Шомуродов бежиз Италияга кетмади, олдиндан башорат қилишни ёмон кўраман, ўзимизда ҳам маҳаллий мураббийлар етарлича - Миржалол Қосимов иштирокидаги матбуот анжумани
26 oct 2020 18:41
News
Шомуродов бежиз Италияга кетмади, олдиндан башорат қилишни ёмон кўраман, ўзимизда ҳам маҳаллий мураббийлар етарлича - Миржалол Қосимов иштирокидаги матбуот анжумани
"Жанговар, шиддатли ўйин кутган эдик. Ҳақиқатдан ҳам бу ўз тасдиғини топди. АГМК жамоаси ҳам, "Қўқон-1912" жамоаси ҳам совринли ўринлар учун курашмоқда. Авваламбор Суҳроб Бердиевга соғлик тилаймиз. Футбол контактли спорт тури, Бердиевга атайлаб қўполлик ишлатилмади деб ўйлайман. Шунингдек Шоҳназар Норбековнинг боши ёрилди, бу дегани ҳар бир жамоа олдига қўйган мақсади сари жиддий курашмоқда, интилмоқда. Бундай ўйинларда кўп вазиятлар бўлмайди. Кўрдинглар, иккинчи бўлимда Мурод Ҳолмуҳаммедов томонидан ижро этилган биргина аниқ тўп дарвозамиздан ўрин эгаллади. Бошқа томондан олиб қаралганда ўйин дурангга мос эди. Ғалаба билан "Қўқон-1912" жамоасини табриклаймиз. Футбол шуниси билан қизиқ. Чемпионат охирламоқда, олдинда бизни янада шиддатли ўйинлар кутмоқда. Кейинги турларда эгаллаб турган ўрнимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Медаллар берадиган ўрнимизни сақлаб қолишимиз керак, чемпионат ҳали тугагани йўқ. Жароҳат олган йигитларга соғлик ва саломатлик тилаб қоламиз", - дейди Қосимов.
- Остон Ўрунов "Уфа" жамоасидан "Спартак" клубига йўл олди, Ҳожимат Эркинов ва Азиз Турғунбоев ҳам бу жамоаларда ўйнаб кета олишадими? Ўзбекистонда Суперлига учун мураббийлар етарлими? Александр Беленков ва Андрей Канчельскис фақат пулларни олиб кетишди...
- Биринчи саволингизга келадиган бўлсам, Остон Ўрунов, Элдор Шомуродов каби йигитларни қўллаб-қувватлайман. Аввало, ўзининг имкониятларидан келиб чиқиб қўрқиши керак эмас. Шундай жамоаларда тўп тепиш ҳаммага ҳам эмас. Остон бежиз УФА жамоасидан "Спартак"ка жалб қилинмади. Ўзининг меҳнати, сабри сабаб. Россияда ном қозониш осон эмас. Негаки, бошқа давлат, бошқа менталитет. Шу боис кўп футболчиларимиз бориб тезда қайтиб келади ёки Осиёдаги жамоаларга йўл олишади. Элдор Шомуродов ҳам "Ростов"да ўз ўрнини топиб мана бекорга Италияга кетгани йўқ. Футболчиларимиз кўпроқ Европа клубларида тўп тепса биринчи галда скаутларнинг ҳам назари Ўзбекистонга тушади. Кейинги галда миллий терма жамоамиз учун фойда бўлади. Иккинчи саволингизга келадиган бўлсак мураббийлар ўзимизда кўплаб топилади. Лекин, ҳар бир жамоанинг раҳбарлари ўзи кўргиси келган мураббийни олиб келади. Канчельскис, Беленков ва ҳоказо. Бироқ, Ўзбекистонда ҳам маҳаллий мураббийлар бор.
- Санжар Турсуновнинг марказий ярим ҳимояда ўйнаши бу мураббийлар штабининг қарорими?
- Санжар тажрибаси ва малакасидан келиб чиқиб нафақат қанотда балки, марказда ҳам ўйнай олади. Ўйин давомида ҳам қанот ярим ҳимоячиларидан вазиятдан келиб чиқиб марказга бўш зоналарга ўтишини сўраймиз. Санжар ёмон ҳаракат қилгани йўқ. Қанот ярим ҳимоямизда Ҳусниддин Ғофуров, Арслонмурод Амонов, Элгужа Григалашвили ҳам яхши ўйнади.
- Жамоа ўйин олдидан дурангни ўйлаганмиди?
- Йўқ, фақат ғалабани ўйлагандик. Рақобатчилар билан кечадиган ўйинларда ғалаба қозонишимиз керак. Олти очкога тенг эди. Биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик, вазиятлар яратдик. Ҳусниддин рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб бирга-бир вазиятга чиқиб гол уриши мумкин эди. Мен ҳеч қачон баҳона қидирмайман. Лекин, майдон сифатидан фақат футболчилар эмас мухлислар ҳам хурсанд бўлади, қачонки тезкор футбол ўйналганда.
- Кейинги турда "Пахтакор" билан ўйинда жамоа биринчи даврадагидек натижа қайд эта оладими?
- Олдиндан бирор нарсани билганимда бу ерда ўтирмаган бўлар эдим. Кўрдингиз, ярим соат олдин тўғри тепилган тўп дарвозамиздан жой олди. Гол жуда ҳам кутилмаганда бўлди, дарвозабонимиз ҳам кўра олмади. Тўп йўналишини ўзгартирди. Ҳар бир турда ғалаба учун мухлисларни хурсанд қилиш учун тушамиз. Олдиндан башорат қилишни ёмон кўраман.
Comments