Latest news

03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  1 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  16 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

Дилшод Шарофетдинов: “Ўзимни хорижда синаб кўришни истадим” News

Дилшод Шарофетдинов: “Ўзимни хорижда синаб кўришни истадим”

Яқинда "Симе Дарби" билан шартнома имзолаган Дилшод Шарофетдинов Малайзияга кетиши арафасида интервью берди.
- Дастлаб Малайзия клубидан таклиф қандай юзага келгани ҳақида гапириб ўтсангиз.
- Чемпионат учрашувлари давом этаётган бир пайтда мен клуб раҳбариятидан шу мамлакат жамоаларидан биридан вакиллар ўйинимни кузатиш учун келганини билдим. Орадан маълум вақт ўтгач, ўша клуб мени таклиф қилишни хоҳлаётгани ҳақида маълумот беришди. Шундан кейин ҳар икки жамоа келишган ҳолда менинг ижара асосида ўйнашим масаласини ҳал этишди. Шартлари менга ҳам маъқул келгач, бунга розилик билдирдим.

- Таклифга розилик билдириш тўғрисида узоқ ўйладингизми?
- Ҳа, қарор қабул қилишдан аввал ўйланишимга тўғри келди. Чунки барибир хориж давлатига ўтишдан аввал турли масалаларни ҳал қилиб олиш лозим. Шу сабабли ҳам у ердаги шароитлар ҳақида маслаҳатлашдим. Сўнг Малайзияга кўчиб ўтишга тайёрлигимни билдирдим.

- Малайзияда бўлиб қайтдингиз. У ерда жамоа раҳбарлари билан учрашдингизми?
- Ҳа, шартномага қўл қўйишдан олдин тиббий кўрикдан ўтдим. База ва стадионни бориб кўришга улгурмадим, лекин бош мураббий ва клуб вице-президенти билан кўришиб, суҳбатлашдим. Улар жамоанинг режалари ҳақида айтиб ўтишди. Ноябрь охирларида Куала Лумпурга жўнаб кетаман. Ҳозирча тил билмаслигим туфайли шароитга мослашишда баъзи қийинчиликларга дуч келишим мумкин. Лекин бу жараённи тезроқ тугатаман деб ўйлайман.

- Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаб юрган жамоадан Малайзия суперлигаси дебютанти сафига кўчиб ўтиш ўзингизга қандай туюлди?
- Бу бир оз ғалати туюлиши мумкиндир, лекин Ўзбекистонда бутун фаолиятимни ўтказдим. “Пахтакор” таркибида 5 йил тўп тепдим. Шунинг учун ўзимни хориж чемпионатларидан бирида синаб кўриш истаги кучлилик қилди. Вазиятни таҳлил қилиб кўриб, “Симе Дарби” клубида ўйнашга розилик бердим.

- “Пахтакор”даги фаолиятингиз қандай кечди?
- “Пахтакор” Ўзбекистоннинг энг машҳур жамоаси. Бу клуб сафида ўйнашни кўплаб футболчилар ёшлигидан орзу қилади. Мен бунга эришдим. Менга энг ёққани жамоадаги ажойиб муҳит бўлди. Футболчилар деярли бир оила бўлиб кетган. Муҳит жуда яхши. Ҳар мавсумда чемпионлик учун кураш олиб бордик. “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпиони бўлдим, мамлакат кубогини қўлга киритдим. Ёшлигимда шундай ютуқларга эришишни хоҳлардим. Буларга “Пахтакор” таркибида эга чиқдим.

- Футболчи сифатида қанчалик ўсишга эришдингиз?
- “Пахтакор” мамлакатнинг энг кучли клубларидан бири. Ҳар йили халқаро учрашувларда майдонга тушади. Бу эса жамоадаги ҳар бир футболчига ўсишга имконият беради. Чунки бундай ўйинларнинг тажрибаси кейинчалик асқотади. Жамоадаги ёш ўйинчиларнинг маҳорати ошиб боришига ҳам айнан Чемпионлар лигаси катта ёрдам беради. Ўйлашимча, “Пахтакор” сафида катта тажрибага эга бўлдим.

- Фаолиятингизни “Динамо”да бошлагансиз. Бу жамоада нималар ёдингизда қолган?
- “Динамо” менинг катта футболга қадам қўйган жамоам ҳисобланади. Самарқандда футболни жуда севишади. Жамоада маҳаллий ёшлар ҳамиша бўлган. Мен ҳам шулардан бири эдим. Олий лигада тўп тепишни “Динамо”да бошлаганман. Кейинчалик бир неча мавсум мобайнида ўша ерда ўйнашда давом этдим. Фақат “Пахтакор”дан таклиф тушгандан кейин жамоани алмаштириш ҳақида ўйлагандим. Самарқандда футболга эътибор кучли ва яқин йилларда собиқ клубим совринли ўринлар учун курашишига умид қилиб қоламан. Бу жамоа бир умрга қалбимда ўчмас бўлиб қолади. Чунки футболчи бўлиб етишишимда “Динамо”нинг ҳиссаси катта бўлган.

- “Пахтакор” бу йилги чемпионатда муваффақиятсиз қатнашди. Бунинг сабаблари нимада бўлди?
- Энг муҳим сабабни айтиб ўтишим мумкин. Биринчи даврада ёшлар терма жамоасига номзод футболчилар йиғинлар билан банд бўлишди. Кейин жаҳон чемпионатида иштирок этишди. Ўша пайтда жароҳат ҳам кўпайиб кетиб, захирадан майдонга тушадиган футболчилар деярли қолмади. Натижада мураббийлар янада ёшроқ футболчиларни таркибга жалб қилишди. Натижада биринчи давра охирида уч ўйинда мағлубиятга учрадик. Шу ҳолат бизга қимматга тушди. Иккинчи даврада эса жамоа ўзига келди. Шу таркиб билан кейинги йил ўйнайдиган тақдирда “Пахтакор” рақобатчиларини бемалол доғда қолдиришига ишонаман.

- Ушбу мавсумда олий лигада стадионга келган мухлислар сони сезиларли даражада камайиб кетди. Бунинг сабаби нимада бўлди?
- Жамоалар ишқибозлар кутган ўйинларни намойиш этмагандир. Ўзимизнинг жамоа мисолида олсак, 2013 йил ростдан ҳам уларнинг ишончини оқлай олмадик. Улар биз қайд этган салбий натижалардан хафа бўлишди, менимча. Лекин бизни охирги дамларгача қўллаб туришгани учун уларга раҳмат айтаман. Насиб қилса, кейинги йил “Пахтакор” мухлислари жамоанинг муваффақиятларини байрам қилишади.

- Малайзияда узоқроқ тўп тепишни истайсизми?
- Ҳозирча шартномамда кўрсатилган муддат, яъни икки йил давомида ўйнайман. Дастлабки мавсумдан кейин уни узайтириш ҳақида ўйлаб кўрамиз. Кейин иш қандай бўлишини ҳозирдан тахмин қила олмайман. Барчасини ўша пайтда ҳал этамиз. Қолаверса, ҳали “Пахтакор”ни тўлиқ тарк этмадим. Чунки Малайзияда ижара асосида ўйнайман. Кейинроқ яна жамоага қайтишни ният қилганман.

- Шу пайтгача Малайзияда фаолият олиб борган бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ҳам бор. Бундан хабардормисиз?
- Албатта, Шквирин ва Абдураимов сингари футболчилар Малайзияда ўйнаганини биламан. Ўша пайтлар ёш эдим. Лекин улар ўша ерда тўп тепишганига 15 йилдан ошиб кетди. Шу сабабли бу ҳолатларни таққослаш ноўрин.


- Суҳбат учун раҳмат. Малайзиядаги фаолиятингиз омадли чиқишини тилаб қоламиз.
- Сизга ҳам раҳмат. Малайзияда яхши ўйнашга ҳаракат қиламан. Футбол ишқибозларига эса ҳамиша соғлиқ ва омад тилайман. Севимли жамоаларингизни қўллаб-қувватланг.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика