Жамоасиз қолиб кетиб айрим мураббийларга ўзимни ўзим тавсия қилдим, Ҳаким Фузайловдан миннатдорман - Асланбек Аҳроров билан суҳбат
11 oct 2021 13:47
News
Жамоасиз қолиб кетиб айрим мураббийларга ўзимни ўзим тавсия қилдим, Ҳаким Фузайловдан миннатдорман - Асланбек Аҳроров билан суҳбат
23 ёшли голкипер гарчи Суперлигада илк бор ўйнаган бўлсада, хар холда ёмон таассрот қолдирмаган дея оламиз. Мавсум сўнггида “Андижон”нинг сафарда “Бунёдкор”га қарши ўтказган учрашувида захирадан майдонга тушиб, хеч қанча вақт ўтмасдан кутилмаганда жарохатга йўлиқиб, майдонни барвақт шифокорлар ёрдами билан тарк этишга мажбур бўлган Аҳроров шундан сўнг оёғидаги жарохатидан бутунлай фориғ бўлиш ниятида операция столига ётишга мажбур бўлганди. Табиийки операциядан кейин футболчининг тикланиш жараёни маълум бир муддатни ўз ичига олади. Асланбекка ҳам вақт керак эди. Аксига олиб уни “Андижон” билан тузган шартномаси йил якунига бориб, ўз кучини йўқотган ва футболчи эркин агентга айланган. Бундай пайтда жарохатдан чиққан футболчига бирор-бир жамоанинг қизиқиши ҳам паст даражада бўлади. Шу сабабли ҳам бугунги суҳбатдошимиз, жорий мавсумни ПРО-Лигада ўтказишга мажбур бўлмоқда. “Динамо”дан бўлган чорловни қабул қилиб, яна аввалгидек спорт формасига кириб бораётган дарвозабон бу йил жамоасининг асосий посбонига айлана олди. Суперлига йўлланмасини деярли хал қилиб бўлган самарқандликларнинг ушбу муваффақиятга эришишида Аҳроровнинг ҳам хиссаси катта бўлди. Шуни инобатга олиб, у билан суҳбатлашдик.
- Асланбек, аввало “Олимпик” билан ўтган ўйинда қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Йирик ҳисобда ғалаба қозонишингларга қанчалик ишонгандиз?
- Ассалому алайкум. Табрик учун рахмат! Биласизми рақиб устидан бунчалик йирик ҳисобда ғалаба қозонамиз деб ўйламагандик. Лекин “Динамо” учун бу баҳсда ғалаба қозониш жуда муҳим эди. Агарда муваффақият қозонсак, Суперлига сари битта катта қадам ташлаган бўлишимизни яхши тушуниб майдонга чиқдик. Гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсакда, “Олимпик” жамоаси хурматга лойиқ эканлигини айтиб ўтишни истардим. Темур Кападзе қисқа вақт ичида, курашчан жамоа сифатида шакллантирган.
- “Динамо” бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтмоқда. Бунга жамоа қандай эришди?
- Худо хоҳласа, Суперлигага расман чиқишимизга бир қадам қолди. Бундай муваффақиятли натижага эришишимизга асосий сабаб Хаким Фузайлов Самарқандда яхши жамоа тузгани бўлди. Жамоанинг ички муҳити жуда яхши. Ҳамма йигитлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Аҳил ва бирдамлигимиз учун ҳам олдимизга қўйилган вазифани уддасидан чиқяпмиз.
- Бу йил Самарқанд жамоасида биринчи мавсумингни ўтказяпсиз. Таассуротлар қандай?
- Таассуротларимиз аъло даражада. Чунки мен “Динамо”га жуда тез мослашиб кеттим. Бунда жамоадошларимнинг ёрдами катта бўлди. Улар билан бир-биримизни жуда яхши тушуниб кетганмиз.
- Тожикистонлик Ҳаким Фузайлов юртимизда легионер мураббий хисобланади. Ушбу мутахассисга қандай таъриф берасиз?
- Фурсатдан фойдаланиб, Ҳаким Қаюмовичга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтишни истардим. Сабаби ушбу мураббий мени жарохатдан энди тузалиб, майдонга қайтган бўлишимга қарамай, ўз жаамоасида кўришни истаб, таклиф билан чиқди. Ишонч билдирди. Яширмайман, ўтган мавсумнинг охирида жиддий жарохат олиб, кўп вақтимни даволаниш билан ўтказишга мажбур бўлиб юрдим. Хаммаси ортда қолгач, бошқа жамоага ўтишим қийин бўлди. Боиси ҳар қандай жамоага тайёр ўйинчи керак. Жарохатдан чиққач, уйда ўтириб жуда қаттиқ диққат бўлиб юрдим. Бу пайтда тан оламан, бир нечта жамоа мураббийларига алоқага чиқиб, менга имконият бериб, ишонч билдиришини илтимос қилдим. Афсуски уларнинг бариси турли хил сабабларни айтиб, рад жавобини берди. Хатто ўзим ўсиб улғайган “Локомотив” жамоасига қайтишни истаган бўлсамда, ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Кейин бир нарсани тушуниб етдимки, Ўзбекистон футболида жарохатга йўлиқсанг, ҳеч кимга керак бўлмай қоларкансан. Яратганга шукур дейман, ҳозир мен учун ҳаммаси кўнгилдагидек. Бунинг учун яна бир бор Ҳаким Қаюмовичга раҳмат дейман.
- Бу йил “Динамо” учун энг яхши ва ёмон ўтган ўйин деб қайсиларини айтасиз?
- Энг яхшиси дея, сафарда “Нурафшон”ни 2:0 ҳисобида таслим қилганимизни айтган бўлардим. Аксинча энг ёмон ўтказган ўйинимиз ҳам сафарда ўтган “Нефтчи”га қарши 6:0 ҳисобида мағлуб бўлганимиздир. Жуда ҳам аламли мағлубият бўлган.
- Ўтган йили мавсум сўнггида жиддий жарохат олиб, оёғингизни операция қилдирганингизни яхши биламиз. Ушбу жарохатлардан тўлиқ қутилиб кетганмисиз?
- Операциядан кейин шифокорларнинг берган маслаҳатларига амал қилиб, даволаниш жараёнини яхши ўтказдим. Оёғимдаги жарохат безовта қилмаяпти. Ўзимни яхши хис қиляпман. Шу ўринда онажонимга ҳам раҳмат дейман. Операция жараёни ва ундан кейинги босқичларда онам мени иссиқ-совуғимдан хабар олиб, ҳамиша ёнимда бўлди. Далда берди. Кўнглимни кўтарди. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, оёққа туриб кетишимда катта ёрдам берди. Онажонимдан бир умр қарздорман. Отам вафот этган. Шунинг учун онам мени бошқалардан кам қилмасдан, ёшлигимдан яхши тарбия бериб, улғайтирди. Худо хоҳласа онажонимни орзу умидларини амалга ошириш учун мен доим бор кучим билан ишлайман.
- ПРО-Лига клубига ўтиб қанчалик ўсишга эришдим деб хисоблайсиз?
- Энг аввало оғир жарохатдан кейин мен яна аввалгидек спорт формамга қайтиб олдим. Шунинг ўзи ҳам мен учун ўсиш бўлди. Биласиз футболчилар оғир жарохатлардан кейин бирданига ўйнаб кетиши қийин бўлади. Худога шукур қиламанки, мен бу йил “Динамо”да етарлича ўйин амалиётига эга бўляпман. Энг муҳими, яна яшил майдонда аввалгидек ўйнаётгандим хурсанман.
- “Динамо” билан тузган шартномангиз неччи йилга мўлжалланган?
- Клуб билан келишув битимимиз шу йилнинг сўнгги қадар амал қилади. Кейин яна эркин агентга айланаман.
- Жамоангиздаги ҳимоячиларга қандай тариф берасиз?
- “Динамо”даги мудофаа чизиғидагилар бўйича фикрим ижобий. Айниқса умидли ёш ҳимоячи Муҳаммадқодир Ҳамроалиев жуда яхши харакат қилмоқда. Шунинг учун ҳам бош мураббийимиз унга кўп ўйинларда ишонч билдириб келмоқда. Қолган ҳимоячилар ҳам бир-бирини яхши тушуниб харакат қилмоқда. Шу сабабли жамоамизда бу бўйича муаммо йўқ.
- Бу йил ПРО-Лигада қайси дарвозабонларнинг ўйини сизга кўпроқ ёқмоқда?
- Менимча ҳар бир жамоанинг голкиперлари ўйин давомида ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолиш мақсадида ишонч билан ўйнашга харакат қилмоқда. Уларнинг орасида менга кўпроқ “Олимпик” посбони Владимир Назаровнинг ўйинлари ёқмоқда. Ёш бўлишига қарамай ушбу дарвозабон ўзидан яхши таассурот қолдирмоқда. Келгусида унга янада муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
- Навбатдаги турда “Динамо” Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўйнайди. Бўлажак баҳсда реванш олишга харакат қилсанглар керак?
- Албатта бутун жамоа бўлиб, бирлашган холда Фарғонада реванш олишга бор кучни ишга соламиз. Мухлисларимизни ижобий натижа билан хурсан қилишни истаймиз.
Маълумот учун:
Асланбек Ахроров:
Туғилган йили 11.05.1998
Туғилган жойи: Бухоро вилояти.
Биринчи мураббийи: Дилшод Давлатов
Ўйнаган жамоалари: "Бухоро" (2015-2017), Локомотив (2018-2019), Андижон (2020), "Динамо" (2021)
Ёқтирган жамоаси: Челси, Барселона
Кумири: Мануэль Нойер
Рақами: 35.
Comments