Болалар футболи ҳақида, германиялик Сашанинг қийнаган саволи....
25 jul 2016 10:00
News
Болалар футболи ҳақида, германиялик Сашанинг қийнаган саволи....
Бизга жуда кўп ота - оналар мурожаат қиладилар. Табиийки, мен ҳам мураббийнинг жавобини айтаман. Онгимизга сингиб қолган, гап унга ёрдам бермасликда эмас. Шунчаки 10 ёшли болани кўрмайди. Жа яқин танишингиз бўлса, 2та машғулот кўради ва ўзига умуман бегона жамоада биринчи кунни ўзидаёқ киришиб кета олмаган болага жавоб беради. Кўрдингми, кўрдим. Илтимосни рад этмади муҳими. Аслида ҳаммаси бошқача бўлиши керак. Бир болакайга 1 ой имконият бермай туриб, унинг ҳолатига баҳо бериб бўлмайди. Оддий мисол, янги улфатлар қаторига чойхонага кирдиз. Бирини сафар уялиб дастурхонга ҳам қўл чўзмайсиз. Иккинчисидан 2 киши билан чиқишасиз, тўртинчисига келибгина ярим меҳмон билан дўст бўласиз. Буни барчасига вақт керак, энди 10 ёшга энди тўлган бегона болани олинг...
Бундан бир ҳафта аввал Германиянинг “JFL-Schlotheim” жамоасининг бошқарувчиси ва катта мураббийи Тошкентда бўлиб, ўзбек футболи билан жиддий қизиқдилар. Уларнинг мақсадида, пойтахтдаги ҳамкорлар билан Германия болалар футболи дастури асосида фаолият олиб борадиган мактаб очиш. Бу текин бўлмайди, Европада текин деган нарса аллақачон унут бўлган. Меҳмонларимиз, Эльфи Ферншилд ва Саша Роутерни Ўзбекистонда яратилган шароитлар лол қолдирди деб айтишим мумкин.
Саша Роутерга миллий, ўйма сувенир совға қилинди.
Уларни “Бунёдкор” стадионига олиб борар эканмиз, стадион билан ортиқча ҳайратлантира олмаслигимизни билардим. Лекин у ерда болалар футболига яратилган шароит, ечиниш хоналарининг кенглиги, футболчилар истиқомат қиладиган база билан янгилик қила олишимизга ишонгандим. Улар Тошкентга умуман бошқа фикр билан келган эдилар, буни яшириб ҳам ўтирмадилар. Айниқса “Бунёдкор” академиясида жойлашган тиббий бўлимдан ҳайратга тушдилар. Стадионнинг бир хилдаги катта – катта 4та ечиниш хонаси ҳам уларни қизиқтириб қўйди. Боиси, Европада ҳар бир квадрат метр катта пул туради. Шунинг учун у ерлардаги ечиниш хоналари жуда кичкина бўлади. “Сельта” шарафини ҳимоя қилган Александр Мостовой ўз китобида шундай ёзган эди:
- Мен билан “Сельта” янги шартнома имзолашни истаса, аввало ечиниш хонасини талаб даражасига келтирсин. 18 нафар футболчи учун кичик хонадаги иккита душ жуда кам.
Қисқаси “Бунёдкор” стадионига ташриф, уларнинг биздаги болалар футболига бўлган эътиборимизни тубдан ўзгартириб юборди. Келинг, қисқача “JFL-Schlotheim” академияси ҳақида айтиб берамиз.
2007 йил очилган мазкур академия, Германиядаги тўртта хусусий академиянинг биттаси. Бу мамлакатда хусусий академиялар кўп эмас. Мактаблар бор, аммо ётоқ билан таъминлайдиган хусусийлари тўртта. Франкфуртдан 2 соатли узоқликда жойлашган Шлотхайм шаҳарачаси ўрмон бағрида, қанча машғулот ўтказсангиз шунча камдек. Яқинда, “Shosh Contact Travel” компанияси томонидан, 2003 йилда таваллуд топган “Пахтакор” академияси тарбияланувчиси, Даврон Қориев мазкур академия билан шартнома имзолади. Айнан шунинг учун академия раҳбарлари Тошкентга келиб, ўзбек футболини ўрганиб қайтдилар.
Академияда учта ёш тоифасидаги болалар машғулот олиб боришади. Булар, 2003, 2005 ва 2007 йилларда таваллуд топган ўспиринлар. “JFL-Schlotheim”ни Германиядаги қолган академиялардан фарқи, сиз 12 000 евро эвазига бир йиллик таълимга эга бўласиз. Академиянинг бошқалардан устун томони шундаки, унда нафақат футбол, балки мактаб дарсликларини барчаси бирдек ўқитилади. “Яқинда бир тарбияланувчимиз ўзидан футболчи чиқмаслигига кўзи етганлиги учун Университетга киришга қарор қилди.Германияда таълим бепул, қўшимчасига стипендия оласиз. Талабамиз ўз келажагини химия сохасида кўрди ва бизнинг мактабимизда футболдан ташқари химияни ҳам мукаммал ўрганганлиги учун қийинчиликсиз ўқишга кирди”, - дейди Саша Роутер.
Айнан шу фарқ эвазига аксар ота оналар ўз фарзандларини мазкур академияга жойлаяптилар. Тўғри, бу нарх Европа учун ҳам арзон эмас, лекин бугунги кундаги шиор, “келажак учун тикилган энг катта сармоя, бу фарзандингизга тикилган сармоя” у ерда амалда қўлланиляпти. Агар Тошкентда ҳам шундай мактаб очиладиган бўлса, биз ҳам шу услубдан фойдаланмоқчимиз, ҳозирча бунга бироз вақт керак.
Немислардан ўрганадиган нарсамиз кўп, айниқса болалар футболида. Сашани айтишича, 2002 йил Германия футболи орқага кета бошлади. Ўша ЖЧ финалидаги мағлубиятдан кейин мамлакат футболи тарсаки егандек бўлган ва махсус дастурни ишлаб чиқди. Натижа ўзини узоқ куттирмади. 12 йил ўтиб немислар жаҳон чемпионатида зафар қучдилар. Бугунги кун юлдузаларинг бари ўша дастур меваси. Сиз у ерда ўзингиз билганингизча мактаб очиб олиб машғулот ўтказа олмайсиз. Сиз ишлайдиган макбат албатта Германия футбол федерацияси томонидан тасдиқлаб берилиши лозим ва у назоратда бўлади. Бу нафақат Германияда, балки Испанияда ҳам. Испаниянинг ютуғи Германияникидан анча юқори бўлди.
Икки меҳмонимизни “Спартак” болалар мактабига олиб бордик. У ерда Ислом Аҳмедов “B” курси учун дарс бераётган эди. “Қурол” сифатида, 2003 йилда таваллуд топган футболчилар танланган. Меҳмонларимиз машғулотларни зимдан кузатар эканлар, ўнг қанотда тўп тепаётган ёш болакайни “жавоҳир” деб атади, агар ота – онаси рози бўлса 12 000 еврони академия ҳисобидан тўлаб ўқитишларини айтишди. Бундай болалар кўплигини айтганимиздан кейин, бирон бир турнир ташкил этишимиз ва улар келиб яна бир бор кўришларини сўрашди.
"Бунёдкор" ва "JFL-Schlotheim" ўртасида меморандум имзоланиш жараёни
Машғулотни кўрар экан, Саша бир савол билан мурожаат қилди:
– Нима учун футболчилар хато қилаётганда мураббий ўйинни машғулотни тўхтатиб уни тўғирламаяпти? Бизда бир мураббий майдонда, иккинчиси тепада туриб кузатиб боради. Хатони жойида тўғирлаймиз. Кейин, дарвозабонлар мураббийи ҳам кўринмаяпти...
Эх, Сашажон... Ҳамма гап шунда-да. Ислом Аҳмедовни ўзи тан олиб турибди-ку... Икки немис мутахассиси, тўрт нафар мураббийни бепул ўқитиб беришларини айтишди. Шунда Ислом Аҳмедов, менга қараб, кимни юборамиз, кимни? Муаммо мана шу ерда-ку, дея жилмайиб қўйди. Ҳақиқатдан ҳам бизда жавоҳирлар кўп, тўлиб ётибди. Аммо бу жавоҳирни авайлайдиган мураббий йўқ.
Ҳозиргина бир иш билан Испания футболини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдим ва унда ўзимга анча кўп янгиликларни олдим. Яқин кунларда Тошкентда Германия футбол андозасида фаолият олиб борадиган болалар футбол мактаби очилиши мумкин. У ерга таклиф этишди, кўрамиз, лойиҳа аввало ўхшасин. Ўхшамаган тақдирда ҳам қуйидаги маълумотлар ҳеч кимга зиён қилмаса керак. Ўз келажагимни журналистикада эмас, болалар футболида кўраётган эканман, бу маълумотлар аввало ўзим учун катта қизиқиш уйғотди.
Меҳмонлар "Спартак" мактабидаги машғулотларни кузатяптилар
Испанияда 4-10 ёш улар ҳаваскор ҳисобланади ва бу ёшда ҳар ким истаганича машғулот ўтказади. 10 ёшгача ҳафтасига 2 маротаба машғулот холос. Бола авайланади. Бизда бироз бошқачароқ, уч маҳал ва иссиқ ҳавони ҳам қўшамиз. Масалан, "Барселона" ва "Реал"нинг мактаблари 10 ёшдан жиддий қабулни бошлайдилар. "Реал"нинг филиали жуда кўп, уларда пулини тўлаб ўқийверасиз. Бу маркетинг томонидан бренддан фойдаланиш. "Барселона"да эса аксинча, филиаллар жуда кам.
Испанияда 4 ёшданоқ фарзандингизни футболга бера оласиз. Машғулотлар якшанба куни, ҳафтасига бир маротаба бўлади. Деярли барча клубларда 4 ёшдан ҳаваскор қабул бор.
"Барселона"ни Испаниядаги филиаллари кам, 5та. Шулардан 4таси Каталонияда бўлса, биттаси Тенерифеда. Фарзандингизни 180 евро эвазига рўйхатдан ўтказиб кўрикдан ўтказишингиз мумкин. Агар ўғлингиз ўта истеъдодли бўлса, марҳамат улар ҳаттоки сизни ойлик маоши билан таъминлайдилар. Месси билан айнан шундай ҳолатни кузатганимизни билсангиз керак. Ўз пайтида Хоан Лапорта, Мессини ота - онасини уй жой ва маош билан таъминлаш эвазига Аргентинадан Испанияга кўчириб олиб келган эди.
Лойиҳа ташкилотчиси, "Shosh Contact Travel" раҳбари Дилшод Қориев меҳмонлар билан "Пахтакор" стадионига ташриф буюряпти.
"Эспаньол" клубида имтиҳондан ўтишингиз шарт эмас. 140 еврога ёзиласиз ва ойига 67 евро тўлаб турсангиз бўлгани.
Каталонияда яна бир жамоа мавжуд, "Корнейя". Бу мактабнинг бошқалардан фарқи шундаки, у ерда сиз нафақат футбол ўрганасиз, балки мактаб таълимини ҳам бердек оласиз. Натижада фарзандингиз футболчи бўлмаса, ундай ҳолда ақлини пишитган ҳолда бошқа касбни танлаш имкониятига эга. Қабул йил давомида, бир ҳафтадан бир ойгача синовдан ўтасиз. Бу ерда нарх наво ота-онанинг талаблари асосида белгиланади.
"Реал"ни Мадриддаги филиаллари сони 15та. Кастилья ва Леонда ҳам биттадан. Шунингдек, дунёнинг 66та давлатида "Fundación Real Madrid" компанияси фаолият олиб бораяпти. "Реал"нинг мактабидаги талаблар, унинг асосий рақиби "Барселона"чалик эмас. Бу ерда сиз 80 евро тўлаб имтиҳондан ўтган ҳолда, ойига 45 евро тўлаб ўқишингиз мумкин.
Меҳмонлар Ўзбекистон МОҚ бош котиби Ойбек Касимов қабулида
Дилшод Қориев, Республикамиз президенти томонидан, маҳаллий футболга жуда катта эътибор берилиши ҳақида сўзлаб бераяпти.
Мадриднинг яна бир жамоаси "Атлетико"да ишлар бироз бошқачароқ. Мадрид ва Мадрид атрофида жами 15та мактабга эга клуб 4 ёшдан болаларни қабул қилади. 10 ёшда эса жиддий имтиҳондан ўтказади. Мактабга ёзилиш 95 евро, ҳар уч ойда 150 евродан воз кечасиз.
"Валенсия"да йилига 900 евро тўлашингиз керак. Агар сиз ўта истеъдодли бўлсангиз, "Барселона"да бўлгани каби ота - онангиз ҳам иш билан таъминланади.
Гувоҳи бўлганингиздек, Европада футбол, бу - пул. Лекин шунга яраша фарзандингиз профессионал даражага чиқади. Бизда ҳам клубларимиз яратилган шароитлардан бошни қотириб, бир бошқача ишлашни ўрганишлари керак.
Бу мавзуни ҳали кўп давом эттирамиз,
сизлар билан Нодирхўжа Юлдашев бўлди.
Одатга кўра, "CA" офисида эсдалик учун суратга тушиш маросими.
Comments