ЖЧ-2022. Ҳаммаси бугун бошланади... Қосимов футболчиларга ваъда берди
05 sep 2019 15:33
News
ЖЧ-2022. Ҳаммаси бугун бошланади... Қосимов футболчиларга ваъда берди
Умид қиламиз-ки, сарбон уни эсон-омон манзил сари етаклай олади.
Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга Фаластиндан бевосита жараёнларни жонли ёритиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Терма жамоадагиларнинг ҳар бири халқимизнинг узоқ йиллик орзуларидан бирини рўёбга чиқариш учун бор диққат-эътиборини бир нуқтага қаратган. Мундиалга чиқишни ҳаммамиз бирдек хоҳлаймиз. Бунинг учун футболчиларимизни қўллаб-қувватлаб туришга ҳаракат қиламиз. Зеро, терма жамоани айнан улар Жаҳон чемпионатига олиб чиқишади.
Бу сафарги юришни сафарда, камига сунъий майдонда бошлаймиз. Бундай майдоннинг қатор салбий тарафларини санаб ўтишимиз мумкин. Аммо, мундиалда ўйнамоқчи бўлган жамоа учун бу чикора бўлиши керак. Буни ўйинчиларнинг ўзлари ҳам яхши билишади. Катта мақсадни олдимизга қўйдикми, демак ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўта олишимиз керак.
Тахминий таркибимиз
Бугун дарвозамизни Элдорбек Суюнов қўриқлаши эҳтимоли катта. Сабаби, бошқа киперларга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим мумкин-ки, бугунги кунда мамлакатимизнинг биринчи рақамли посбони айнан у.
Ҳимоянинг чап қанотида Фарруҳ Сайфиевни кўрамиз. У ҳам ҳозир ўз чизиғида энг кучлиси. Унинг ҳужумга яхши қўшилиши ва очила билиш қобилиятидан тўғри фойдалана олсак катта фойда келтирадиган футболчи. Ўнг қанотимизда эса Даврон Ҳошимовни кўрсак керак. Ҳар ҳолда, Купер тажриба ва жисмонан бақувватроқ Ҳошимовни тушириш эҳтимоли кўпроқ. Алижонов тўп билан яхшироқ муомала қилади, техник имкониятлари ҳам устунроқ. Аммо, бугунги рақиб ва майдондан келиб чиқсак, уни бошқа сафар таркибда кўрсак керак. Боз устига у "Пахтакор"да олдинроқда ҳаракатланишга кўниккан. Купернинг ҳимояланишга биринчи эътиборни қаратиши ва қанот ҳимоячиларидан бири доимо орқани ушлаш учун қолишини инобатга олганда ҳам бугун Давронни кўрамиз. Марказий ҳимояда эса Анзур Исмоилов ва Егор Кримецлар тушса керак. Анзур энг тажрибали ўйинчимиз ва ҳимояни ўйин пайти айнан у бошқаради. Кримец эса айни пайтда Суперлигамизнинг энг кучли марказий ҳимоячиси. Унинг узоқ масофага берадиган паслари сифатли. Ҳар икки ҳимоячимиз ҳам бош билан беназир ва бу жиҳатда бугунги рақибларга ҳеч қандай имкон бермасликларига ишонамиз.
Эктор Купер 4-2-3-1 схемасини ёқтиради. Терма жамоамиз унинг қўлостида асосан шу услубда ҳаракатланмоқда. Майдон марказида Одилларимиз ўйинни бошланғич таркибда бошлашлари деярли аниқ. Ҳамробеков сўнгги икки мавсумда ички чемпионатимизда энг яхши кўрсаткичлар қайд этаётган таянч ярим ҳимоячиси. Унинг ҳозирги формасидан келиб чиқсак ҳам кичик Одил бугун 11таликда бўлади. Сардоримизга эса алоҳида тўхталиб ўтириш шарт эмас. Уларга учинчи шерик ким бўлиши эса яхшигина ўйлантирадиган савол. Икром Алибоев, Азиз Ғаниев, Санжар Шоаҳмедов ва Остон Ўруновлардан фақат биттаси бугун асосий таркибда бўлади. Менимча, бош мураббий Алибоев ва Ғаниевдан бирини туширади. Икром ҳозир "Сеул"нинг тўлақонли асосий ўйинчиси бўлиб улгурган, ўйин амалиёти ҳам етарли даражада. Биргина иккилантираётган жиҳат, Купер уни кўпинча қанотга тушириб келмоқда. Шу сабаб ҳам Алибоев танловида ишонч билан ёзмадим. Ғаниев эса жиддий жароҳатдан кейин яна олдинги формасига қайта олди. Унинг ўйинни ўқий олиши мураббийнинг эътиборини ҳам ўзига тортди. Сунъий қопламали майдонда имкон қадар узоқдан зарбаларни кўпроқ беравериш керак. Бу борада, Икром ва Азизнинг имкониятлари деярли тенг. Ҳар иккаласида ҳам жуда яхши зарба бор.
Чап қанот вингери Жалолиддин Машарипов бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Айниқса, жорий мавсум у ўзининг энг юқори формасига чиқди. Ўзи умуман терма жамоанинг чап қанотидан ҳавотир йўқ. "Пахтакор"да тандем бўлиб ўйнаётган Сайфиев ва Машарипов терма жамоада ҳам клубдагидек фойда келтиришларига умид қиламиз. Мураббийлар ушбу "связка"нинг имкониятларидан самарали фойдаланишади деб умид қиламиз.
Ўнг қанотда бугун Достон Ҳамдамовни кўриш эҳтимолимиз юқори. Достон Ибрагимов ва Қувондиқ Рўзиев вариантлари ҳам бор. Лекин, уч нафар даъвогар орасида айнан Ҳамдамов нисбатан тажрибалироқ. Боз устига, бош мураббий уни кўп бор синаб кўришга ҳам улгурган.
Марказий ҳужумда ким тушишини эса исталган мухлис айтиб бера олади. Россия чемпионатидаги ҳимоячиларни зир титратаётган ва супер формада бўлиб турган Элдор Шомуродов Фаластин ҳимоясини ҳам парчалаб ташлашига барчамиз ишонмоқдамиз. Агар терма жамоамиз гол уриш борасида муаммоларга учрайверса, захирадан Игорь Сергеевнинг тушиш имконияти юқори. Ҳар ҳолда, ҳозир Сергеев яхши формага кириб олган ва клубида ҳам голлар урмоқда. Темурхўжа Абдухолиқов эса "Локомотив"га Самвел Бабаян келганидан кейин самарадорликни тушириб юборди. Унга кейинги мавсумда янги чақирув зарурдек кўринмоқда.
Ўзбекситон МТЖнинг Фаластинга қарши ўўйин учун тахминий таркиби: 4-2-3-1
Элдор Суюнов - Даврон Ҳошимов, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Фарруҳ Сайфиев - Одил Ҳамробеков, Икром Алибоев (Азиз Ғаниев) - Одил Аҳмедов, Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов - Элдор Шомуродов.
Тўп билан яхши ўйнайдиган Фаластин
Терма жамоамизнинг кечаги кунини онлайн тарзда ёритиб бордик. Шу сабаб тушдан то машғулотга кетгунгача бўлган вақтни меҳмонхона лоббисида ўтказдик. Бу орада маҳаллий журналистлар билан ҳам суҳбатлашишга улгурдик. Фаластин терма жамоаси ҳам "Millennium"далиги, камига кеча ўйиндан олдинги матбуот анжумани ташкил этилгани сабаб кўплаб маҳаллий ОАВ ходимлари кеча шу ерда эди. Уларнинг айтишича, айни пайтда Фаластин терма жамоасида 15-рақамдаги жамоа сардори Абдуллатиф Ал-Баҳдари ва 29-рақамдаги 20 ёшли ҳужумчи Одай Даббаҳлар асосий "фигура". Терма жамоа ўйини айнан уларга боғлиқ ва асосий хавф ҳам айнан шу икки футболчи эвазига келади. Мен эса марказда тўп тепадиган Муҳаммад Дарвешга ҳам алоҳида эътибор қаратган бўлардим. Тўпни рақибдан олиб қўйиш ва ҳужумдаги шерикларига етказиш айнан шу футболчи чекига тушади. Дарвешни зарарсизлантириш Фаластин ўйинига жиддий зарба бериш бўлади, назаримда. Фаластинлик футболчилар тўп билан яхши ўйнашади. Бундай рақибни тўпсиз қолдириш ўйинини бўғиш демакдир.
Ҳар қандай факторларга қарамай, Ўзбекистон Фаластиндан бир калла устун ва буни амалда ҳам исботлаб қўйиш қолди. Футболчиларимизга омад ва ғалаба тилаб қоламиз. Стартни ғалаба билан бошласак, майдонни тушган ҳар бир ўйинчимизнинг сурати галереямиздан албатта жой олади. Мен журналист ва фотографман. Демак, футболчиларимизга моддий рағбат ваъда қила олмайман. Аммо, зўр кадрларни ваъда қилишим мумкин. ;)
Толибжон Қосимов
Рамаллаҳ, Фаластин
Comments