Coca Cola Суперлига. Бугунги ўйинлар учун ПРЕВЬЮ. Матбуот котиблари қандай фикрда?
17 aug 2020 08:00
News
Coca Cola Суперлига. Бугунги ўйинлар учун ПРЕВЬЮ. Матбуот котиблари қандай фикрда?
Марказлашган ҳолда ўтказиладиган турдаги ўйинлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти стадионларида ўтади.
Coca Cola Суперлига. 10-тур
НАСАФ — СЎҒДИЁНА
17 август. Бекобод. "Металлург" стадиони. 18:30 (Спорт ТВ)
Ҳакамлар: Аскер Нажафалиев, Олим Абдувосилов, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Санжар Назаров
Назоратчи: Олег Дачев
Комиссар: Ойбек Юнусов
Мажбурий танаффус вақтида деярли ўзгаришларга деярли қўл урмаган клублар ўртасидаги ўйин. "Насаф" бу мавсум фақат битта ўйинда мағлуб бўлди холос. "Сўғдиёна" эса биринчи рестарни ажойиб бошлаб грандларни мағлуб этди, бироқ сўнгги турларга келиб мағлубиятлар кузатила бошланди. Айни пайтда "аждарлар" 16 очко билан 5-ўринда, "Сўғдиёна" эса 11 очко билан 9-поғонада бормоқда.
"Сўғдиёна" танаффус вақтида Ўзбекистон терма жамоаси билан назорат учрашуви ўтказиб 2:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Жиззахликлар сафида голларга Шоҳруз Норхонов ва Даниэль Насриддинов муаллифлик қилишди. Танаффус вақтида "Насаф" легионери Дилявер Харис клубни тарк этди. Босниялик футболчи 9та турда 7та ўйинда майдонга тушиб, 212 дақиқа ҳаракат қилди ва гол ура олмаганди.
Бу жамоалар ҳозирга қадар Ўзбекистон чемпионатида 40 бор тўқнаш келишган. "Насаф" 31та ўйинда ғолиб бўлган, 7та учрашувда "Сўғдиёна"нинг қўли баланд келган. Қолган иккита учрашувда дуранг кузатилган. Ўзаро охирги 5та ўйиннинг ҳеч бирида "Сўғдиёна" бу жамоани мағлуб эта олмаган. Сўнгги бор Жиззах клуби 2018 йилги мавсумда "аждарлар"ни мағлуб этганди.
Сардор Нуров ("Насаф" матбуот котиби): "Аждарлар" охирги учта учрашувда 3 хил натижа қайд этди. "Сўғдиёна" жамоаси эса охирги 3 тада ўйинда 3 очкони қўлга киритди. Жамоаларнинг натижаларини ҳисобга оладиган бўлсак ушбу беллашув қизғин руҳда кечади.
Шаҳзод Сарваров ("Сўғдиёна" матбуот котиби): Хабарингиз бор, чемпионатимизда тўхталиш бўлди. Суперлигага иккинчи бор рестарт берилмоқда. 10-турдан ўйинлар марказлашган ҳолда давом эттирилади. "Насаф"га ҳам, "Сўғдиёна"га ҳам очколар жуда зарур. Иккала жамоа 3 очкони қўлга киритиш учун майдонга тушади. Менимча биринчи таймда анча ёпиқ ўйин бўлади. Сабаби икки жамоа ҳам бир-биридан ҳадиксираб ҳаракат қилади. Иккинчи бўлимда эса очиқ ўйин бўлиши кутилмоқда.
Nasaf Islom Kenjaboyev - 15', Bobir Abdikholikov - 36', Husayin Norchaev - 90' |
Superliga. Round 10 17/08/2020, 18:30 0
:
3
Finished
|
Sogdiana |
БУНЁДКОР – МЕТАЛЛУРГ
17 август. Олмалиқ. ОКМК стадиони. 18:30 (Оилавий ТВ)
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Ҳусниддин Шодмонов, Султонмурод Улфатов, Тўрабек Суюнов
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Шоҳруҳ Саид
Бу мавсум ўз майдонида 4та ўйиннинг барчасида ғолиб бўлган "Бунёдкор" сафарда ҳозирга қадар энг кўп очко олган "Металлург" билан Олмалиқда куч синашади.
"Бунёдкор" ўз сафига Хуршид Ғиёсовни қўшиб олди, бироқ ҳозирча у ПФЛдан рўйхатдан ўтказилгани йўқ. "Металлург" ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда таркибда деярли ўзгариш қилмади.
Мазкур жамоалар шу кунга қадар ўзаро 28 маротаба куч синашишган. Натижалар пойтахтликлар фойдасига. Тошкентликлар 21 та ўйинда ғалаба қозонишган. 3 та ўйинда “Металлург”нинг қўли баланд келган. 4 та учрашувда эса дуранг қайд этилган.
"Металлург" бу жамоа дарвозасига учта ўйиндан буён гол ура олмаяпти ва ўша учала ўйинда ҳам мағлуб бўлган.
Фурқатбек Нишонов ("Бунёдкор" матбуот котиби): "Эртанги баҳс қизиқарли кечишига асослар жуда кўп. Хусусан, "Металлург" азалдан анча жамоанинг ноқулай рақиби бўлиб келган. Қолаверса, исталган жамоага "бош оғриқ" бўла олади. Шунингдек, "Бунёдкор"га қарши беллашув "Металлург"нинг рестартдаги илк ўйини. Жамоа футболни соғинган. "Бунёдкор" эса, 9-турнинг қолдирилган ўйинида ноқулай рақиб "Бухоро" билан дуранг ўйнади. Табиийки, футболчиларимиз йўқотилган очколарни ўрнини қоплаш мақсадида ҳам эртага фақат ғалаба учун майдонга чиқади ва бу ўз-ўзидан ўйинни янада қизиқарли кечишига замин яратади. Учрашувни қизиқарли кечишига яна бир омил, баҳс нейтрал майдонда бўлиб ўтади. Ҳеч ким мезбон эмас. Одатда клублар сафар баҳсида ҳимоявий ўйин кўрсатади. Марказлашган баҳсларда номинал мезбон бўлса-да, амалда йўқ. Бу ўйинга ижобий таъсир қилади".
Комилжон Жумаев ("Металлург" матбуот котиби): “Бунёдкор” мамлакатимизнинг кучли ва номдор клубларидан. “Қалдирғочлар”га қарши тўп суриш “Металлург” учун ҳамиша оғир кечган. Айниқса сафар учрашувларида. Иккинчи марта рестартдан кейинги ўйин ҳам бекободликлар учун осон бўлмайди. Боиси “Бунёдкор” уч кун муқаддам “Бухоро”га қарши баҳс юритди ва ўйин амалиётига эга. Ҳар иккала жамоа мусобақа жадвалининг юқори поғоналарида боришяпти. Шу маънода бу галги ўйин жуда қизиқарли ва муросасиз ўтишига шубҳа йўқ. Бундан ташқари ўйиннинг нейтрал майдонда ўтказилиши жамоаларнинг имкониятини тенглаштиради. “Металлург” бу йилги мавсумда сафар учрашувларида кўпроқ ижобий натижани қайд этаяпти. Бу гал ҳам анъана давом этишига умидвормиз".
Bunyodkor Nurillo Tukhtasinov - 53', Nurillo Tukhtasinov - 59' |
Superliga. Round 10 17/08/2020, 18:30 0
:
2
Finished
|
Metallurg |
АГМК – ЛОКОМОТИВ
17 август. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони. 19:00 (Дунё бўйлаб ТВ)
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Расул Фозилов, Максим Нехочин, Фарруҳ Янсупов
Назоратчи: Ноил Лутфуллин
Комиссар: Муҳаммад Содиқ Содиқ-Охунов
Миржалол Қосимов ва Андрей Фёдоров тўқнашуви. Бу мавсум ҳали мағлуб бўлмаган ягона клуб АГМК бир қатор етакчилари билан хайрлашишда давом этаётган "Локомотив" билан ўйнайди.
Ёзги трансфер ойнаси очилгач ҳар иккала жамоа сафида ўзгаришлар руй берди. Хусусан ўтган йил АГМКга келган Эркин Байдуллаев "Қизилқум"га трансфер қилинди. "Локомотив"нинг ҳам икки футболчиси Игнатий Нестеров ва Ойбек Қиличев "Қизилқум"га ўтиб кетди. Ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимов эса "Навбаҳор"га кетди.
Бу клублар Ўзбекистон чемпионатида ҳозирга қадар 22 бор ўзаро ўйин ўтказишган. 14 марта "темирйўлчилар" зафар қучишган. 4 бор АГМК ғолиб бўлган ва яна 4 учрашувда ғолиб номи аниқланмаган.
АГМК кетма-кет учта ўйиндан буён "Локомотив"ни мағлуб эта олмай келмоқда. Сўнгги бор Олмалиқ клуби 2018 йилги мавсум бу жамоани мағлуб этган эди.
Шаҳбоз Беғамов (АГМК жамоаси матбуот котиби) — «Бир ҳафтадан буён жамоа қароргоҳига борганим йўқ. Сабаби, ҳозир даволанишдаман. Афсуски, бугунги ўйинни масофадан, яъни телевизор орқали томоша қиламан. Лекин унга қадар жамоадаги ҳолат ва навбатдаги рестартга тайёргарликни бевосита гувоҳи сифатида айтаманки, бутун жамоа футболга чанқоқ. Жиддий концентрация, аъло кайфият ва ишчанлик руҳида тобланиб меҳнат қилинмоқда.
Жорий мавсум жамоамиз кўтаринки руҳда иштирокини давом эттирмоқда. Натижалар бежиз эмас, айниқса ўтган галги рестартда Қосимов бошчилигидаги мураббийлар штаби жамоани пухта тайёрлай олишди. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ: ишга жиддий муносабат ва профессионализм ҳамоҳанг. АГМКда чизилган ўйин услуби, маълум тизим пайдо бўлган. Тактик ранг-баранг ҳамда рақиб жамоаларнинг кучли ва кучсиз тарафларидан келиб чиқиб баъзи деталларни ўзгартириб, ҳар бир учрашувда ва ўйин боришига қараб вазиятни ўз томонига буриш салоҳияти юқори бўлган штаб ишламоқда.
Чемпионат тўхтаганига 1 ойдан ошди ва ҳозир барча жамоалар жумбоқ ҳолатида. Муҳими, жисмоний тайёргарлик қай даражадалиги.
Ўйлайманки, бу гал мураббийларимиз томонидан олиб борилган аниқ дастурий машғулотлар форс-мажор ҳолатида яна тезда жамоани ўтган галгидек «ўйинга қайтаради». Тактик-техник тарафлама ҳам футболчиларимиз керакли даражада тайёрлигига ишончим комил.
Ҳозирги «боксинг дэй» тақвими жамоаларни тезроқ ўйин «таъмини» сезиб олишлари учун муҳим. Ротацияларга ҳам талаб ошади. Қувонарлиси, бизда рақобат кучли ва мураббий доимий ротациялардан оқилона фойдаланади ҳамда энг муҳими, бу жиҳат жамоамиз ўйин тизимини бузиб қўймаяпти. Бу нимадан далолат? Ҳамма мураббий фалсафасини тўғри англаган. АГМКда юлдузли номлар эмас, бутун жамоа бир-бирини тўлдириб ўйнайди. Менимча, ҳозирги муваффақият сиримиз шунда. Бугун рақибни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтаманки, АГМК олмалиқликларни яна хурсанд қилади. Чунки бутун АГМК аҳил жамоаси футболни соғинган ва жорий мавсум катта вазифаларни бажаришни мақсад қилган».
Хайрулла Холиқов ("Локомотив" матбуот котиби): Иккинчи бор рестарт бериладиган Суперлига олдидан бир нима дейиш қийин. "Локомотив" охирги расмий учрашувини ўтказганидан бери бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Бу орада Суперлиганинг барча жамоалари турлича тайёргарлик кўришди. Шу боис ҳозир ким қандай ҳолатда аниқ гап айтиб бўлмайди. Ўйин нейтрал стадионда бўлади, бу эса ҳеч бир томонга устунлик бермайди. АГМК бу мавсум ҳали ютқазмаган ягона жамоа бўлиб турибди. "Локомотив" эса ўзидан кутилган натижаларни қайд эта олмаяпти. Шу боис "темирйўлчилар" фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушадилар. Жамоа бош мураббийи Андрей Фёдоров айтганидек, ҳар қандай серия барибир якун топади. Шундай экан, АГМКнинг мағлубиятсиз сериясини "Локо" йўққа чиқарса ажаб эмас.
OKMK Йован Жокич - 47', Zafar Palvanov - 88', Jasur Umarov - 90' |
Superliga. Round 10 17/08/2020, 19:00 1
:
3
Finished
|
Lokomotiv Marat Bikmayev - 36' |
Comments