8 ҳужумчи, лекин 1 рақобатчи. "Женоа" қандай тактик усулдан фойдаланади?
04 oct 2020 12:12
News
8 ҳужумчи, лекин 1 рақобатчи. "Женоа" қандай тактик усулдан фойдаланади?
Авваламбор, бир нарсага тўхталиб ўтсак: Шомуродов Италияга кўчиб ўтиши нафақат Ўзбекистонни, балки Россияни ҳам ларзага келтирди. "Женоа" 10 йилдан буён бунча кўп пул сарфламаган эди. Генуяликлар анчадан буён 1-2 миллионлик трансферлар билан чекланишни маъқул кўрарди. Жамоа кучли клубларга вақтинча керак бўлмаган ёш иқтидорларни кучайтириб беришда ҳам иштирок этади. Осиёлик ўйинчи учун 8-9 миллион ёмон нарх эмас. Клуб тарихида ундан фақатгина битта чет эллик ўйинчи қимматроқ экан — Диего Милито. Шундай футболчи ҳали эсингизда бўлса керак-а?
Элдор трансферлар рўйхатида шунчаки йўқ бўлиб кетмайди, у ҳақиқий жавоҳир, "Женоа"нинг узоқ йиллардаги асосий трансфери. Трансфер суммаси сўзимизни тасдиқлайди ва ўзбекистонлик мухлисларга умид бағишлайди. "Gazzetta dello Sport" нашри Шомуродов тез орада Пёнтек натижаларини такрорлаши мумкин дея тахмин қилмоқда. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, сабаби Шомуродов нарх борасида полякдан икки баробар қимматроқ (клуб 2017 йил ёзида Пёнтекни 4.5 млн еврога сотиб олганди).
Хўш, Шомуродов Италияда яна нималарга дуч келиши мумкин? Келинг шулар ҳақида батафсил суҳбатлашамиз.
"Женоа" кўпроқ ҳимояда ўйнайди, ҳужумчилар ҳам ўз жарима майдонигача бориб, дарвозани ҳимоя қиладилар. Элдор ўз устида жуда кўп ишлаши керак
"Женоа" мураббийи Роландо Маран рақиб бурчак зарбасини амалга ошираётганда ҳимояланишни ташкиллаштириш бўйича диплом ҳимоя қилган. Бундай мавзу танланиши бежиз эмас ва Маран: қаттиққўл, ўз фикрида қатъий турадиган, минималистик ҳамда қатъий футболни жамоасига сингдирадиган инсондир.
Маран ўйинни шу қадар соддалаштирадики, асосий боғламлар автоматик тарзда яхшиланиб боради. У орқароққа жойлашган таянч ярим ҳимоячиси бор ҳимоявий футболни афзал кўради, лекин фурсат пайдо бўлиши билан жамоа "пружина" каби олдинга отилади ва бўш ҳудудга ҳужум қилади. Унинг ўйин услуби барча клубида сақланиб қолган — "Катания", "Кьево", "Кальяри" ва ҳозир "Женоа"да. Роландо 8 йилдан буён А Серияда ишлайди, бу вақт ичида схемасини 6 маротаба ўзгартирган ва таркибга мослашиш ҳамда ролларни ўзгартириш борасида ўз маҳоратини кўрсатган, лекин услуб доим ўша-ўша бўлган.
Мараннинг ҳужумчиси — унчалик ҳам омадли одам эмас. Унинг тизимида форвардлар муҳим роль ўйнайди. Ҳаттоки, модуль биттасини яширган тақдирда ҳам, улар доим иккита бўлган (худди "Катания"да 4-3-3 бўлгани каби — 2-ҳужумчи позициясида алдамчи вингер Папу Гомес ўйнаган).
"Женоа" икки вазиятда ҳимоядан чиқади. Агар рақиб жуда кучли босим ўтказмаса, Маран ердан тезкор футболни хуш кўради; бу вазиятда иккинчи ҳужумчи максимал даражада муҳим — у ҳужумга орқароқдан қўшилади, тўпни ушлаб туради ва ҳужумни ривожлантиради. Агар ҳимоячилар зичлашиб кетишса, генуяликлар узун пас беришга ўтадилар.
Тўп учун курашда ғолиб бўлгач, "Женоа" ҳужумга ўтади. Агар бу усул иш бермаса ва рақиб "ёпилиб олса", генуяликлар эҳтиёткор 3-1-4-1-1 тактик схемасига ўтиб олади. Ҳужумни якунлашда минимум футболчи иштирок этади. Бир неча қаватли ҳимоя Мараннинг асосий принципига – тўпни қанча эрта олиб қўйсак, рақиб дарвозасига шунча оз масофа қолади – ва тўпни олиб қўйишга алоҳида эътибор қаратилади: "Женоа" қанотдан олдинга ўтишга уриниб кўради, бундай футбол эса ҳимоядан туриб тўпни қанотдаги бўш зонага, узоққа тепиб юбориш имконини ҳам беради.
Тўпни олдириб қўйгач, генуяликлар 5-3-2 га ўтиб оладилар. Ҳимоя қанчалик чуқур жойлашиши рақиб босимига боғлиқ. Топ жамоларга қарши ҳужумчилар ҳимоянинг яна бир чизиғига айланадилар: майдоннинг ўзлари тарафдаги ярмига қайтадилар, тўп ошириш мумкин бўлган "коридорлар"ни беркитишади ва дарвозадан тахминан 40 метрлар узоқлик тўп учун чинакам курашга киришадилар. Стандарт вазиятларда ҳимояга ёрдамга келадилар – "Женоа"нинг майдондаги барча 10 футболчиси баъзан ўз жарима майдони ичига жам бўлади. Кучсизроқ рақибларга қарши Генуя жамоаси агрессивроқ ҳаракат қилади – прессинг эртароқ бошланади ва у қадар орқага қамалиб олмайди.
Аксарият учрашувларда Шомуродовдан айнан биринчи санаб ўтганларимиз талаб этилади: "Женоа"нинг таркиби Италияда энг кучсизларидан бири ҳисобланади. Исмларга қарасангиз вазият унчалик ёмон эмас: Кришито ва Пандев ҳали ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпти ва ўтган мавсум биргаликда 17 та гол уришди, Сапата – лиганинг энг абжир ва ҳужумчилар ёқтирмайдиган ҳимоячиларидан бири, Заппакоста бир неча ой аввал "Челси" футболкасида "сельфи" қилиб юрганди, Шёне "Аякс" билан ЕЧЛда жавлон ураётганди, Перин – ажойиб реакцияга эга дарвозабон. Ахир "Юве" бекорга уни сотиб олмаган. Лекин бу футболчиларнинг барчаси ўзининг энг юқори даражасидан ўтиб бўлган, кўп жароҳат олишмоқда, ўринбосарлар эса икки-уч даражада пастроқ футболчилар. Ўтган мавсум "Женоа" охирги турда "жон сақлаб" қолди ва ҳозир бу мавсум учун асосий вазифа – А Серияда қолишлигини яширишмаяпти.
Умуман олганда, Маран футболи – завқ олиш учун мўлжалланмаган. Бу ерда ишлаш, тер тўкиш керак. Ҳужумчилар вазифалари аниқ белгилаб, ажратиб берилган. Иккинчи форвард чизиқлар орасидаги ҳудудларда тўпни сўраса, асосий ҳужумчи олдинга югуради ва ҳимоячиларни орқароқ қайтишга мажбур қилади – ҳимоя чизиғи ёки ортга қайтади ва иккинчи форвардга катта бўш ҳудуд қолдиради, ёки жойида қолиб, орқасида катта бўш зона ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Позицион ҳужумда "тўққизлик" ҳимоячилар билан бир чизиқда ҳаракат қилиб, жарима майдонига ёриб кириш учун бўш зона қидиради, орқароқдаги ҳужумчи эса тўпни сақлаб турилиши, узатмалар амалга ошириб, вазият яратишда иштирок этади.
Шомуродов икки ролда ҳам ўйнашга қодир (иккинчи роль вазиятга қараб ҳаракатланишлигига қарамай, позицион ҳужумда унга мос келмайди), лекин биринчи навбатда у "тўққизлик" сифатида кўрилади. У ҳимоячилардан бўладиган узун паслардан кейин тўп учун курашни ютиши, ҳимоячилар ортидаги бўш зоналарга мунтазам очилиб, рақибни чарчатиши ҳамда ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда фаоллик кўрсатиб, босиб ўтилган километрларда ҳам катта рақамларни қайд этиши зарур. Самарадорлик кросслар билан қай тарзда ишлашга боғлиқ: "Женоа"нинг 81% ҳужуми қанотлар орқали ташкиллаштирилади – бу А Сериядаги энг юқори кўрсаткич.
"Женоа"да 8та ҳужумчи, аммо битта чинакам рақобатчи бор. Шомуродовнинг имкониятлари анча юқори
Ҳозирча "Женоа" таркибида саккизта форвард бор, лекин рақобат кучли эмас: уларнинг ярми — ижарага олинган примавера битирувчилари. Асосий таркибдаги икки ўрин учун 5та ўйинчи даъвогарлик қилмоқда: Марко Пьяца, Маттиа Дестро, Горан Пандев, Жанлука Скамакка ва Шомуродов. Ҳа, Элдор бу рўйхатда анчайин салобатли кўринмоқда.
Пьяца ва Дестро — собиқ бўлажак юлдузлар. Пандев "Интер" билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганида, Скамакка энди футбол оламига кириб келганди. Горан 37 ёшда. Маран мураббий бўлганидан сўнг шундай деганди: "Президент майдонда қийинчиликни ортиқ кўришни истамаяпти. Биринчи мавсумда у мендан элитадаги ўринни сақлаб қолишни сўраганди, иккинчи йили эса эсда қоларли услуб яратишимни ҳамда турнир жадвалининг юқорироқ поғонасига кўтарилишимни айтганди. Менга ёрқин индивидуалликка эга, Генуя менталитетининг ойнадаги акси бўла оладиган жамоа керак". "Женоа" А Сериядаги ўрнини сақлаб қолиши учун имкониятлари ёмон эмас.
Шу билан бирга, Элдорнинг истиқболлари стратегик устунлик билан чекланиб қолмайди. У Маранга аксарият рақобатчиларидан кўра кўпроқ мос келади.
Жанлука Скамакка — итальян ёшлари орасида асосий тўпурар ҳисобланади, бўйи деярли 2 метр. Агар уни ҳужум марказига қўйиб, тўпни олдинга тепиб юбораверса, яхши фойда келтириши мумкин, лекин "Женоа"га бу унчаклик ҳам тўғри келмайди. Маран форвардлар вазифаларини аниқ белгилайди: биттаси орқароққа қайтганда, иккинчиси офсайд чизиғига чиқиб, бўш ҳудуддан ҳужумга ўтади. Пандев бу борада улкан тажриба ва кўникмага эга, шу сабабли у "тўққизлик" вазифасини бажарувчи шерик топилса, орқароққа қайтиб ўйнашга бажонидил рози бўлади. Бироқ Скамакка ҳақида ундай деб бўлмайди. Югуриш ва орқароқдан катта тезликда бориш учун у жуда оғир (85 кг). Жанлука иккинчи форвард учун бўш зона очиб бериб, орқароққа ўтиши мумкин эди. Аммо бундай ўйин учун Пандевга энергия етишмайди. Скамакка қарши ҳужум салоҳиятини чеклайди.
Марко Пьяца – "асли касби" вингер, лекин жуда кўп жароҳат оладиганларидан. Ҳар йилнинг бир неча ойини албатта майдондан ташқарида ўтказади. Бундан тўрт йил аввал у жуда яхши спорт формасида ва янада кучли ўйинчига айланишга ваъда берганди, бироқ фаолияти бошларида икки марта тиззаси сингани туфайли тўхтаб қолганди. Ҳозир ҳаммаси жойида: нисбатан тезкор ва яхши техника соҳиби, курашлардан қўрқмайди, лекин ҳаттоки "Женоа"да ҳам асосий таркиб футболчиси эмас. Марко жарима майдончаси ичида йўқолиб қолаверади, рақиб дарвозасига тескари туриб, фойдали ҳаракат қила олмайди ва шу сабаб унга асосий таркибдан жой топилмайди. Пьяца балки Пандевга биринчи ўринбосардир, лекин гап "тўққизлик" ҳақида кетса, у камида учинчи.
Назаримизда, Шомуродовнинг асосий рақиби 29 ёшли Маттиа Дестро (Италия термасида ҳам ўйнаган, Вьерининг собиқ вориси). Журналист Даниэле Манусия бундан олти йил аввал Маттиа ҳақида қуйидагиларни айтганди: "Дестро Вьеридан кейин энг яхши италиялик ҳужумчи ҳамда кейинги 10 йилликда жаҳоннинг асосий форвардларидан бирига айланиши мумкин. Лекин у ҳар ҳафта спорт залида ўзимиз билан тўп тепадиган йигитга ўхшайди, бутун ўйин давомида у дарвоза ёнида туради, нари борса икки метрга узоқлашади ва охирида - биласизларми бугун мен нечта гол урдим?, деб мақтанади.
Маттиа абжир, аммо футболчилар тили билан айтганда бироз "дарахт" футболчи, Шомуродовдан бўйи пастроқ ва секинроқ ҳаракат қилади, лекин жарима майдони ичида ажойиб ҳаракат қилади ва Пандев билан бир-бирини яхши тушунади. Унинг устун томонлари бор. Бироқ буларнинг барчасига мунтазам жароҳатлар тўсқинлик қилади. Синиша Михайловичнинг айтишича, Дестро энди яхши формага кирдим деганда, жароҳат оларкан. Бир сафар у урган голини нишонлай туриб, мушаги шикастланган экан. Мавсум давомида Элдор "Женоа"нинг ягона соғ "тўққизлиги" бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Маран А Сериясида 8 йил ишлади ва бу вақт ичида унинг ҳужумчиларидан фақатгина иккитаси 12тадан кўп гол урган. Биринчиси ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайдиган Гонсало Берхессио эди. Иккинчиси эса бош билан ўйнашдан бошқа нарса қўлидан келмайдиган, бироқ айнан шу томони билан устун бўлган Леонардо Паволеттидир.
Мараннинг ўйинчилардаги севимли жиҳатлари Шомуродовда мужассам экан: динамика, тезкор ва баланд бўйли, ажойиб тарзда ҳужум қилади ҳамда ҳавода хавфли. Стилистик томондан у "Женоа" учун идеал ўйинчи. Унга имкон берилиши аниқ, қолгани А Серияга мослашиши ва ўзини кўрсата олишига боғлиқ.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments