Latest news

20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  0 20:13"Ланс" — "Марсель". Ҳусанов дисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборади  1 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  1 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  13 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  7 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18

Сайфиддин Эрматов: "Равшан ЖЧ ҳакамлари орасида теннис бўйича чемпион" News

Сайфиддин Эрматов: "Равшан ЖЧ ҳакамлари орасида теннис бўйича чемпион"

Бу йилги футбол мавсуми ҳам аста-секин ўз поёнига етиб боряпти. Дунё миқёсида олсак, 2014 йил Бразилияда ўтган жаҳон чемпионати билан футбол ишқибозлари ёдида қоладиган бўлди.
Биз учун эса ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг мундиалда яна тўртта ўйинни бошқариб, умумий иккита ЖЧда тўққизта учрашув билан жаҳон рекордини янгилагани муҳим янгилик сифатида тарихга кирди. Айнан шу муваффақият билан 2014 йилни ёдда сақлаб қоламиз. Албатта, ФИФА реферисининг бу ютуқларида бир нечта омилларни сабаб сифатида кўрсатишимиз мумкин. Биринчи галда ўзининг тиришқоқлиги ва интилиши. Яратган томонидан берилган истеъдод. Шунингдек, оилавий муҳитнинг таъсири. Агар Равшаннинг дадаси Сайфиддин ака зарур шароитларни яратиб бермаганида, Эрматов бугунги муваффақиятларига эришмаган бўлиши ҳам мумкин эди. Биз айнан Сайфиддин Эрматовдан Равшаннинг болалик йиллари, ҳозирги ютуқлари ҳақида интервью олдик.

- Сайфиддин ака, суҳбатимиз аввалида Равшан Эрматовнинг болалик йилларига тўхталиб ўтсангиз. Чунки, бугунги даражасига етгунича сиз томондан ҳам, ўзи тарафдан ҳам катта меҳнат сарфланган.
- Албатта, ота-оналарнинг асосий вазифаларидан бири  ўз фарзандларининг қизиқишига қараб, зарур шароитларни яратиб беришдир. Биз яшаб турган жой собиқ Островский боғи, ҳозирги Лабзак даҳасида жойлашган эди. Уйимизнинг шундоққина орқа томонидан катта стадион бўларди. Равшан футболдаги илк қадамларини айнан шу стадионда ташлаган. Унга олиб берган биринчи совғам ҳам тўп бўлган. Мақсадим ҳам ундан яхши футболчи етиштириш эди. Боиси, ўзи ҳам футболга жуда қизиқарди. Истеъдодини пайқаганим учун бор эътиборимни унга керакли шароитларни яратиб бериш, машғулотларга қатнашини таъминлашга қаратганман.



Афсуски, ўша олинган жароҳат Равшаннинг футболчи бўлишига тўсқинлик қилган. Шукрки, у футболда бўлмаса ҳам, ҳакамликда катта обрўга эришди. Жаҳон чемпионатларида энг кўп учрашувларни бошқариш бўйича дунё рекордини янгилади. Фурсатдан фойдаланиб, ўғлимга, унинг ёрдамчиларига омад тилайман. Бундан ҳам мартабали улуғ бўлсин, Ўзбекистон довруғини ўзларининг ҳалол ҳакамликлари билан дунёга танитиб юраверишсин. Уларни дуо қилиб ўтирамиз. Бир отага бундан ортиқ бахт борми? Энг муҳими, фарзандларни ўзлари ёқтирган касбларига йўналтириш керак. Ҳар бир шогирдимга берадиган биринчи саволим  футболчи бўлишни ўзинг хоҳлаяпсанми ёки ота-онангми, мазмунида бўлган. Агар боланинг ўзида истак бўлмаса, сизнинг уринишларингиз барибир зое кетади. Равшанда футболга муҳаббат кучли бўлган. Машғулотларда икки хисса куч билан ҳаракат қиларди. Тиришқоқлиги мени хурсанд қиларди. Шундай бўлиб турганидан кейин қандай қилиб фарзандингиз учун шароитларни яратиб бермайсиз? Онаси алламаҳалда стадиондан кечки овқатга етаклаб олиб келарди. Кеч тушиб қолибди, дея ўз хоҳиши билан келмасди.

- Мактабдаги баҳолари қандай бўлган?

- Баҳолари ёмон бўлмаган. Аълочи ўқиган ҳам дея олмайман. Кундалигида 4 ва 5 баҳолари кўпроқ бўларди. Жисмоний тарбия дарси жону дили эди. Фақат футбол эмас, волейбол ва стол теннисини ҳам жуда яхши кўрарди. Туман миқёсида ўтказилган мусобақаларда бир неча маротаба ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган. Ҳалигача стол теннисини яхши ўйнайди. Теннисни яхши ўйнагани Испанияда бўлиб ўтган ФИФАнинг ЖЧ ҳакамлари учун илк семинарида қўл келган. У мундиал номзод ҳакамлар ўртасида ўтказилган ўзига хос кичик теннис турнирида ғолибликни қўлга киритган. Айтмоқчиманки, инсон кенг қиррали бўлмоғи лозим. Фақат бир йўналишда қолиб кетимаслик керак. Айниқса, бу спортда жуда ҳам муҳим. Масалан, теннис билан шуғулланиш орқали тез фикрлаб, қарор чиқариш, волейболда баланд сакраш, бўй ўстириш каби хислатларни янада шакллантириш мумкин бўлади. Кўряпсизми, спорт турлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бири иккинчисини тўлдиради.



- Фарзандингиздан айнан қачон етук ҳакам етишиб чиқишига ишона бошладингиз?
- Истиқлол жамоасида ўйнаб юрган кезлари оёғидан жиддий жароҳат олган. Шифокорлар менга агар ўғлингизнинг соғлиғига бефарқ бўлмасангиз, бошқа футбол ўйнамасин, деб шарт қўйишади. Ўнг оёғи тўпиғидан чиқиб кетаверган. Бу ҳолатда футболни давом эттириб бўлмасди. Равшан Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирган пайтда мен 1982 йилларла туғилган футболчиларга бош мураббий эдим. Валерий Борадавкин ёрдамчи мураббий бўлган. Ўшанда Равшанни мураббийлар штабида ўзим билан бирга олиб юра бошладим. Футбол ўйнай олмас экан, ҳеч бўлмаса мураббийликда ўзини синаб кўрсин, деган истак йўқ эмасди. Кунларнинг бирида шаҳар биринчилигимиздаги ўйинга ҳакам келмай қолган. Шунда Равшаннинг қўлига ҳуштакни бериб, ўғлим мана сизга имконият, кенг майдон, ўзингизни кўрсатинг, деганман. Шунда ўзидан ёши катта футболчилар иштирокидаги ўйинни шунчалик бехато бошқарганки, очиғи бундай натижани ундан кутмагандим. Ҳеч кимга ён босмасдан, учрашувнинг бошидан то охирига қадар юқори савияда ҳакамлик қилган. Ўшанда менинг жамоам билан Чилонзор клуби ўзаро ўйнашганди. Бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган жамоам айнан ўғлим бошқарган учрашувда ютқазиб қўйган эди. Шунда унга айтганман, отангга ён босмадингми, демак сендан яхши ҳакам етишиб чиқади. Ўша кундан бошлаб ўғлимнинг ҳакам бўлиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб берганман. Ҳар якшанба куни ўтказиладиган Тошкент шаҳар биринчилиги ўйинларини бошқаришга борарди. Кейинроқ унга видео камера олиб бердим. Ўзи бошқарган ўйинларни ёзиб олиб, учрашувдан сўнг таҳлил қила бошлади. Кўрсаткичлари, маҳорати кундан-кунга ошиб борди. Кейин онаси, опаси ва ўзим биргаликда уни инглиз тили курсига олиб бордик. Ҳафтасига уч марта кечки пайт инглиз тилини ўргана бошлади. Тезроқ тилга қизиқиши уйғониши учун ўзимиз биргалашиб курчларга борганмиз. Бу ўз натижасини берган. Бугунга келиб инглиз тилида ўз она тилисидек гаплаша олади. Бундан ташқари, испан ва араб тилларини ўрганди. Инсон ўз олдига аниқ бир мақсад қўйдими, унга интилиши керак. Ҳеч нарса шунчаки бўлиб қолмайди. Меҳнат орқали кўзланган манзилга етилади.

- Ўша шифокор айтган сўзлар Равшан Эрматовга қанчалик таъсир қилган?

- Руҳий тушкунликка тушиб қолган. Анча пайт ўзига кела олмаган. Севимли машғулотидан бир куннинг ўзида ажралиш бу осон эмас. Тўғри, айтган ишларимни, бераётган кўрсатмаларимни бажаряпти. Лекин кўзлари аввалгидек ёнмаётганди. Ўша ҳакамнинг учрашувга келмагани унинг ҳаёти ва фаолиятида туб бурилиш ясади. Илк бошқарган ўйинида кичик хатолари бўлгандир. Аммо, ундаги қатъиятлилик бу камчиликларни ювиб кетганди. Отангнинг жамоасига ён босмадингми, демак сендан яхши ҳакам чиқар экан, деган бир тўхтамга келдим.



- Ҳозиргача ҳам ўтказган ўйинларини муҳокама қилиб турасизми?
- Албатта. Бусиз иложи йўқ. Сўнгги жаҳон чемпионатидаги барча ўйинларини кузатиб, қайси дақиқада қандай ҳаракат қилди ва чиқарган қарорларини ёзиб бордим. Учрашувдан кейин ўзига мана бу ерда ўйинни эрта тўхтатиб қўйдинг, яна бир ҳолатда ёрдамчинг Баҳодир Қўчқоровга ишониб қолдинг, дея ўз фикрларимни айтдим. Ўзи ҳам дада, тўғри айтяпсиз, бироз совуққонлик етишмади, дейди. Ҳам отаси, ҳам мураббийи бўлганим учун унинг хатоларини беркитмаслигим керак. Ҳаммасини рўй-рост ўзига айтаман. Эгаллаган позициянг тўғри бўлганида, мана бу хато келиб чиқмасди, деб ҳамиша камчиликларини айтиб келаман. Бўлди, ҳамма нарсага эришдим, билмайдиган нарсамнинг ўзи қолмади, деган инсон хато қилади.  

- Энди Сайфиддин ака, бугунги кунда футбол шу даражада тезлашиб кетдики, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар фоизини камайтириш мақсадида замонавий технологияларга мурожаат қилиняпти. Инсонмиз, ҳеч ким хатодан ҳоли эмас. Бундай вазиятларда бош ҳакамга қўшқанот бўладиган ёрдамчиларининг роли катта бўлади. Бу борада қандай фикрдасиз?
- Авваллари бош ҳакам майдонга, ёрдамчилари аут, бурчак тўпи ва ўйиндан ташқари ҳолатларга жавоб беришарди. Ҳозир ундай эмас. Қанот ҳакамларининг майдонда бажарадиган вазифалари ортган. Майдондаги ҳар бир ҳолатга тўрттала ҳакам бир хилда жавоб беради. Абдуҳамидулло Расулов ҳам ўзимнинг шогирдим. Минг бор шукрки, иккала шогирдим ҳам жаҳон чемпионатида муваффақиятли ҳакамлик қилиб, дунё футбол жамоатчилигининг диққатини тотишди. Менга бундан ортиқ бахт борми? Ҳам фарзандим, ҳам шогирдим, албатта бундан жуда хурсанд бўламан. Ўзбекистонлик футбол ишқибозларига катта раҳмат, ҳалигача қўнғироқ қилиб, табриклашяпти. Айниқса, 1 октябрь  Ўқитувчи ва мураббийлар кунида телефонимни сув қуйиб, совутдим, десам ҳам бўлади (кулади).



- Ҳакамликдан ташқари йўриқчилик ҳам қилаётган эканлар. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз.
- Ҳакамлар мактабида ёш ҳакамлар учун турли семинар ва маҳорат сабоқларини ўтайди. Лекин сўнгги пайтларда бўш вақт деярли бўлмаяпти. Жаҳон чемпионатидан қайтиб келганидан сўнг бошқараётган ўйинларидан ташқари, турли учрашувларга ҳам чақиришяпти. Ўқув юртларида келажагимиз эгалари ҳисобланган талабалар билан учрашяпти. Шуларни кўриб, ғурурланаман. 

- Тажрибали ҳакам сифатида бу касбни танлаш остонасида турган бугунги ёшларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
- Биринчи галда профессионализм йўлига ўтиш керак. Уйда бир йиғин бўладими, қариндошларникида тўй-ҳашамми, Равшанга ўғлим, сен машғулотингга боравер, сендан ҳеч ким ҳафа бўлмайди ва ҳеч ким гина ҳам қилмайди, деб айтардим. Машғулотларини ўтказиб, кейин яна қўшилиб кетаверарди. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Акс ҳолда, кўзланган мақсадга эриша олмайсиз. Бугунги кунда истеъдодли ёш ҳакамлар етишиб чиқяпти. Улардан бири Шерзод Қосимов. Равшаннинг ўзи унга устозлик қиляпти. Мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳакамларни тайёрлаш мактаби ўз меваларини бера бошлади.

- Хисоблаб кўрсак, Равшан Эрматов бу йил ҳисобидан уйлан кўра сафарда кўп бўлибдилар. Мана куни кеча Осиё Чемпионлар лигаси ярим финал доирасидаги Ал-Айн  Ал-Ҳилол жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқариб қайтиб, ўша куннинг ўзида Фарғона миллий чемпионатимиз ўйинида ҳакамлик қилиш учун жўнаб кетдилар...
- БААдан келганидан кейин уйда икки соатгина бўлди. Кийимларини йиғиштириб, Нефтчи иштирокидаги ўйинни бошқариш учун Фарғонага йўл олди. Учрашувдан сўнг қўнғироқ қилиб, дада ўйин 1:1 ҳисобида якунланган бўлишига қарамай, жуда юқори темпда ўтди, чарчоқ ҳам билинмади, деди. Икки томоннинг тинимсиз ҳужумлари остида ўтадиган ўйинларда ҳакамлик қилиш ҳам, назоратчи бўлиш ҳам мароқли.  



- Табиийки, уйда кам бўлишлари натижасида фарзандлари ҳам соғиниб қолишади.
- Албатта, иккала фарзанди ҳам соғинади. Уйда бўлган куни ҳақиқий байрам бошланади. Отаси билан бирга ухлашади. Ўғли декабрда 4 ёшга тўлади. Футболга ҳозирдан меҳри бўлакча.

- Ҳа энди, олманинг тагига олма тушадида.
- Бўлмасамчи. Кўп вақти ҳовлимиздаги кичик майдонда тўп тепиш билан ўтади. Ўзим ҳам бўш бўлсам, эринмай набирам билан шуғулланаман.

- Сизнинг ҳам шу даражага етишингизда устозларингизнинг ўрни бўлакча бўлган. Шу маънода, ҳаёт ва фаолиятингиздаги мураббийларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Мендан катта Садриддин акам 9 ёшимда футбол мактабига олиб борганлар. Раҳматли Акмал Азизхўжаев ва Лазиз Мақсудовнинг қўлларига топширганлар. Илк синовдаёқ мактабга қабул қилишган. Устозларимдан бир умрга миннатдорман. Футболга бўлган қизиқишимни янада шакллантиришди. Мендаги футболга бўлган қизиқиш фарзандимга ўтди. Ўйлайманки, набирам ҳам бу анъанани давом эттиради. Нафақат футбол, балки исталган спорт тури билан шуғулланган инсондан ёмонлик чиқмайди. Биринчи галда ўз саломатлигини таъминлаган бўлади. Энг муҳими, ота-оналар ўз вақтида фарзандларининг келажагига эътибор қаратишсин. Қизиқишлари сўниб қолмасдан, маълум бир йўналишга беришсин. У спорт тури бўлиши шарт эмас, муҳими, қайси соҳада бўлишидан қатъий назар биринчи галда ўз оиласи ва албатта юрт тараққиёти учун хизмат қилсин. Ана ўшанда ҳаммаси яхши бўлади.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика