А Серия 10-тур якунлари: Грандлар ғалабаси ва "Женоа"дан дуранг
08 dec 2020 22:26
News
А Серия 10-тур якунлари: Грандлар ғалабаси ва "Женоа"дан дуранг
"Ювентус" дербида зафар қучди
ЕЧЛдаги муваффақиятдан кейин "кекса синьора" ички чемпионатда, дерби ҳам ғалаба қозонишни истарди. Лекин ўйинни "Торино" яхшироқ бошлади. Бурчак зарбасидан сўнг тўп Нкулуга келиб тушди ва камерунлик футболчи дарвозани аниқ нишонга олди. Кейинги ҳужумдаёқ Задза "буқалар" устунлигини иккита голга ошириб қўйиши мумкин эди, аммо Щенсны бирга-бир вазиятда жамоаси жонига оро кирди. "Торино" рақибидан кўра кескинроқ ўйнарди, "Ювентус" эса ҳа деганда хавфли вазият ярата олмасди. Учрашувнинг дастлабки қисмида Дибаланинг унча кучли бўлмаган, қўшимчасига, тўп тўғри Сиригунинг қўлига етиб борган зарбасинигина ёдга олишимиз мумкин.
Иккинчи таймда эса "Ювентус" рақиб дарвозасига йўл топа олди. Куадрадо жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, аммо ҳакам Бонуччи дарвозабонга ҳалақит қилди деб ҳисоблади, ҳимоячи эса ўйиндан ташқари ҳолатда турганди. Ушбу гол Пирло шогирдларига ишонч бағишлади ва улар навбатдаги бурчак зарбасини ностандарт усулда амалга оширишди ва Куадрадо тўпни ҳаводан Маккенига етказди, АҚШ термаси вакили эса ҳисобига гол ёздириб қўйди. "Ювентус" "қон исини сезган йиртқичдек" ҳужум қилишда давом этди. Шу ўринда "кекса синьора" кутилмаган ҳаракатлардан кўра, содда тўп оширишлари ва қанотдан ҳаволатиб етказилидиган узатмалардан фойдаланарди. Бу эса ўз навбатида иш берди. Куадрадо ижросидаги навбатдаги узатма Бонуччи бошини "топди". "Ювентус" иродали ғалабани қўлга киритди, лекин "бьянконерилар" ўйини борасида саволлар бисёр. Шунга ўхшаш вазият "Торино"да ҳам деса бўзлади, жамоа иккинчи бўлимларни жуда суст ўтказмоқда ва муҳими, бу анънага айланиб қолмоқда.
"Наполи" "Кротоне"га имкон қолдирмади
Гаттузо жамоасига бу турда осон бўлмаслиги ўйин стартигача аниқ эди. Европа Лигаси учрашувидан кейинги чарчоқ етмагандек, беллашувдан аввал ёғган кучли ёмғир майдон ҳолатига таъсир ўтказмай қолмади. Натижада, жамоалар анча вақтгача футбол ўйнашнинг ўрнига ноқулай шароитда ўзаро беллашишди. Мезбонлар сафида Андреа Петаньяни алоҳида эътироф этиш мумкин, бироқ форвард ҳар сафар гол уришига нимадир етишмасди. Кейин кутилмаганда Инсинье "фишкаси" иш берди. "Наполи" сардори тўпни қабул қилиб, марказга қараб юрди ва тўпга дарвозабон ета олмайдиган қилиб йўналиш бера олди. "Кротоне" дарҳол ҳисобни тенглаштириб қўйиши мумкин эди, лекин Оспина қийинчилик билан бўлсада, Молинанинг зарбасини қайтарди.
Иккинчи бўлимда майдон бироз ўзига келди ва "Наполи"нинг ҳужумларига тезлик қўшилди. Қўшимчасига Петриччионе майдондан четлатилди ва мезбонларнинг ишини осонлаштириб берди. Инсинье жарима майдони ичида Лозано бир ўзи қолганини кўрди ва мексикалик футболчи имкониятидан унумли фойдаланди. Ўйин тақдири ҳал бўлганини деярли барча тушуниб бўлганди. Бироқ "Наполи" тўхтай демасди. Лозано қанотдан олдинга ўтди ва тўпни Мертенсга етказди, у қулайроқ вазиятдаги Деммега имкон яратди ва ярим ҳимоячи ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Мертенс шу куни ўзини яхши томондан кўрсата олди. Ўйин охирида у Петаньяга ажойиб пас берди ва Андреа меҳнатига яраша "ҳаққини" олди. "Наполи" учинчи ўрнини сақлаб турибди ва "Интер"ни қўйиб юбормаяпти. "Кротоне"нинг вазияти эса ҳамон ўта ачинарли.
"Лацио" "Специя"ни енгди
"Бургутлар" ўтган турда "Удинезе"га мағлуб бўлган, қўшимчасига Европа Чемпионлар Лигасида ҳам ишлар мақтанишга арзигулик даражада эмас. Навбатдаги рақиб эса "Специя". Айнан шу жамоа ўйинни фаолроқ бошлади ва "Лацио" дарвозабонини бир неча бор "текшириб" кўрди. Бироқ кейин футболчилар маҳоратидаги фарқ ўз сўзини айтди. Сергей Милинкович-Савич Иммобилега тўпни аниқ етказди, Чиро эса ҳимоячилардан қочиб кетиб, тўпни дарвозабоннинг ёнидан ташлаб қўйди. Умуман олганда, "Специя" ҳам футбол ўйнаш учун майдонга тушганини кўрсатиб қўйишга уринарди. Фариас ажойиб рейд уюштирди, бироқ охирги зарбадан кейин тўп устунга тегди. "Бургутлар" муҳим паллада иккинчи голни уриб олишди, Милинкович-Савич жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этди. "Специя" танаффусга қадар рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин эди, бироқ омад мезбонлардан юз ўгирди. Нзола яқин масофада Рейнани алдай билмади.
Танаффусдан сўнг "Специя" ҳужум қилишга урининшларини тўхтатмади ва ниятига етди. Нзола жарима майдони бурчагида рақибини алдамчи ҳаракатлар билан доғда қолдирди ва кучли зарб билан тўпни олис бурчакка йўллади. Ушбу гол жамоага умид бағишлади ва улар янада катта куч билан олдинга ташланишди, бироқ бу сафар "Лацио" аввалги ўйиндагидан яхшироқ ҳимоялана олди. Бундан ташқари "Лацио" вакили Андрес Перейра гол уришга ҳам эришди, лекин офсайд сабаб ушбу гол инобатга олинмади. "Специя" яхши ўйин кўрсатиб, охиригача курашган бўлсада, меҳмонлар уч очкога эга бўлишди.
"Милан" Ибрасиз ҳам бўшашмаяпти
Ўйин старти генуяликлар устунлигида ўтди. "Сампдория" агрессив футбол намойиш қилар ва ҳужумларни зарба билан якунлашга уринарди. "Милан" эса кам сонли ҳужумларидан бирида голга жуда яқин келди. Тонелли Ребич билан курашда бўш қолган дарвозага кетаётган тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Бўлим шу тариқа голсиз якунланиши ҳеч гап эмасди, агар... Янкто жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнамаганда. Тўп олдига Кессиэ яқинлашди ва пенальтини муваффақиятли амалга оширди. "Милан" рақибини хатоларини кечирмаслигини кўрсатиб қўйди.
Иккинчи таймда Тоналли гол уриши мумкин эди, лекин тўп унинг зарбасидан кейин дарвоза устунига тегиб қайтди. Ўйин тобора кескинлашарди, аммо кутилмаганда яна мезбонлар қўпол хатога йўл қўйишди. "Сампдория" ҳимоячиси жарима майдончаси ичида йиқилиб тушгач, Ребич вазиятга тўғри баҳо бериб, ўртароқдан дарвозага яқинлашиб келаётган Кастильехога тўпни узатди ва Саму орадаги фарқни оширди.
Қолган вақт давомида 2 та тўп фарқни йўққа чиқариш деярли имконсиз эди, лекин "Сампдория" таслим бўлмади. Эдкал қатор рикошетлардан кейин тўпни дарвозага йўллай олди. Унинг ўзи ўйиннинг охирги сонияларида боши билан гол уриб, мўъжиза яратиши мумкин эди, аммо аниқлик етишмади. "Милан" оғир ғалабани қўлга киритди ва етакчиликни сақлаб қолди. Қойил, Стефано Пиоли ва унинг жамоаси А Серияда қаторасига 22 ўйиндан буён мағлуб бўлмаяпти.
Шунингдек: "Женоа" "Фиорентина" билан баҳснинг сўнгги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқарди, "Рома" ва "Сассуоло" дурангга рози, "Парма" - "Беневенто" ўйинида ҳисоб очилмади
Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси
Comments