Latest news

20:15Ла Лига. "Реал" ва "Барселона" ўртасида "Эл Класико" бўлиб ўтмоқда (онлайн ҳисоб)  41 19:30Суперлига. "Бунёдкор" – "Машъал" (матнли трансляция)  3 18:28Туркия Суперлигаси. "Истанбул Башакшехир" меҳмонда йирик ғалабага эришди, Шомуродовдан дубль!  35 18:23Суперлига. Чемпионлик учун курашаётган "Насаф" марказий тўқнашувда ОКМК билан дуранг ўйнади  102 18:12"Қайрат" сўнгги турда "Астана" билан дуранг ўйнаб, 5-марта Қозоғистон чемпиони бўлди  1 17:57"Астон Вилла" — "Ман Сити" ва "Арсенал" — "Кристал Пэлас" ўйини учун таркиблар маълум  0 16:40Сон Хён Мин Европага қайтмоқчи  3 14:50"Манчестер Юнайтед" "Милан" форварди учун 100 млн евро сарфлашга тайёр  6 14:16Нидерландиялик ёш иқтидор эгасига "Челси" ва "Тоттенхэм" даъвогарлик қилмоқда  0 13:40"Ньюкасл" Португалия терма жамоаси ярим ҳимоячисини АПЛга қайтармоқчи  0 13:12"Нефтчи" меҳмонда "Шўртан"ни мағлубиятга учратган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  3 12:36"Қўқон-1912" сўнгги дақиқаларда иккита гол уриб, "Навбаҳор"ни мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 11:18Варди - А Сериядаги илк голи ҳақида: "Бахтдан еттинчи осмондаман!"  0 10:48"Бавария" топ-5 лига клублар орасида тарихдаги энг яхши натижани қайд этди   27 10:15Бруну Фернандеш: "Криштиану билан вазият, Саудия Арабистони ва бошқа ҳамма нарса ҳақида гаплашдим"  12

"Пахтакор-79": Сирожиддин ва қиличбоз қиз News

"Пахтакор-79": Сирожиддин ва қиличбоз қиз

1976-1978 йиллар давомида Г.С.Титов номли Республика спорт мактаб-интернати (ҳозирги Республика Олимпия захиралари коллежи)да таҳсил олганман.

Ўша пайтда бу масканда республиканинг энг иқтидорли ёш спортчилари таълим олишар эди. Биргина футбол бўлимининг ўзида, кейинчалик бош жамоа – “Пахтакор” ва мамлакат ёшлар термаларида тўп сурган Дмитрий Роман, Геннадий Денисов, Игорь Поволяев, Зафар Селимов, Игорь Буров, Константин Новиков, Пахриддин Исломов, Виталий Жилкин, Ҳайитбой Ирисметов, Тоир Ёқубов, Суръат Салимжонов сингари ёшлар билим олиш билан бирга, халқаро мусобақаларда муваффақиятли тўп суришарди.

Тоир ва Суръат билан бир синфда ўқиганмиз, қолганлар эса биздан бир неча ёш катта бўлган ва уларнинг ўйинларини трибунадан мириқиб томоша қилардик. Ўша пайтда улар сафида яна бир ёрқин иқтидор бўлган, бироқ у энди катта футболга кириб келаётган пайтда, 18 ёшида машъум авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган. Унинг исми-шарифи Сирожиддин Бозоров эди...

Сирожиддин ака биздан 3 синф юқорида ўқирди. Одатда битирувчи бўлмиш 10-синф ўқувчилари маълум обрўга эга бўлардилар. Уларнинг айтгани ва буйруғи қолган барча ўқувчилар учун қонун эди. Спорт соҳасида кўзга кўриниб қолганлари учун, ҳатто муаллимлар ҳам улар билан ҳисоблашишар эди. Сирожиддин ака эса етарли мавқега эга бўлиши учун битирувчиликни кутиб ҳам ўтирмаган. 9-синфлигидаёқ бутун интернатни “ушлаб” қўйганди.

Йўқ, у уришқоқ ёки зўравон эмасди. Самарқандлик бўлган бу йигит чапани экани ва ҳақиқатгўйлиги билан обрў қозонганди. Футболни зўр ўйнарди (бежиз ўқувчилик пайтидаёқ “Пахтакор”га қабул қилинмаган).

Ўша пайтда бутун интернат бир севишган жуфтликни муҳокама қиларди. Сирожиддин ака бир қиличбоз қиз (ҳозир унинг исмини очиқлаш, назаримда, унчалик тўғри эмас) ўртасидаги муҳаббатдан барча хабардор эди. Уларнинг учрашувларда одоб доирасидан чиққанини ҳеч ким кўрмаган. Бу жуфтлик кечқурунлари интернат ҳовлисидаги ўриндиқларда узундан-узун суҳбатлашиб ўтиришар эди. Ички низомга кўра ҳар бир синфга тарбиячи белгиланган ва у ўқувчиларнинг вақтида дарс тайёрлаши ва ухлашга ётишига масъул ҳисобланарди. Лекин, юқорида таъкидлаганимдек, Бозоровнинг обрўси жуда юқори эди ва ҳеч қайси тарбиячи унинг бу “қулоқсизлиги”га эътироз билдира олмасди.

Ўша қизни ҳали ҳам яхши эслайман. Оппоқдан келган, дуркунгина тошкентлик қиз эди. Айнан шунинг учун ҳам, яъни яшаш жойдаги тафовут туфайли ёшлар кўпинча тортишиб қолишарди. Сирожиддин ака унга уйланишини айтиб чарчамас, қиз эса ота-онаси уни Самарқандга узатмаслигини қайта-қайта таъкидларди.

Биз улар тортишаётганини битта “сигнал”дан билардик. Сирожиддин ака 3-қаватда истиқомат қиларди ва кўпинча хонасидан ёқимли мусиқалар эшитиларди. 1975 йили Швециянинг АББА гуруҳи “АВВА” номли альбоми билан бутун дунё хит-парадларининг энг юқори чўққисига кўтарилган. 1976 йил Тошмуҳамедов номли Тошкент грампластинка заводи шу альбомни ўзимизда чиқарган. Анқонинг уруғига айланган ана шу пластинка Сирожиддин акада бор эди ва у баланд оҳангда қўйилганда биз севишганлар тортишаётганини билардик. Сокин пайтда паст товушдаги севги изҳорларини ҳеч ким эшитмагандек, улар тортишганда ҳамма АББАни эшитарди, жанжал мавзуси эса мусиқа садолари ортида қолиб кетарди...

Хориж эстрадасига қизиқишим ўша пайтда бошланган. Ҳозирда уйдаги компьютеримда “шлягер” номли папка бор ва унда 80-йиллар дискотекасидаги энг машҳур қўшиқлар сақланган. Бўш қолган пайтларим ёрқин хотиралар сифатида уларни эшитиб тураман ва навбат “АВВА” альбомига келганда интернатдаги севги афсонасини эслайман.

Мендан ташқари яна бир инсон ҳам ҳудди шундай қилишига ишонаман. Бу ўша қиличбоз қиз. У аллақачон невара-эварали бўлиб кетгандир. Лекин августда кетма-кет икки кунни ўтмиш хотиралари билан ўтказади. 10-август куни унинг биринчи муҳаббати – Сирожиддин Бозоровнинг туғилган куни ва у АББА мусиқаси остида ҳаёлан марҳумни эслаб пичирлаб табриклайди. 11 август куни эса “Пахтакор” ҳалокатга учраган кун. У яратгандан Сирожиддин акаси билан жаннатда кўришишни илтижо қилади...

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика