Туғилган кунинг билан, "Футбол Экспресс"!
06 may 2016 09:00
News
Туғилган кунинг билан, "Футбол Экспресс"!
Бугун 6 май! Роппа роса 20 йил аввал "Футбол Экспресс" газетасининг илк нишона сони ўқувчилар қўлига етиб борган эди. 1996 йилнинг 6 май ойи мазкур газетанинг 20 йиллик тарихи йўлида катта аҳамият касб этади.
Бу пайтда айнан футболга ихтисослашган битта нашр - "Ўзбекистон Футболи" бор эди. Отахон газета ўша пайтнинг ўзидаёқ тажрибали журналистларга эга бўлган, Андижонда чоп этилаётган янги нашр эса аввало кадрлар борасида катта муаммога дуч келиши аниқ эди. Шундай бўлса-да, газетага дастлабки пойдеворларни қўйган ака-ука Исҳоқовлар бўш келмадилар. Изланишда, ижодкор ёшларни қидириб топиш ва кейинчалик ўзлари ҳам кашф қилишга киришиб кетдилар.
Мен 2001 йилдан газета сотиб олишни бошладим. Пойтахтимиздаги "ЦУМ" савдо маркази ёнидаги газета дўконларида ўша пайтдаги кумирим бўлган Роналдонинг сурати туширилган янги газетани кўрдим, бу "ИнтерФутбол" эди. Шу-шу газетанинг доимий ўқувчисига айландим. Амакимнинг ўғли "Футбол Экспресс" ва "Ўзбекистон Футболи"ни харид қиларди. Иккимиз ҳам газеталаримизни алмашиб мутолаа қилардик. Газеталарни ташлаб юбормасдик, ҳозиргача архивимиз мавжуд.
Журналистика факультетига кирганимиздан кейин мен "ИФ"ни олишда давом этдим. Боиси, "Интер Футбол"нинг Тошкентдаги савдоси яхши, "ФЭ" эса водийда кўп сотиладиган газета эди. 2004 йил танишганим Беҳзод Назаров шу боисдан бўлса керак, газета дўконидан "ФЭ"ни харид қиларди. Сешанба ва жума кунлари аудиториямизга иккита газета кириб келар ва қолган талабалар биздан олиб, уларни ўқиб чиқишарди.
2006 йил мен "ИФ" билан, Беҳзод устозимиз Ойбек Юнусовнинг таклифи билан "Ўзбекистон Футболи"да қалам тебрата бошлади. Бир йиллик танаффусдан сўнг Хайрулла Холиқов иккиси ўша пайт чиқа бошлаган, янги "Спорт плюс" газетасида иш бошладилар. Газета кўпга етиб бормади, Холиқовга "Футбол Экспресс" бош муҳаррири Шукурулло Исҳоқовдан таклиф тушди, кўп ўтмай Холиқовнинг тавсияси билан Беҳзод ҳам "ФЭ"да иш бошлади.
2009 йилда "CA"нинг ҳаракатига тушдим. Шунинг учун ўша йили газета билан ҳамкорлик қилмасдим. 2010 йил сайтимиз ишга тушгач, "ФЭ"нинг таклифи билан сайтимиз ҳамкорлик қила бошлади. У пайтларда сайтга жиддий эътибор бўлмаганлиги боис бизга бирон бир тажрибали ташкилотнинг кўмаги керак эди. Бу борада "ФЭ"нинг ёрдами катта бўлди. Йиллар ўтиб, икки ташкилот ўртасидаги муносабатлар ўса бошлади, сайтимизга талаба сифатида келган Нарзулла Сайдуллаев ҳозирда "ФЭ"да статистика бўлимида фаолият олиб боряпти. Яна бир қанча шогирдларимиз клубларда иш олиб боряптилар. Бундан газета ҳам манфаатдор.
Бугунги кунда газета ҳафтасига 30 000га яқин тиражда чиқяпти. "ИФ" ва "ФЭ" қайд этиб турган бу кўрсаткич бугунги давр эҳтиёжидан келиб чиқсак, катта ютуқ.
"ФЭ"да аҳил ижодий гуруҳ йиғилган. Энг муҳими, тахририятдаги ходимлар ўз ишларини севиб бажарадилар. Имкон қадар ҳар бир стадионга ўз ходимларини юборади. Бобурбек Турсунов, Шуҳратбек Жўраев ва Абдулҳафиз ака каби журналистлар бугунда газетанинг устуни деб айтсак муболаға бўлмас.
Кечагидек ёдимда, 2006 йил "Машъал" жамоаси январь ойида пойтахтимиздаги "Геофизика" базасида янги мавсум олди тайёргарликларини олиб бораётган эди. У пайтда мен талабаман, қизиқиш устун. Маршрутга ўтириб қароргоҳга бордим. Қайтишда муборакликлардан интервью олиб қайтаётган Бобурбек ака Турсунов билан танишдим. 101 автобусда "Геофизика"дан "Буюк ипак йўли" метро бекатигача бирга келдик. Кейинчалик Шуҳратбек Жўраев ва Шукурулло Исхоқов билан ҳам ака-ука бўлиб кетдик.
Газетангизнинг 30, 40 ва 50 йиллик тўйларини бирга муносиб нишонлаш насиб этсин.
Нодирхўжа Юлдашев
Comments