“Хоразм”даги шароитлар, “Олимпик” билан ўйинда урган голи ва нега жамоасини ўзгартирмаслиги ҳақида Темур Бекчонов билан суҳбат
10 sep 2021 11:36
News
“Хоразм”даги шароитлар, “Олимпик” билан ўйинда урган голи ва нега жамоасини ўзгартирмаслиги ҳақида Темур Бекчонов билан суҳбат
Иқтидорли футболчи ҳар мавсум ўз голлари билан жамоасининг тўпурарларидан бир бўлиб келиши билан ҳам эътиборни ўзига тортади. Аммо Бекчонов мана бир неча йиллардан буён жамоасига содиқ қолиб келмоқда. “Олимпик”ка қарши кечган басҳдан сўнг Бекчонов билан суҳбатлашиб, бир нечта саволларга жавоб олдик.
- Темур, аввало Тошкентда бўлиб ўтган “Олимпик”ка қарши кечган учрашув тўғрисида фикрингизни билдириб ўтсангиз?
- Авваламбор, ассалому алайкум! “Олимпик” жамоаси ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу жамоани ўзбек футболининг келажаги деб бемалол айтган бўлардим. Клуб жуда яхши ташкил этилган бўлиб, унинг ўйин услуби жуда кучли шакллантирилган. Ҳимояда ҳам олдинги чизиқда ҳам бир хил ўйнай олишлигини амалда исботлаб келмоқда.
- Учрашувдан олдин “Олимпик”дан қандай ўйин кутгандинглар?
- Ҳар бир жамоа ўз майдонида фақат ғалаба қозониш учун майдонга чиқади. Шу сабабли рақиб жамоадан ҳужумкор ўйин кутгандик. Мураббийимиз ўйиндан аввал бизга кўрсатма бериш чоғида, “Олимпик” футболчилари ҳар бир бўш худуддан унумли фойдаланиб қолишларини такидлаганди. Шундай вазиятга бормаслик учун майдоннинг ҳар бир чизиғида жиддий курашишимиз кераклигини талаб қилганди.
- Мазкур учрашувда захирадан майдонга тушиб, рақиб дарвозасини ишғол этган холда жамоангизни мағлубиятдан қутқариб қолдингиз. Фақат очиғини айтинг, майдонга тушиш чоғида ўз ҳисобингизга битта гол ёздириб қўйишингизни кутганмидингиз?
- Тўғриси, бу гап мен ва мураббийимизга хавола. Бош мураббий ўйиндан олдин асосий таркибни таништириб бўлганидан кейин олдимга келиб, “Сени бугун ҳужумда синаб кўрмоқчиман”. Ҳар бир дақиқада тайёр туришим кераклигини, имконият бўлди дегунча гол уришим зарурлигини таъкидлаб, ишонч билдирган холда далда берди. Урган голимга келадиган бўлсам, ҳар бир ҳужумчи майдонга тушгач, гол уришни истайди. Чунки унинг вазифаси рақиб дарвозасини ишғол этишдан иборат. Лекин ростини айтсам, “Олимпик” дарвозасига бош билан зарба бериб, гол ураман деб ўйламагандим.
- “Хоразм” ҳисобни тенглаштиргач, гўёки дурангни сақлаб қолиш мақсадида ҳимоявий ўйин кўрсатгани кўпчиликни хайрон қолдирди. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
- Албатта, ҳар бир жамоа майдонга фақат ғалаба қозониш ниятида тушади. Тўғриси, майдонда бир киши кам бўлиб, “Олимпик”дек жамоага қарши янажа ҳужумкор ўйин кўрсатиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Табиийки “Хоразм” ҳам Тошкентга ғалаба учун келганди. Бироқ якунда дуранг қайд этилди.
- Узоқ йиллардан буён “Хоразм” жамоаси таркибида ўйнаб келяпсиз. Бу йилги ПРО-Лига мусобақаси сизда қандай таассурот қолдирмоқда?
- ПРО-Лиганинг савияси охирги 2–3 йилда ортди дейиш мумкин. Хусусан, бу йилги мавсумда Суперлига йўлланмаси учун кураш анча шиддатли тарзда кечмоқда. “Нефтчи”, “Динамо”, “Бухоро” сингари клубларни Суперлига даражасидаги жамоалар деб биламиз.
- Узоқ йиллардан буён “Хоразм” шарафини ҳимоя қилиб келмоқдасиз. Жамоангизни ўзгартиришни ўйлаб кўрмаганмисиз? Ёки таклифлар бўмаганми?
- Очиғи, бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Балки менга уйимда ўйнаш қулайроқ бўлаётгандир.
- Фаолиятингизни ушбу жамоада тугатишга қарши эмасмисиз?
- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Эхтимол келаси йиллар бошқа жамоалардан яхшироқ таклифлар тушар. Буни албатта вақт кўрсатади.
- Бу йил жамоага эътибор қай даражада бўлмоқда?
- Охирги йилларда эътибор ижобий томонга ўзгарган. Бундан 2-3 йил олдинги мавсум билан таққослайдиган бўлсак, ўзгариш бор. Мисол учун раҳбарият ойлик маошларимизни ўз вақтида бериб келмоқда. Лекин келгусида бундан-да яхши шароитларни яратиб беришса, “Хоразм” ҳам Суперлигага қайтиб, ишқибозларни қувонтиради деган умиддаман.
- “Хоразм”да ўсиб келаётган иқтидорли ёшлар хусусида фикрингиз қандай?
- Маҳаллий истъедодли ёшлар етишиб чиқмоқда. Фақат “Хоразм” ПРО-Лигада иштирок этаётгани учун ёшларимиз у қадар кўзга ташланмаётган бўлиши мумкин. Лекин Тошкент клубларининг селекционерлари озгина эътибор қаратса, хоразмлик кўплаб ёш футболчиларимиз Суперлигада ҳам ўйнаб кетишига ишонаман.
- Ёшлардан кимларни кўпроқ алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?
- Шаҳзод Бешимов, Ҳабибулло Матёқубов, Маҳмуд Қаландаров, Диёр Рамазонов ва Шохназар сингари умидли ёшларимиз яқин орада Суперлига жамоаларида ўйнаб кетиши мумкин.
- Айтишларича ПРО-Лигада иштирок этаётган воха клубларининг футболчилари тўп тепишдан ташқари яна алоҳида бошқа касб билан ҳам шуғулланар экан. Сизда ҳам футболдан ўйнашдан ташқари қўшимча иш борми?
- Дадам асал-аричилик билан шуғуллангани учун мен ҳам футболдан ташқари бўш вақтларимда ёрдам бераман.
- Шу ўринда футболга кириб келишингиз қандай юз бергани ҳақида айтиб берсангиз.
- Ёшлигимда кўплаб болалар сингари менда ҳам футболга бўлган қизиқиш юқори эди. Шу сабабли дадам мени футбол тўгарагига олиб борган. Дастлабки мураббийим Рашид Раҳимов бўлади. Кейинчалик футбол интернатида раҳматли устозим Одамбой Қурёзов қўли остида шуғулланганман. Оиламизда футбол билан шуғулланишим учун қаршиликлар бўлмаган. Мусобақаларда хатти-харакатларимни кузатиб борган, “Машъал” академиясининг селекционерлари Муборакка таклиф қилган. Ўша вақтларда “Машъал” академиясининг савияси юқори даражада бўлганлиги учун, ҳеч иккиланмасдан ижобий жавоб берганман. Ўсмирлик давримда Борис Серастанов, Вадим Шодиматов ва жамшид Саидов қўли остида шуғулланганман. Академиядан кейин катта футболга ўтган пайтимда илк бор Александр Хомяков жамоасида ўйнаганман.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Comments