Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  94 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Нодирхўжа Юлдашев Германияда ишлаётган ўзбекистонлик мураббий билан самимий суҳбат қурди News

Нодирхўжа Юлдашев Германияда ишлаётган ўзбекистонлик мураббий билан самимий суҳбат қурди

Сайтимиз Германияда мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз Орзуманбек Нурмуҳаммедов билан катта интервью ташкил этди.

Германиянинг турли клубларида фаолият юритган Орзуманбек Нурмуҳаммедов бугунги кунда "Кёнигштайн" жамоасининг U17 жамоаси бош мураббий, шунингдек U-16 ва U-17 ёш тоифасидаги катта мураббий ҳисобланади.


— Аввало Германияга нима мақсадда борганингиз ва воқеалар ривожи қандай ривожлангани ҳақида айтиб берсангиз.

— Ассалому алейкум. Суҳбатга чақирганингиз учун раҳмат. 2014 йил Весминстер лицейини тугатиб ҳарбий ёки жисмоний йўналишга кириш танловида эдим. Ўшанда академик эшкак эшиш билан шуғулланардим. Ҳарбий соҳага ҳам (текис оёқлар сабаб), жисмонийга ҳам (DTM'да етарли балл тўплай олмадим) кира олмадим. Ҳеч қаерда танишим йўқ эди, бундай масалаларни пулга ҳам ҳеч қачон ҳал қилмагандим. Фақатгина IELTS'дан 5.5 талаб қилинган бўлса ҳам ўзимиздаги чет эл олий ўқув юртларига киришни хоҳламадим. Менда ўша пайтда 7.0 бор эди. Бир йилни Тошкентда ўтказдим, IELTS'дан дарс берган ҳолда ўқув марказида ишладим. Кейинчалик ўз орзуим ортидан боришга уриниб кўриш ғояси келди, аниқроғи профессионал футболга кириш. Доим "Ливерпуль"нинг ашаддий мухлиси бўлганман, аммо ҳеч қачон академияда ўйнамаганман, фақатгина кўча, мактаб ва лицейда тўп тепганман. Ўйинчи сифатида унчаликмасман-у, аммо футболга бўлган меҳр кучли бўлган. Ота-онам билан гаплашганимдан ва уларнинг кўмакларидан сўнг чет элдаги мос вариантларни излашни бошладим. IELTS'даги баҳоларим билан ўқишларига кирадиган мамлакатларимда молиявий жиҳатни кўтара олмасдим. Англия ва АҚШда ўқиш ўта қиммат. Футболчасига ўйлаган ҳолда Германияни кўришга қарор қилдим. У ерда ўқиш бепул, аммо фақатгина немис тилида эди. Немис тилини ўрганиш, ўша ерга йўл олиш ва спорт бўйича олий ўқув юртига ўқишни бошлашга қарор қилдим. Шундай қилиб, 2015 йилнинг майида Германиянинг Аугсбург (Бавария) шаҳрига келдим. У ерда ўша йилнинг октябригача немис тилини ўқидим. Февралда Studienkolleg'да имтиҳор бор эди, бу маҳаллий олий ўқув юртларида ўқиш ҳуқуқини берувчи 13 йиллик мактабдек нарса. Параллель равишда спорт нормативлари бўйича кириш имтиҳонларига тайёрландим. Бу имтиҳон ҳар бир олий ўқув юртида бироз фарқ қилади, аммо бу ўртача ҳар бири 2-3 нормативга эга 10-12 спорт турларидир. 2016 йилнинг февралида турли Studienkolleg'лардаги учта имтиҳонга бордим, якунда Франкфуртдагига кирдим. Икки семестр ўқиган ҳолда 2017 йилнинг июнида уни тугатдим. Июлдаги спорт имтиҳонини ҳам муваффақиятли топширдим. Футбол ва баскетболда олий балларни, масалан гимнастикадан 0 балл олдим (кулади). Қолган барчаси ажойиб ўтди ва 2017 йилнинг октябрида Гётэ номидаги Франкфурт университетининг спорт фанлари факультетида ўқишни бошладим.

Ўқиш қийин, барча фанларни ўзингиз учун танлайсиз. Анатомия, физиология ва спорт фанлари назарияси каби мажбурий фанлар бор. Бундан ташқари, барча спорт турлари назария ва амалиётга эга. Кейинчалик чуқур ўрганиладиган мутахассисликлар ҳам бор. Менда футбол ва спорт психологияси эди. Доим ўқишга параллель равишда ишлардим. Барча ишларимни айтиб бермайман-ку, аммо асосан фитнесс клубда мураббий бўлганман. Профессионал академияда тўлиқ ставкада ишга жойлашмагунча футбол/мураббийлик фаолиятига тўланмайди. У ерга UEFA лицензияси керак. Ўзимнинг базавийимни университетда олганман, 2021 йилда эса ўқиб UEFA B'га ҳам эга бўлдим. У билан олий лигаларга қадар бўлган ёшлар жамоаларини ва 5-дивизиондан пастда бўлган катталар жамоасини шуғуллантириш мумкин. Буларнинг барчасига пул берилмайди, аммо UEFA A лицензияси учун талаб қилинадиган иш тажрибасини беради.



— У ердаги мураббийлик мактаби ҳақида айтиб берсангиз?

— 01.01.2022даги реформаларга қадар  C, B, B-Elite-Jugend ва PRO лицензиялари бор эди. Реформадан сўнг улар кўпайди — Basis Coach, C, B, B+, A, A+, Pro. Ҳар бир даражага ўтиш учун талаблар қийинлашди, барчаси баллар тизимига ўтди. Эндиликда балларни жамғариш керак, масалан иш тажрибаси орқали (лига ва мавсумига 0,5дан 7гача даражага қараб), амалиёт орқали, олий ўқув юртида ўқиш орқали (спорт олий ўқув юрти 10 балл беради), даражани ошириш учун қўшимча курслар (аммо, фақатгина Германия футбол федерациясидан расмий - DFB) ва ҳоказо. Аммо, энг катта ўзгариш - бу ўйинчининг тажрибаси учун баллар. Шундай қилиб, собиқ профессионал ўйинчи бирдан UEFA A лицензиясига ўтишига рухсат берилади ва Германиядаги 1-3 лигалар учун 7 балл олади. Бу банд билан кўпларда муаммолар пайдо бўлмоқда ва шахсан мен ҳам бунга қўшилмайман, сабаби ўйинчининг тажрибаси мураббийликдаги муваффақиятли фаолиятни кафолатламайди.

Масалан, ўйинчи 35 ёшгача қадар ўйнагунгача кимдир 20 ёшдан 35 ёшгача турли даражаларда 15 йиллик тажриба тўплаган ҳолда шуғуллантиради. Яхши ўйинчи - доим ҳам яхши мураббий эмас, бундай мисоллар кўп.

Мураббийлик курсларида эътиборни лицензия даражасига қараб турли пунктларга эътибор берган ҳолда футболдаги барча жиҳатларни ўргатишади. Базавий курсларда машқларнинг интенсивлигини назорат қилиш турлари (вақт, масофа, ўйинчилар сони, чалғитувчи факторлар ва бошқалар), A'да бўлса мураббийлик имижини яратиш, ўз ўйин фалсафасини қуриш ва жамоани бошқариш, PRO'да эса медиа ва клуб бошқарувчилари билан ишлаш тушунтирилиши мумкин. Бу оддийгина мисоллар. Албатта, материалнинг асосий қисмини футбол ва коучинг ташкил этади, аммо бундай жиҳатлар ҳам ўргатилади. B лицензияси учун ўқишим 2 ҳафта давом этди, сабаби университетда футбол менинг мутахассислигим эди ва мен назариядан сакраб ўтишим мумкин эди. Икки ҳафта Гессендаги футбол федерацияси базасида бўлдим (Hessischer Fußball Verband), у ерда 4 доцент бор эди. Кунига иккита теория, иккита амалиёт. Сабаби демо гуруҳлар йўқ эди (одатда бу олий лигадан таклиф қилинган U16-U17 жамоаси бўлади), сабаби ўша пайт Германияда пандемия билан "қаттиқ" кураш кетаётганди, биз ўрганувчилар ўйинчилар ролини бажаришимизга ҳам тўғри келган. Бу мен учун энг қийини бўлган, сабаби ҳеч қачон ўйнамаганман, мен билан бирга ўрганганларнинг барчаси камида 5-4 лигаларда ўйнашган. Яхшиямки барчаси жароҳатларсиз ўтди, мен яхши ҳолатда эдим. Имтиҳонлар ҳам ажойиб ўтди, биринчи имкониятданоқ барчасидан камчиликларсиз ўтдим. У 4 қисмдан иборат бўлди:

