Эксклюзив интервью. Умид Боқиев: "Нефтчи" бир умр қалбимда қолади"
02 oct 2018 13:57
News
Эксклюзив интервью. Умид Боқиев: "Нефтчи" бир умр қалбимда қолади"
Имкониятдан фойдаланиб маҳоратли футболчидан интервью олишга уриндик. Умид Боқиев бизнинг кутилмаган таклифимиздан дастлаб ҳайрон бўлди ва бир оз ўйланиб сайтимиз учун интервью беришга рози бўлди. Қуйида ушбу интервьюнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
- Салом Умиджон! Сизни анчадан бери кўрмадик. Нималар билан машғулсиз?
- Салом! Очиғи таклифинглар мен учун кутилмаган бўлди. Мен 2015-йилда ўзбек футболидаги фаолиятимни якунлаганимдан сўнг Россия хаваскорлар лигасининг “Трафт Сабурова” жамоасида ўйнадим. "Трафт Сабурова" жамоаси сафида икки йил, яъни 2015-2016 йил ва 2016-2017 йилги мавсумларда майдонга тушдим. Бу лигада 20 та жамоа алоҳида ташкил этилган чемпионатда иштирок этадилар. Бу йилги мавсумда Ўзбекистонда бўлганлигим туфайли ушбу чемпионатда рўйҳатдан ўтмадим. Сабаби Ўзбекистонни, она Ватанимизни жуда соғинган эдим. Айни дамда юртимиздаман, мана кўриб турганларингдек, Ўзбекистон чемпионатларига бориб, ўзбек футболини томоша қилиб, завқланяпман.
- Ўзбек футболидаги фаолиятингиз ҳақида гапириб ўтсангиз...
- Ўзбек футболидаги фаолиятим 2015 йилда якунига етган эди.Ўша охирги йилларда “Обод”, “Оқтепа” жамоалари сафида ҳаракат қилганман. Шунингдек, ўзимизнинг Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳарчасининг “Нефтчи” жамоасида иккинчи лигада ҳам тўп сурганман.
Футболчилик фаолиятимда энг ёрқин давр бу шонли тарихга эга Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўйнаган вақтларим бўлган. Бу клуб сафида футболчи сифатида ўсдим, айтиш жоиз бўлса танилдим. Ўша даврларни мароқ билан эслайман, кўплаб ўша вақтда бирга тўп сурган собиқ жамоадошларим билан гаплашиб турамиз, биргаликдаги фаолиятимизни ёдга олиб хотирлаймиз. Мени футболчи бўлиб камол топишимда албатта Юрий Саркисяннинг хизматлари катта. Дастлаб “Нефтчи” ўринбосарлари таркибида ўйнаб юрганимда, Юрий Вазгенович мени ёнига чақириб, ўша вақтдаги Биринчи Лигада иштирок этувчи “Шаҳрихон” жамоасида бир оз муддат ўйнаб, тажриба орттиришим лозимлигини айтиб ўтди. Мен бу таклифга рози бўлдим, “Шаҳрихон”да мавсумнинг ярмигача ўйнадим. Кейин яна “Нефтчи”га чақиришди, биласизлар ўша вақтда жамоамиз жуда кучли эди, совринлар ютардик, энг муҳими Фарғонада футбол бўлса, “Нефтчи” ўйнаса, мухлислар стадионни тўлдириб ўтиришарди, бизни олқишлар эди, аҳил жамоа эдик. Бундай даврларни ким ҳам унутади дейсиз?
Биласизми, Россияда ўйнаб юрган вақтларимда ҳам қачон интернетга кирсам, биринчи бўлиб ўзбек сайтларидан “Нефтчи” жамоаси ҳақида маълумотларни қидираман, ютқазган бўлса куйинаман, ютган бўлса кайфиятим кўтарилади. Мана кузатиб бораяпман, жорий мавсумда охирги икки турда “Нефтчи” жамоаси ғалаба қозонди, ўйлайманки, Баҳром Ҳайдаров бошчилигидаги севимли жамоамиз мухлисларга янада кўпроқ ғалабаларни тақдим этади. “Нефтчи”ни хеч қачон унутмайман, бу жамоа ҳамиша қалбимда қолади.
Футболчилик фаолиятимдаги пасайиш “Бухоро” жамоаси сафида ўйнаб юрганимда олган жароҳатимдан кейин юзага келди. Футболчи қайси жамоа либосида тушса, демак ўша жамоа манфаатлари йўлида хизмат қилиши керак. Мен ҳам “Бухоро” жамоаси ютуқларига ўз ҳиссамни қўшмоқчи эдим, бу жамоада ҳам “Нефтчи” каби футболчиларга ҳар томонлама етарлича шароит яратиб берилган эди, лекин жароҳат туфайли ўйлаб қўйган режаларим амалга ошмай қолди. Шундан сўнг маълум бир муддат даволандим. Кейин юқорида айтганимдек миллий чемпионатимизда биринчи ва иккинчи лигаларда тўп сурдим. 2015 йилда ўзбек футболидаги фаолиятимни якунладим.
Россия хаваскорлар лигасининг “Трафт Сабурова” жамоасида ўйнаб юрган кезларимда ҳам ўша эски жароҳатим қайталанди. Жамоамиз хомийси яхши инсон эди, улар мени даволатишди. Бу чемпионат ҳам менда илиқ таасурот қолдирди, футбол ўйнаш учун қулай даражада шароит яратиб берилган, қолган ҳаммаси ўз қўлингизда.
- Келгусидаги фаолиятингизда футбол мураббийи бўлиш режангизда борми?
- Ҳа албатта, мен футболни жуда яхши кўраман. Келгусида мураббий бўлиш ниятим бор. Айни дамда ЎЗбекистонда бўлиб турганимда мураббийлик курсларида ўқиш учун зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлаяпман. Россияга қайтганимдан сўнг, албатта мураббийлик курсларида ўқийман. Хориж тажрибасини ўрганиб, келажакда она Ватанимиз – Ўзбекистон футболи ривожига ўз ҳиссамни қўшиш, ўзимнинг болалар футбол мактабимни очишни мақсад қилганман.
- Сизга катта раҳмат! Келгусидаги фаолиятингизга улкан зафарлар тилаймиз!
Бекзод Толибов суҳбатлашди.
Comments