧЛ гуруҳ босқичидаги олтита ўйинда иккита ассист ва учта баҳснинг энг яхши ўйинчиси соврини. Аммо, "Аякс" гуруҳдаги жуда кучли рақиблар сабаб баҳорда фақатгина ЕЛда ўйнайди – улар гуруҳда "Наполи" ва "Ливерпуль"ни олдинга ўтказиб юборишди.
Топ-клубларнинг қизиқиши ҳар қандай ҳолатда ҳам кафолатланган, ўша ливерпулликларнинг ҳам: Кудус икки йил олдин уларга қарши ўйинда жароҳат олди, жорий мавсумда эса "Энфилд"да гол урди. Ганаликни Тиаго Алькантарага қарши ўйнагани ҳам жуда хурсанд қилди. Испан "Бавария"далигида ёш Муҳаммадга бутун жамоадагиларнинг имзолари туширилган футболкани совға қилган. Кудусга ўсмирлар жамоасида бирдан "Алькантара" деб лақаб қўйишди, испан ўша пайтдан бери унинг бош кумирига айланди.
Уларнинг жамоадошлар бўлиш эҳтимоли ҳам бор. "Ливерпуль"нинг қизиқиш ҳақидаги инсайдлар кўп, Клопп аллақачон ганаликни "ақлбоварқилмас ўйинчи" деб атади. Бундан ташқари, Юрген "Ливерпуль"га гол урадиган футболчиларни севади.
Жаҳон чемпионатидаги дубль – яхши қўшимга сабаб.
Алишер Остонов таржимаси
Comments