1) назарий блокнинг тақдимоти

2) ўз назариямга асосланиб ўтказилган машғулотлар

3) профессионал футболдан бир ёки бир нечта қисмлар видео таҳлили

4) машғулотларим ҳақида рефлекция


Агар бир пунктдан ўта олмасангиз кейинги имтиҳонда қайта топшириш ҳуқуқини беришади. Агар биттадан ортиқ бўлса буни фақат бир йилдан кейин амалга ошириш мумкин бўлади ва ўқишдан қайтадан ўтиш шарт эмас.

Бундан ташқари ўйиндаги сифатларингизга қараб балл беришади. У ерда энг паст ўтиш баллини олганман.



— Клубга сизни ким таклиф қилди ва гуруҳни беришларига нима сабаб бўлди?

— Кёнигштайнга клуб спорт директори таклиф қилди. 2021 йилдан 2023 йилга қадар FC Gießen'да ишлаганман ва олий минтақавий лигада (Hessenliga) U17 жамоасини бошқарганман. У ерда раҳбарият билан фикрларимиз тўғри келмади ва менинг ишимга аралашилди. Клубда катта пасайиш бўлди, бош жамоа ўша мавсум минтавақий лигадан (куч бўйича тўртинчи) тушиб кетди ва бу ёшларда ҳам акс этди. Якунда, ўз хоҳишимга кўра у ердан кетдим ва ўшандаёқ Кёнигштайндан боғланишди ва U17 бош мураббийлиги ва U16-U17 ёшлари (Германияда ушбу ёш B-Jugend деб аталади) катта мураббийлиги таклиф этилди ва жамоани юқорироқ лигага олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу клубдаги U17 жамоасининг воқеаси жуда ҳам қизиқ. Улар сўнгги 7 йил давомида 2-3 ўринларни эгаллашган ва умуман юқорироқ лигага чиқа олишмаган. Ушбу клубдаги қолган барча ёшлар олий лигаларда, жуда юқори даражаларда ўйнашади. Бунга энг яхши ўйинчиларимиз жам бўлган Eintracht Frankfurt билан ҳамкорлик ҳам хизмат қилмоқда. Улар барча талабларимга рози бўлишди (ассистентларни ўзим танлайман, жисмоний тайёргарликлар бўйича ўз анжомларимиз, тизимни ёзиш ва ўйинлар таҳлили) ва мен рози бўлдим. Бу клубда бўлишдан ва мураббий сифатида ўсишдан жуда ҳам хурсандман.



— Яқинда ушбу жамоада Ўзбекистондан Ҳайрулло Эргашев кўрикдан ўтди. Футболчиларимиз ва немислар ўртасидаги фарқ нимада?

— Битта ўйинчига қараб айтиш қийин. Ҳайрулло Эргашев техник жиҳатдан жуда кучли ўйинчи ва Ўзбекистонда 2008 йиллар ичидан энг яхшиларидан бири. Мен ўзимиздаги ниманидир ўртача кўрмаганман, шу сабаб уни Германиядаги ўртача баҳо билан солиштира олмайман. Аммо, Ҳайрулло ўз ёшида Ўзбекистонда олий лигада ўйнаётгани, менинг жамоам эса фақатгина иккинчи давлат лигасида (Gruppenliga) эканлигини инобатга олса фарқ катта.

Биринчидан, бу ўйин ва маълум бир вазиятни тушунишда. Германияда ўйиннинг вақти ва узлуксизлиги тушунчаси ёшликдан сингдирилади. Тўп сенда бўлиб турганда у йўқолса нима қилишингизга тайёрмисан? Сен ҳимояланмоқдасан - тўпни олиб қўйганингда нима қиласан? Рақибинг ҳам шундай ўйлаганда қандай йўл тутасан? Бу ердаги йигитлар тўп йўқотилиши билан шу заҳоти уни қайтаришга тушишади. Бу Ҳайруллонинг илк машғулотларида сезилди. У йигитларим орасида техник жиҳатдан энг яхшиларидан бири эди, балки энг яхшисидир. Икки оёқ, зарба, пас, майдонни кўра олиш, аммо жамоаси тўпни йўқотганидан сўнг бошқа вазифага ўтиш учун икки сония керак бўлди. Аммо, биз бу вазият бўйича гаплашганимизда ва мен унга буни тушунтирганимда деярли бирдан яхшиланиш кузатилди.

Иккинчидан, жисмоний тайёргарлик ва атлетикага муносабат. Мен ҳалигача Ўзбекистондаги деярли барча мураббийлардан "югуриш ва "отжимания" етади, штанга ва қўшимча оғирликлар керак эмас - ўсишдан тўхтайди" каби ибораларни эшитаман. Бу умуман нотўғри, аммо баҳслашиш ва кимгадирга ниманидир исботлашга ҳеч қачон интилмаганман. Бу уларнинг айби эмас, бу уларни ўқитганларники. "Физика" тушунчаси турли мураббийлар ва спортчилар учун умуман турлича бўлиши мумкин. Бу мавзуда узоқ гапиришим мумкин, аммо интервью бутун бошли китобга айланиб кетишидан қўрқаман. Аммо хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу "ўсишдан тўхтайди" деган гапларнинг натижаcи бизнинг футболчилардаги скелет-мушак тизимининг европаликларники олдида яққол ўсмаганлигида акс этади. Мен шишган "банкалар" ҳақида эмас, футболнинг интенсивлиги ва спортчиларга бўлган талаблар ҳақида гапиряпман. Футбол - жуда ҳам комплекс ўйин, у ерда бирорта "аниқ чизиқлар" йўқ. Унда қисқа ва шиддатли спринтлар, югуришлар, сакраш билан кўплаб босқичлар мавжуб бўлиб илк дақиқалардан ёки 12-15 км югуриб 90-дақиқаларданоқ амалга ошириш керак бўлган техник ва тактик ҳаракатлар мавжуд. Ва барча жиҳатлар муҳим ва биз шуни шуғуллантирамиз.

Учинчидан, ўйинчининг тактик салоҳияти ва мослашувчанлиги. Ҳайрулло Ўзбекистондаги энг яхши академиялардан бирида, турли позицияларда ўйнайди. Унга ажойиб ўргатилган, аммо кўп нарсаларни шунчаки тушунтиришмаган. Йигитларим қандай қилиб бир нечта тизимларда ўйнаш ва қандай тизимга қарши ролларни қандай қилиб ўзгартириш кераклигини билишади. Кёнигштайн клубида барча 4-3-3 схемасида ўйнайди, тўпга устунлик қилишнинг узоқ фазалари, ўз жарима майдончасида қисқа ўйнаш - булар клубнинг қатъий чизиғи. Аммо, шу билан бирга, бу ерда йигитлар футболни тушунишлари ва бир мураббийнинг у ёки бу ғояларига боғланиб қолмасликларини хоҳлашади. Мен мураббий сифатида доим тўпга эгалик қилишни ва айнан тўпга эгалик қилиш орқали рақибни назорат қилишни, доим юқори прессинг қилишни хоҳлайман. Аммо, 4-3-3 схемасини ҳам турли мураббийлар турлича тарғиб қилишади. Энг яхши мисоллар "Сити" ва "Ливерпуль"да. Иккиси ҳам 4-3-3да ўйнайди, иккисининг динамикасида ҳам ҳужумда 2-3-5 ҳосил бўлади, аммо умуман турли йўллар билан. Қисқа қилиб айтганда, Клоппда вингерлар ҳудуди торайиб, қанот ҳимоячиларига жой берилади, Пепда бўлса марказий ярим ҳимоячилар ярим қанотга кўтарилишади, вингерлар кенгроқ ўйнайди, қанотдагилар эса ўртада таянч ҳудудига ўтишади. Ҳа, ҳаттоки прессинг ҳам фарқ қилади, ҳужум босқичлари бошқача тузилган, умуман ҳаммаси бошқача. Ва буларнинг барчасини 14-15 ёшдан ўргатиш керак. Кўрсатиб, тушунтириб, қилиб кўришга, хатолар қилишга, ўйинлардаги хатоликларга имкон бериш. Бу менинг навбатдаги пунктим.

Тўртинчидан, хатолар қилишдан қўрқиш. Бу яққол сезилганди. Мен машғулотларда ҳар бир ўйинчи жуда кўп хатоларга йўл қўйиши керак деб ҳисоблайман. Янги маълумот - янги хато. Йигитларга қўрқмасдан масалаларига ечим топишга ундаш ва хатолар қилишга рухсат бериш. Ахир улар ўрганишмоқда. Ҳа, ўйинларда ҳам хатолар қилаверишсин. Футболда китоб ва видео орқали ўрганиб бўлмайди, ўйнаш, хатолар қилиш, яна уриниш, яна хатолар қилиш ва яна уриниб кўриш керак. Бу мураббийдан чиқиши керак бўлган нарса. Биздаги атмосфера ва уни жамоага қабул қилиш олий даражада бўлган бўлса ҳам Ҳайруллонинг хато қилишдан қўрқиши сезилди. Бошидан унинг барча қарорлари тўпни йўқотиш эҳтимоли нуқтаи назаридан максимал хавфсиз эди. Барчаси минимум.



Илк машғулотдан сўнг бу мавзу ҳақида у билан гаплашдик. Бу қўрқув унга футболдаги илк йиллариданоқ сингган. Унга ниманидир тушунтиришга тўғри келмади, шунчаки хатолар қилиш кераклигини айтдим. Қолганини жамоа қилди - улар югуришди ва уни иккинчи кундан бери таниб туришларига ва жамоадаги кимнингдир ўрнида рақобатчи бўлиши мумкинлигига қарамасдан уни руҳлантиришди, қўллаб-қувватлашди. Жамоага ҳеч нарса айтганим йўқ ва керак ҳам эмас - улар футболда шундай тарбияланган. Албатта, бу ердаги мураббийларда ҳам U8 билан лигани ютишни муҳим деб биладиганлари топилади, улар болалардан натижа талаб қилишади, урушишади, танқид қилишади ва хатолар учун жазолашади, бундайлар ҳам бор. Аммо, мен кўпчилик ҳақида айтяпман, улар болалар хато қилиши қанча кўп бўлса шунча яхши деб ҳисоблашади.


— Сизнинг йўналишингиз жисмоний тайёргарлик бўйича. Бу мен учун доим қизиқарли бўлган мавзу. Европада неча ёшдан жисмоний тайёргарликка эътибор берилади ва бу қандай тартибда бўлади?

— Бу унчалик ҳам менинг йўналишим эмас, аммо таълим ва иш тажрибамдан келиб чиқиб ўз жамоам ва клуб билан атлетикада шуғулланаман. Одатда жисмоний тайёргарлик бўйича алоҳида мураббий бўлади. Юқорида айтганимдек жисмоний жиҳат мослашувчан тушунчадир ва барчаси ҳамма учун турлича нарсаларни англатиши мумкин. Мен ўзимда футбол учун қарашларимни шундай тасвирлардим: юқорини бодибилдер каби, пастни эса атлет каби шуғуллантир. Қолган барчасини ўйиннинг ўзи шуғуллантиради. Ёш бўйича битта фикрни айтиш қийин. Агар ҳафтада 4-5та машғулотлар қиладиган профессионал клуб академияси бўлса, атлетика ва физиотерапевтлар бўйича мураббийлар жамоаси бўлса, унда 12-13 ёш дегани. У ерда 14-15 ёшда муаммосиз юклама бериш учун машғулотларни бажариш техникаларини ўргатишади. Айлана югуриш йўқ, "давай, бугун 50та анжумания" дейдиганлар йўқ, балки нима қилишни биладиган мутахассислар бор. Академиялардаги залларда тахминан бир соатдан машғулотлар олдидан ёки куннинг илк қисмида шуғулланишади.

Агар бу ҳафтада 2-3 машғулоти бўлган ҳаваскор клублар бўлса унда 15-16 ёш, ҳафтада 30-40 дақиқа ва бу доим ҳам эмас, сабаби барчада ҳам анжомлар йўқ. Қолган вақтни тўп билан ишлашга қаратган маъқул. Жисмоний жиҳатни 15-16 ёшда қилса бўлади, техникани эса йўқ. Жисмоний жиҳат ҳеч қачон ўйиннинг олдида туриши керак эмас. Ўйиннинг ўзи шунчалик шиддатли бўлсинки унда ўйинчининг атлетик қобилиятлари ҳам ўссин. Ва бу ҳам мураббийнинг қўлида.

Академиялар ва жисмоний тайёргарлик ҳақида гап кетганда спортни ривожлантириш мавзуси жароҳатларнинг олдини олиш мавзуси билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳар бир нарсанинг асоси - маълум мушаклар гуруҳларидаги кучни ривожлантиришдаги камчиликлар учун ўйинчиларни аниқ ва батафсил синовдан ўтказиш. Балансни тиклаш ва ортда қолаётган гуруҳларни кўтариш йўлларини излашимиз керак. Агар дефицит билан ишланмаса, бу жароҳатга олиб келади. Мен рақиб иштирокисиз жароҳатлар ҳақида айтаётганимни сезиш мумкин. Мисол келтираман - соннинг орқа юзасини чўзиб олиш энг кўп учрайдиган жароҳатлардан. Бу эксцентрикда (мушаклар қисқариш олдидан чўзилганда) соннинг ортдаги мушакларидаги кучнинг дефицитидан бўлади. Даволаш ва тиклаш даражасига қараб 4 ҳафтадан бир неча ойларгача вақтни олади. Яхшиси бунинг олдини олиш йўлларини билиш.


— Германиядаги скаутинг тизими Европадаги бошқалардан нимаси билан фарқ қилади?

— Европадаги бошқа мамлакатлар учун гапира олмайман, мен фақат Германияда ишлаганман. Бу ердаги скаутлар ҳамма жойда бор, ҳаттоки пастки қишлоқ лигаларида ҳам. Айнан шунақа жойлардан бошқалардан фарқ қиладиганлар чиқади. 8 ёшдаёқ ниманидир пайқаш мумкин.

Ёндашув ўзгарган. Футбол жуда интенсив бўлган. Германия доим ўзининг тез, интенсив ва танаффуссиз футболи билан ажралиб туради. Бу ердан қачонлардир фақат жисмоний тарафдан етук йигитларни излашган. Техник жиҳатдан энг яхшиси эмас, энг йириги/юқориси олинган. Ва Германия терма жамоасининг сўнгги йиллардаги натижалари буни акс эттиради. Футболчилар йўқ, югурадиганлар бор. Ўз хатоларини тушунишди ва англашди. Техникларни излашга қайтишди, кўпроқ пулларни ўз спорт залларини ривожлантиришга, атлетика бўйича мураббийлар ва спорт фанлардигаи мутахассиларга кўпроқ йўналитиришга ўтишди.

Саралашда хулқ-атвор ва ўйинчининг маънавий/ижтимоий сифатларига жуда ҳам эътибор беришмоқда. Бизда "ҳаракатларини назорат қилишади" дейишлари мумкин. Боланинг футболга, ўз шерикларига ва мураббийларга бўлган муносабати муҳим. Ҳаттоки ўйиндан/машғулотдан сўнг фишкалар ёки тўпларни йиғиш, кимдир эса буларни қилмаслиги ўйинчи ҳақида далолат беради. Маданият жиҳатдан ўзини тутиши, тилни билиши, унинг шахсияти жамоадошлари билан ҳамоҳанг бўлиши, бошқа позицияларда ўйнашга тайёр бўлиши ва бошқалар. Рўйхатнинг охири йўқ. Академиялар ва клубларда Kaderplanung деган ибора бор, аниқроғи "таркибни режалаштириш". Улар қайси позицияда неча ўйинчилар борлигини кўриб чиқишади, барча сценарийларни ўрганишади, жумладан таркибдаги кимнингдир эҳтимолий жароҳат ва таркибнинг кенглигини таъминлаш учун ёшдаги ўсишга масъул бўлишади. Аммо, улар барчага имкониятларини намойиш этиш учун аниқ режалаштиришади.



Яхши бир мисол келтираман:

Mainz 05 Бундеслигада ўйнайди, аммо уларнинг ўринбосарлари (U23) тўртинчи ҳудудий лигада ҳаракат қилади. Масалан уларда "Боруссия Дортмунд"ди бор 3-лигага чиқиш учун барча имкониятлар бор. Аммо, улар атайин 4-лигада қолишади. Сабаби, улар биринчи жамоага кўтармоқчи бўлган форвард доимий равишда ҳужумчидан кутилган ишни тинимсиз бажарган ҳолда доимий равишда жарима майдончасида ўйнайди. Агар "Боруссия"нинг ўринбосарларига қарасангиз улар учинчи лигада доим жадвалнинг пастида боришади ва 4-лигага тушиб кетсалик учун қисман "автобус" қўйиб фақат ҳимояланишади. Натижада эса "Боруссия" форварди мудофаада ишлаган ҳолда фақат тўп ортидан югуради ва "Майнц" форвардига қараганда камроқ рақиб жарима майдончасида бўлади. Фарқ ёндашувда.

Ҳамюртимиз Козимжон Арипов акционер ҳисобланадиган "Айнтрахт Франкфурт"дан мисол. Биз уни жуда яхши биламиз, у жуда эътиборли инсон, доим ёрдам керак бўлганда мен учун вақт топади. Бизни Дилшод Рўзметов таништирган - 5 йилдан кўп вақтдан бери футболдаги акам. Усиз бир қадам ҳам ташланмайди (кулади).

Хўш, улар икки йил олдин "Барселона B"дан 16 ёшли Фабио Бланко билан шартнома имзолашди. U17 академияга имзо чекишди, аммо у шунчалик яхши эдики, бирдан U19га кўтаришди. У ерда ҳам ўзидан икки ёш катталар жамоасида энг яхшилардан эди. У мураббий билан келиша олмади, аммо бундай иқтидорни қўйиб юборишни хоҳлашмади ва уни қолдириш йўлини топишди. "Айнтрахт"да анчадан бери ўринбосарлар жамоаси йўқ эди, U19 ва бирдан бош жамоа. Шундай қилиб, улар ушбу ўйинчи учун пандемия даврида банкрот бўлган ва ўз стадионини сақлай олмаган 5-лигадаги жамоани харид қилишди ва бу жамоа асосида "Айнтрахт" ўринбосарларини яратишди ва барчасини ўзгартиришди. Барчаси топ иқтидорнинг уларда ўйнаши учун. Бу ёрдам бермади, у Испанияга, адашмасам Валенсияга қайтиб кетди.

Нега бир-бирига алоқаси йўқ икки мисол? Скаутинг - жуда масъулиятли ва мураккаб жараён бўлиб, унда кўп мустақил ва номустақил параметрлар мавжуд. Европада ва айнан Германияда таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барчасини ҳисоблашади, аммо мураббий билан жанжал каби жиҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган.


Нодирхўжа Юлдашев суҳбатлашди

Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика