Latest news

01:55Ла Лига. Ямалсиз "Барселона" "Валенсия"га жавобсиз 6 та гол урди  17 01:53А Серия. Модричнинг голи "Милан"га "Болонья" билан ўйинда ғалабани тақдим этди  3 00:03Гвардиола Ҳусановнинг ўйини ҳақида фикр билдирди  21 23:45АПЛ. "Манчестер Сити" – "Манчестер Юнайтед" 3:0  1 23:33Маттиас Яйссле: "Насаф"нинг кучли томонларини яхши биламиз, аммо ғалаба учун ўз устунлигимизга эътибор қаратамиз"  4 22:42Лига 1. ПСЖ "Ланс"ни қийинчиликсиз таслим этди  1 22:25АПЛ. Ҳусанов тўлиқ ўйнаган Манчестер дербисида "Сити" "Юнайтед"ни йирик ҳисобда енгди  90 22:13ОПЛ. "Нефтчи" ва "Сабаҳ" ўзаро дуранг ўйнади, Раҳмоналиев иккинчи тайм бошида майдонга тушди  0 21:21Рўзиқул Бердиев: "Олдин ҳам "Ал Аҳли" сингари катта салоҳиятга эга жамоаларга қарши ўйнаганмиз"  14 21:10Илёс Зейтуллаев: "Янги стадионда тўп тепиш ўзгача ҳиссиётларни берди"  1 20:46Ҳаким Фузайлов: "Яна эски касалимиз қўзғади"  6 20:02АПЛ. "Ливерпуль" 90+5 дақиқада пенальтидан урилган гол эвазига "Бёрнли"ни мағлуб этди  16 20:00Про Лига. "Арал" "Олимпик"га имконият қолдирмади  1 19:55Абдухолиқовнинг пеналтидан киритган голи "Бунёдкор"га ғалаба тақдим этди  8 19:28А Серия. "Рома" Римда "Торино"га мағлуб бўлди  9

Артур Юнусов: «Мундиалдаги ҳар бир ўйин финал мақомида бўлади» News

Артур Юнусов: «Мундиалдаги ҳар бир ўйин финал мақомида бўлади»

Биз Озарбайжон термасига қарши кечган ўйин арафасида терма жамоамиз сардори Артур Юнусовдан интервью олиб, унинг бўлажак муҳим мусобақа олдидан қандай фикрда эканлиги билан қизиқдик.

- Артур, Қозоғистон термасига қарши кечган ўйин ва у ерда ташкил этилган қисқа муддатли йиғин ҳақида маълумот берсангиз. Мураббийларнинг бу йиғиндан кўнгли тўлдими?

- Ҳозир бор эътиборимиз келаси ой Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига қаратилган. Мундиалга тобора оз фурсат қолмоқда. Қозоғистондан аввал Тошкентда ташкил этилган йиғин чоғида Тожикистон терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказган эдик. Олдимизда Озарбайжон билан иккита ўйин, ундан кейин Порту шаҳрида Португалия ва Испания терма жамоалари билан ўтказиладиган ўртоқлик учрашувлари кутиб турибди. Федерация барча шароитларни яратиб беряпти. Ушбу йиғин ва ўртоқлик ўйинларининг бари бевосита ЖЧга тайёргарлик босқич вазифасини ўтаб беради. Энди бевосита Қозоғистон термаси билан ўтказган ўйинларга келсак, гарчи иккала учрашувда ҳам мағлубиятга учраган бўлсакда, бу баҳслар бизнинг фойдамизга хизмат қилди.


- Иккала ўйин бир-биридан кескин фарқ қилди. Биринчи учрашувда йирик ҳисобдаги мағлубият қайд этилди, иккинчисида икки тўп фарқи билан ғалаба қозона туриб, шунча тўп фарқига ютқаздинглар. Бу нима билан боғлиқ ҳолат?

- Биринчи ўйиндаги 1:6 ҳисобидаги мағлубиятга ўзимиз сабабчимиз. Ўз айбимиз билан бундай мағлубиятни қабул қилиб олдик. Майдон эгалари деярли бехато ҳаракат қилишди ва аксинча, бизни жазолашди. Ўтказиб юборган голларимиз ҳам хатолар эвазига юзага келди. Шунга қарамай, учрашув анча кескин ва ҳужумкор руҳда ўтди. Ўйин ҳисобга мос бўлмади, дейиш мумкин. Иккинчи учрашувда эса умуман бошқача сценарийга гувоҳ бўлинди. Биз яхшироқ ўйнай бошладик. Хатолар ҳам камайди. Рақиб жарима майдонида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Ҳужумларимиз ўта кескин ва шиддатли тус олди. Бунинг натижасида биринчи бўлиб ҳисобни очдик. Кейин ҳужум қилиш баробарида жуда яхши ҳимояланганимизни ҳам айтиб ўтишим керак. Менимча, Қозоғистон терма жамоаси биздан бундай ўйинни кутмаганди. Тез орада иккинчи тўпни ҳам киритдик. Шундан кейингина мезбонлар уйғонишди. Бунинг натижасида мувозанатни тиклашди. Ҳисоб 2:2 бўлиб турган пайтда уларнинг мураббийлари майдонга бешинчи ўйинчини ҳам туширишди. Бунинг натижасида, қозоғистонлик футзалчилар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Маълумки, Қозоғистон терма жамоасининг асосий таркибини бразилиялик маҳаллийлаштирилган футзалчилар ташкил қилади. Айнан уларнинг тезкор ҳаракатлари эвазига учинчи голни уришди. Энди бу ҳолатда бизнинг мураббийимиз майдонга дарвозабоннинг ўрнига бешинчи футзалчини туширди. Натижада голга тортадиган етарлича хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, ҳал қилувчи паллада улардан фойдалана олмадик. Майдон эгалари сўнгги дақиқада бўш қолган дарвозани ишғол қилишди. Тан олиш керак, бугунги кунда Қозоғистон терма жамоаси жуда кучли ва дунёда ўз ўрнига эга. Европа футзали барибир, бошқа қитъалардан бир бош устун. Биз учун иккала ўйин ҳам фойдали бўлди.


- Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги рақибларимизни ўрганиш жараёни қандай кетяпти?

- Маълумки, терма жамоамиз қуръа натижасига кўра, Панама, Португалия ва мезбон Колумбия термалари билан бир гуруҳдан жой олган. Жаҳон чемпионатида илк маротаба иштирок этамиз. Албатта, ўзига яраша ҳаяжон бўлади. Лекин айни пайтда биз бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ. Олдимизга қўйилган биринчи вазифа - «плей-офф»га чиқиш. Муҳими иштирок, деган ўй-хаёл йўқ. Олдимизга фақат олий мақсадларни қўйганмиз. Жаҳон чемпионатига оддий жамоалар бормайди. Ҳар бир ўйин финал мақомида бўлади. Менимча, гуруҳдаги биринчи ўйинимиз кўп нарсага ойдинлик киритиб беради. Дастлабки рақиб - Панама термаси ҳақида деярли маълумот йўқ. Португалия жамоасига таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Таркибида дунёнинг энг кучли футзалчиси - Рикардиньо ўйнайди. У ўтган мавсум якунларига кўра, дунёнинг энг яхши футзалчиси, деб топилган. Колумбия эса мусобақа мезбони. Уларни мухлислар ҳар бир ўйинда қўллаб-қувватлаб туришади. Бу ҳам мезбонларга қўшимча имконият эшикларини очади. Мухлисларнинг ёрдами қанчалик тегишини шу йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам кўрдик.

- Яқинда Вьетнам чемпионатида ўйнаб қайтдингиз. Таассуротлар қандай бўлди?

- Вьетнам чемпионати мен учун бегона эмас. Аввал ҳам ўйнаганман. У ердаги танишларим таклиф қилишди. Икки ойдан ошиқроқ вақт мобайнида ўйнадим. Халқаро кубок мусобақасида иштирок этдик. Ижара муддати якунлангач, яна «Ардус» сафига қайтдим.

- Жаҳон чемпионатидан кейин ҳам Вьетнам чемпионатида ўйнаш истаги борми? Балки келишувда шундай банд бордир?


- Ҳозир бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Олдинда фаолиятимиздаги энг муҳим мусобақа турибди. Кўп йиллик орзуларимизни ушалтирган мундиалда муносиб тарзда иштирок этиб, ёрқин из қолдиришни мақсад қилганмиз. Жаҳон чемпионатидан кейин эса балки янада кучлироқ чемпионатда ўйнарман. Ахир, жаҳон чемпионати бу - бозор-ку!

К.АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика