Latest news

02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  0 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  2 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  0 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  40 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  2 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  21 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  5 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  5 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  8 19:18Суперлига. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6

"Футболда тўхтаб туриб ҳаракат қилиб бўлмайди, "Нефтчи"ни Суперлигада кўрсам хурсанд бўламан, "Турон"нинг кучи бирдамлик ва ҳаллоликда". Мурод Исмоилов билан интервью News

"Футболда тўхтаб туриб ҳаракат қилиб бўлмайди, "Нефтчи"ни Суперлигада кўрсам хурсанд бўламан, "Турон"нинг кучи бирдамлик ва ҳаллоликда". Мурод Исмоилов билан интервью

Тажрибали мутахассис, "Пахтакор", "Нефтчи", "Металлург" жамоаларидаги фаолияти билан яхши таниш бўлган Мурод Исмоиловни Яйпаннинг "Турон" клубида фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бор.

 Бугунги кунда клубда таҳлилчи мураббий ва болалар футболи раҳбари сифатида меҳнат қилаётган мутахассис жамоа қайд этаётган натижаларида ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда. Про лига 14-тур якунларига кўра "Турон" жамоаси кучли тўртликдан ўрин олди ва Суперлига йўлланмаси учун курашни давом эттирадиган бўлди. "Нефтчи" билан кечган водий дербисидан сўнг Мурод Музаффаровичга юзландик ва қатор мавзулар юзасида суҳбатлашдик.

- Мурод Музаффарович аввало “Турон”ни кучли тўртликдан ўрин олгани ва Суперлига йўлланмаси учун учун юришни давом эттириши билан табриклаймиз. Келинг дастлаб суҳбатимизни ҳозирда клубда фаолиятингиз қандай кетаётгани билан бошласак...

- Табрик учун ташаккур. Аввало "Турон" жамоасини ташкил килган тадбиркор инсонларга катта раҳмат айтмокчиман, уларни эзгу ишларида оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин, мана шундай инсонлар билан бирга ишлаш жуда мароқли ва завқли. Ҳозир жамоада таҳлилчи мураббий ва болалар футболига бевосита раҳбар сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Асосий жамоанинг рақибларининг ўйинларини таҳлил киляпмиз. Шу билан бирга болалар футболи билан яқиндан танишиб селекция ишларини ҳам олиб боряпмиз, бундан ташқари иккита иккинчи лига жамоаларимиз бор уларни уйинларини ҳам кузатмоқдамиз.

- Билишимизга қараганда клуб тез орада ўз академиясини ва спорт базасини ишга туширар экан...

- Ҳа, бу қувонарли ҳол. Раҳбарларимиз шижоатли инсонлардир. Ҳозирда спорт базасининг қурилиш ишлари бошланди. Академия масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда, яқин кунларда ойдинлик киритилади деган умиддамиз. Стадионни ёритиш масаласида ҳам ишлар кетяпти. Клуб вице-президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиев тиним билаётгани йўқ. Стадион директори Азизхон ака ҳам меҳнатсевар инсон. Мени ҳайрон қолдирган жиҳати шундаки, бу ерда фаолият олиб борадиган инсонлар жуда самимий ва фидойи. Фан клуб раҳбари Амрулло ҳам катта ишларга қўл урган. Клубга янги автобус олиб берилди, махсус буюртма асосида тренажёр анжомлари олиб келинди. Яъни барчаси футболни юқори савияга олиб чиқиш ва ривожлантириш учундир.

- Жамоанинг ҳозирда қайд этаётган натижаларига клуб раҳбарларининг муносабати қандай бўлмоқда?

- Биринчи галда шуни айтмоқчиманки, жамоа ҳали жуда ёш. Ўтган йилгига қараганда жамоа анча ижобий томонга ўзгарди. Раҳбарларимиз Қодирхонхожи, Олимхон ака албатта буни тушуниб туришибди. Клуб Про лигада дебютант бўлсада кўп жамоаларга бош оғриқ бўла олди. Бош мураббий Исломбек Исмоилов ҳам буни тўғри тушунган ҳолда астойдил меҳнат қиляпти. Янги ғояларни илгари суряпти, натижа билан биргаликда футболнинг савиясини оширишга интилмоқда. Қайсидир жиҳатлар ўхшаса, яна қайсидир жиҳат устида ҳали кўп ишлаш кераклиги кўриниб турибди. Айрим ғоялар футболчиларга ёқмаяпти. Ахир биз юқорига интилмоқчи бўлсак ўзгаришимиз керак-ку. Масалан парҳез масаласида жуда кўп тушунмовчиликлар бўляпти. Футболчилар чидамли бўлиши учун ички ёғ миқдорини камайтириш кераклигини тушунтира олмаяпмиз. Балки бунга вақт керакдир.

- Лекин, парҳез, тўғри овқатланиш каби қоидаларга ҳамма ҳам риоя қилмайди...

- Мана қаранг, биз мураббийликка ўқиётганимизда Ислом Аҳмедов нима учун бизнинг футболчилар 60-дақиқадан сўнг чарчаб қолади деган саволни ўртага ташлаган эдилар. Кўпчилик турли фикрларни билдирганди. Менимча тўғри овқатланиш, мускулларни чиниқтириш, юклама ва жароҳатлардан сўнг тикланиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Спортчига газли ичимлик ичма десангиз тушунмайди.

- Биламиз, аксарият клубларнинг ҳомийлари, раҳбарлари мураббийдан ҳар қандай шароитда ҳам натижа талаб қилишади, натижа қила олмадими мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатишади. Якунда мураббий натижа қилиш учун ҳар қандай усулларни қўллаб кўради. Сизнингча бу тўғрими? Натижа талаб қилишда ҳам фарқ бор...

- Яна бир жиҳат, раҳбарлар ҳар хил бўлади. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон фактори юқори даражада қолиши керак. Худога шукур клубимиз раҳбарлари инсон факторини биринчи ўринга қўийшади. Менинг фикримча, мураббийга вақт бериш керак. Мана ҳозирда Диёр Имомхўжаевнинг ташаббуси билан мураббийлар озгина ҳимоя қилиняпти. Агар клубнинг ўзи ишдан бўшатса компенсация тўлайди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Бўлмаса натижа кўрсатаман деб ҳар балога қўл уришади. Шундагина мураббий имзоси кўзга ташланади, изланади, илмий томонлама ёндашади.

- Эшитишимизга қараганда бир қанча мухлислар сизни "Нефтчи"га қайтишингизни истаётган экан. Чунки, Юрий Саркисяндан сўнг энг юқори натижа сизнинг мураббийлигингизда қўлга киритилган, 2015 йилги мавсумда "Нефтчи" Олий лигада бешинчи ўринни эгаллаган, ҳаттоки совриндорлар қаторига киришга ҳам яқин келганди...

- Агар мухлислар ёдга олиб камтарона меҳнатларимизни эътироф этишган бўлса хурсандман. "Нефтчи"га бефарқ эмасман. Агар бу жамоа Суперлигада ўйнаса жуда хурсанд бўламан. Ҳа, ўшанда ёмон натижа қайд этмаган эдик. Анча ишларни йўлга солгандик. Афсуски, бироз вақт етишмаганди.

- Таклиф тушса собиқ жамоангизга қайтишни ўйлаб кўрасизми?

- Бу борада ўйлаб бўлганман. Жуда кўп нарсаларни ўзгартиришга тўғри келади. Бу эса кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Лекин, биз футболни ривожлантиришни истасак бу ишларни қилишимиз лозим. Айни пайт "Нефтчи"да яхши мутахассислар фаолият олиб бормоқда, уларга ишониш керак. Мен биров ишлаётган жойга бош сўқмайман. Самимий айтаман илоҳим ўзлари жамоани Суперлигага олиб чиқиб ишлашсин. Агарда ёрдамим керак бўлиб қолса аввало "Турон" клуби раҳбарлари билан гаплашаман. Чунки, уларни ҳурмат қиламан.

- Ўшанда яхши натижа қайд этган ва мавсумни кўтаринки руҳда ўтказган "Нефтчи"ни тарк этиб Қўқонга йўл олишингизга нима сабаб бўлган? Ўшанда жамоани сақлаб қолиб янада шакллантириш мумкин эди. Ёки ҳомийлар ва раҳбарлар томонидан қўллаб-қувватлаш етарли даражада бўлмаганми? Одатда бундай ҳолатларга футболимизда жуда кўп дуч келамиз...

- Эътибор бўлмаган дея олмайман. Фақат бироз сусайган эди. Футболчилардан 5-6 ўйинга бериладиган мукофот пулларидан қарзимиз бор эди. Лекин, маошлар вақтида бериларди. Гап бошқа ёқда эди, мени хатоим ўз жамоамни йиға олмаганим ва ишонувчанлигим бўлган. "Турон"нинг кучи нима эканлигини биласизми? Бирдамликда ва ҳалолликда. Исроилжон укамиз борлар, жамоага куйиб пишиб ёрдам берадилар. Ҳамма бирдек жамоани яхши кўради.

- Ҳозирга келиб қайси жамоада ўзингиз истагандек ишингиздан завқ олиб роҳатланиб хотиржам фаолият олиб боргансиз? Кўнглингиз тўлиб ишлаган жамоангиз қайси?

- "Турон" деб айтган бўлардим. Чунки, бу ерда ҳамма ягона мақсад сари интиляпти. Қўқонда ҳам яхши иш бошлаган эдим. Бахтиёр ака Толипов жамоага яхши қараганлар. Афсуски, у пайтда мени соям бор эди. Қаерга борсам ортимдан келарди.

- Футболимиз ортда қолмоқда, аввал бундай эди, аввал ундай эди деган гаплар ҳар қадамда учрайди. Бугунги кунда футболимизни ўзгартириши мумкин бўлган омил нима?

- Футболда тўхтаб туриб ҳаракат қилиб бўлмайди. Ёки олдинга юришингиз керак ёки ортга кетасиз. Футболни ўзгартириш учун жуда кўп омилларга эътибор бериш зарур. Биринчидан болалар футболини ислоҳ қилиш керак. Бу борада ҳозирда яхши мутахассислар иш бошлашди. Клубларимизни инфратузилмасини ривожлантиришимиз керак. Майдонларимизни аъло даражага келтиришимиз ҳам муҳим. Кечирасиз, Суперлигамизни айрим клубларининг майдонлари умуман ярамайди. Фалон пулга уни буни олиб келиш ўрнига ичкарини тўғирлайлик, озгина нафсимизни тийиб туриб базамизни ўнглайлик. Олди қочди гаплар билан ҳаммани алдаб юрмасдан футболчиларга шароит яратиб берайлик. Ёшлар билан ишлайдиган мураббийларимизни ўқитишимиз лозим. Улар ҳам ўз ўрнида пулни  ортидан қувмасдан ўқишсин, изланишсин. Яна ҳолислик, "Нефтчи" бўладими, "Пахтакор" ёки "Насаф" фарқи йўқ, ким кучли бўлса ўша ютсин. Спорт принципи бўлиши керак-ку. Европага келадиган бўлсак, улардан ҳам яхши нарсаларни ўрганса бўлади. Аммо, реал ҳаётимизга назар солиб интилишимиз шарт. Инсон қилган ишни инсон қила олади, фақат хоҳиш бўлса бас.

- "Турон" клубида болалар ва ёшлар мураббийларининг даражаси, савиясини ошириш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?

- Биринчи навбатда лицензияга ўқитамиз. Академия очилса яхши мураббийларни жалб қилиб ўзимизнинг мутахассисларни уларга бириктириб қўямиз. Бунинг ҳам ўзига яраша талаблари бор. Мураббийларимиз ёмон эмас. Аммо, талаб шундай. Биз ривожланмоқчимиз. Ўйлайманки, ҳали академиямиз энг зўрларидан бири бўлади.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди. 

Суҳбатни ташкил қилишда "Турон" клуби матбуот хизматига миннатдорчилик билдирамиз.

Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика