Х.Холиқовдан таржима. "Унга рақиб дарвозасини ишғол этиш учун тўртта имконият беринг ва у ҳаммасидан фойдаланади"
31 jul 2018 18:54
News
Х.Холиқовдан таржима. "Унга рақиб дарвозасини ишғол этиш учун тўртта имконият беринг ва у ҳаммасидан фойдаланади"
Биринчи қисмда ван Нистелройнинг Голландия чемпионатидан сўнг МЮга йўл олгани ва у ерда кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилгандик. Қуйида эса унинг "Реал"га ўтиши ва ундан кейинги фаолияти ҳақида сўз боради.
"РЕАЛ МАДРИД"
2006 йилнинг 27 июль куни ҳужумчи "Реал Мадрид" билан уч йилга мўлжалланган шартнома имзолайди. МЮ уни 15 миллион еврога сотиб юборганди. Яхши футболчи учун қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ экан, ван Нистелрой Испания чемпионатининг 2-туридаёқ "Леванте" дарвозасига учта тўп киритишга муваффақ бўлади. Ўша мавсум у "Осасуна" билан кечган ўйинда 4та гол уради. Чемпионат якунида Рууд 25та гол билан "Энг яхши тўпурар" совринини қабул қилиб олади. Қолаверса, "Реал"нинг 30-чемпионлигига яқиндан ёрдам беради.
2008 йил "Ювентус"га қарши кечган ЕЧЛ ўйинида ҳужумчи жароҳат олади ва мавсум охиригача сафдан чиқади. Фақат 2009 йилнинг сентябрь ойига келибгина яна сафга қайтади. Майдонга қайтгач "Херес"га қарши беллашувда Рууд яна гол уради, бироқ жароҳати қўзиб кейинги ўйинларда майдонга туша олмайди. Шундан сўнг 2010 йилнинг январида клуб раҳбари уни эркин агент сифатида қўйиб юборишга рози бўлади.
Кўпчилик Рууднинг Мадриддаги фаолияти мобайнида бир воқеани эслайди. "Сантьяго Бернабеу" стадионида Римнинг "Лацио" клуби билан кечган беллашувдан сўнг ван Нистелрой мухлислар ўтирган секторга бориб, бир қизга футболкасини ечиб беради ва негадир трибунадан дарҳол узоқлашмай қизнинг бўйнидан қучоқлаб йиғлай бошлайди. Буни аввалига камералар пайқамай қолади, кейин эса бир оператор кўриб қолиб фақат уни тасвирга туширади.
Кўп ўтмай "Антенна 3" телеканали ўша қизни студияга таклиф этиб, у билан суҳбат уюштиради. Маълум бўлишича, қизнинг исми Жуди бўлиб, у ҳам Рууд туғилиб ўсган шаҳардан экан. Қиз ўта оғир касалликка дучор бўлганди, шифокорлар унинг икки ойдан кўп яшамаслигини айтишган экан. Қизнинг охирги орзуси Рууд ван Нистелрой билан учрашиш бўлган. Шу боис отаси Испанияга олиб келиб машҳур футболчи билан учраштирган. Ўз навбатида ван Нистелрой унга формасини тақдим этиб, тушкунликка тушмаслигини ва ҳаммаси яхши бўлишини айтади ва бўйнидан қучиб йиғлайди. Бор гап шу.
"ГАМБУРГ"
2010 йилнинг 23 январида ван Нистелрой Германиянинг "Гамбург" клубига кўчиб ўтди. Эндиликда унда Англия ва Испаниядан кейин Германияда ҳам ўзини синаб кўриш фикри туғилганди. Рууд немис клуби билан 18 ойлик шартномага имзо чекади. Голландиялик тўпурар Европа грандлари назаридан четда жимгина фаолиятини давом эттириши мумкин эди. Бироқ амалда бундай бўлмайди.
"Реал" президенти Флорентино Перес 2011 йилнинг январь ойида унга қўнғироқ қилиб, Мадридга қайтишини, унинг хизматларига Жозе Моуриньо эҳтиёж сезаётганини айтади. Чунки португалиялик мураббий клубни тарк этган Гонсало Игуаин ўрнига бошқа ҳужумчи қидираётганди. Аммо 34 ёшли ван Нистелройни қўйиб юборишга "Гамбург" раҳбарияти кўнмайди. Натижада Рууд токи шартномаси охиригача "динозаврлар" таркибида қолишга мажбур бўлади.
Ўшанда Рууд ван Нистелрой шундай деганди: "Менга шахсан президент қўнғироқ қилиб Мадридга қайтишимни сўради. Ўзим ҳам жон деб қайтсам бўларди, лекин "Гамбург" унамади. Умидларим пучга чиқди. Энди мен ҳеч қачон Европа чемпионлар лигасини юта олмайман. Агар қайтганимда Моуриньо қўл остида бу мусобақада ғолиб чиқишимизни сезгандим. Лекин профессионал сифатида "Гамбург"да қолишимга тўғри келди".
"МАЛАГА"
2011 йилнинг 2 июнь куни ван Нистелрой ўзининг янги жамоаси "Малага" билан 2012 йилнинг 30 июнига қадар шартнома тузади. У "Малага" билан чемпионатда 4-ўринни эгаллайди, Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида ўйнаш имконини қўлга киритади. Рууд андалусияликлар сафида 28 ўйинда майдонга тушиб атиги 4та гол урган. 2012 йилнинг 14 май санасида ван Нистелрой катта футболдан кетаётганини расман маълум қилади.
ГОЛЛАНДИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Рууднинг терма жамоадаги дебюти 1998 йилнинг 18 ноябрида рўй берган. Ўшанда Голландия Германияга қарши баҳс олиб бориб 1:1 ҳисобини қайд этганди. Ҳужумчи термадаги илк голини 1999 йил 28 арель куни Марокаш дарвозасига киритган. Афсуски, футболчи жароҳати сабаб Евро-2000га бора олмайди. ЖЧ-2002га эса Голландия чиқа олмаган. Фақат 2004 йилга келибгина ван Нистелрой терма жамоа билан биринчи марта катта мусобақада иштирок этишга муваффақ бўлади.
Европа чемпионатидаги Германияга қарши баҳс охирларида айнан унинг голи сабаб ўйин 1:1 ҳисобида якун топади. Кейинги баҳсларда Рууд яна учта гол уришга эришади. Ярим финалда Голландия Португалияга имкониятни бой бериб мусобақани тарк этади. Натижада мусобақада тўртта гол урган Рууд англиялик Уэйн Руни билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни эгаллайди. Биринчи ўрин эса чехиялик ҳужумчи Милан Барошга насиб этади.
Германияда ўтказилган ЖЧ-2006 гуруҳ ўйинларида ван Нистелрой уч марта майдонга тушиб атиги битта гол уради. 1/8 финалдан ўрин олган Португалияга қарши баҳсда эса мураббий уни ўйин охиригача захирада ушлаб туради. Натижада голландлар мағлуб бўлиб уйга қайтиб кетишади. Шундан сўнг Рууд бир йилча терма жамоада кўриниш бермайди. У бир йиллик танаффусдан сўнг яна термага қайтиб Швейцарияга қарши майдонга тушади. Қолаверса, Евро-2008га борадиган таркибга киритилади. Европа чемпионатида уч бор майдонга тушган ван Нистелрой 2та гол уради.
2008 йилнинг августида Рууд ван Нистелрой терма жамоадан кетаётганини эълон қилади. Лекин орадан икки йил ўтиб унда ЖЧ-2010га бориш умиди туғилади. Аммо терма жамоа устози Берт ван Марвейк уни 23талик рўйхатга киритмайди. Жаҳон чемпионатидан сўнг Рууд яна терма жамоага қайтиб, Сан-Маринога қарши учрашувда захирадан тушади ва охирги дақиқаларда рақиб дарвозасига тўп киритади. Ўйин 5:0 ҳисобида тугайди. 2012 йилнинг апрель ойида Берт ван Марвейк баёнот бериб Евро-2012га борадиган футболчилар орасида ван Нистелрой бўлмаслигини айтади. Шундан сўнг қаҳрамонимиз узил-кесил терма жамоа билан хайрлашади. Рууд ван Нистелрой терма жамоа либосида 70та ўйинда иштирок этиб, 35та гол урган.
МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ
2014 йил Рууд Голландия терма жамоаси мураббийлар штабида ишлаш учун Гуус Хиддинкдан таклиф олади. Ван Нистелрой фаолияти давомида Чемпионлар лигасини ютмаган, ўзи ўйнаган ҳеч қайси клубда афсона бўлиб қолмаган, аммо тўпурарлик маҳоратидан фойдаланиб уч бор ЕЧЛнинг "Энг яхши тўпурари" бўлган (2001/2002, 2002/2003, 2004/2005 йилги мавсумларда). Бундан ташқари, у учта элит чемпионат - Голландия, Англия ва Испанияда тўпурар бўлган дунёдаги ягона футболчи ҳисобланади.
ФАКТЛАР
- 2004 йилнинг 10 июль куни футболчи ўзининг ёшликдаги таниши Леонтина Слатс билан турмуш қурган. Уларнинг икки фарзанди бор: қизи Моа Аннет ва ўғли Лайам.
- Ван Нистелрой голланд футболининг яна бир ёрқин юлдузи Патрик Клюйверт билан бир кун ва бир йилда туғилган.
- Рууд ва унинг оиласи ҳозирги пайтда турли хайрия тадбирларида иштирок этиб туришади. Улар 1949 йилдан бери фаолият юритиб келаётган "Қишлоқ болаларига ёрдам" хайрия ташкилотининг аъзоси ҳисобланади.
- 2001 йилнинг 1 май куни ван Нистелрой расман ФИФА томонидан "ФИФА болалар учун ёрдам" жамғармасининг элчиси сифатида тасдиқланган.
ЭРИШГАН ЮТУҚЛАРИ
Жамоа сифатида: Голландия чемпиони - 1999/2000, 2000/2001, Голландия Суперкубоги соҳиби - 1999, 2000, Англия чемпиони - 2002/2003, Англия Кубоги соҳиби - 2003/2004, Англия Суперкубоги соҳиби - 2003, Англия лига кубоги соҳиби - 2005/2006, Испания чемпиони - 2006/2007, 2007/2008, Испания Суперкубоги соҳиби - 2008.
Футболчи сифатида: "ФИФА 100" рўйхатидан жой олган. Голландиянинг икки карра "Энг яхши футболчиси" - 1999, 2000. "Кумуш бутса" соҳиби -1999, 2000, "Бронза бутса" соҳиби - 2007, Англияда мавсумнинг "Энг яхши футболчиси" - 2002/2003, Голландия чемпионатининг энг яхши тўпурари - 1998/1999, 1999/2000, Англия чемпионатининг энг яхши тўпурари - 2002/2003, Испания чемпионатининг энг яхши тўпурари - 2006/2007, Евро мавсумнинг энг яхши тўпурари - 2001/2002, ЕЧЛнинг энг яхши тўпурари - 2001/2002, 2002/2003, 2004/2005.
Ван Нистелрой ҳақидаги ҳикоянинг биринчи қисми бу ерда
Comments