Latest news

21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   0 21:35Рўзиқул Бурдиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  1 21:15Саудия Арабистони. "Ал Насср" - "Ал Қодисия" баҳси асосий таркиблари маълум!  3 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  1 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  0 20:21"Пахтакор" 8 йил олдинги антирекордини такрорлади  1 20:15Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Қизилқум"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди  21 20:00Ямаль "Сельта"га қарши ўйнамайди  2 19:42Франция футбол Федерация ПСЖнинг "Мбаппе иши" бўйича апелляциясини рад этди  0 19:31Суперлига. "Нефтчи" – "Насаф" 2:0. Highlights  5 19:17Анвар Бердиев: "Мақсадимиз — Суперлигага чиқиш"  0 18:59Фарҳод Нишонов: "Ҳакам қарорини муҳокама қилишни истамайман, аммо..."  0 18:34Моуринью яна Роналду билан бирга ишлаши мумкин  0 18:08ПРО-Лига. Расман — "Шўртан" плей-оффнинг иккинчи иштирокчиси!   3

Тўлабек Акрамов билан ажойиб суҳбат (ВИДЕО+МАТН) News

Тўлабек Акрамов билан ажойиб суҳбат (ВИДЕО+МАТН)

"Локомотив" клуби Бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов "Championat.asia" сайтига эксклюзив интервью берди.

“ЧЕМПИОНЛИКНИ МУНОСИБ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛДИК”

- Ўтган мавсум ҳақида гапирадиган бўлсам, йил бошида раҳбарият томонидан жамоа олдига учта фронтда максимал вазифа қўйилганди. Қўйилган вазифаларнинг иккитасини бажардик. Фақат Осиё чемпионлар лигасида бу сафарги натижа аввалгига нисбатан муваффақиятсиз чиқди.

ОЧЛда жорий мавсумда кўнгилдагидек иштирок эта олмадик, гуруҳда 4-ўрин билан кифояланиб қолдик.

ОЧЛдаги муваффақиятсизликка футболчиларимизнинг жисмоний ҳолатидаги камчиликлар ҳам сабаб бўлди, дейиш мумкин. Чунки ОЧЛ старт олган паллада бизда чемпионат ҳали бошланмаганди. Бу энди баҳона бўла олмайди аслида. Чунки шу пайтга қадар шундай бўлиб келди ва бундан кейин ҳам шундайлигича қолади.

Янги мавсумда тайёргарлик босқичини янада жиддийроқ тарзда олиб борамиз. Мураббийлар штаби билан маслаҳатлашган ҳолда январь ойидаги йиғинларимизда асосий эътиборимизни футболчиларнинг жисмоний ҳолатига қаратамиз. Чунки ОЧЛ бошланадиган вақтда биз расмий ўйинларда иштирок этмаган бўламиз, ўртоқлик ўйинлари орқали футболчиларни ўйин ритмига тушиб олишларини таъминлашимиз лозим.

Яна бир жиҳати, янги мавсумда Супер лигада 38та тур бўлишини инобатга олсак, шунингдек, кубок ва ОЧЛдаги учрашувларни ҳисобласак, бир мавсумда камида 50га яқин ўйинда иштирок этилади. Шу боисдан ҳам янги мавсумда жамоанинг жисмоний ҳолати керакли меъёрда бўлмоғи шарт.

Жорий мавсумда чемпионат анча қизиқарли ва интригага бой кечганини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Муҳими, жамоамиз олдига қўйилган чемпионлик вазифасини бажардик. Чемпионликни муносиб ҳимоя қилдик.

Биринчи даврада тўплаб олган очколаримиз якунда бизга қўл келди.

"Пахтакор", "Бунёдкор" ҳамда "Насаф" жамоаларининг биринчи даврада кўп очко йўқотганлиги ҳам бизларга қўл келганини таъкидлаган бўлардим.

Бир нарсани очиқ-ойдин айтиш лозимки, агарда айнан мана шу учала жамоалар чемпионатнинг биринчи қисмида иккинчи даврада ўйнагани каби иштирок этганида, бизларга қийин бўларди.

“ЛЕГИОНЕРЛАР МАСАЛАСИ”

- Легионерлар борасида иккинчи йилдирки адашяпмиз. Яхши, савияли легионер олиш учун катта маблағ керак. Шунингдек, яхши, зўр легионер футболчини амалдаги жамоаси билан шартномаси бўлади. Яъни уни олмоқчи бўлсангиз, унда албатта футболчини трансферини сотиб олишга тўғри келади. Очиқ-ойдин айтаман, "Локомотив" ҳали топ жамоадан бўлмаса ҳам, ўрта даражадаги жамоадан ҳам яхши легионерни сотиб олишга қурби етмайди.

Ўзбек клубларига келадиган барча легионерлар эркин агент сифатида ташриф буюради.

Эркин агент бўлган, яъни жамоасиз юрган футболчидан яна қандай футбол кутиш мумкин?

Легионерлар борасида иккинчи йилдирки адашяпмиз. Яхши, савияли легионер олиш учун катта маблағ керак.

Қишда келади, кўрикда ўзини яхши тарафлама кўрсатади-да, зўр ўйнаб беради. Бу мотивация шартнома имзолагунга қадар чўзилади. Футболчи ўз мақсади, яъни шартномага имзо чекиб олишга эришганидан кейин ўз устида ишламай қўяди.

Айтмоқчи бўлганим, яхши савиядаги легионер футболчи жамоасиз юрмайди.


“СЕЛЕКЦИЯ ИШЛАРИ АЛЛАҚАЧОН БОШЛАНГАН”

- Бизда селекция ишлари биринчи даврадан кейиноқ бошланган. Бизда айни пайтда ҳужумчи масаласида танлов анча кам.

Марат Бикмаев ажойиб, тажрибали ҳужумчи. Аммо унинг ўрнига тушадиган футболчимиз Азизбек Амонов ҳали ёш. "Нефтчи"га тегишли бўлган Мурод Бобожонов эса ижарада ўйнаётганди. Бу борада ҳам музокаралар давом этмоқда. Агарда томонлар билан келишувга эришилса, балки Бобожонов жамоада қолар. Акс ҳолда унинг хизматидан фойдалана олмаймиз.

Айни пайтда жамоага яхши ҳужумчи қидирув ишлари давом этмоқда.

Легионерлар борасида агентлар билан доим алоқада бўлиб турибмиз. Ўзимизнинг Олий лигамиздан ҳам номзодларни кўздан кечиряпмиз.

Яқин кунларда янги футболчилар ҳақида расмий хабар берамиз.

Яқинда сайтларингизда Драган Черанга "Локомотив" жамоаси томонидан қизиқув бўлаётгани ҳақида хабар чиққанди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Черан қизиққанимиз рост.

"Насаф"нинг черногориялик ҳужумчиси Драган Черанга расман таклиф билан чиққандик. Аммо келишув амалга ошмади. Черан адашмасам келаси мавсумни ҳам "Насаф"да ўтказса керак.

“ЛОКО” ФУТБОЛЧИЛАРИГА КЕЛАЁТГАН “СОВЧИЛАР” ҲАҚИДА

- Айни пайтда жамоамиз футболчилари Марат Бикмаев, Жалолиддин Машарипов, Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Мирзаев, Олег Зотеев сингари футболчиларга Осиёнинг топ лига вакилларидан бир қатор таклифлар турибди. Ҳозир мен беш нафар футболчини санаб ўтдим. Ундан ташқари яна 2-3 футболчиларимизга таклифлар бор.

ОЧЛда қатнашадиган, қатнашишга даъвогар жамоалар бизнинг футболчиларга қизиқишмоқда.

Ўзимизда ҳам кучли футболчилар етарли. Биз уларга керакли шароитларини яратиб берсак, ўзимизнинг футболчилар кўплаб легионерлардан кўра яхшироқ ўйнаб беришга қодир.

Марат Бикмаев, Жалолиддин Машарипов, Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Мирзаев, Олег Зотеев сингари футболчиларга Осиёнинг топ лига вакилларидан бир қатор таклифлар турибди.

Марат Бикмаевга “Пахтакор” қизиқмоқда? Принципиаль рақобатчимизга футболчи сотамизми? Ҳар қандай клуб аввало профессионал бўлиши керак. Агарда биз Марат Бикмаевни ўрнини боса оладиган футболчи топсак, унда уни қўйиб юборишимиз мумкин. Аммо унутмаслик керакки, кўп нарса футболчининг ўзига боғлиқ. Масалан Бикмаевни ўзи жамоадан кетишни истаса, унда уни мажбурлаб олиб қолмайсизку, тўғрими? Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, ҳамма нарса Бикмаевнинг ўзининг қарорига боғлиқ бўлади.

“МАҚСАД – ЖАМОА ЎЗАГИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ”

- Футболчилар билан гаплашиб олганмиз. Деярли барча билан келишувга эришганмиз. Мақсадимиз 90% таркибни сақлаб қолиш. Агарда хориждан футболчиларимизга яхши таклифлар бўлса, биз уларни қўйиб юборамиз. Масалан ўша жамоа футболчига янада яхшироқ шароит қилиб берадиган бўлса, нега энди биз қўйиб юборишимиз керак эмас? Ўтган йили масалан Абдухолиқов, Жепаров, Шоаҳмедов "Локомотив"дан хорижга йўл олишди. Футболчиларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Уларни фаолияти қисқа бўлади. Эртага 3-4 йилдан футболчилар фаолиятини тугатади. Оила боқиши керак. Яхши пул ваъда қиляптими, демак бориб ишлаб келса ҳар томонлама яхши. Футболчи сифатида ўсишга эришиш билан биргаликда яхши молиявий шароитга эга бўлади. Буни ҳам тўғри тушуниш керак.

"Локомотив" раҳбарияти бу масалага доим тўғри қараган. Футболчиларга тўн кийдириб кузатиб қўямиз доим. Хаттоки футболчининг клуб билан шартномаси бўлган вақтда ҳам хорижга қўйиб юборилган. Мисол учун Темурхўжа Абдухолиқов ёки Санжар Шоаҳмедовни шартномаси бор эди. Аммо уларни Қатарга қўйиб юборишда биз тарафдан ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

Қайтанга, "Локо" футболчиларга трамплин вазифасини ўтаб бераётганидан хурсандмиз.


“РАҚОБАТУЙҒОНМОҚДА. “ЛОКО” КУЧЛИ РАҚОБАТГА ТАЙЁРМИ?”

- Авваламбор бошқа жамоалар кучайса шахсан мен хурсанд бўламан. Бу йили "Насаф" яқин 1-2 йил ичида кўрсатмаган ўйинини жорий мавсумда кўрсатди. Тўғриси, Қарши жамоасини бу қадар кучайиши қувонтирди. "Бунёдкор", "Пахтакор" ҳам кучаётгани жуда яхши. Янада кўплаб жамоалар кучайгани чемпионатимиз учун фойда бўларди. Рақобатчиларимизнинг кучаётгани бизга, яъни "Локо"га қўшимча куч, мотивация беради. Максимал даражада ишлаяпмизми, бошқалар ҳам кучаймоқдами, демак биз янада икки карра кучлироқ ишлашимизга тўғри келади. Рақобат кучаётгани энг аввало чемпионатимиз учун катта фойда. Рақобат ўсган пайтдаги ғалабани таъми янада ширинроқ туюлади. Шу тариқа чемпионат савияси ҳам кўтарилади. "Локомотив" кучли рақобатга чанқоқ.

Рақобатдош жамоалар камайиб кетгани боис охирги йилларда мухлислар ҳам ким нечанчи поғонанини олишини олдиндан бемалол башорат қилишга ва бу якунда тўғри чиқишига ҳам кўникиб қолди.

Рақобатчиларимизнинг кучаётгани бизга, яъни "Локо"га қўшимча куч, мотивация беради.

Ҳар қандай ҳолатда "Локомотив"нинг мақсади ўзгармайди. “Локо” охирги 6 йилдан буён фақат чемпионлик учун курашиб келади. Чемпионликка эришмаган мавсумларимизда ҳам пешқадам жамоа билан орадаги фарқ ҳеч қачон каттариб кетмаган. Демоқчи бўлганим, “Локомотив” доим битта мақсад сари интилишда давом этаверади. Биз доим энг юқори, яъни чемпионликни кўзлаймиз. 

“Локомотив” – бир оила. Кўп нарса ички муҳитга ҳам боғлиқ.Биздан кетган ва ўйнаётган футболчилардан муҳит борасида сўрашлариз мумкин, ҳеч қачон бу борада муаммо бўлмаган. Жамоанинг барқарорлиги ва муваффақиятига барча бир жамоа бўлиб бирлашгани ҳам муҳим ўрин тутади.

“Локомотив” чемпионлик йўлидаги рельсга тушиб олган ва шу йўналишда давом этаверади.

Яқинда раҳбарият билан учрашув бўлиб ўтди. Кейинги йил режалари хусусида гаплашилди. Келаси мавсумда ҳам “Локомотив” ҳар учала фронтда чемпионлик учун кураш олиб боради.

Бир нарсани бекитмайман, футболчиларга савол ташладик: “Балки сизларга учта фронтда курашиш оғирлик қилаётгандир? Чемпионат, кубок ёки ОЧЛдан биттасига аниқ вазифа учун кураш олиб бориш керакми”, деган. Йўқ, мураббийлар штаби ҳам, футболчилар ҳам барча мусобоқаларда ғолиблик учун ўйнашга тайёр эканликларини билдиришди.

“Локомотив” минимал эмас, доим максимал вазифаларни бажариш учун футбол ўйнайди.

“КЕЛАЖАК УЧУН ПОЙДЕВОР”

-“Локомотив” жамоаси кўзлаган мақсадларига эришмоқда. Жамоадан ҳам каттароқ бўлган клуб ҳақида гапирадиган бўлсам, мен келганимга 3 йилдан ошди. “Локомотив”га келишим билан академия очишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Академия ҳақида 2 йилдан буён гапириб келаман. Олдимизга турган энг асосий мақсад академия қуриш.

Ўша вақтда бошланган сайъ-ҳаракатлар мана ҳозирга келиб ўз мевасини бериш арафасида. Тошкентда ер масаласи жуда қийин. Айни пайтда бир жойдан ер топдик ва ҳужжатли ишларни якунлаш қолди. Ўша масаларни бажарсак, Худо хоҳласа яқин орада жаҳон стандартларига мос академияни барпо этамиз. 

Шу орқали “Локомотив” жамоасининг келажак учун пойдеворини қўймоқчимиз.

Бунга қадар “Локомотив” футбол мактаби ишлаб турибди. Мен ишга келганимда ушбу футбол мактабида “тозалаш” ишларини амалга оширгандим. Ҳозирга келиб яхши истеъдодли футболчилар бор, йўқ эмас. Ўсмирлар, ёшлар терма жамоамизга номзод футболчилар бор. Бу ёш иқтидорларни Олий лигага қадам қўйишига яна 3-4 йил вақт керак. Тез орада асосий жамоамизни ҳам ўзимизнинг ёшлар билан тўлдиришни бошлаймиза.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, 2-3 нафар иқтидорли ёшларимиз «Зенит”да ўйнашмоқда. Яқинда 8 яшар болакай “Зенит” билан шартнома имзолади. Яна 2-3та яхши болакайлар бор, уларга ҳам “совчилар” кўпайиб қолди.

Чемпионлик, кубок ёки ОЧЛ ўз йўлига. Бу энди табиий, раҳбарият доим максимал вазифаларни қўяди. Аммо мени ўз олдимга қўйган шахсий мақсадим, ҳали айтиб ўтганимдек академия барпо қилиш. “Локомотив” келажаги айнан ўша академияда таҳсил оладиган иқтидорларга боғлиқ бўлади.

Ҳозирги кунда футболчиларга шароит яратиб берса бўлгани. Имконият бор пайтда эса бундан унумли фойдаланиб қолиш лозим. Биздан кейин клубга қандай раҳбарлар келади, буни Худо билади. Мен келган пайтга қадар академия йўқ экан. Нимага унда шу нарсани ҳозир қилишимиз керак эмас? Худога шукур шароитимиз бор, болалар учун нима керак бўлса топамиз. Кўчада юрганида ҳам “Локомотив” логотипи туширилган либосни фахрланиб кийиб юрса бас. Бизга бундан бошқа нарса керак эмас.

“ЛОКОМОТИВ” БИРГИНА МУХЛИС КЕЛСА, ЎША ИШҚИБОЗНИНГ КЎНГЛИ УЧУН ҲАМ ЎЙНАЙДИ”

-Мухлислар биргина “Локомотив”нинг эмас, бутун ўзбек футболининг энг оғриқли нуқталаридан биттаси. Ҳамма вилоятда ҳам мухлислар стадионни тўлдириб туришмаяпти. Саноқли жамоаларда ишқибозлар ташрифи нисбатан яхши. “Насаф”, “Навбаҳор”, “Қизилқум”, “Бухоро” ёки “Динамо”. Лекин уларда ҳам стадион ҳар учрашувда тўлмайди. Қачонки топ жамоалар ташриф буюришса, ўшанда аншлаг юзага келади. Масалан яқинда Жиззахга бордик, мухлис йўқ. Олмалиққа борамиз, одам йўқ. Самарқандга бордик, у ерда ишқибоз кам. Мухлисларни қайтариш ҳозирги кундаги энг долзарб мавзулардан бири. Бу биргина жамоаларга ёи клубларга боғлиқ масала эмас. Буни устида тинмай ишлаш, меҳнат қилиш лозим. Бу ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. 

Бевосита ўзимизаг келадиган бўлсак, учрашувлардан олдин анонслар, рекламалар қўйилмоқда. Ижтимоий роликлар, баннер қўйилмоқда. Аммо нима қилайлик? Бизлар ҳам дамас ёки телефон қўяйликми? Бу йилдан 55 ёшдан ошган мухлислар учун киришни текин қилдик. Баъзи учрашувларни тўлиқ текин қилиб қўйсак ҳам келишмаяптику?

Мен ўйлайманки, стадионга келаётган мухлислар камдир, аммо бизга бефарқ бўлмаган ишқибозлар кўп. Ҳозир замонни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Масалан расмий аккаунтларимизнинг ўқувчилари, яъни мухлисларимиз бошқа клубларга нисбатан кўпроқ. Буни ўзлариз ҳам бемалол мониторинг қилиб чиқишлариз мумкин. Балки барчани ҳам стадионга келишга шароити йўқдир?

Ким душанба куни, соат 15:00да футболга боради? Талаба ўқишда, ишлайдиган одамлар эса ўз ишхонасида бўлади. Стадионга ким келади?

“Локомотив” жамоаси Ўзбекистон Темирйўллари компаниясига қарашли. Компанияда 70 мингта ишчи ишлайди. Улар “Локомотив” жамоасига мухлислик қилади. Мен буни қаердан биламан? Чунки вилоятларга борганда ҳар битта станциядаги ходимлар бизларни кутиб олиб, қўллаб-қувватгашган.  Бу ҳар сафар бўлиб келган.

Мухлисларни стадионга қандай чорласа бўлади? Аввало чиройли ва сифатли ўйин билан. Ҳали айтилганидек юлдузли легионерлар орқали. Манам “лоторея” орқали дамас қўйсам бўлади, аммо сунъий равишда уларни кўпайтиришнинг нима кераги бор? Майли кўплаб ишқибозлар келмасин, биргина ишқибоз ўтирсин стадионда. “Локомотив” жамоаси ўша мухлис учун ўйнайди. Ўша ишқибознинг кўнгли учун ҳам ғалаба учун курашади. 

Мен футболчиларнинг танишлари, ошна-оғайни ёки қариндошларини ҳисобламайман. Улар футболчи қаерда ўйнаса ўша ерга бориб юраверишади. “Локомотив” керак бўлса биргина мухлиснинг кўнгли ва жамоага бўлган муҳаббатини қадрлайди.

Мухлислар мавзуси жуда катта муаммо. Бу ҳали айтиб ўтганимдек, кўп нарсага чамбарчас боғлиқ. 

Гап маркетингга, тақвимга бориб тақалади. Ўйинлар дам олиш кунлари ўтказилиши керак. Стадион ёриткичлари ҳамма жойда яхши эмас? Талаб қўй, бажарсин. Ёзда салқинда, кечроқ, мухлислар учун қулай вақтда ўйинлар ўтказилсин. Ким душанба куни, соат 15:00да футболга боради? Талаба ўқишда, ишлайдиган одамлар эса ўз ишхонасида бўлади. Стадионга ким келади?

Бу йили “Локомотив”да энг кам мухлис бўлмади. Протокол бўйича биз ўтган йилгидан кўра яхшироқ натижа қайд этдик. Жорий мавсумда ҳар бир ўйинга ўртача 1500 ишқибоз ташриф буюрди. Аммо бу мақтанарли сон эмасда. Чемпион жамоа учун уятда бу энди. 

Биз қўлимиздан келаётган барча ишларни қиляпиз. Ишлашда давом этамиз. Маркетинг бўлимига алоҳида буйруқ берилди. Янги мавсумда мухлисларни чорлаш бўйича янги дастур ишлаб чиқилади. Бу бўйича ҳеч қачон ишлашдан тўхтамаймиз. 

“БОЛТА БИЛАН ЧОПИШДИ”

-Ўзгаришлар бўйича ижойиб фикрдаман. Лицензиялаш бу йилдан кучайтирилди, бунга жиддий қарашларини айтишмоқда. Билишимча, лицензиялаш ОФК талаблари бўйича ўтказилади.  “Локомотив” эса охирги 2 мавсумдан буён ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтмоқда. ОФК комиссияси лицензиялашдаги 200та пункт бўйича 3-4 кун келиб текширади. Демак ПФЛда ҳам ортиқча муаммосиз талабларни бажаришга қурбимиз етади.

Лекин у ерда ҳам баъзи саволлар туғилади. Аммо ҳозирча тасдиқланган регламент берилгани йўқ. Эшитишим бўйича, академия бўлиши керак. Акс ҳолда лицензиялашдан ўтказилмайди. Ундай бўлса Супер лигада нечта жамоа ўйнайди? Икки кунда академияни қандай қурса бўлади? Мен 2 йилдан буён шу масала бўйича югуриб юрибман. Ҳужжатли ишлар эндигина тугади ва қурилиш бошланиш арафасида. 2-3 кун ичида қандай қилиб академия қурилади? Ёки бошқа жамоаларни олайлик. Ўзбекистонда фақатгина “Бунёдкор”, “Насаф”, “Пахтакор” ва “Машъал”да академия мавжуд. Қолганларчи?

Ўйлайманки, бизда лицензиялашдан ўтиш бўйича муаммо бўлмайди. ЎФФ ходимлари регламентнинг баъзи жойларини қайтадан ишлаб чиқишади, деган умиддамиз. Тўғриси, гапни очиғи, айни дамда нималар бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман. Ўзгаришлар ҳақида айни пайтда бир нарса дейиш мушкул. Бу ҳақда мендан бир йилдан кейин сўралса, ўшанда айтишим мумкин.  Янги формат бўйича ва умуман бошқа масалалар ҳақида ўшанда бир нарса деса бўлади.

Тўғриси, гапни очиғи, айни дамда нималар бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман.

Кўп нарсалар шошма-шошарликда қилинди? Буни шошма-шошарлик ҳам демаган бўлардим. Мен кўп ўзгаришларга қўшиламан, леб ҳам айта оламан. Ҳаммасини нолдан бошлашди.

Келишдида, болта билан чопишди.  Қолган нарса қолиб кетди, бўлди. Буёғига энди бошқача бўлади. Ҳозир энди кўпчилик норози бўляпти, тўғрими?  Олий лигадан 5 жамоа биттада тушиб кетди. Буни жамоалар 4та тур қолганида билишди, деб эътирозлар бўлди. Хўп, дейлик, ЎФФ келаси мавсумда охирги марта Олий лига бўлади ва уни 5 жамоа тарк этади, деб огоҳлантирди. Ўртада бир йил вақт бор, шунга тайёр турила, дейилса нима ўзгаради, айтингчи? Ҳеч нарса ўзгармайди. Ўша-ўша мақсади йўқ жамоалар. Ўртада бир йил вақт кетгани қолади. Бўлган нарсани бўлгани яхши. Барибир қачондир бўлиши керак эди шу нарса. Бу тўғри нарса. Яна бир йилга чўзганимизда, яна ўша бўлиб келаётган нарсалар давом этаверарди. Нима деяётганимни кўпчилик тушуниб турибди. 

“ЎФФ КЛУБЛАРНИ ЯХШИ НАТИЖА ҚАЙД ЭТИШГА ҚИЗИҚТИРИБ ҚЎЙИШИ КЕРАК-ДА”

-Келаси мавсумдан Супер лигада 38та тур бўлади. 4 даврали тизимда, 3 даврадан кейин чемпионлик учун алоҳида тепадаги 6 жамоа курашса, қолган олтиталик жон сақлаб қолиш учун курашади. Энди ЎФФ ўзи ҳам клубларни яхши натижа қайд этиш учун қизиқтириб қўйиши керак-да.

Мисол учун, биз Англияда борганимизда премьер-лига ташкилотчиларидан бири билан гаплашганимизда, ўша айтганди, бизларда 12, 13-ўринлар учун ҳам жамоалар курашади. Нега? Улар элатида жон сақлаб қолиш масаласини деярли ҳал этганку, деганимда, тушунтирганди: “Бу ерда ҳар битта ўринга алоҳида мукофот пули белгилаб қўйилган”.

Масалан 11-ўринни олган жамоа 100 минг доллар ишласа, 10-ўриндаги жамоага 200 минг доллар мукофот пули берилади. Бу эса ҳар қайси ўринда бўлган жамоаларга тепага сакраш учун яхшигига стимул бўлади. Шу учун ҳам у ерда рақобат кучли. Ҳар битта ўрин учун жамоалар курашишади. Шу боисдан ҳам ўткинчи ўйинлар йўқ.

Бизлардачи? Бизда чемпион жамоага ҳам мукофот пули йўқку! Мукофот пули регламентда йўқ.

“Локомотив” чемпион бўлгунга қадар регламентда мукофот пули бор эди. Регламент ўзгарганига мана 2 йил бўлди. Айни пайтда чемпион жамоага ҳам мукофот пули йўқ. 

“Локомотив” охирги икки мавсумда “олтин дубль” қайд этди. Аммо ЎФФдан ҳеч қандай мукофот пуллари олгани йўқ. Чунки регламентда бу нарса йўқ.

Бизларку майли, “Локомотив” компанияга тегишли жамоа. Олайлик ҳокимиятни жамоаси. Улар ҳокимиятга қарайди. Масалан қайсидир ҳоким жамоага пул ажратаман, бизларни вилоят шарафини ҳимоя қиласан, футбол мухлисларини хурсанд қиласизлар, олдиларизга чемпионлик ёки учталикка кириш вазифасини қўяман, бундан қандай наф бўлади, деса, ўшанда сиз айтишиз мумкин, ман масалан совриндор бўлсам, якунда шунча мукофот пули билан тақдирланамиза. Қилинган ҳаражатни ҳеч бўлмаса ярмини олиб келиб қўяман, деса, ўшанда ҳамма бунга қизиқиш билдиради. Эътибор кучаяди. Клуб бир йил давомида фақат ҳаражат қилади, чиқим кетуради. Ўзбек футболида маркетинг шундоқ ҳам “ўлиб” ётибди. Бошқа жабҳаларда юртимизда маркетинг анча илгарилаб кетган. Аммо футболимизда бу нарса деярли ишламаяпти. 

Демоқчи бўлганим, ЎФФ клубларни қизиқтира олса, мукофот пулларини жорий этса, ҳар бир ўрин учун кураш қизийди. Рақобат ошади. Интрига керакми? Унда мукофот пулини жорий этиш керак. 

Ўшанда футболчилар, раҳбарият натижа қилишга қизиқади. Йил давомида қилган ҳаражатларини ҳеч бўлмаса ярмини қоплайди. Нега бизда хусусий жамоалар йўқ? Чунки фойда йўқ. Нега Алишер Усмонов “Эвертон”, “Арсенал”нинг акцияларини сотиб олишни истайди? Сабаби, у ердан фойда бор. Маркетинг ишлайди. Қизиқиш кучли.


“ЛОКОМОТИВ”НИНГ ҚАРЗДОРЛИГИ ЙЎҚ”

-Футболчилардан ҳеч қандай қарздорлигимиз йўқ. Буни бемалол айта оламан. Чемпионатдаги ғалабалар учун мукофот пуллари бўйича ҳам қарздорлик йўқ. Ҳаммаси тўланган. Чемпионлик учун бериладиган мукофот, яъни бонус ҳали берилмади. Буни йил сўнггида бўладиган тақдирлаш маросимида компаниямиз томонидан аталган мукофотни топширамиз. Қандай мукофот? Бу сир бўлиб қолсин. Шунчаки футболчиларнинг ўзларига ҳам охиригача қизиқ бўлсин. Мукофот борасида муаммо йўқ. Раҳбарият йил давомида қилинган меҳнатларни, уддаланган вазифаларни бажарган футболчиларни доим муносиб тақдирлаган.


Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика