Latest news

Ҳакамлар билан юзага келган ёддан чиқмас ҳолатлар News

Ҳакамлар билан юзага келган ёддан чиқмас ҳолатлар

Ҳакамларнинг футболда тутган ўрни салмоқли. Чунки улар учрашувни жуда яхши бошқариб, ҳеч кимнинг эътиборига тушмасликлари ёки биргина нотўғри қарор билан ўйин тақдирига ойдинлик киритиб қўйишлари эҳтимоли ҳеч гап эмас.
Лекин ушбу мақолада биз ҳакамлар хатолари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Аксинча, ўзбек футболида улар билан боғлиқ юзага келган турли ёддан чиқмас ҳолатлар ҳақида ўқувчиларимизга маълумот тақдим этишга қарор қилдик.

АЛМАШТИРИЛГАН ҲАКАМЛАР
Ҳакамларнинг алмаштирилиши футболда онда-сонда бўлса ҳам содир бўлиб туради. Баъзида учрашувлар бошланиши арафасида шундай вазиятлар рўй беради. Бироқ миллий футболимиз тарихида бир бор ўйин вақтида ҳам ҳакамлар алмаштирилгани кузатилган. Ўшанда 2001 йил Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларида “Андижон” ва “Навбаҳор” жамоалари тўқнаш келишган. Бобур Ҳайдаров оёғидан жароҳат олгани туфайли унинг ўрнини тўртинчи ҳакам эгаллаган. Бу вазифани асли андижонлик бўлган Низомов бажарганди. Шунингдек, 1996 йил “Навбаҳор”нинг Осиё Кубоклари доирасидаги уй ўйинида ҳам шундай ҳолат кузатилган. “Истиқлол”га қарши беллашувда бош ҳакам ҳам ўзини нохуш ҳис қилган. Натижада баҳсни захирадаги ҳакам охирига етказиб қўйганди. Энг қизиғи, ҳар икки ҳолатда майдонда “Навбаҳор” футболчилари бўлишган.

Бундан ташқари, бир неча ўйинлар арафасида бош ҳакамларни алмаштиришга қарор қилишган. 2007 йил бўлиб ўтган “Қурувчи” ва “Нефтчи” жамоалари ўйинидан олдин Рустам Саидов учрашувни бошқариб бориши ҳақида хабарлар тарқалганди. Лекин беллашув бошланишига оз вақт қолган бир паллада унинг ўрнига Хушвақт Мухторов тайинланган. Ўша баҳсда 0:0 ҳисоби қайд этилган. Мезбонлар биринчи тайм охирида пенальтидан фойдалана олишмаганди.

ХОРИЖЛИК РЕФЕРИЛАР

Олий лига тарихида уч марта эса хорижлик ҳакамларнинг ўзимизнинг реферилар ишини бажаришган. 1992 йил қирғизистонлик Александр Кулаков Фарғонада бўлиб ўтган “Нефтчи” ва “Пахтакор” ўйинини бошқариб борган. Мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. 2010 йил “Пахтакор” Тошкентда “Насаф”ни 2:0 ҳисобида енгган беллашувида БААдан ташриф буюрган Фарид Али Марзуқи хизмат қилган. Ўша йили “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” ўртасидаги қарама-қаршиликни қувайтлик Юсуф Марзуқ бошқарган. Томонлар ўша учрашувда гол ура олишмаганди. Кўриб турганингиздек, ҳозиргача хорижлик реферилар иштирокидаги баҳсларнинг барчасида майдонда “Пахтакор” бўлган.

1992 йил
НЕФТЧИ - ПАХТАКОР - 2:0
Фарғона. 21 октябрь. 10000 томошабин.
Ҳакам:
Александр Кулаков (Қирғизистон)

2010 йил
ПАХТАКОР - НАСАФ - 2:0
Тошкент. 5350 томошабин.
Ҳакам
: Фарид Али Марзуқи (БАА)

2010 йил
ПАХТАКОР - БУНЁДКОР - 0:0
31 октябрь. 12006 томошабин.
Ҳакам:
Юсуф Ал Марзуқ (Қувайт)

ПЕНАЛЬТИЛАР КЕЧАСИ
Одатда бундай таъриф бир учрашув мобайнида 2 ва ундан кўп бор пенальти белгиланган учрашувларга нисбатан қўлланилади. 2001 йилги мавсумда чемпионат формати жуфтликларга ажратилганди. Яъни, бир жамоа кетма-кет 2 ўйинни сафарда бир-бирига яқин ҳудудда жойлашган жамоаларги қарши ўтказарди. Водийга сафар қилган “Қизилқум” дастлаб Андижонда, кейин эса Фарғонада меҳмон бўлган. Ҳар икки баҳсда зарафшонликлар пенальтилар қурбонига айланишган. Фақат бошқача маънода. Андижонда меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгиланган. Уни Акбаров голга айлантирмаган, дарвозабон тўпни қайтаради. Қайтган тўпга кураш кетаётган паллада ҳакам яна ўйин қоидаси бузилди деб, яна бир мезбонлар 11 метрлик зарба беришларини кўрсатган. Бир вазиятнинг ўзида иккинчи пенальти белгиланиб, уни Ҳамидуллаев аниқ амалга оширган.

10-турда Фарғонада “Қизилқум” дарвозасига мезбонлар 3та пенальтидан тўп кирита олишмаган! Ҳар уч пенальти бир ҳолатда амалга оширилган. Дастлаб Сергей Ни тепган тўпни дарвозабон қайтарган. Бироқ ҳакам посбон тўп тепилишидан аввал олдинга чиқиб кетганини кўрсатиб, яна бир бор пенальти тепилишига қарор қилган. Бу сафар ҳам Нининг зарбаси йўлига дарвозабон ғов бўлади. Лекин ҳакам яна аввалгидай қарорга келади. Учинчи сафар тўпга яқинлашган Умид Исоқов тўпни дарвозадан баландга тепган. У буни атайлаб қилганми ёки зарба шундай чиққанми, буни билмаймиз. Афсуски, Андижон ва Фарғонадаги баҳсларни ким бошқариб боргани ҳақида маълумот бизда мавжуд эмас.

АНДИЖОН - ҚИЗИЛҚУМ - 3:2
2 май. 9-тур.
Голлар
: Ҳамидуллаев пенальти, Ҳамидуллаев, Мусабоев – Дуб, Жўраев.
Фойдаланилмаган пенальти: Акбаров (Андижон).

НЕФТЧИ - ҚИЗИЛҚУМ - 2:0
Фарғона. 5 май. 10-тур
Голлар:
А.Тоиров, Радкевич.
Фойдаланилмаган пенальти: Исоқов (Нефтчи).

ҚИЗИЛ КАРТОЧКАЛАР КУНИ
Константин Смирнов олий лигада бир ўйин мобайнида энг кўп қизил карточка кўрсатиш борасида рекордчилардан бири саналади. У 2003 йил “Гулистон” ва “Трактор” жамоалари ўртасидаги беллашувда мезбонларга 4 бор қизил карточка кўрсатгани билан ёдда қолган. Ўшанда у майдон эгаларидан иккинчи бўлимда Каримқулов, Суяров, Юлдашев ва Асимовларни четлатган. Қизиқ тарафи шундаки, Асимов бугунги кунда олий лигада ҳакамлик қилиб келмоқда. Агар яна бир қизил карточка бўлганда, ўйин охирига етмасдан тўхтатиларди. Лекин бу содир бўлмаган. Бир жамоа футболчиларини тўрт марта четлатиш бошқа қайтарилмаган.

2003 йил
ГУЛИСТОН - ТРАКТОР - 0:4
22 октябрь. Гулистон.
Ҳакам:
Константин Смирнов.
Голлар: Бозоров, Азим Иброҳимов 2, Соломин
Гулистон: Игорь Скичко, Бекзод Қодирқулов (Мақсатилло Қуттибоев, 90), Тимур Сейтмуротов, Азиз Асимов, Жўрабек Каримқулов, Акмал Суяров, Ильдар Юлдашев, Эркин Бойдуллаев, Андрей Васинев, Ботир Султонов, Хуршид Йўлдошев (Ленур Юнусов, 90).
Трактор: Дмитрий Башкевич, Анатолий Хутин, Алишер Бозоров, Аҳрор Исахўжаев, Сергей Токов, Алексей Семёнов, Павел Соломин, Шавкат Раимқулов, Бахтиёр Жапарқулов, Азим Иброҳимов, Азиз Ибрагимов.
Захирадан тушганлар: Валерий Карпенко, Равшан Тешабоев, Сергей Баканов.
Огоҳлантиришлар: Суяров, Юлдашев, Султонов, Раимқулов, Каримқулов.
Четлатишлар: Каримқулов 51, Суяров 64, Юлдашев 75, Асимов 83.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика