Андрей Канчельскис: "Айни пайтда ихтиёримизда 12 футболчи бор"
11 nov 2018 09:49
News
Андрей Канчельскис: "Айни пайтда ихтиёримизда 12 футболчи бор"
Андрей Канчельскис (“Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи): - Ҳар икки жамоа вакилларининг бугун намойиш этган ўйинлари менга ёқди. “Бунёдкор” ўйин жиҳатидан энг кучли клублардан бири ва шундай жамоага қарши тўп суриш анча қизиқарли бўлди.
Биз “Бунёдкор”да муаммолар борлигини биламиз ва шундай жамоа келаси мавсумда чемпионатда ўйнамаса, афсусланарли ҳолат бўлади.
Йигитларга бугунги ўйинда иштиёқ билан тўп суришгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга ҳам катта раҳмат.
Албатта ҳали жамоада олиб бориладиган ишлар бор. Лекин айни пайтда ихтиёримизда 12 нафар футболчи бор ва ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда, ўйин намойиш этишга интиляпмиз. Шогирдларимнинг машғулотлар жараёнидан ва иштиёқларидан хурсандман. Ўзимизни хотиржам ҳис қилишимиз учун энди кейинги ўйинларда 1 та эмас, 2-3 та гол уришга ҳаракат қиламиз.
Иқтидорли ёшларни ҳам кашф этишга интиламиз. Айтганча, бугун Намангандаги 12 ёшли футболчилар ўртасидаги мусобақанинг финал учрашувига ташриф буюриб, унда ғолиб чиққан ёш наманганлик футболчиларни табрикладим. Шундай экан, бугун қўшалоқ ғалаба бўлди.
Албатта, йигитларга, мухлисларга катта раҳмат. Бир пайтлари футболчи бўлганман ва 70 минг ва 3 минг нафар мухлис кўз олдида тўп суриш ҳиссиётининг қандай бўлишини жуда яхши биламан. Бошқа шаҳарларда ҳам стадионларга томошабинларнинг шундай кўп ташриф буюришларини тилайман. Кўп мингли сонли мухлислар ташриф бурган ўйингоҳда тўп суришнинг гашти ўзгача.
Мен жамоага яқинда келдим.Остон Ўрунов ҳали ёш ва иқтидорли йигит. У Ўзбекистон олимпия терма жамоасига, Азизбек Турғунбоев ва Даврон Ҳошимов эса Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилишди. Албатта, клубимиздан 3 нафар футболчининг терма жамоаларга жалб этилишлари биз учун ёқимли ҳолат.
Остон ўз устида кўпроқ ишлаши лозимлигини унга тушунтиряпмиз. Менимча, мураббийликдан кўра, футболчилик осонроқ. Боиси, мураббий бўлсангиз, майдонга тушиш иштиёқи юқори бўлса-да, бунинг иложи йўқ. Шундай бўлса-да, йигитлар аста-секин ўзларидан талаб қилинган нарсани тушунишяпти ва ўйиндан – ўйинга “очилишяпти”. Футболчилар “Пахтакор”, “Локомотив” ва мана бугун “Бунёдкор” жамоаларга қарши кечган ўйинларда рақибларга мунсоиб қаршилик кўрсатишди.
Совриндорлар сафидан жой олиш асосий мақсадимиз. Бизда 2-ўринни эгаллаш имконияти ҳам бор эди. Лекин айрим сабабларга кўра, буни амалга ошира олмадик. Тўғри тушунинг, футболчилар ҳам темир эмас, инсон. Машҳур мураббий Валерий Лобановский темир ҳам бир кун келиб, синади, деганди. Биз бир таркиб билан ўйнаяпмиз ва сафимизда ўйинни кучайтира оладиган футболчи йўқ. Кимдир чарчайди, бошқаси енгил жароҳат олади, айримлари босимга дош беролмайди. Футболчилар ҳам одам ва буни тўғри тушуниш керак. Қисқаси, бугун йигитлар яхши ўйин намойиш этишди.
Азизбек Турғунбоев (“Навбаҳор” жамоаси ярим ҳимоячиси): - Баҳс шиддатли ва ажойиб тарзда кечди. Биз бу ўйинга пухта тайёргарлик кўргандик. Бекободдаги мағлубиятга учрадик ва бу айбимизни ўз майдонимиздаги ғалаба билан ювишимиз керак эди. Худога шукр, ажойиб тарзда кечган ўйинда зафар қучдик. Бунинг учун бизни ажойиб тарзда қўллаб- қувватлаб турган мухлисларга катта раҳмат айтаман.
Comments