Испания Кубоги финали бўлиши режалаштирилган "Ла Картуха" ҳакида қизиқарли фактлар
08 feb 2020 17:25
News
Испания Кубоги финали бўлиши режалаштирилган "Ла Картуха" ҳакида қизиқарли фактлар
Испания футбол Федерациясидагилар ҳар йили мамлакат кубоги финали учун стадион танлашдан чарчашди — ва кейинги 4 йил учун режа тузиб чиқишди: барча финаллар Севильядаги "Ла Картуха" (аввалги Олимпия) стадионида бўлиб ўтади. Арена бу йўлда "Ванда Метрополитано" билан курашда ғолиб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, "Ванда Метрополитано" Мадриднинг "Атлетико" жамоаси уй стадиони ҳисобланади.
• Сиғими 57 минг бўлган Олимпия стадиони (бошқа маълумотлар бўйича 60 минг) енгил атлетика бўйича Жаҳон Чемпионати учун қурилган. Ўша мусобақа 1999 йил Севильяда бўлиб ўтган. Аренанинг асосий камчилиги — югуриш йўлакчалари. Орадан 20 йил ўтган бўлса-да, уларни олиб ташлашмади. Аммо бошқа томондан бунга эхтиёж ҳам бўлмаган. "Ла Картуха"да "Бетис" ҳам, "Севилья" ҳам уй ўйинларини ўтказмайди.
Испан радиостанцияси COPE маълумотига кўра, югуриш йўлакчаларини финал учун олиб ташлашади, лекин бу мавсум эмас — биринчи финал 18 апрель куни бўлиб ўтади.
• Ушбу арена кўпроқ концертлар учун хизмат қилган: бу ерда Madonna, U2, AC/DC концерт берган. Шу билан бирга, стадионда футбол учрашувлари ҳам ўтказилган. Жонланиш янги асрнинг дастлабки йилларига тўғри келди: Испания термасининг учта ўртоқлик ўйини, икки бор Испания Кубоги финали, 2003 йилда УЕФА Кубоги финали ("Порту" 3:2 "Селтик").
Бу ерда охирги марта 2012 йил футбол ўйнашган: Испания Евро олдидан Хитой термасини мағлуб этган — 1:0.
• 2018 йил ёзида арена ёпилди. Стадион томи таъмирталаб ҳолатда эди, суғурта компанияси харажатларни қоплашдан бош тортди, расмий шахслар эса бўш ётган стадионга пул сарфлашни исташмади.
Энди бунга сабаб ҳам, маблағ ҳам бор: Андалусия таълим ва спорт вазири Хавьер Имброданинг айтишича, ҳар бир финалдан регион ўртача 43 млн евродан ишлаб топади. Стадионни таъмирлаш ва югуриш йўлакларини олиб ташлаш 15 млн еврога тушади.
• "Ла Картуха" стадиони асосчиларидан бири Антонио Крус уч йил аввал аренани ажойиб футбол стадионига айлантириш мумкинлигини ҳақида айтганди: "Биз стадион лойиҳасини ишлаб чиқаётганда кейинчалик уни футбол аренасига айлантириш имкониятларини сақлаб қолишга алоҳида эътибор берганмиз. Асосий муаммо — бу ерда ҳеч қайси клуб ўйнамайди. Стадион маъмурияти "Севилья" ёки "Бетис"ни уй ўйинларини шу ерда ўтказишга кўндириши зарур. Бу ерда барчаси ажойиб — жуда чиройли жойлар".
Ким билади дейсиз, балки яқин ойларда чиндан ҳам бирор жамоа бу стадионга кўчиб ўтар. "Бетис" ўз стадионида катта ҳажмдаги реконструкция ишларини амалга оширишни кўзлаган. Лойиҳага биноан трибуналар навбати билан таъмирланади — шу йўл билан клуб ўзига бошқа стадион қидириш муаммосига дуч келмайди, лекин бундай ҳолатда иш анчага чўзилади.
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
Comments