Latest news

16:55ПРО-Лига. "Арал" "Шўртан" устидан иродали ғалабага эришди   3 16:48"Манчестер Сити" "Барселона" ҳимоячиси учун 70 миллион беришга тайёр  2 16:20"Пахтакор"нинг рақиби "Ал Райян" ҳақида нималарни билишимиз керак?  4 15:55ПРО-Лига. "Машъал" – "Бухоро" (онлайн натижа)  2 15:52"Бавария" Бундеслиганинг иккинчи тўпурарини ҳам ўз сафида кўрмоқчи   0 15:16Эшитдик-да! "Навбаҳор" футболчилари ҳам 3 ойдан бери маош олишмаяпти  8 13:17Неймар жароҳати ҳақида: "Шифокорлар мени огоҳлантиришганди"  2 12:49Анчелотти: "Реал" ўзининг "Олтин тўпини" 1 июнь куни ютиб бўлган"  8 12:25"Ал Райян" бош мураббийи ўтган мавсум ўзбек клуби сабабли ОЧЛдан қуруқ қолган эди  6 12:00ПРО-Лига. Бугун етакчилар жанги гувоҳи бўламиз  3 11:45"Насаф"ни чемпион қилган ўйинлар  11 11:22Рой Кин: "Манчестер Юнайтед" — шунчаки ўртамиёна клуб"  4 10:50Мареска: "Челси" АПЛнинг энг кучли таркибларидан бирига эга"  1 10:23Слот: "Салоҳнинг ўйинида пасайиш кутманг"  3 09:56"Арсенал" Муҳаммад Қуддусни сотиб олмочқи   2

Шуҳрат Раҳмонқулов: «ФИФА ҳаками бўлишим мумкин эди, лекин…» News

Шуҳрат Раҳмонқулов: «ФИФА ҳаками бўлишим мумкин эди, лекин…»

Шонли «Пахтакор» жамоасида тўп суриш бахтига муяссар бўлган футболчилардан бири Шуҳрат Раҳмонқуловдир.

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида дунёга келиб, катта футболга қадам қўйган Шуҳрат ака 2001 йилги мавсумда «шерлар» шарафини ҳимоя қилган. Ўша мавсум у пойтахтликлар сафида 15та учрашувда майдонга тушиб, 3та гол урганди. «Пахтакор» якунда 72 очко жамғариб, чемпионат кумуш медалларини қўлга киритган бўлса, чемпионлик 84 очко тўплаган «Нефтчи»га насиб қилганди. Раҳмонқулов айнан 2001 йили пойтахтликлар сафида мамлакат кубоги соҳибига айланганди. Унгача МҲСК таркибида кумуш, бронза ҳамда олтин медалларга сазовор бўлган. «Ҳарбийлар»га чемпионликни тақдим этган 1997 йили у 25та учрашувда майдонга тушиб, 9та голга муаллифлик қилган. 1998-1999 йилги мавсумларда эса «Навбаҳор» сафида тўп суриб, қаторасига икки бор бронза медалларини қўлга киритди. Ярим ҳимоядаги мазмунли ўйинлари билан танилган Раҳмонқулов футболчилик фаолиятини 2005 йили Самарқанднинг «Динамо» клубида якунлади. Шундан сўнг «Пахтакор» жамоасида қатор лавозимларда меҳнат қилди. Бугунги кунда Шуҳрат ака «Пахтакор» академияси қошидаги 16-Болалар ва ўсмирлар футбол мактабида директор лавозимида ишлаяпти. Яқинда биз Шуҳрат Раҳмонқулов билан дилдан суҳбатлашдик.

- Шуҳрат ака, сизга «Пахтакор» либосида майдонга тушиш бахти насиб этган. Келинг, суҳбатимиз аввалида ана шу шонли жамоа таркибида ўтказган ўйинларингизни эсласак.


- «Пахтакор» сафига 2001 йили келиб қўшилдим. Виктор Жалиловнинг таклифидан сўнг жамоа билан шартнома имзоладим. Ўша кезлари таркибда тажрибали Игорь Шквирин, шунингдек, Неъматулла Қуттибоев, Анвар Солиев, Леонид Кошелев, Собир Ходиев, Мухтор Қурбонов, Қайрат Ўтабоев, Олег Беляков каби футболчилар тўп суришарди. Ушбу мавсум 15та ўйинда майдонга тушиб, 3та тўп киритганман. Ундан аввал эса мамлакатимизнинг кўплаб жамоаларида ўйнадим. Барибир, «Пахтакор» либосида майдонга тушиш бошқача экан. Футболга кириб келган йилларим бу клуб таркибида тўп суришни ҳамма орзу қиларди. Менга ҳам ана шундай бахт насиб этганидан хурсандман.

- Бутсаларни михга илганингиздан кейин ҳам шу клуб тизимида ишладингиз...


- Албатта, футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг ўзимни футболдан бошқа соҳада тасаввур қила олмаслигим сабаб, мураббийликни бошладим. Ўша пайт миллий термамизнинг ҳозирги бош мураббийи Самвел Бабаян «Пахтакор»га ишга таклиф қилди. Аниқроғи, академиянинг 1998 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат жамоасига устозлик қила бошладим. Кейинроқ 1995 йилги таркибни қабул қилиб олдим. Очиғини айтаман, болалар билан ишлаш мен ўйлагандан ҳам қийин экан. Шу боис, 2012 йилдан «Пахтакор-2»га жамоа бошлиғи бўлиб ишга ўтдим ва бугунги кунгача шу лавозимда ишлаб келяпман. Ўз навбатида, «Пахтакор» клубига тегишли 16-Болалар ва ўсмирлар футбол мактабидаги фаолиятим ҳам давом этяпти.

- Болалар билан ишлаш мураккаб экан, деяпсиз. Ўшанда футболчилик даврингизни ҳам эсладингизми? Мураббийларга қанчалик қийин бўлганини англаб етдингизми?


- Албатта, мураббийларимни бирма-бир эсладим. Тўғриси, ўша пайт бу даражада қийин бўлишини билмаганман. Мураббийлик осон касб, деб ўйлардим. Бошга тушгандан кейин қанчалик мураккаб ва машаққатли касб эканлигини тушуниб етдим. Аксарият ота-оналар ўз фарзандларининг машҳур футболчи сифатида камол топишини хоҳлашади, лекин ҳамма ҳам спортнинг бу турида ўз ўрнига эга бўлавермайди. Шундай паллаларда мураббийларга катта масъулият юкланади. Мураббий психолог, педагог ҳам бўлиши керак. Болага футболдан ташқари ҳаётда қандай инсон бўлиш кераклигини ўргатиши лозим. Шундан келиб чиқиб айтсам, ҳамма ҳам мураббийлик қилавермайди.

- Футбол мактабига келган боланинг лаёқати бор-йўқлигини қанча муддатда билиб олиш мумкин?


- Биринчи навбатда, болада Яратгандан берилган иқтидор бўлиши керак. Мажбурлаб футболчи тайёрлаб бўлмайди. Тўп тепишни ҳамма билади. Лекин унинг ўзига яраша талаблари бор. Тўп билан қандай муомала қилади, тез фикрлаб, қарор чиқара оладими, техникаси кучлими, ҳамма-ҳамма жиҳатларига эътибор қаратилади.

- Шахсан ўзингизда бу спорт турига қизиқиш қандай пайдо бўлган? Раҳмонқуловлар хонадонида сиздан бошқа спортчилар ҳам бормиди?


- Оиламизда спортчилар йўқ эди. Лекин раҳматли отам футболни жуда ҳам яхши кўрардилар. Аслида, мен туғилиб ўсган водий, хусусан, Бағдодда футболни севмайдиган инсоннинг ўзи йўқ (кулади). 3-4 ёшимда дадам билан бирга ярим кечагача телевизорда «Пахтакор»нинг ўйинларини кўрар эканман. Орадан бир-икки йил ўтганидан кейин отам мендаги қизиқишни пайқаб, «Ўғлим, энди сени футбол мактабига олиб бораман», дедилар. Қўлимдан етаклаб, Бағдод туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига олиб бордилар. Миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини биринчи мураббийим - раҳматли Ҳаким ака Намозовдан ўргана бошладим. 1989 йили Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасига қабул қилиндим. 18 ёшимда илк профессионал шартномамни имзоладим. Ўша йили жамоа таркибида 13та учрашувда майдонга тушдим. 1991 йили ўзим туғилиб ўсган туман жамоаси - «Бағдодчи»га ўтдим. Бир йил мобайнида 43та ўйинда 18та гол урдим. 1992-1993 йиллар мавсумини Қўқоннинг «Темирйўлчи» жамоасида ўтказдим. 1994 йили Тошкентга келиб, МҲСК билан шартнома туздим. Шу тариқа, профессионал футболчилик фаолиятим давом этди.

- Қўқон футболи ҳақида сўз очилди. Бу замин ўзбек футболига тамал тошини қўйган. Қўқондан, умуман, водийдан кўплаб машҳур футболчилар етишиб чиқишган. Бугунги кунда улар мураббийлик фаолиятларини олиб боришяпти. Дўстларингиз билан кўришиб турасизми?


- Албатта. Деярли бир пайтда футболга кириб келган дўстларим Нўъмон Ҳасанов, Рустам Абдуллаев билан деярли ҳар ҳафта учрашамиз. Улар билан тенгқурмиз. Бир ойда бир марта чойхонамиз ҳам бор. Оилавий борди-келди қиламиз. Бахтиёр Ашурматов ва Мухтор Қурбонов эса биздан бироз кейин футболга кириб келишган. Ҳозир номлари санаб ўтилган футболчилар бугунги даражаларига катта машаққат ва заҳмат эвазига эришишган.

- Шуҳрат ака, мураббийликдан ташқари ўзингизни ҳакамликда ҳам синаб кўргансиз. Хўш, нега бу соҳадаги фаолиятингизни давом эттирмадингиз?


- Негадир ўша пайт ҳакамликка ҳам қизиқиб қолдим. Мендан рефери чиқармикан, йўқми, деб ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Айтиш жоиз, ҳакамлик мураббийликдан ҳам қийин соҳа экан. Битта ҳуштак бутун ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин. Жуда ҳам эътиборли бўлиш керак. Ҳар бир эпизодни ўқий билиш лозим. Қолаверса, энг муҳим талаблардан бири - ўйинларга тайинланаётган ҳакам футбол ўйнаган бўлиши даркор. Акс ҳолда, майдондаги футболчиларни тушуниш қийин кечади. Назаримда, ҳакамликдаги қисқа фаолиятим ёмон чиқмади. Биринчи лига ўйинларини бошқардим. Лекин ҳакамликни кечроқ бошлаганим панд берди. Ёш барибир, ўз сўзини айта бошлади. Ўша пайт 38 ёш бўлишимга қарамай, орзуларим улкан эди. ФИФА ҳакамлигига имтиҳон топширишни режалаштиргандим. Лекин бу режаларим амалга ошмай қолди. Аксинча, соҳадаги фаолиятимни якунлашга мажбур бўлдим. Бу ҳақда жуда кўп ўйладим ва якунда ҳакамликни тугатишга қарор қилдим. ФИФА рефериси бўлишнинг ўзига яраша талаблари бор. Олий лигада камида 50-60та учрашувда ишлаган, шунингдек, халқаро ўйинларни бошқарган бўлишингиз лозим. Буларнинг ҳаммасини тарозига қўйиб, ҳакамликдан кетишга мажбур бўлдим.

- Шу даражага етишингизда устоз ва мураббийларингизнинг ўрни катта. Улар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.


- Албатта, ўзимча шундай бўлиб қолмаганман. Бунда мураббийларимнинг улушлари беқиёс. Юқорида айтганимдек, футболдаги илк мураббийим раҳматли Ҳаким ака Намозов Бағдоддаги футбол мактабида миллионлар ўйинидаги дастлабки сабоқларни берганлар. 1985 йили Тошкентдаги Республика олимпия захиралари коллежига ўқишга кирдим. Турли йилларда мазкур ўқув даргоҳида ўзбек футболи дарғалари ўқишган. Бу ерда футболдаги сабоқларни Виктор Жалилов қўл остида олишни давом эттирдим. Айтиш мумкин, Виктор Романовичнинг ҳозирги даражага етишимда хизматлари катта бўлган. Бундан ташқари, ўша кезлари вилоят жамоалари бир-бирлари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишар, иттифоқо, мени ҳам Фарғона вилояти жамоасига таклиф қилишганди. Жамоамиз таркибидан Нўъмон Ҳасанов, Наримон Осмонов, Виталий Аванесов, Рустам Абдуллаев, Азамат Ашурматов каби футболчилар жой олишган. Бу жамоага тажрибали Баҳром Ҳакимов мураббийлик қилганлар. Таъбир жоиз бўлса, водийлик жуда кўп футболчиларнинг яхши натижаларга эришишига Баҳром аканинг меҳнатлари синган. Шу жумладан, мен ҳам ушбу мутахассисдан жуда кўп нарса ўрганганман. Фурсатдан фойдаланиб, барча мураббийларимга раҳмат айтаман, бошим ерга теккунича таъзим қиламан.

- Халқимизда «От изини той босади», «Олманинг тагига олма тушади», деган гаплар бор. Сўрамоқчи бўлганим, бугунги кунда Раҳмонқуловлар хонадонида футбол давомчилари борми?


- Икки ўғлим ҳам футболга меҳр қўйишди...


Интервьюнинг тўлиқ қисмини ИнтерФутбол газетаси сайтида ўқиш мумкин.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика