Даврон Файзиев: "АГМКга қарши ўйингача Сидоров ва Сидиқов сафга қайтади"
30 aug 2022 22:07
News
Даврон Файзиев: "АГМКга қарши ўйингача Сидоров ва Сидиқов сафга қайтади"
- Ўйин ҳақида
- Авваламбор, ҳаммага салом. Эртадан кейин Мустақиллик байрамимиз. Шу муносабат билан бутун элимизни байрам билан муборакбод этаман. Уларга соғлиқ, тинчлик-хотиржамлик тилайман.
Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, 17-турни якунлаб бердик. Жамоа қўл остимдаги 4-ўйинида қатнашган бўлса, бугун биринчи таймда энг ёмон ўйинимизни ўтказдик, деб ўйлайман. Иккинчи таймда гувоҳи бўлганингиздек, ўйин жуда қизиқарли кечди. Ютишимиз ёки юқтазишимиз ҳам мумкин эди. Лекин дуранг адолатли натижа бўлди. Икки жамоада ҳам юз фоизлик имкониятлар юзага келганига қарамасдан, нуқта қўядиган футболчи топилмади. Икки жамоа ҳам бугун ютқазишни истамади ва ғалаба учун майдонга чиққани билиниб турди.
Ўз йўлимизда юришда давом этамиз. Охирги ўйинларда ғалабага яқин кела туриб дуранг ўйнаяпмиз. Бу ким учундир қониқарли ва қониқарсиз. Мен учун бу қониқарсиз ҳолат.
Камчиликларимиз кўзга кўринди. Клубимиз тез орада оёққа туриб кетади, деган умиддаман.
- "Қўқон-1912"да жароҳат олган футболчиларнинг ўрни яққол сезилмоқда. Уларнинг ҳолати қандай? Танаффусдан кейин сафга қайтишадими?
- Икки ўйиндан бери асосий футболчиларимиз – Андрей Сидоров, Анвар Хожимирзаев, Жавоҳир Сидиқовсиз ўйнаяпмиз. Уларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилдик, лекин барибир ўринлари сезилди. 9 сентябрь куни кечадиган АГМКга қарши ўйингача Сидоров ва Сидиқов сафга қайтади. Хожимирзаевга эса яна озроқ вақт керак, чунки шифокорларимиз яна 15 кун бор, дея хулосаларини билдиришди.
- Ўзингиз таъкидлаганингиздек, "Қўқон-1912"ни умуман таниб бўлмади. Бунинг сабаби нимада?
- Тўғрисини айтсам, тайёргарлигимиз нотўғри бўлди. Муаммоларимиз ўзимизга яраша етарли эди. Аммо буни рўкач қилишни хоҳламайман. Йигитларда ички муаммомиз таъсири сезилди. Масалан, майдон томонлама қийналдик. Бундан ташқари, футболчилар тикланиш жараёнида қийинчиликка дуч келдик. Витаминизация ҳам йўқ эди, десам ҳам тўғри бўлади. Лекин бу баҳона эмас. Сиз айтганингиздек, бошқарувимдаги энг ёмон ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Буни тан олиш лозим.
Иккинчи таймда ўйин анча тенглашди. Эътибор берган бўлсангиз, ўзгаришлар қилишга ҳам шошилмадик. Захирамизда ўйинни кучайтирадиган футболчилар кам эди. Биз кўпроқ ҳимояга эътибор қаратишга ҳаракат қилдик. Ўз имкониятларимизни кутдик ва яратдик ҳам, бироқ фойдалана олмадик.
- Охирги дақиқаларда жамоангиз очиқчасига дуранг учун ўйнагани билинди...
- Ҳозир ҳар бир очко биз учун олтинга тенг. Тўғри айтяпсиз, охирги 10 дақиқада 1 очко учун ҳаракат қилдик. Ўйин давомида ўзим ҳам буни йигитларга уқтирдим.
Бугун ўйин олдидан футболчиларга дарвозани "қуруқ" сақлаш лозимлиги ва имконият юзага келтириб, албатта гол уришимизни айтгандим. Дарвозамиздан тўп олиб чиқмадик, лекин гол ҳам ура олмадик. Охирги 10 дақиқада ҳеч иккиланмай дуранг учун ўйнадик.
Comments