Latest news

20:04Ўзбекистон кубоги. "Қизилқум" – "Андижон" (онлайн ҳисоб)  2 20:01Ибрагимович "Милан"даги вазифаси ҳақида маълумот берди  1 19:50Ўзбекистон Кубоги. "Сўғдиёна" – "Навбаҳор" (матнли трансляция)  16 19:39Фонсека "Милан"нинг кейинги мавсумдаги мақсадини айтди  1 19:18Ўзбекистон Кубоги. "Қизилқум" – "Андижон". Таркиблар маълум  3 18:50"МЮда ўйнаш осон эмас" — Андре Онана  3 18:31Расман: "Динамо" бразилиялик вингер трансферини эълон қилди  4 18:05Ди Мария фаолиятини қаерда давом эттириши маълум  2 17:38Кроос Медиалигани ишга туширди, иштирокчилар орасида ўнлаб футбол юлдузлари бор  1 17:11"Ал Насср" ҳимоячиси Европага қайтиш учун маоши сезиларли даражада камайишига ҳам рози  3 16:46"Менинг уйим – фақатгина "Манчестер Юнайтед"  8 16:17"Моуринью миянгизга қандай кириб боришни билади"  1 15:49Винисиус: "Биз Мбаппени эҳтиёт қилишимиз ва ёрдам беришимиз керак"  5 15:16"Пахтакор" стадиони ёпилди, клуб қачон уни таъмирдан чиқаради?  18 14:49Азиз Асимов йўқ пенальтини қўйган. 14-турдаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  12

БААнинг биз учун ноқулай авлоди News

БААнинг биз учун ноқулай авлоди

Бугун миллий терма жамоамиз жорий йилдаги ягона расмий ўйинини ўтказади.
“Бунёдкор” стадионида Миржалол Қосимов шогирдлари БАА билан Осиё Кубоги саралаш баҳсларининг охирги турида тўқнаш келишади. Шундан кейин келаси йилнинг январь ойида бошланадиган Осиё Кубогига қадар бошқа расмий учрашувда майдонга тушмаймиз. Рақиб ҳақида турли маълумотлар билан ушбу мақолада таништириб ўтамиз.

Бу сафарги рақибни биз учун энг ноқулай жамоалардан бири сифатида эътироф этсак бўлади. Чунки БААнинг ҳозирги авлоди билан кўп марта тўқнаш келиб, бирор марта ғалабага эришмаганмиз. Таркибда 24 ёшдан кичик бўлган футболчилар сони 15 нафарни ташкил қилади, шунингдек, қолган ўйинчилар ҳам 27 ёшдан эмас. 90 фоизга. Шу сабабли ҳозирги авлод термаси деб бемалол ёзиш имкониятига эгамиз. Бу жамоа билан илк тўқнашув 2008 йил Саудия Арабистонида ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финали бўлган. Ўшанда рақиб 2:1 ҳисобида зафар қучган.



2010 йил эса Осиё ўйинларида БАА бизни 3:0 ҳисобида доғда қолдирган. Кейинчалик Олимпиада саралаш баҳсларида 0:0 ва 2:3 ҳисобларидаги натижалар БААнинг Лондонга боришини таъминлаганди. Ниҳоят, ўтган йили Осиё Кубоги саралаш учрашувида сафарда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганмиз. Ўша жамоаларни Маҳди Али бошқарган. Демак, ушбу мутахассис ўзбек терма жамоаларига ҳозирча бош мураббий сифатида ютқазмаган. Бу салбий анъанани йўққа чиқариш вақти етиб келди.

БАА ФУТБОЛ АССОЦИАЦИЯСИ
Ташкил топган вақти:
1971 йил
ФИФА аъзоси: 1972 йилдан
ОФК аъзоси: 1974 йилдан
Расмий интернет сайти: www.uaefа.ае
Президенти: Юсуф Ал Серкал
Футбол билан шуғулланувчилар сони: 82 776
Профессионал футболчилар сони: 7 776
Клублари сони: 31
Футбол расмийлари сони: 986

«Заид шерлари» ва «оқлар» лақаби билан машҳур бўлган терма жамоа ҳар икки-уч йилда турли хил натижаларни қайд этиб келади. Қайсидир икки йилни жуда юқори тарзда ўтказган терма жамоа нимагадир бир хиллиликка эриша олмайди ва баъзан аутсайдерлар қаторига ҳам тушиб қолади. Лекин Маҳди Али бошқарувни қўлга олгач, БАА ўйинида ижобий тарафга ўзгариш кўзга ташланди. Таркибга жалб этилган ёшлар ишончни оқлашди. Охирги марта БАА 2012 йилнинг 6 сентябрь санасида Японияга ўртоқлик учрашувида 0:1 ҳисобида ютқазганди. Шундан буён Маҳди Али шогирдлари мағлубият нималигини билмай келмоқда.



БАА терма жамоаси ўзининг биринчи муваффақиятига 1989 йилда эришган. Ўшанда жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини юқори кайфиятда ўтказган футболчилар мундиал финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишганди. Аслида бу воқеа 1986 йилда содир бўлиши ҳам мумкин эди, аммо ҳал қилувчи саралаш учрашувида Ироққа имкониятни бой бериб қўйган Амирликлар футболчилари бундай имкониятдан маҳрум этилишганди. Шунга қарамай, ўша жамоа ўз йўлида олға давом этди ва орадан тўрт йил ўтгач, ишқибозларини ажойиб натижа билан хурсанд этишга эришди. Италияда ўтган мундиалда гуруҳ босқичида Германия, Югославия ва Колумбия билан тўқнаш келган араблар барча учрашувда енгилишди. Албатта, ўша пайтда жаҳоннинг кўзга кўринган жамоаларига қарши туриб бериш БААнинг қўлидан келадиган иш эмасди. Шундай бўлса-да, жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг ўзини ҳам катта муваффақият деб айтса бўлади.

1996 йил Осиё Кубогида финалда Саудия Арабистонига имконият бой берилган. Шундан сўнг бир оз «таътил»га чиққан Амирликлар термаси 2007 йилдагина халқаро миқёсдаги ғалабага эриша олди. «Форс Кўрфази Кубоги» финалида Уммонни Исмоил Матарнинг ягона голи эвазига мағлуб этган БАА ўзининг тарихий муваффақиятини нишонлади. 2013 йилда эса буни такрорлади. Бу сафар асосий ролларда Аҳмад Ҳалил ва Омар Абдулраҳмон сингари футболчилар бўлишди.



БАА ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаблари:
“Оқлар” (“Ал Абяд”)
Бош мураббийи: Маҳди Али
Сардори: Али Ҳасиф
Энг кўп ўйин ўтказган футболчиси: Аднан Ал Таляни (161 учрашув)
Тўпурари: Аднан Ал Таляни (52 гол)
Стадиони: “Шайх Зайд” стадиони
ФИФА рейтингидаги ўрни: 58
Энг юқори ўрни: 42 (1998 йил ноябрь)
Энг қуйи ўрни: 138 (2012 йил январь)
Биринчи халқаро ўйини: Қатар – 1:0 (1972 йил, 17 март, Саудия Арабистони)
Энг йирик ғалабаси: Бруней – 12:0 (2001 йил 14 апрель, Бруней)
Энг йирик мағлубияти: Бразилия – 0:8 (2005 йил 12 ноябрь, БАА)
Муваффақиятлари: Осиё Кубоги финалчиси 1996, “Кўрфаз Кубоги” ғолиби 2007, 2013, жаҳон чемпионати 1990 ва Конфедерациялар Кубоги 1997 иштирокчиси.

БАА МАМЛАКАТИ
Пойтахти:
Абу Даби
Йирик шаҳарлари: Дубай, Шаржа, Фужайра
Пул бирлиги: дирхам
Расмий тили: араб
Ҳудуди: 82,880 кв.км.
Аҳолиси: 2, 48 миллион
Интернет домени: .ae

БААга футболнинг кириб келиши ва унинг тараққий этишида Британия ҳарбий зобитларининг ҳиссалари катта бўлган. Британиядан ташриф буюрган аскарлар ва савдогарлар маҳаллий аҳолига номаълум бўлган ўйинни ўйнай бошлашган. Тез орада араблар бу спорт турига қизиқиб қолишган, лекин ҳукумат буни расмийлаштиришни анча ортга чўзган. Футбол йигирманчи асрнинг бошларида кириб келган бўлса-да, унинг расман тан олиниши ўтган асрнинг иккинчи ярмида рўй берган. Футбол ассоциацияси 1971 йилга келиб тузилган бўлса, орадан бир йил ўтиб, у ФИФАга ва 1974 йил ОФК аъзосига айланган. Шуни таъкидлаш лозимки, футбол ассоциацияси БААда биринчи бўлиб тузилган спорт ҳукумати ҳисобланади. 1980-йилларнинг бошидан миллий терма жамоа аста-секинлик билан кучая бошлади ва қисқа йилларда муваффақиятларни қўлга киритди. Айни пайтда мамлакатда 7776 нафар футболчи профессионал сифатида рўйхатдан ўтган. Яна 75 000 киши ушбу спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келади. Клублар борасида эса бу давлатнинг кўрсаткичлари жуда мақтанарли даражада эмас. Амирликларда ҳаммаси бўлиб 31 жамоа фаолият кўрсатади. Лекин аҳолиси кўп бўлмаган мамлакат учун бу ўртача натижа саналади.



2000 йилдан кейинги бош мураббийлар:
Абдуллоҳ Масфар   2000
Анри Мишель (Франция)   2000-2001
Абдуллоҳ Сақр   2001
Тини Рюйс (Голландия)   2001
Жо Бонфрере (Голландия)   2001
Рой Хожсон (Англия)   2002-2004
Аад Де Мос (Голландия)   2004-2005
Дик Адвокат (Голландия)   2005
Бруно Метсю (Франция)   2006-2008
Доминик Батени (Франция)   2008-2009
Сречко Катанец (Словения)   2009-2011
Абдуллоҳ Масфар   2011-2012
Маҳди Али   2012-...

Али миллий терма жамоада 2012 йилнинг август ойидан бери фаолият юритиб келмоқда. Терма жамоаларда эса 2008 йилдан буён бош мураббий сифатида ишлаяпти. У БААда турли ёшдаги терма жамоаларни жаҳон чемпионати ва Олимпиадага олиб чиққан ягона мураббий саналади.



Маҳди АЛИ
Тўлиқ исми
: Маҳди Али Ҳассан Редҳа
Туғилган санаси: 20.04.1965
Туғилган жойи: БАА
Футболчиликдаги амплуаси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоаси: 1983–1998 “Ал Аҳли”.
БАА терма жамоасида 1985-90 йилларда ўйнаган.
Бошқарган жамоалари: 2003 БАА U16 (ёрдамчи), 2008   БАА U19, 2009–2010 “Ал Аҳли”, 2009 БАА U20, 2011   “Банияс” (вақтинчалик), 2010–2012 БАА олимпия терма жамоаси, 2012 йил август ойидан БАА терма жамоасида.
Муваффақиятлари: Президент Кубоги соҳиби 1988, 1996, Осиё чемпиони 2008, “Кўрфаз Кубоги” ғолиби 2013.

БАА миллий терма жамоаси Тошкентга қуйидаги делегация ва футболчилар билан ташриф буюрган:
Муҳаммад Обайд Ҳаммад (бош раҳбар), Аднан Ал Таляни (раҳбар), Мутриф Ал Шамси (менежер), Маҳди Али (бош мураббий), Ҳассан Абдул Раҳмон (ёрдамчи мураббий), Ҳассан Исмоил (дарвозабонлар мураббийи), Патрис К (фитнесс мураббий), Жалол Ғали (шифокор), Юсуф Саҳнун (физиотерапевт), Муҳсин Балҳуз (овқатлантириш бўйича шифокор), Салим Ал Нақби (медиа координатор), Ларс Вальтер (ўйин таҳлилчиси), Андрас ва Стефан (массажчилар), Ҳишам Текнуин (фотограф), Каилани Абдул Муним ва Аббос Маҳмуди (жиҳозлар бўйича ходимлар).

Футболчилар: Абдул Азиз Ҳайкал, Абдул Азиз Санқур, Исмоил Ҳаммади, Аҳмад Ҳалил, Волид Аббос, Мажид Ҳассан (“Ал Аҳли”), Муҳаммад Фавзи, Ҳабуш Солиҳ (“Банияс”), Али Ҳасиф, Али Мабҳут, Ҳамид Исмоил (“Ал Жазира”), Холид Исса, Муҳаммад Аҳмад, Муҳаннад Анзи, Муҳаммад Абдулраҳмон (“Ал Айн”), Ҳабиб Фардан (“Ал Наср”), Ҳамдан Камоли, Исса Аҳмад, Салим Солиҳ (“Ал Ваҳда”), Муҳаммад Юсуф, Аҳмад Ҳамис (“Шаржа”), Бандар Аҳбоби (“Ал Дафра”), Муҳаммад Носир (“Ал Васл”).



Тайёргарликни 27 февралдан бошлаган Амирликлар вакиллари пойтахтимизга 3 март куни етиб келишди. ФИФА рейтингида юқорига сакраш қилган БАА ушбу ўйинда ҳам мағлубиятга учрамаса, рейтингда ўрнини деярли сақлаб қолади. Улар буни чин дилдан исташаётгани турган гап. Ўз ўрнида Миржалол Қосимов жамоаси олдига ЎФФ томонидан БААни мағлуб этиш вазифаси қўйилгани ҳақида ЎФФ томонидан расмий маълумот тарқатилган. Демак, ҳар икки жамоа Осиё Кубогига бориш масаласини ҳал этиб қўйган бўлишига қарамай, бизни кескин учрашув кутиб турганига шубҳа йўқ. Рақиб сафида баъзи етакчиларнинг йўқлиги бизнинг имкониятни ошираётгандек туюлмоқда. Лекин барчасини юаҳс ҳал этиб беради. Ишқибозларни эса футболчиларимизни қўллаб туриш учун “Бунёдкор” стадионига таклиф этиб қоламиз.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика