Latest news

23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 23:00"Ал Ҳилол" - "Истиқлол"  2 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  1 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  0 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  2 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  2 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  4 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  5 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  2 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8 17:03Ўзбекистон МТЖнинг ноябрь ойидаги йиғин учун тахминий таркиби  56 16:30Ўзбекистон МТЖ қачон йиғин бошлайди?   11

Зайниддин Тожиев: «Ёши кичрайтирилганларнинг «умри» қисқа бўлади» News

Зайниддин Тожиев: «Ёши кичрайтирилганларнинг «умри» қисқа бўлади»

Ўзбек футболида ака-ука Тожиевларнинг алоҳида ўрни бор.

Ака-укаларнинг уч нафари ҳаётини футбол билан боғлаган. Камолиддин айни пайт «Пахтакор» шарафини ҳимоя қиляпти. Фарҳод бу йилдан Про-лига вакили Термизнинг «Сурхон» жамоасида тўп сурмоқда.

Зайниддин эса пойтахтимиздаги «Чиғатой» спорт базасида жойлашган футбол бўйича Республика спорт маҳоратини ошириш Олий мактабида мураббийлик қиляпти. Шу йилдан эътиборан ушбу мактаб қошида «Ёш футболчилар» гуруҳлари фаолият юрита бошлади.

Футбол мактабида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган 2000-2010 йилларда таваллуд топган 150 нафарга яқин болалардан иборат жами 9та гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у ерда тажрибали мутахассислар, ўз вақтида футболчи сифатида ёрқин из қолдирган Элдор Магдеев, Ҳикмат Ҳошимов каби ёш мураббийлар болаларга миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатишяпти.

Улар орасида бугунги суҳбатдошимиз Зайниддин Тожиев ҳам бор.

- Зайниддин ака, мураббийлик касбига киришиб кетдингиз. Бу сизга қийинчилик туғдирмаяптими?

- Йўқ, албатта. Чунки футболчилик фаолиятим давомида ўзимни шу соҳага тайёрлаб боргандим. Тажрибали мураббийлар қўл остида ўйнадим. Табиийки, улардан ўша пайтнинг ўзида ён дафтарчамга ўзим учун керакли деб топган машғулотлар схемасини ёзиб борардим.

Бир кун келиб бу менга асқотишини билардим. Айтмоқчи бўлганим, мураббийликка шунчаки келиб қолмадим. Бунинг учун йиллар давомида ўзимни тайёрладим. Футболдан бошқа соҳада ўзимни тасаввур ҳам қила олмасдим.

- Бугунги кунда ёш болалар билан ишлаяпсиз. Профессионал клубларда фаолият юритишдан олдин бу босқични ҳам босиб ўтай, дедингизми ёки айнан болалар билан ишлашни афзалроқ билдингизми?

- Ҳар иккисини ҳам деса бўлади. Лекин айни пайт менга болалар билан ишлаш кўпроқ завқ беряпти, уларнинг дунёси ўзгача, бирга машғулот ўтказсак, шунчаки, роҳатланаман. Шу боис ҳам ўзимни профессионал клубларга урмадим. Балки вақти келганида у ерда ҳам ишларман. Аммо ҳозирги пайтда фаолиятим болалар билан боғланган.

- Ёш болалар билан ишлашнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Қийналиб қолмаяпсизми?

- Асло. Юқорида айтдим, менга кўпроқ болалар билан ишлаш ёқади. Ҳа, масалан, бир гуруҳда ўн нафар бола шуғулланса, уларнинг характери ўн хил бўлади. Ҳар бирига алоҳида ёндашув билан муносабатда бўлишингиз керак. Кимгадир яримта гапнинг ўзи етади.

Бошқа бир болага битта маш­ғулотни тушунтириш учун бир соат ҳам етмайди. Қайсидир шогирдингизга юмшоқроқ, бошқасига қаттиқроқ гапириш керак. Шундай болалар борки, битта машқни кўрсатиб берсангиз, бир зумда ўзлаштириб олади.

Айримларига ўзлаштириб олиш учун бир неча кун керак бўлади. Баъзи болалар сал қаттиқроқ гапирсангиз йиғлаб юборишади. «Ҳали бола-да», деб қўямиз. Бир сўз билан айтганда, болалар билан ишлаш шахсан мен учун жуда мароқли.

- Кўпроқ қайси мураббийларнинг иш услубидан келиб чиқиб иш олиб боряпсиз?

- Футболчилик фаолиятим давомида кўплаб тажрибали мураббийлар қўл остида ўйнадим. Бу борада омадим чопган. Юрген Гёде, Валерий Непомняший, ўзимизникилардан Равшан Ҳайдаров, Виктор Жалилов сингари мутахассислардан кўп нарса ўргандим. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз ташаккуримни изҳор қиламан. Бу мураббийлардан олган билимларимни мана, бугунги кунда ёш авлодга бериб келяпман.

- Футбол мактабидаги машғулотлар қандай йўлга қўйилган?

- Ҳар бир гуруҳ билан алоҳида мураббий шуғулланади. Машғулотлар иккита табиий ва битта сунъий қопламали майдонда ўтказилади. Яқин кунларда стандарт ҳажмдаги сунъий майдонимизга янги, жаҳон андозаларига мос қоплама тўшаб берилади. Амалий машғулотларимиздан таш­қари, назарий дарсларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳафтанинг ҳар якшанбаси гуруҳлар ўртасида назорат учрашувлари ўтказяпмиз. Катта гуруҳимиздаги футболчилар шаҳар чемпионатида иштирок этишяпти. Гуруҳларимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари футбол билан бепул шуғулланишмоқда.

Биласизми, ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан. Исталган спорт тури билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратиб берилган. Биз тўп сура бошлаган пайтларда бугунгидек яшил майдонлар, мана бундай чиройли бутсалар бўлмаган. Лекин ана шундай ҳолатда ҳам футбол билан астойдил шуғулланиб, вақт ўтиши билан ўз олдимга қўйган мақсадларимга эришиб борганман.

Болалигимда «Пахтакор»да ўйнашни орзу қилганман. Мақсадимга ортиғи билан эришдим. Севимли жамоам таркибида чемпион бўлдим, кубок соҳибига айландим. Миллий терма жамоада ўйнаш насиб қилди. Ҳар бир машғулотимда болаларга шароитларнинг қадрига етиб, ўз устиларида астойдил ишлашлари кераклигини уқтираман.

- Ёши кичрайтирилган футболчиларга қарши «кураш» бошланди. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?

- Кўпчилик қатори бу салбий иллатга қаршиман. Нима учун ҳамма қатори деган жумлани ишлатмадим? Чунки баъзи мураббийлар бунга хайрихоҳ бўлишади. Ўзлари бевосита шу жараёнда иштирок этишади. Ёши кичрайтирилган болаларнинг футболдаги «умри» қисқа бўлади.

Нима учун бирдан порлаб чиқиб, бир зум ўтмай йўқ бўлиб қолишяпти? Инсон физиологиясини асло алдаб бўлмайди. Бу ўзига хос найранг 17 ёшгача иш бериши мумкин. Лекин ундан кейин ҳамманинг ҳолати ва маҳорати бир хил бўлиб кетади. Бундай пайтда ўша ёши «урилган» футболчилар маҳорат бобида қолганлардан ортда қола бошлашади.

Бунга ўсмирлар ва ёшлар терма жамоамиздан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Ўша бир пайтлардаги жаҳон чемпионатларида порлаган, совғага машина олган футболчиларнинг аксарияти ҳозир қайси клубларда ўйнашяпти? Кўряпсизми, футболни алдаб бўлмайди, унинг ўзи сизни алдаб қўяди.

Шахсан ўзимнинг мураббийлик фаолиятимда бу нарсага жиддий эътибор қаратганман. Бунга мутлақо қаршиман. Шу ерда ишлар эканман, бунга йўл қўйиб бермайман. Мактабимиз директори Рустам Абдуллаев ҳам шундай фикрда ва бизни бу борада қўллаб-қувватлаяпти.

- Баъзи ота-оналар ўғли бошқа спорт турига қизиқса ҳам фарзандини футболга олиб келади. Сизда ҳам шундай ҳолатлар учраб турадими?

- Деярли ҳар куни шу нарса билан тўқнаш келаман. Фурсатдан фойдаланиб, ота-оналардан фарзандларининг қизиқишига ҳам озгина эътибор беришларини, кичкинтойларнинг гапларига ҳам қулоқ тутишни сўраган бўлардим. Футболдан олдин сузиш, спорт гимнастикаси билан маълум муддат шуғуллантиришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу икки спорт тури жуда фойдали ва кейинчалик футболда ҳам ёрдам беради. Биргина мисол, Сервер Жепаров футболга келгунига қадар спорт гимнастикаси билан профессионал тарз­да шуғулланган. Гимнастика билан шуғулланган болалар унча-бунчага жароҳат олавермайдилар. Сузиш билан шуғулланганлардан шамоллаш каби касалликлар йироқ бўлади.

Айтмоқчи бўлганим, мана шу икки спорт туридан бошланғич сабоқни олган болаларнинг футбол билан шуғулланиши нисбатан осонроқ кечади.

- Футболга лаёқати бўлмаган болаларга шу нарсани тўғри тушунтира олиш ҳам мураббийдан маҳорат ва билим талаб этади, шундай эмасми?

- Албатта. Болага шундай тушунтира билиш керакки, у нафақат футбол, балки бошқа спорт турларидан ҳам безиб қолмаслиги лозим. Ота-оналар футбол билан шуғуллансин, деб олиб келган боланинг гавда тузилишидан миллионлар ўйинидан кўра курашга ёки боксга лаёқати кўпроқ бўлиши мумкин.

Шуни ота-она ва боланинг ўзига тўғри етказа олиш муҳим. Бундай ҳолатлар ўзимнинг мисолимда ҳам жуда кўп учрайди. Бола футболда бир ойча машғулот ўтказганидан кейин унинг қайси спорт турига қобилияти борлиги кўзга ташланиб қолади. Ота-онасига ётиғи билан тушунтираман. Баъзилар сизни тушунишади, айримлари эса...

- Ички чемпионатимиз ва табиийки, миллий терма жамоамизда ҳам ҳужумчилар муаммоси юзага келган. Бу ЖЧ-2018 саралаш ўйинларида ҳам кўзга ташланиб қолди. Собиқ ҳужумчи сифатида бу муаммонинг сабабини нималарда кўряпсиз?

- Суперлигамизнинг қайси клубида алоҳида ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббийлар бор? Дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийларни кўряпмиз. Бошқа чизиқ вакиллари билан мураббийлар штаби ишлайди. Лекин ҳужумчилар билан ҳеч ким индивидуал тарзда иш олиб бормаяпти-ку!

Бош мураббий футболчилик даврида ҳужум чизиғида ўйнаган бўлса яхши, ўзи нималарнидир ўргатади. Аммо ҳамма мураббийларга ҳам бундай таъриф бериб бўлмайди. Бўлган тақдирда ҳам алоҳида шуғуллана олмайди. Жамоани ўйинга тайёрлайдими, турли тактикалар устида бош қотирадими ёки алоҳида ҳужумчи билан шуғулланадими?

Шунинг учун, ўз олдига жиддий мақсад қўйган ҳар бир жамоанинг мураббийлар штабида айнан ҳужумчилар билан ишлайдиган мутахассислар бўлиши шарт. Шунда бу муаммоларга қисман бўлсада барҳам бериш мумкин. Миллий чемпионатда тузкуроқ ҳужумчи бўлмаганидан кейин терма жамоада қаердан бўлсин?!

Ўйлаб қаралса, бу жуда катта муаммо. Олдинда бизни Осиё кубоги-2019, қолаверса, ЖЧ-2022 саралаш мусобақалари кутмоқда. Қитъа чемпионатига оз муддат қолди. Лекин кейинги мундиалга чиқиш тадоригини ҳозирдан кўрмасак, яна ўша эски «ашула»ни айтиб юраверамиз.

- Pepsi Суперлигани кузатиб бор­япсизми?

- Албатта. Таассуротлар ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ. Чемпионат ўйинлари турдан-турга қизиб боряпти. Ҳар бир турда кутилмаган натижалар қайд этиляпти. Етакчи жамоаларимиз шу кунгача ўтказилган ўйинларда катта қийинчиликларга дуч келишди. Чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш қандай кечишини ҳозирданоқ тасаввур қиляпман. Шу ўринда Про-лигадаги рақобат ҳам кучайганини айтиш ўринли бўлса керак. «Андижон», «Шўртан», «Сурхон», «Динамо», «Цементчи» каби жамоалар ўртасида Pepsi Суперлигага бериладиган йўлланмалар учун жиддий кураш кечяпти.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Зайниддин Фахриддинович Тожиев кўпчиликка «Пахтакор»даги ёрқин ўйинлари билан танилган. Тожиевларнинг тўн­ғичи футболдаги профессионал фаолиятини 24 ёшида Тошкентнинг «Академия» жамоасида бошлаган.

«Пахтакор», «Есиль Богатирь» (Қозоғистон), «Саба Баттери» (Эрон), «Тянжин Тэда» (Хитой), «Шўртан», «Ордабаси» (Қозоғистон), «Локомотив» (Тошкент), «Нефт­чи» (Фарғона), «Бухоро» (Бухоро) ва «Динамо» (Самарқанд) жамоаларида фаолият олиб борган. Тожиев Ўзбекистон миллий терма жамоасида 18та учрашувда майдонга тушган ва рақиблар дарвозасини 3 маротаба ишғол қилган.

Ҳозирда пойтахтимиздаги «Чиғатой» спорт базасида жойлашган Республика футбол бўйича спорт маҳоратини ошириш Олий мактабида мураббийлик қиляпти.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди. "Интерфутбол" газетасидан олинди

Rating: +9   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика