Интервью. Ислом Тўхтахўжаев: “Ортга йўл йўқ”
12 aug 2016 13:05
News
Интервью. Ислом Тўхтахўжаев: “Ортга йўл йўқ”
Бу билан “темирйўлчилар” ўз тарихларида янги саҳифа очишмоқда. Тошкентликлар ОЛЧнинг чорак финалида сафарда БААнинг “Ал – Айн” жамоаси меҳмони бўлишидан хабарингиз бор. Биз мана шундай натижаларга ўз ҳиссасини қўшиб, жамоа қўрғонини муносиб ҳимоя қилаётган ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев билан учрашиб у билан фаолияти ҳамда мусобақалар ҳақида суҳбатлашдик.
- Ички чемпионатнинг биринчи даврасини биринчи поғонада якунладинглар. Жамоага янги футболчилар келди. Иккинчи даврага қай даражада тайёргарлик кўрдинглар ва тактикага ўзгартиришлар киритилдими?
- Тайёргарликнинг биринчи қисми Беларуссия давлатида бўлиб ўтди. Лекин мен жамоа билан эмас эдим. Легионерларнинг ўйинларини ҳам кўрганим йўқ. Чунки терма жамоа билан йиғинда эдим. Клубга чернагориялик футболчиларни таклиф қилишган экан. Айтиб ўтканимдек уларни мен кўрмадим, мураббийлар кўришгандир. Ҳозирги пайтда тактикамизга хеч қандай ўзгартириш киритилмаган. Жамоага Артур Геворкян келди Неманья Яничич жароҳатидан фориғ бўлиб сафимизга қайтди. Яничич тажрибали футболчи. Футболда кўпроқ тажриба рол ўйнайди. Хар бир футболчи жароҳатидан сўнг майдонга тушиб ўйнаши анча қийин бўлади. Яничич сафимизга қайтганидан ҳурсандман.
- Муборакнинг “Машъал” жамоасига қарши бўлган Ўзбекистон кубоги жавоб учрашувида мағлубиятга учрадинглар ва ўртоқлик ўйинларни ҳам инобатга олганда 45 та мағлубиятсиз серияга чек қўйилди. Ўша учрашувда мағлубиятга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Мағлубиятга учраганимизнинг энг катта сабаби “Машъал” билан муборакда бўлган учрашувда йирик ғалаба қозонганимиз бўлди деб ўйлайман. Ўйинни кўрган бўлсангиз жамоадошларим ҳужумга ўтишиб қарши ҳужумда гол ўтказиб юборишди. Биринчи ўйиндаги ҳисоб натижаси жавоб учрашувида мағлуб бўлишимизга таъсир қилди деб ўйлайман. Ёқимли бўлган ғалабали сериямиз бир кун тугар эди. Лекин “Машъал” билан бўлган учрашувда ушбу серияни тугаши яхшироқ бўлди. Чунки, мағлуб бўлган бўлсак ҳам кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритдик.
- Қолдирилган 13 – турда “Қизилқум”ни қабул қилдинглар ва қийинчилик билан ғалаба қозондинглар. Лекин сиз соғлиғингиз билан бироз муаммолар борлиги сабабли ушбу учрашувда майдонга тушмадингиз. Айни дамда соғлиғингиз қандай, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Соғлиғимда бироз муаммо бор эди, шунинг учун ҳам майдонга тушмаётган эдим. Айни дамда ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Машғулотларда секин – асталик билан иштирок этишни бошлаб юборганман. Яқин кунларда майдонга қайтаман.
- Ўтган йили чемпион бўлишинглар учун 2 очко етмай қолганди. Бу йил эса пешқадам бўлиб олдинглар. Сизнингча бу йилги чемпионатимиз қай даражада қизғин ўтади деб ўйлайсиз?
- Ўткан йили сўнгги тургача бир нечта жамоаларда чемпион бўлиш учун имконият бор эди. Ўткан йилгига қараганда бу йилги чемпионатимиз қизиқроқ бўлади деб ўйлайман. Чунки, бир қанча клубларимиз анча кучайган. “Бухоро”, “Қизилқум” ва “Метталург” жамоалари барча клубларга муаммолар туғдиришмоқда. Биринчи давра қизиқарлироқ ўтди, иккинчи давра унданда қизиқарлироқ ўтади деб ўйлайман. Айтиб ўтканимдек “Бухоро” ва “Қизилқум” жамоаларида янги футболчилар кўп. “Металлург” клубидаги футболчилар анчадан бери бирга ўйнаб келишмоқда. Жамоадаги футболчилар бир бирларини тушуниб ўйнашлари учун бироз вақт керак. Футболни жамоа ўйнайди, алоҳида футболчи деган гап йўқ.
- ОЧЛнинг чорак финалида БААнинг “Ал – Айн” клубига қарши сафарда майдонга тушасизлар.
- “Ал – Айн”га қарши ўйин олдидан ҳозирдан тайёргарлик бўлади. Ушбу учрашувгача яна бироз вақт бор. Айни дамда биз учун ички чемпионат жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Ички чемпионатда бошқа жамоалар ҳам бизга бемалол қаршилик кўрсатишмоқда. Шунинг учун ҳам жабрланиб қолишни истамаймиз. Хар бир нарсани ўз вақти бўлади. “Ал – Айн”га қарши жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ушбу жамоада Умар Абдулраҳмон тўп тепади. Ушбу футболчи кўпроқ мухлислар учун футбол ўйнайди. Эшитишимча “Ал – Айн” янги легионер футболчиларни ўз таркибига қўшиб олган. Фақатгина Умар Абдулраҳмон эмас барча футболчилари ўзига яраша тажрибага эга. Умарга қарши тўп тепиш қизиқарлироқ. Кучли футболчига қарши ўйнаш мен учун қизиқарли.
- Биламизки бундан бир неча йил олдин Ҳаким Фузаилов бошчилигида “Локомотив” ОЧЛнинг “плей–офф” босқичидан ўта олмаганди. Вадим Абрамов пайтида эса гуруҳда қолиб кетгандинглар. Андрей Микляев билан эса чорак финалга қадар етиб келдинглар. Ушбу мураббийлар ҳақида нима дея оласиз?
- Ушбу мураббийларни алоҳида кўрсатиш нотўғри бўлса керак деб ўйлайман. Айни дамда Андрей Микляевнинг натижаси яхшироқ. Қолган мураббийларнинг натижаси ёмон дейишдан йироқман. Ушбу мураббийлар қўл остида шуғулланганимизда ўйинларда бизга тажриба етишмагандир, балки омад келмагандир. Вадим Абрамов пайтида ҳам ўйинимиз ёмон бўлмаган, бизга омад етишмаганди. Барча футболчиларни ўзига яраша тажрибаси бўлгани каби мураббийларни ҳам ўзига яраша тажрибаси бор. Уччала мураббий ҳам ҳужумкор мухлисларга ёқадиган футболни яхши кўришади. Хар бир мураббийни ўзига яраша тактикаси бўлгани каби Андрей Микляевни ҳам ўзига яраша тактикаси бор. Андрей Микляев аввалги мураббийлар каби ҳужумкор футболни ёқтиради. Тактикамиз ўзгармайди, жамоалардан келиб чиқган ҳолда майдонда ҳаракат қиламиз. Ўйин давомида жимгина учрашувни кузатиб ўтиради. Бу унинг характери. Бизни ўйинларга Еличич тайёрлайди Микляев эса жавобгар шаҳс.
- Жаҳон чемпионати 3 – саралаш босқичи учун Австрияда йиғин ўтказиб қайтиб келдинглар. У ердаги машғулотларда кўпроқ нималарга эътибор қаратдинглар ва гуруҳимиздаги рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
- Терма жамоанинг Австриядаги йиғинида тўлиқ қатнашмадим. Баъзи бир муаммолар туфайли Ўзбекистонга қайтиб келдим. У ердаги машғулотларда кўпроқ жисмоний тайёргарликга эътибор қаратилди. Машғулотлар икки маҳалдан ўтказилди. Эрталаб жисмоний машқлар бўлса кечки пайт тўплар билан ишладик. Машғулотлар аъло даражада ўтказилди. Сурияга қарши ўйин олдидан ўртоқлик учрашувини ўтказамиз. 24 август куни Буркина-Фасо билан ўртоқлик баҳсида майдонда саф тортамиз. Ушбу ўйин биз учун репетитция вазифасини ўтаб беради. Мени фикримча футболчилар бир бирини яхши тушуниб олиши учун кучлироқ рақиб тайёрланади. Барча мана шундай қуръа натижаси бўлишини хоҳлаганди. Лекин, Австралия бўладими ёки Жанубий Корея терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олганимизда ҳам уларга қарши ўйнашимиз керак бўлар эди. кўпроқ уларнинг ўйинига эмас ўзимизнинг ўйинимизга эътибор қаратсак яхши бўлар эди. агарда кучли бўлсангиз рақиб кимлиги фарқи бўлмай қолади. Футболда номлар ўйнамайди жамоа ўйнайди. Хар бир учрашувда ғалаба қозониш учун майдонда ҳаракат қиламиз.
- 2014 йилги жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг илк турида Эрон терма жамоасига қарши баҳсни япониялик ҳакам Юичи Нишимура бошқарганди. Бу сафарги бош ҳакам ҳам япониялик...
- Кўпчилик япониялик ҳакамлардан қўрқиб қолишган. Эста қоларли ўйин бўладиган бўлса ўша учрашувни япониялик ҳакамлар бошқарган бўлади. Муҳим ўйинларда улар бизга кўпроқ панд беришади. Бу сафар ҳакамлар бизга қарши эмас бизнинг фойдамизга ҳам ишлашсин (кулади).
- Айни дамда “Локомотив” таркибида тўп тепяпсиз. Сизга хориждан ҳам таклифлар бўляптими?
- Таклифлар бор. Аммо таклиф билдираётган жамоаларнинг савияси “Локомотив” даражасидан кучли эмас. Яхши жамоалардан таклиф бўлмаяпти. БАА мамлакати жамоаларидан таклифлар бўлди. Қайси жамоалар эканлигини айтишнинг фойдаси йўқ. Хар бир футболчини орзуси бўлгани каби мени ҳам ўзимга яраша орзуларим бор. “Интер” жамоаси мухлисиман. Агарда Россиядан талкиф бўладиган бўлса ва жамоамни ушбу таклиф қониқтирса Россияда тўп тепишим мумкин.
- Япония, Корея ёки бўлмасам Австралия терма жамоалари футболчилари Анлия, Германия хаттоки Испания клубларида тўп тепишмоқда. Бизнинг футболчилар Европанинг гранд клублари сафида ҳаракат қилмаётганига нима сабаб бўляпти деб ўйлайсиз?
- Уларнинг терма жамоалари мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этишмоқда. Футболчиларимизнинг кучли бешлик ёки Европанинг гранд жамоаларида тўп тепишмаётганига сабаб жаҳон чемпионатида иштирок этмаганимиз бўлса керак деб ўйлайман. Эрон, Жанубий Корея, Австралия терма жамоалари доимий равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келишади. Агарда биз ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этсак бизнинг футболчилар ҳам Европа жамоаларида тўп тепишади.
- Сиз деярли барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз сафида турли хил мусобақаларда иштирок эткансиз. Сизнингча орзуларингизнинг қанчаси амалга ошди деб ўйлайсиз?
- Орзулар кўп. Лекин энг биринчи орзум Ўзбекистон терма жамоаси сафида ўйнаш бўлган. Терма жамоа сафида ҳаракат қилгандан сўнг шу терма жамоа билан жаҳон чемпионати иштирок этиш. Менимча хар бир футболчини орзуси бўлса керак.
- Футболдан олган илк маошингизни эслай оласизми?
- Биринчи маошимни “Нефтчи” жамоаси ёшлар таркибида ўйнаб юрган кезларим олганман 36 минг сўм беришган. Хурсанд бўлганимдан уйимга олиб бориб дадамга берганман.
- Кўпчилик футболчилар ёшликда қийинчилик кўришган. Шу даражага еткунингизча сизда қандай қийинчиликлар бўлган?
- Оиламизнинг шароити яхши бўлган. Унчалик қийинчилик бўлмаган. Қийинчиликлар фақат машғулотларда бўлган. Машғулотлар биз учун осон бўлмасди. Мен учун қийинчилик тушунчаси шу бўлган.
- Футболчи бўлганингиздан афсусланганмисиз?
- Йўқ. Афсусланмаганман.
- Агарда футболчи бўлмаганингизда қайси касб соҳасини танлаган бўлар эдингиз?
- Оиламизда ҳеч ким футболчи бўлмаган. Оиламиздагиларнинг кўпчилиги бор эътиборларини ўқишга қаратишган. Ўзимда юрист бўлиш орзум бор эди. агар футболчи бўлмаганимда ўқимишли инсон бўлган бўлар эдим.
- Футболга кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?
- Футболга кириб келишимга дадам билан акам сабабчи бўлишган. Улар футболнинг ашаддий ишқибозлари. Акам ёшлигида биринчи лигада ўйнаган.
Блиц саволлар
- Қандай таомларни ёқтирасиз?
- Сомса
- Қандай жанрдаги фильмларни томоша қиласиз?
- Жангари фильмлар.
- “Реал Мадрид” ёки “Барселона”
- “Реал Мадрид”
- Роналду ёки Месси
- Роналду
- Кличко ёки Майк Тайсон
- Майк Тайсон
- Карате ёки Бокс
- Бокс
- BMW ёки Toyota
- BMW
- Қайси рангни ёқтирасиз?
- Оқ, кулранг.
- Сэр Алекс Фергюссон ёки Йоахим Лёв
- Сэр Алекс Фергюссон
Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди.
Comments