Latest news

12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  0 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  3 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  1 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  5 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  1 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  4 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  2 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  6 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  17

Висенте Дель Боске: "Терма жамоа мураббийи сифатида клублар сиёсатига аралаша олмайман" News

Висенте Дель Боске: "Терма жамоа мураббийи сифатида клублар сиёсатига аралаша олмайман"

Испания терма жамоаси бош мураббийи Висенте Дель Боске Англиянинг“The Guardian” нашри ходимлари билан суҳбатлашди.


Интервьюда у инглиз футболи, легионерлар лимитисиз ҳолат ва Диего Костанинг терма жамоадаги истиқболи ва бошқа масалалар юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди.


Инглиз футболи деганда хаёлингизга нима келади?

– Инглиз футболи энди йўқ. Соф инглизча услуб бошқа мавжуд эмас.

Нега?

– Турли ўйин услублари қоришуви ва хориждан кўплаб футболчиларнинг келиши туфайли инглиз футболини анъанавий тушунчага мос ҳолда сақлаб қолиш имконсиз бўлмоқда. Баъзи жамоаларда ҳали инглиз футболига хос характер бор, бироқ майдонда бирор клубнинг қайси мамлакатдан эканини билиш қийин.

Миллий услублар ғойиб бўлди. Давлатлар ўртасида қандайдир аниқ фарқлар сақланиб қолди деб ўйламайман. Эҳтимол, бирор нарсани ёддан чиқаргандирман, лекин халқаро майдонда ҳам Англия Европанинг бошқа жамоалари каби кўриняпти.

– Ҳар сафар Англия йирик мусобақадан чиқиб кетганда келиб чиқишдаги фарқ, турли ислоҳотлар ҳақида гапирамиз, бошқа услубларга ҳавас қиламиз - Клэрфонтэн, Испания, энди эса Германия...

– Инқилоб кетидан инқилоб бўлади. Ўзлигингизни билишингиз керак! Лекин шунчаки боқиб ҳам ўзгариб бўлмайди. Очиқ ва бошқа давлатлар амалга ошираётган нарсани қабул қиладиган бўлиш керак. Футболда ҳам мода мавжуд. Унинг қонуний асосчилари, ўсишни юзага келтираётганлар ғалаба қозонади. Германия ютаётган экан, демак, унинг ўйини барчаникидан яхшироқ. Агар биз испанлар ютсак, унда жавобни биздан қидиринг. Инглиз футболида кўплаб яхши нарсалар бор ва у ўзлигича қолиши шарт. Бироқ бу замонавийлашиш ва ривожланишдан тўхташ кераклигини билдирмайди.

Испанча услуб қандай? “Тики-така” ёрлиғи сизни асабийлаштирмайдими?

– Бу оддийроқ. Агар Испанияга ёрлиқ ёпиштирмоқчи бўлсангиз, сиз бизни ҳимоявий услубдаги жамоа деб атай олмайсиз. “Тики-така” атамаси тўпни назорат қилиш ва ҳужумкор футболни билдиради. Шу билан бирга ҳимояда ишончлимиз. Биз кам гол уриб, чемпионга айландик. Ҳалигача ўша услубда ҳаракат қиляпмиз.

Танланган йўналиш қандай? Испания муваффақиятларининг сири нимада?

– Одамларга бизда ўзига хос жиҳатлар борлигини эслатишни, лекин аслида Франция, Германия ёки бизга яқин бошқа давлатлардан аниқ фарқ қилмаслигимизни эслатишни ёқтираман. Авваллари мавжуд бўлган камчиликлардан қутулдик. Бунга исбот – футболчиларимиз, улар хорижда жуда яхши ўйнашмоқда. Шу билан бирга биз барчасини тўғри қиляпмиз: яхши инфратузилма бор, янгилари қуриляпти, жуда яхши мураббийларга эгамиз. Испаниялик ишқибозлар футбол маданияти ўсди.

Биз ўйиннинг техник тарафлари устида ишладик. Бу асосга айланди. Жисмоний ҳолатга эътибор бериш урфга айланганди. Лекин ҳозир барчаси барқарор кўринишда. Исталган жамоанинг машғулотига қаранг: дастлаб жисмоний, кейин техника ва сўнг тактика устида ишланганига гувоҳ бўлмайсиз. Барчаси бир-бирига боғланган. Яна тактика даври ҳам бўлганди, унда тактика энг муҳим ўринга чиқарди. Бахтимизга, булар ўртасида боғлиқлик топиш насиб этди. Бизга омад ҳам кулиб боқди, буни инкор этиб бўлмайди. Пешонамизга жаҳон чемпиони бўлиш ёзиб қўйилганди.

Ёзиб қўйилган? Жиддийми? Сиз ғалаба қозонишингизни билган вазият бўлганми?

– Йўқ. Лекин ортга боқиб, ҳаммаси қандай бўлганини эслайдиган бўлсак, бу чемпионлик тақдир ҳукми бўлганини кўрамиз.

2010 йил “Олтин тўп”ни испан футболчиси ютиши кераклигини айтгансиз. Лекин айнан ким? Бошқалардан ажралиб турган юлдуз ўйинчи бўлмаганди. Аксинча, 4-5 нафар номзод бўлган. Бу испан футболининг ғоясими?

– Жаҳон чемпионатини айнан жамоа сифатида ютиш ва жамоавий муваффақият билан ғурурланиш ажойиб бўлганди.

Жаҳон чемпионатида Англия премьер-лигаси ёрдамисиз, унинг имконияти ва тажрибасисиз зафар қучиш мумкинмиди? Кўплаб футболчилар айнан Англия чемпионатида ўйнашади.

– Ҳа, шундай. Бироқ бизнинг чемпионатда жаҳоннинг энг кучли икки футболчиси ўйнайди. Биз Месси ва Роналду даврида яшаяпмиз.

– Месси 13 ёшда Испанияга кўчиб ўтганда уни маҳаллийлаштириш ҳақида ўйлаб кўрилганми?

– Ҳаракатлар бўлган, бироқ у ўз мамлакати учун ўйнашни афзал билган. Қарорига нисбатан ишончда эди.

Испан футболчиларининг Англияда ўйнаши терма жамоага ёрдам беряптими?

– Ёрдам беради. Футболчиларнинг хорижга кетаётгани яхши. Бу бизни очиқроқ қилади ва катта устунлик беради. Бунга менда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Сеск Фабрегас 19 ёшда “Арсенал” сардори бўлганда бу терма жамоа учун ажойиб эди.

Баъзида мен терма жамоага асос бўладиган 1-2 клуб йўқлигидан шикоят қиламан. Ҳозир футболчилар турли клубларга тарқаб кетган. “Арсенал”, “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед”да ўйнашмоқда. Йирик турнирларни ютган терма жамоалар бир клуб базаси атрофида шаклланган – “Бавария” ёки “Ювентус” бунга мисол бўлади.

ЁкиБарселона”.

– Ҳа. Лекин “Реал” футболчиларини ҳам унутмаслик лозим. Бизда Мадриддан 4-5 ва “Барселона”дан 7-8 нафар ўйинчи бор эди. Шу билан бирга биз каталонияликлар каби ўйнамаганмиз. Икки нафар таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнаш схемасидан фойдаланганмиз. Бускетс ва Алонсога саволлар бор эди, бироқ улар жамоа асосига айланган.

Яна қачондир бизда “Ливепуль”дан 5 нафар футболчи бўлган. Рейна, Арбелоа, Хаби Алонсо, Торрес, Луис Гарсия. Ҳозир “Челси”да уларнинг сони 4 нафарга етган.

Премьер-лигада учдан бир қисм футболчилар инглиз холос. Бу Англия терма жамоаси мураббийи Рой Хожсон учун муаммоми?

– Испанияда ҳам шундай муаммо мавжуд. Бир сафар “Атлетико”нинг асосий таркибида икки нафар испан қолганди. “Реал” уч нафари билан ўйнайди. Ҳа, чемпионатимизда кўплаб хорижлик ўйинчилар бор. Бироқ мен бундан кучли шикоят қилмаслигим керак. Бу клублар сиёсати, менинг ишим эмас. Уларнинг сафида испан шаҳарчасида туғилиши шарт бўлмаган жаҳоннинг энг кучли футболчилари бор.

– Шу туфайли ўша клублар ҳам ўзига хослигини йўқотяптими?

– Бундай деб ўйламайман. Кубала Рамбладан узоқда туғилган, Хенто Гуарнисода таваллуд топган, Мадридда эмас. Пушкаш венгр бўлишига қарамай, “Реал” тарихини ёзган. Футболчи ўши ўйнаётган жамоанинг шаҳрида туғилган бўлиши керак деб ҳисобламайман. Лекин “Реал”, “Барселона”, “Атлетико”, “Вильярреал” ва “Севилья” каби ёшлар билан жуда яхши ишлайдиган клублар ажойиб иқтидорларга эга ва улар бундан фойдаланишлари шартлигини инкор этиб бўлмайди. Мен муҳим ўйинлардаги асосий таркибни гапирмаяпман, лекин нима учун шундай ўйинчилардан яқин вақт учун захирани шакллантириб бўлмайди? Агар сизга дастлабки дақиқалардан мавсумда 5-10 марта майдонга тушадиган футболчи керак бўлса, нима учун у маҳаллий тарбияланувчи бўлмаслиги лозим? Футболчи учун бу бошқача ҳис, бошқача масъулият.

– Диего Коста ишлаш энг қийин бўлган футболчими? Баъзида бу ҳужумчидан фойдаланиш маъқул иш эмасдек туюлади. У Испания учун атиги бир тўп киритган холос.

– Коста биз учун муаммо эмас. Унга омад кулиб боқмаяпти, бироқ бу Костанинг Испания терма жамоаси услубига тўғри келмаслигини англатмайди. Ҳозир бизда Коста, Мората ва Пабло Алькасер ўртасида рақобат бор. Умуман олганда, уларнинг барчаси келажак ҳужумчиларидир.

Давид де Хеа Икер Касильяс сингари яхши дарвозабон бўла оладими?

–Де Хеада Касильясдан ўтиб кетиш учун барча имконият бор. Баъзида унинг “МЮ”да 4-5 йилдан бери ўйнаётганини унутиб қўямиз. У Шмейхель, ван дер Сар, Бартез – уч буюк посбон қўриқлаган дарвозада турганини эсдаб чиқарамиз. Лекин Икер амалга оширган ишларни уддалаш қийин. Сон ва сифат бўйича қараганда ҳам.

– Баъзан сизни ўта юмшоқтабиат бўлганингиз учун айблашади. Қачондир жаҳлингиз чиқадими? Биз бунга уриндик, аммо ҳеч нарса чиқмади.

– Ха-ха! Cизлар уйимга ташриф буюрдингиз, менинг меҳмонимсиз. Қандай қилиб сизлардан жаҳлим чиқиши мумкин? Мен ҳам бошқалар каби бирор нарса яхши кетмаётганини ёқтирмайман. Бироқ бу кимга қаратилишини тушуниш керак. Бир футболчи танқидни тўғри қабул қилади, бошқаси билан эмас зиддиятга бормаслик учун шунга яраша муомала қилиш лозим. Ҳар қандай ҳолатда футболчилар нимани нотўғри қилганини яхши билишади.

Агар одамлар “ғолиб мураббий” деб фақат унинг баланд овозда қичқираётганини айтишса, бу ёлғон. Бирор мураббий яна ва яна қичқирса, у ҳақида ғолиб мураббий деб гапиришни бошлашади. Жаҳонда ютқазишни ёқтирадиган бирор мураббий борлигини билмайман. Бошқаларга ўрнак бўлишга даъвогарлик қилмайман, лекин мураббий ғолиб бўла олиши керак, ютқазишни ва ўзини тутишни билиши зарур. Майдон четида ўзимни ахмоқдек тутишни хоҳламайман. Баъзи мураббийларга бу ёқади.

Бу жамоага ёрдам бериши ҳақида айтишади.

– Театрга хос, драматик, ҳиссиётни бундай тарзда билдириш ҳеч қандай қимматга эга эмас. Бу ишламайди. Одамлар унинг ҳиссиётли, ўйинга кириб кетгани ва қайғуриши тўғрисида гапиришади. Бироқ ким барча мураббийлар шундай ҳиссиётни бошдан кечириши шартлигини тасдиқлайди? Ҳамиша бундай асаб ва босимга дош бериш қийин. Бу энергияни кўп йўқотишдир. Кучни футболчиларни ўйинга тайёрлашга сарфлаш керак, янги билим ва ишга.

Ишингиз ҳақида айтиб берсангиз. Ҳар куни нима билан машғулсиз? Жамоангиз икки ойда бир марта йиғилади. Бироқ 23 футболчи ҳақида доим ўйлайсизми?

– 23? Кўпроқ. Уларнинг сони 43дан ортиқ. Албатта, ҳар куни улар тўғрисида ўйлайман. Худди клубда ишлаганимдек футбол ҳақида ўйламаслик мумкин эмас. Бу шунчаки имконсиз. Уйда тушликдан кейин ҳам Испания терма жамоаси ёки федерация ишлари ҳақида қайғураман. Ҳар бир ўйинчининг ўсиши, қандай ҳолатда экани хусусида бош қотираман. Гап бунда ҳам эмас. Футболчиларни фақат охирги турларда яхши ўйнагани учун терма жамоага чақириб бўлмайди. Биз жамоа қуришимиз керак.

– Ўзингизни қачон вақти келишини ҳеч ким билмайдиган одамга мисол деб биласизми? “Бешиктош”да 2004/05 йил ишлаганингизда Испания терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида зафар қучишни орзу қилганмисиз?

– Йўқ, агар ортга назар ташласак, мен футболга ўзимни бунчалик бағишлашимни ҳам кутмагандим. Ёш ўйинчиларни ривожлантириш билан машғул бўлишга умид қилгандим. Мураббий бўлишга, ҳар кунимни бу ишга бағишлашга ҳеч қачон хоҳишим бўлмаган. Бунинг учун жуда уринмаганман ҳам. “Реал”нинг асосий жамоасини клуб маълум вазиятда менга муҳтож бўлгани учун қабул қилиб олгандим. Мақсадим умуман бошқача бўлганди.

Терма жамоада ишлашни тўхтатсангиз, кейин нима қиласиз?

– Қўлимдан келганча яхши яшайман.

Балки, ёшлар футболи билан шуғулланарсиз.

– Йўқ ва яна йўқ. Вақтимни оилам билан ўтказиб, шунчаки яшайман. Лекин ҳамиша футболга яқин бўлиб қоламан.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика