Де Росси "Бока"да ўйнашни орзу қилган. Жамоага яна кимлар мухлис, биласизми?!
01 aug 2019 20:00
News
Де Росси "Бока"да ўйнашни орзу қилган. Жамоага яна кимлар мухлис, биласизми?!
"Бока Хуниорс"нинг янги ўйинчиси Даниэле Де Росси клуб раҳбариятидан унинг исм-фамилияси ва "16-рақам" ёзилган юзга яқин футболка беришларини сўради. "Дўстларим кўп", – тушунтирди италиялик. Де Россининг футболкаси у Аргентинага келишидан анча олдин тайёр бўлганди. 2015 йилда Леандро Паредес инстаграмдаги саҳифасига Даниэле "кўк-сариқ" футболка кийиб тушган суратини жойлаганди. "Дўстим чемпионатдаги ғалабамиздан жуда хурсанд", – ёзган эди "Рома"га ўтгунга қадар "Бока" сафида тўп тепган аргентиналик ўйинчи".
Де Россининг сўзларига қараганда, у "Бока Хуниорс"да ўйнашни орзу қилган ва бу хушмуомалалик учун айтилган сўз эмаслигини таъкидлади. ЖЧ-2006 чемпиони "Рома"дан кетганидан сўнг, фаолиятини давом эттириши учун кўплаб таклифлар олди. Уни "Сампдория", "Фиорентина", "Болонья"га чақиришди. Шунингдек, Италия ёшлар термасига мураббий сифатида ҳам таклиф қилишди. Аммо Де Росси кутилмаганда ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмаган қарорни қабул қилди. У ҳақиқатдан ҳам "Бока Хуниорс" жамоасини жуда яхши кўради.
Де Росси – "Бока"нинг ҳақиқий мухлиси. Бироқ у энди Римдагидан кўра 4 баравар кам маош олади
"Юрагим "Рома"га тегишли, аммо "Бока" ҳам менга жуда ёқади, – дейди Де Росси шартнома тузганидан сўнг. – Болалигимдан уларнинг ўйинларини томоша қиламан. Марадона, стадион, мухлисларнинг ҳис-туйғуларини кўриб қувонаман. Доим Жанубий Америкада яшашни орзу қилганман ва "Бомбонера" стадиони майдонига "Бока" ўйинчиси сифатида тушишни истаганман. Қачонлардир "Рома"дан кетсам, "Бока Хуниорс" сафида майдонга тушиш ажойиб бўлар эди", — деганди бир неча йил аввал де Росси.
Де Россининг Аргентина жамоасига бўлган қизиқиши ҳақида унинг клубдоши Диего Перотти айтиб берганди. Ундан фаолиятини "Бока"да тамомлаш нияти бор ё йўқлигини сўрашганида, Перотти ҳазиллашиб Даниэлени ҳам ўзи билан олиб кетиши айтган: "У натижаларни доим кузатиб борар, ўйинларни томоша қилар, унга боғлиқ видеороликлар кўрарди: мухлисларнинг чиқишлари, жамоанинг майдонга чиқиши ва ҳоказо, ҳеч нарсани ўтказиб юбормасди. "Бока" мухлислари ўзини қандай тутиши унга жуда ҳам ёқар экан. Бир неча йил аввал уни "Хуниорс"га чақиришганди, лекин пул масаласида келиша олмаган эдилар. У "Бока"да ўйнайди деб ўйламайман. Аммо бир нарса дейиш қийин, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин".
2015 йил Де Росси А Сериянинг энг кўп маош оладиган ўйинчиси бўлган эди – у йилига 6,5 миллион евро оларди. 2017 йилда эса унинг ойлиги 3 миллионга камайди. Аммо бу суммани ҳам "Бока"нинг молиявий аҳволи кўтармас эди. Аслини олганда, Даниэле Аргентинага пул учун бораётгани йўқ – у "Хуниорс"да йилига 800 минг евро олади. Ўтган мавсум "Рома"да 19 ёшли Вильям Бьянданинг маоши шунчани ташкил қилганди, бироқ у бирор марта ҳам майдонга тушмаган.
"Бока" италиялик муҳожирлар томонидан ташкил этилган. Аммо Де Росси – клуб тарихидаги биринчи ҳақиқий италиялик
"Бока Хуниорс"ни италянлар ташкил этган. Очиғи, ўзимни бу ерда уйдагидек ҳис қиляпман", – дейди Де Росси. Битим рамзийлигини "Бока" президенти ҳам таъкидлади: "Ота-онам – италян муҳожирлари эди, шунинг учун Италия футболининг афсонаси жамоага келиши менда ўзгача ҳис-туйғу пайдо бўлишига сабаб бўлди".
"Бока"нинг тахаллусларидан бири — генуяликлар. XX аср бошларида Буэнос-Айрес аҳолисиннг асосий қисми италиялик иммигрантлар бўлган. Бу эса маданият, нутқ ва шаҳар гастрономиясига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. "Бока Хуниорс" асосчиларидан бири — Генуя ва Юнонистоннинг Хиос ва Самос оролларидан келган муҳожирлар бор эди. Бироқ 114 йил ичида клубда Италиядан келган футболчилар сони жуда кам бўлган. Уларни ҳақиқий италиялик дейиш ҳам қийин. Масалан, Габриэль Палетта ва Дани Освальдо Италия термасида тўп тепган, лекин Аргентинада туғилган эди. Апеннин ярим ороли фуқаролари Марио Буссо, Витторио Жованни Братина ва Никола Новелло Италиядан Жанубий Америкага кўчиб ўтган. Аммо уларнинг нияти футбол ўйнаш эмас, шунчаки ўша ерда яшаб, Аргентина фуқароси бўлиш эди.
"Бока" Буффон, Гаттузо ва Пирло билан шартнома тузишни истаган эди
2018 йил баҳорда, Жанлуижжи Буффон "Ювентус"дан кетиши аниқ бўлган пайтлар, Анхелиси ("Бока" президенти) Карлос Тевесдан дарвозабон билан учрашув ташкиллаштириб беришини сўради. "Сlarin" маълумотларига қараганда, Анхелиси, Тевес ва Буффон биргаликда Туринда тушлик қилишган ва Жижжининг Аргентинага ўтиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашишган. Аммо Буффон ПСЖга ўтганидан сўнг, унга ҳеч қачон "Бока"га ўтишни таклиф қилишмаганини айтган. "Тевес – менинг яқин дўстим. У учун мен шундай таклифни қабул қилган бўлар эдим", – деган эди дарвозабон.
Буффон — "Бока Хуниорс" афсонавий Италия-2006 термасидан сотиб олмоқчи бўлган ягона ўйинчи эмас. Тевес 2015 йил "Ювентус"дан кетган Андреа Пирлони Аргентинага чақиришга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин ярим ҳимоячи АҚШга кетишни тўғри йўл деб билди. Женнаро Гаттузо билан шартнома эса унинг оилавий шароити туфайли бекор бўлганди.
"2012 йил "Милан"дан кетганимдан сўнг, "Бока"га ўтишга яқин турган эдим, – дейди Женнаро Гаттузо. – Раҳбарият аъзолари билан учрашдим, шартнома борасида суҳбатлашдик. "Бока" сафига ўтишни жуда ҳам хоҳлаётгандим. Аммо фарзандларим жуда ёш эди. Шу сабабли, аёлим эса Аргентинага кўчиб ўтишни истамаганди". "Бока Хуниорс" Гаттузога таклиф билдирганининг сабаби, Рино ҳам худди Де Росси каби Аргентина грандига қизиқиши ҳақида айтган эди. Умуман олганда, машҳур футболчи ҳамда спортчилар орасида "Бока"нинг мухлислари талайгина.
Бажжо, Пирес ва Анри "Хуниорс"га мухлис
"Мен барчаси қандай бошланганини жуда яхши эслайман. 1994 ёки 1995 йил. Кўчада ёмғир, биз дўстим билан уйда футбол кўряпмиз, – дея гап бошлаганди Роберто Бажжо La Gazzetta dello Sport мухбирига берган интервьюсида. – "Бомбонера" стадионидаги ўйин, жамоалардан бири 4:0 ҳисобида олдинда. Мухлислар қўшиқ куйлаяпти, рақсга тушмоқда. "Бундай ишончли ғалабани нишонлаш икки ҳисса ёқимли", – дедим дўстимга. Жавобан у: "Роберто, уларнинг жамоаси мағлуб бўляпти". Ана ўша кундан буён "Бока" – менинг жамоам".
2005 йил «Бока» юз йиллигини нишонлади. Ўшанда 38 ёшли Бажжо 10-рақамли футболкада майдонга тушади деган гаплар тарқалганди. Лекин Роберто севимли жамоаси таркибида бирорта ўйин ўтказиши насиб қилмади. "Фаолиятимни якунлагунга қадар мен "Бока"да ўйнаб кўрмоқчиман, – деганди франциялик ярим ҳимоячи Робер Пирес. – "Вильярреал"да Хуан Рикельме ва Родольфо Арруабаррена жамоадошларим бўлган. Уларнинг тилидан "Хуниорс" тушмасди. Ушбу жамоага мухлис бўлиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолганман".
Роналдиньо ҳам "Бока"ни қўллаб-қувватлаши сабабчиси сифатида айнан Рикельмени кўрсатган. "Лекин биринчи навбатда бу буюк Марадона", – дея қўшимча қилган бразилиялик. Диегонинг ўйинидан ҳайрат сабаб Тьерри Анри ва Франческо Тотти ҳам "Хуниорс"га "касал" бўлган. "Бомбонера"га Эрик Кантона ва Эдгар Давидс келган, замонамизнинг машҳур теннисчилари Рожер Федерер ва Рафа Надаль ҳам "Бока" ҳақида илиқ фикрлар билдиришган.
Де Россининг келиши "Бока"нинг мухлислари ортишига сабаб бўлиши турган гап. Даниэленинг ўзи эса бу борада анча ҳотиржам, камтарлик билан: "Мен Месси ёки Марадона эмасман. Лекин форма кийиб майдонга тушсам, жамоага ёрдам бера оламан". Август охирида "Бока" Копа Либертадорес чорак финалида ўйнашдан умидвор, биринчи сентябрда – чемпионатда "Ривер Плейт"га қарши учрашув. Де Росси катта ўйинларга тайёр бўлиши лозим. "Биз Даниэле билан келишиб олдик. Ўйинга, майдонга тушишдан олдин у икки ҳафта машғулотда қатнашади", – деди жамоа устози Густаво Альфаро.
Ўтган мавсум "Бока" "Ривер"га Либертадорес финалида имкониятни бой берди, чемпионатда эса - учинчи ўрин. Натижаларни яхшилаш учун жамоа иккита катта трансферни амалга ошириб улгурди. Улар "Хуниорс" тарихида энг қиммат трансферлар топ-бешлигига киради. Европадан вингер Эдуардо Сальвио қайтарилди ("Бенфика" футболчи учун 7 млн евро олди) ва венесуэлалик иқтидор соҳиби Ян Уртадо (6,75 млн евро) жамоага келиб қўшилди. Лекин асосий трансфер барибир Де Росси.
Ўша куни эрта тонг — саҳарда аэропортда Де Россини минглаб мухлислар кутиб олганди – фақатгина афсонавий футболчиларнигина шундай кутиб олишади.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments