Latest news

22:11"Нефтчи"дан кетган Левченко Суперлигада "йил мураббийи" совринини қўлга киритди  2 22:06"Реал" ТВ Родригонинг "Жирона" билан ўйинда йиқилиши ҳақида: "Контакт бор — демак, пенальти"  2 21:44Opta ЖЧ-2026да терма жамоаларнинг чемпион бўлиш эҳтимолини ҳисоблаб чиқди, рўйхатда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бор  2 21:06Мбаппе бир йилда 60 та гол урди, XXI асрда фақат 3 киши ундан яхшироқ натижа қайд этган  5 20:57Баъзи "Реал" ўйинчилари Алонсо услубларига ишонмаяпти. Бошқалар фикрича, муаммо мураббийда эмас  1 19:49"Ливерпуль" "Реал" футболчисини сотиб олишга тайёр  1 19:21Алонсо "Реал"нинг устувор трансфер мақсадини аниқлаб олди  1 18:52"Челси" сардори Жеймс: "Ҳамма нима учун курашаётганимизни кўрмоқда"  2 18:25Инсайд тасдиқланди: "Нефтчи" Виталий Левченко билан хайрлашганини маълум қилди  26 18:17"Пахтакор" академияси Ўзбекистон рекордини ўрнатди  3 18:07Душан Мийич: "Ўзбекистон Суперлигасида сифатли майдонлар кўпайди"  0 17:39Манба: "Олимпик" "яшайди"  6 17:17"Нефтчи" Левченко билан хайрлашди  21 16:53Манба: "Нефтчи" етакчиси жамоада қолади  3 16:23Неймар Винисиусга "Реал"даги келажаги бўйича маслаҳат берди  5

“Бу киши мактабда нима қиляптилар?” – Одил Аҳмедов футболдаги илк устози Набижон Ҳайдаров билан илк танишувни эслади News

“Бу киши мактабда нима қиляптилар?” – Одил Аҳмедов футболдаги илк устози Набижон Ҳайдаров билан илк танишувни эслади

Бахтиёр Абдуғафур муаллифлигидаги “Одил Аҳмедов: Орзунинг шонли йўли” китобида футболчининг ёшлигидаги воқеа эсланган.

Одил Аҳмедовнинг футболдаги илк устози бўлган Набижон Ҳайдаров билан биринчи марта қандай танишгани тўғрисидаги ҳикояни тақдим этамиз.

***

Биринчи дарсни ўтдик. Иккинчисини ҳам. Катта танаффус бўлди. Нима қилишни билмай турардим. Қарасам ҳамма ташқарига чиқяпти. Мен ҳам қўшилиб кетдим. Мактаб майдонида қий-чув кўтарганча болалар, улар орасида ёши катталар ҳам бор, футбол ўйнашарди. Мендаги тортинчоқлик, аллақандай ётсираш дарров чекинди. Югуриб бордим. Маҳалламиздаги қўшни болалар мени кўриб дарров имлади.

- Одил ўйнайсанми? Кел, бизга қўшил, одам етишмаяпти.

Дарров қўшилдим. Қизил резина тўпга югурдим. Новчароқ, катта синфдаги бир бола коптокни ҳеч кимга бермай, ҳаммани алдарди. Дарвозага яқин борганда ортига қайтардида, бошқатдан алдашни бошларди. Эрмак қилгандек. Кичкиналигим, унга қараганда кучсизлигимни ҳам унутиб тўпга оёқ қўйиб юборибман. Копток унинг оёғидан узилиб сапчиди. Тўпга биринчи бўлиб мен етиб бордим. Тўпни олиб, югурганча қарама-қарши дарвозага – иккита тош томон учдим. Дарвозабонни – юқори синфдаги яна бир болани доғда қолдириб гол урдим. Жамоамиздагилар хурсанд бўлиб кетишди. Ҳалиги новча боланинг аччиғи келганини юз-кўзидан билдим. У тўпни олди, ҳаммани бирма-бир алдаб чиқишга қасд қилгандек бизга юзланди. Ўзича бир-икки ҳаракат қилган бўлди, финт ишлатди, лекин ёнимга келганда нимадир бўлдию, яна омадим келди: коптокни олиб қўйдим. Яна учдим. Яна гол…

- Ҳой бола, ҳой бола!.. Ҳа, сен, буёққа кел!..

Қирқ беш – эллик ёшлардаги бир киши – тоғам ўйнайдиган жамоа мураббийи майдон четида туриб менга имларди. Чўчидим. Бирор ёмон нарса қилиб қўйдимми, деган ўйга бордим. “Бу киши мактабда нима қиляптилар?” дегич ўй ҳам кўнглимдан оралади. Шимимдан чиқиб кетган кўйлагимни жойига қайтаришга уриниб бордим.

- Биринчи синфга келувдингми?

- Ҳа…

- Кимнинг ўғлисан?

- Олимжон аканинг…

- Э, ўзимизнинг Раҳимжоннинг жиянимисан?

У кишининг ёқимли чеҳраси ва жилмайиб гапиришидан анча дадилландим.

- Мени танийсанми?

- Ҳа, тоғамнинг домлаларисиз…

“Тоғамнинг домласи” кулиб юборди. Бизда, Наманганда, устоз ёки тренер домла дейилади. Кулгани шунга эди.

- Футболни яхши ўйнаркансан. Мактабда домламан, футбол тўгарагимиз бор. Келгин, хўпми? Менда шуғулланасан, тушундингми?

- Хўп, домла…

Бу киши футболдаги илк устозим Набижон Ҳайдаров эди.

Етти ёшда эдим, биринчи синфда ўқирдим…

***

“Одил Аҳмедов: Орзунинг шонли йўли” китобидан


Rating: +16   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика