Latest news

17:31ОФК Чемпионлар Лигаси-2. Умар Эшмуродов жамоаси сафарда "Чонбук Моторс"га имкониятни бой берди   0 17:24Суперлига. "Динамо" - "Локомотив": Асосий таркиблар маълум  0 16:57"Ҳозирги ҳолатимни сўз билан таърифлаш қийин"   0 16:16Асаби бўшлар кўрмасин! "Барселона" жароҳат олган Пау Кубарси суратини чоп этди   4 16:16Суперлига. ОКМК - "Олимпик" 1:1 (матнли трансляция)  7 15:47Ханс-Дитер Флик: "Бугун амалга оширган ишимиздан мамнунман"  0 15:15ОФК Чемпионлар лигаси-2. 4-турдан сўнг ғарбий минтақадаги ҳолат  7 14:42ОФК Чемпионлар Лигаси-2. "Чонбук Моторс" - "Селангор": Умар Эшмуродов асосий таркибда  0 14:31"Бетис" "Барселона" ҳимоячисига қизиқмоқда  1 14:19"Локомотив" сўнгги бор Самарқандда "Динамо"ни қачон ютган?  2 13:56"Барселона" XX асрда қайд этган ажойиб бир натижасини яхшилади   2 13:27Артета: "Футболчиларим билан фахрланаман"  1 12:25"Олимпик" бугун тарихий натижа қайд этиши мумкин   3 12:18U-20 Осиё кубогига қуръа ташланди. Ўзбекистон Эрон билан ўйнайди  16 12:04U-20 Осиё кубоги. Ўзбекистонга аввалги мусобақаларда гуруҳда қайси терма жамоалар рақиб бўлган?  3

Коинот билан боғланган ягона футболчи News

Коинот билан боғланган ягона футболчи

Айнан у Британиянинг 1-космонавти бўлиши мумкин эди, аммо тақдир бу инсонга Тринидад ва Тобаго терма жамоаси дарвозабонлигини маъқул кўрди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан Англия премьер-лигасидаги учрашувлар кўпчилик инсонлар томонидан севиб томоша қилина бошланди. Ўшанда, кўплаб ихлосмандларни ўзига жалб қила олган клуб Кевин Киганнинг «Ньюкасл»и бўлди. Яқиндагина элитага қайтган клуб ёрқин ва ҳужумкор ўйини билан кўпчиликни ўзига жалб қилар, йирик ҳисобдаги ғалабаларга эришарди. Лес Фердинанд, Питер Бирдсли, Давид Жинола, Фаустино Асприлья, Филипп Альбер... Инглиз футболидаги бу ёрқин номларни томошабинлар уларнинг илк ўйинларини кўрганларидаёқ эслаб қолишганди. «Ньюкасл»нинг дарвозабони ҳам чин маънода ярим жамоа эди - ўз ишини биладиган, ҳаракатчан, ориқ, аммо бўйдор, бўйи салкам 2 метрни ташкил қиладиган қора танли футболчи, кўринишидан Голливуд юлдузи Эдди Мёрфини эслатувчи посбон. Ўшанда Англияда қора танли дарвозабонлар кўп эмасди, бор-йўғи 2 нафар: мақоламиз қаҳрамони ва Дэвид Жеймс. Ўшанда у «Ливерпул»да ўйнарди. Аммо биз юқорида айтганимиздай, Шаке Хислоп тўғрисида - коинот билан боғлиқ бўлган футболдаги ягона инсон ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

- Мен қандайман? Қора, бўйдор ва қувноқ. Исмим эса иккита - Нил ва Шака. Онам менга анъанавий инглиз исмини қўймоқчи бўлганда, томирида зулуслар қони оқаётган отам, қабиланинг афсонавий етакчиси исмини қўйган. Алал-оқибат, улар келишишган ва мен - Нил Шака бўлиб қолганман....», - дейди посбон ўзи ҳақида гапираркан.   

Африкалик машҳур қўмондоннинг адаши Лондонда туғилди. Шака 2 ёшдалигида отаси ҳуқуқшунослик дипломини ҳимоя қилди ва ватани - Тринидад ва Тобагога қайтди. Аммо чақалоқ аллақачон ҳазрати олиялари фуқаросига айланганди. Шака мактабда яхши ўқигани боис, Америка университетларидан бирига муаммоларсиз ўқишга кирди. Футбол билан шуғулланиш эса Нил Хислопга олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаш ва юқори технологиялар бўйича муҳандис-механик дипломини олишга тўсқинлик қилмади.

Иқтидорли йигитни NASAдаги мутахассислар кўз ост­ларига олиб қўйишган эканми, Нил амалиётни ўташ учун Канавералдаги космодромга юборилди. Ёш инглиз йигити олдида Британиянинг биринчи космонавти бўлишдай ёрқин келажак турарди. Аммо тақдир тақозоси билан, муҳандис Шакадан футболчи Нил устун бўлиб чиқди.

Америкага «Астон Вилла» ташриф буюрди ва жамоа таркибида бўлғуси юлдузнинг ҳамюрти - Дуайт Йорк тўп сурарди. «Вилла» ҳаваскорлар жамоасига қарши ўйнади ва Йорк ҳар қанча уринмасин, рақиб жамоасига тўп киритолмади. Шундан кейин, Дуайт узоқ ўйлаб ўтирмай «Рединг»даги скаутлар хизматидаги дўстига қўнғироқ қилди. Улар бўлғуси бортмуҳандиснинг ҳаракатларини диққат билан кузатишгач, у билан профессионал шартнома тузишга қарор қилишди. 23 ёшли Шака ҳам қарши бўлмади.

«...Ҳаммаси худди эртакдагидай бўлганди. Англияга келдим ва шу заҳоти «Рединг»нинг асосий таркибидан жой олдим. Шунгача Тринидадда ҳам, Америкада ҳам ўйнагандим, аммо энди ҳаммаси бошқача эди, - деб эслайди Хислоп».

Иккинчи дивизионда тўп сурган «Рединг» Шака таркибга қўшилгач, биринчига йўл олди ва ҳатто премьер-лига йўлланмаси учун курашга қўшилди. Бироқ бари самарасиз кетди. «Қироллар»нинг қора танли киперини эса, мухлислару мутахассислар эслаб қолишди. Мухлислар Хислопни 2 марта йил ўйинчиси деб топишган ва клубнинг барча замонлар рамзий термасига киритишган бўлса, мутахассислар у билан «тил топишиш»га астойдил урина бошлашди. Ва, ниҳоят, 1995 йил ёзида «Рединг» раҳбарияти «Ньюкасл»нинг 1,5 млн. фунтлик таклифини қайтара олмади.

«Ньюкасл» 1995|1996 йиллар мавсуми давомида «Манчестер Юнайтед»ни 12 очкога ортда қолдирар ва 1927 йилги натижани қайтариш,  яъни чемпион бўлишга жуда яқин эди. Аммо финишга биринчи бўлиб Манчестер клуби етиб келди. Бунга Хислоп олган жароҳатлар ҳам таъсир кўрсатмай қолмаганди.

Ёзда эса «Ньюкасл» «Блэкберн»дан Алан Ширерни - таниқли «бомбардир»ни сотиб олди. Янги футболчи ташрифи боис Киган шу пайтгача иш бериб келган барча схемаларни қайта кўриб чиқиши лозим эди. Аммо чемпионат ўрталарига келиб янгиликлар ахтаришдан зерикди чоғи, ўрнини бошқа бир мутахассис - Кенни Далглишга бўшатишни маъқул кўрди. Ширернинг хизматларидан қандай фойдаланишни билмаган мураббийнинг ўзи эса, чемпионатда «Блэкберн» билан биринчи бўлди. Далглиш ҳам ўз ўрнида янги дарвозабон - ирландиялик Шей Гивенни асосий таркибга жалб қилди.

«...Менда Шейга нисбатан ҳеч қандай хусумат йўқ - у иқтидорли дарвозабон, ҳам ажойиб инсон. Аммо дарвозада фақат бир киши тура олади...», - деган эди Нил вазиятга баҳо бераркан.

Шу тариқа бир мавсум ёш Гивенга дублёр бўлган икки қизнинг отаси қадрдон шаҳри - Лондонга йўл олди ва «Вест Хэм» билан шартнома имзолади.

«...Мен Харри Реднап ва унинг ёрдамчиси Фрэнк Лэмпард ёрдами билан бахтли чипта эгасига айландим. «Вест Хэм»даги ажойиб муҳит, томошабинларнинг қўллаб-қувватлаши менга куч берарди ...»

Янги дарвозабонни жалб қилиш орқали лондонликлар нафақат кипер муаммосини ҳал қилишди, балки жадвалнинг 5-поғонасига кўтарилишди ҳам. Хислоп 37 ўйиннинг 16 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Шунингдек, Шакада Англия термаси тарихида биринчи бўлиб қора танли дарвозабон сифатида қолиш имкони пайдо бўлди. Гленн Ходдл ҳам 29 ёшли Хислопни Дэвид Симэннинг ўринбосари сифатида кўрарди. 1998 йил февралида Шака ўз орзусига жуда яқин келди ҳам - у Англия термаси сафида Чилига қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашуви «заявкасига» киритилди. Аммо ўйиннинг 90 дақиқасини заҳира ўриндиғида ўтказди. 3 ойдан сўнг эса, инглиз ёшлари таркибида швейцарияликларга қарши бўлган баҳсда таркибдаги 3 нафар ёши катта футболчиларнинг бири бўлди. Кейин... кейин Англия термаси сафида илк қора танли посбон сифатида «Табиий офат» лақабини олган Дэвид Жеймс майдонга тушди.

Шака шундан кейин ҳам инглиз термасига чақирувни кутиши мумкин эди, аммо сабр косаси тўлганди. Кипер барчасини пухта ўйлаб кўрди-да... Тринидад ва Тобаго термасига - ўзи вояга етган, ота-онасига ватан ҳисобланган юрт термасига ёрдам беришга қарор қилди.

«...Мен Европа чемпионати ҳақида батамом унутишим кераклигини ҳам, мундиалда тўп суриш имкония­тидан бутунлай фориғ бўлишим мумкинлигини ҳам тушунардим, - дейди у. - Аммо қадрдон терма сафида майдонга тушиш барчасидан ҳам муҳимроқ эди...»

Харри Реднапп «Вест Хэм»да иш олиб борганда Хислопнинг позицияси муҳокамага муҳтож эмасди. Тўғри, «Космонавт»ни Стивен Байвотер алмаштирган учрашув ҳам бўлганди, аммо «Брэдфорд»га қарши кечган ўша фантастик баҳсда Шака оёғини синдириб олгани туфайли иштирок этмаганини ҳам унутмаслик лозим. Оёққа тургач эса, у Реднаппнинг ўрнини қаёқдандир пайдо бўлган Гленн Редер эгаллаганини, шунингдек, Рио Фердинанд ва Фрэнк Лэмпард(кичиги)ни «Лидс» ва «Челси»га сотиб юборишганидан хабар топди. Шунингдек, Редер ташаббуси билан клубга дарвозабон сифатида анча тажрибали бўлса-да, ишончлилик ва хотиржамлик жиҳатидан Хислопдан анча ортда бўлган Дэвид Жеймс таклиф қилинганди. Шунга қарамай, мавсум аввалида Жеймс тиззасини жароҳатлаб олди ва Шака асосий таркибда майдонга тушишда давом этди.

Аммо энди жамоа ҳам, футболчилар кайфияти ҳам бошқа эди. Ўша мавсумда Хислоп карьерасидаги 2 ўта омадсиз баҳсни ўтказди - дастлаб «Эвертон»дан 0:5 ҳисобидаги мағлубият, сўнг «Блекберн»га шармандаларча ютқазиш - 1:7. Редер қутуриб кетган, голкиперни номуносиб фаолиятда айблашдан ҳам тоймайдиган аҳволда эди. Жеймс сафга қайтганидан сўнг, Шака жамоа­ни алмаштириш пайти келганини тушуниб етди ва Харри Реднапп чақируви билан «Портсмут»га йўл олди.

Яна ҳаммасини қайтадан бошлаш керак эди: энди чемпионшип деб аталаётган биринчи дивизионда ғалаба, премьер-лигага кўникиш. 35 ёшли Хислоп эса ҳаммани ҳайратлантиришда - унинг хизматидан воз кечган клублар ва барча инглизларни лол қолдиришда давом этарди. Сўнг яна аввалги воқеалар такрорланди - Реднапп ўрнини эгаллаган Велимир Заец ўзи билан грек Костантинос Халкиасни олиб келди, француз Алле Перрен эса кўпроқ голланд Сандер Вестервелдга ишонч билдирди. Шу тариқа, «Портсмут» чок-чокидан сўкила бошлади. Шака кетиш ҳақида ўйлаб турганида яна «Вест Хэм»дан чақирув келди. 2005 йил ёзига келиб клуб таркибдаги дарвозабонлардан айрилган, «Аптон Парк»даги мухлислар эса, севимли киперларининг қайтишини талаб қилишарди. Шу тариқа фахрий лондонликларга нафақат биринчилик ўйинларида, кубок кампаниясида ҳам ёрдам берди, «Вест Хэм» ўша мавсумда Англия кубоги финалигача етиб бориш ва футбол тарихидаги энг кўхна соврин учун «Ливерпуль» билан баҳслашишни уддалади.

Ўша - 2005|2006 йиллардаги мамлакат кубоги фаолияти ниҳоясига етиб бораётган «космонавт» учун энг муносиб совринга айланиши мумкин эди. Бироқ 35 сония кўплик қилди - учрашув ҳаками Алан Уайли секундомерига қараётганида Стивен Жеррард чамаси 35 метрлар узоқдан дарвозани «ўққа тутди». Бунга қадар юзлаб шундай зарбаларни қайтарган Шака эса бу сафар ҳеч нарса қилолмади. 3:3 ҳисобидаги дуранг, пенальтилар сериясида эса омад «Ливерпуль» футболчилари тарафида бўлди.

Ўша учрашувдан кейин Хислоп ва Жеррард яна футбол баррикадаларининг икки томонига ўтиб олишди. Германиядаги мундиалда эса ўз тарихида илк марта Тринидад ва Тобаго термаси иштирок этди. Икки тринидадлик катта ёшли таниқли футболчилар - Дуайт Йорк ва Шака Хислоплар эса мураббий Лео Беенхаккер томонидан «заявка»га киритилди.

Шака Германияга захирадаги дарвозабон сифатида йўл олган бўлса-да, (Кельвин Жек асосий кипер ҳисобланарди) шведларга қарши ўтказилган старт ўйинида Беенхаккер кутилмаганда Хислопни асосий таркибда майдонга туширди ва адашмади. Баҳснинг деярли ярмини бир киши кам бўлиб ўйнаган оролликлар ўшанда анчайин ёш бўлган Златан Ибрагимович жамоаси билан 0:0 ҳисобидаги дурангга эришишди. Олдинда эса уларни Англия термаси кутарди.

«...Ўша учрашувдан олдин 8 йил аввал менга имкон бермаган инглизларга хато қилганликларини исботлашни хоҳлаганмидим? Ишонсангиз, бу тўғрида ўйламадим ҳам. Биргина истагим жаҳоннинг энг кучли термаларидан бирига муносиб қаршилик кўрсатиш ва «сенсация» қилиш эди, холос...»

80 дақиқадан кўпроқ инглизлар собиқ фуқаролари дарвозасини бесамар қамал қилишди, зеро, Шака ўз ишини билиб қиларди - худди «Ньюкасл» ёки «Вест Хэм»даги каби. Кипер рақибни жуда яхши «ўқий оларди». Аммо 83-дақиқада вест-индцлар посбони Питер Краучнинг ўта кучли ва аниқ зарбаси олдида ожиз қолди. Қўшиб берилган дақиқада эса, Жеррард жамоаси ғалабасини мустаҳкамлади. Кейинчалик маълум бўлишича, инглизларга қарши ўйин Шака учун ўта оғир кечган: унинг елкаси чиққан ва Парагвайга қарши ўтадиган келгуси баҳсни ўтказиб юборишга мажбур эди.

Футбол билан хайрлашиши кутилаётган 37 ёшли Шака ўз олдига янги вазифа қўйди - MLS биринчилигида қатнашиш. АҚШга - талабалик йиллари ўтган юртга отланаркан, у «Даллас» таркибида ҳам ўзини кўрсатишга умид қилганди. Бироқ эски жароҳатлар изсиз кетмаган экан. Бир йилдан сўнг Хислоп қўлқопларини михга илди.

Яқинда эса матбуотда Шака асосий касби - космик технология муҳандислигига қайтмоқчи эканлиги тўғрисидаги ахборот пайдо бўлди.

«...Бунчалик узоқ танаффус беиз кетмаслиги аниқ, - деди у бу миш-мишларга жавоб қайтараркан. - 16 йил давомида илм-фан ҳам жойида турмади. Шу боис, футболда қоламан».

Энди Шака Хислоп шарҳловчи - оммабоп сайтларнинг бирида ўйинларни шарҳлаяпти, ирқчиликка қарши фаол курашчи ҳам. Қувноқлик ва ҳаётдан лаззат олиб яшашни эса унутмаган.

«...NASAдалик пайтимда менга қизил тугмачани кўрсанг, уни босма деб ўргатишган. Шунинг учун аксарият ҳолларда шундай тугмачаларга дуч келганимда уларни босмайман».

Footballhd.ru - ИЛЁСБЕК тайёрлади

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика