Latest news

22:45"Реал" нимадан норози?  0 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

Осиё кубоги-2011. Ўзбекистонни ортда қолдирган Катанецнинг дебюти, фотограф туфайли жазоланган араблар ҳамда финалга киритилмаган мухлислар тўғрисида ҳикоя қиламиз News

Осиё кубоги-2011. Ўзбекистонни ортда қолдирган Катанецнинг дебюти, фотограф туфайли жазоланган араблар ҳамда финалга киритилмаган мухлислар тўғрисида ҳикоя қиламиз

Турнирнинг ҳал қилувчи учрашувини Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб борган.

15-Осиё кубоги 2011 йил 7–29 январь кунлари Қатардаги Ал Райян ва Доҳа шаҳарларидаги бешта стадионда ўтказилди. Мусобақани ўтказишга Ҳиндистон ва Эрон ҳам даъвогарлик қилишганди, бироқ кейинчалик Ҳиндистон ўз аризасини қайтариб олди, Эрон эса тегишли ҳужжатларни ўз вақтида тақдим эта олмади.

Турнирни бутун дунё бўйлаб 484 миллион томошабин кузатиб борди. 


2007 йилги Осиё кубогида дастлабки уч ўринни эгаллаган жамоалар мазкур қитъа биринчилигида тўғридан тўғри иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичида БАА ва Малайзия билан рўбарў келиб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Қайд этиш жоиз, ўшанда БАА терма жамоасида Сречко Катанец бош мураббий сифатида фаолият юритарди. БАА майдонида 1:0 ҳисобида зафар қучган ҳамюртларимиз ўз майдонида худди шу ҳисобда ютқазиб қўйган. Саралаш баҳсларида Ўзбекистон МТЖга Миржалол Қосимов устозлик қилган. Унга ёрдамчи бўлган Вадим Абрамов кейинчалик Қосимов ўрнига тайинланган.

"А" гуруҳида рақиблари томонидан имконияти юқори баҳоланмаган Ўзбекистон кутилмаганда ҳужумкор ўйинлари билан рақибларини доғда қолдириб, гуруҳ пешқадамига айланди.

Турнирдан олдин Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов уни қўллаб-қувватламаётган мухлисларни одатий ҳол деб айтди: 

"Бу табиий жараён ва бу ҳодиса футболни севадиган барча мамлакатда мавжуд. Аммо Қатарда ҳаммаси яхши бўлади, биз тўғри йўлдамиз. Осиё кубогидан кейин мени қўллаб-қувватламаганларга бу қарор нотўғри эканлигини исботламоқчиман.

Умуман олганда, турнир арафасидаги йиғин давомида ёшларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Асосий таркибдан жой олиш учун катта рақобат мавжуд ва бу нормал ҳолат."

Ўзбекистон терма жамоаси қайдномаси

Дарвозабонлар: 1. Темур Жўраев ("Пахтакор"), 12. Игнатий Нестеров ("Бунёдкор"), 21. Мурод Зуҳуров ("Насаф").

Ҳимоячилар: 3. Шавкат Муллажонов ("Олмалиқ"), 4. Анзур Исмоилов ("Бунёдкор"), 5. Азиз Ибрагимов ("Боэминас", Чехия), 6. Саҳоб Жўраев ("Бунёдкор"), 20. Фарруҳ Нурлибоев ("Олмалиқ"), 22. Виктор Карпенко ("Бунёдкор").

Ярим ҳимоячилар: 7. Азиз Ҳайдаров ("Бунёдкор"), 8. Сервер Жепаров ("Сеул", Жанубий Корея), 9. Одил Аҳмедов ("Пахтакор"), 10. Шавкат Саломов ("Насаф"), 13. Олим Навкаров ("Қизилқум"), 14. Станислав Андреев ("Пахтакор"), 17. Санжар Турсунов ("Волга", Россия), 18. Тимур Кападзе ("Бунёдкор"), 19. Жасур Ҳасанов ("Лаҳвия", Қатар), 23. Вагиз Галиулин ("Сибир", Россия).

Ҳужумчилар: 2. Улуғбек Бакаев ("Тобол", Қозоғистон), 11. Марат Бикмаев ("Алания", Россия), 15. Александр Гейнрих ("Пахтакор"), 16. Максим Шацких ("Арсенал", Украина).

Очилиш ўйинидан аввалги матбуот анжуманида Абрамов қуйидагича фикр билдирди:

"Тайёргарликдан қониқиш ҳосил қилдик. Қолган жамоаларда бўлгани каби биз ҳам ушбу турнирда чемпионликни мақсад қилган ҳолда кўп йиғин ўтказдик. Барча жамоанинг имконияти тенг.

Очилиш ўйини тарих саналади. Эртага бор кучимизни ишга соламиз. Мухлислар учун яхши ўйин намойишга ҳаракат қиламиз ва Осиё футболи даражаси ривожланаётганини тасдиқламоқчимиз."

Мусобақанинг очилиш ўйинида мезбон Қатар 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Дастлаб Одил Аҳмедов 35 метрлар чамаси масофадан рақиб дарвозасини ажойиб тарзда ишғол қилган бўлса, кейинчалик Сервер Жепаров рақиб футболчиларининг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.

Қатар-Ўзбекистон 0:2
07.01.2011. Доха. "Халифа" стадиони. 37143 томошабин.
Бош ҳакам:
Юичи Нишимура(Япония)
Голлар: Одил Аҳмедов 59, Сервер Жепаров 77.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Одил Аҳмедов, Саҳоб Жўраев (Станислав Андреев 54), Виктор Карпенко, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Жасур Ҳасанов (Санжар Турсунов 66), Александр Гейнрих (Олим Навкаров, 66), Максим Шацких.

Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида шундай деди: "Бугун уч очкога эга бўлдик. Ғалабадан хурсанд эканлигимизга қарамай, йигитларга хотиржамликка берилмаслик ва келгуси ўйинга тайёргарликни бошлаш кераклигини айтдим.

Ўйин иккала жамоа учун ҳам қийин ўтди. Бугунги байрамдан мосуво бўлган Қатардан узр сўрайман, аммо биз ғалабага эришдик. Қатар терма жамоасини яхши билганим учун ўйинга мос режам бор эди ва футболчилар бунга амал қилишди."

Шунингдек, Сервер Жепаров ҳам матбуот анжуманида иштирок этди.

"Рақибимизни мукаммал ўргангандик. Бу ғалабага асосий омил бўлди. Дастлабки ўйин ҳамиша қийин ўтади, шу боис, уч очко қўлга киритганимиздан хурсандмиз. Ҳали кўп ўйинлар бор ва олдиндан башорат қилишга эрта, лекин биз чемпионликни қўлга киритиш учун бу ерга келдик."

Тимур Кападзе ҳам ўйин ҳақида қисқа фикр билдирди: "Менимча, мусобақага тайёргарлик яхши бўлди. Биз рақиб ўйинчиларига қарши қандай ҳаракатланишни билардик. Қатар терма жамоаси катта босимга дучор бўлган бир пайтда биз хотиржам ўйин намойиш этдик. Шу тариқа, рақиб ўйинни бой берди."


Вадим Абрамов 2-турдан аввалги матбуот анжуманида қуйидагича фикр билдирди:

"Кувайт терма жамоасига қарши қийин ўйин бўлади. Рақиблар мусобақадаги иштирокини давом эттириш учун сўнгги имконият бўлгани учун бор кучини сафарбар қилади. 

Биринчи ўйинда ғалаба қозонган бўлсак-да, уч очконинг ўзи етарли эмас. Бор эътиборимизни мазкур ўйинга қаратамиз, чунки ғалаба чорак финал йўлланмасини тақдим этади.

Шогирдларим финал ҳақида ўйлаяпти, шундай экан Қатарга қарши ўйиндаги ғалаба тасодиф эмас. Биз мухлисларнинг орзусини рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз."

Иккинчи турда Кувайт 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Вакилларимиздан Шацких ва Жепаровнинг голига Бадир Ал Мутва пенальтидан жавоб қайтарди.

Ўзбекистон – Кувайт 2:1
12.01.2011. Доха, “Ал Ғарафа” стадиони. 3481 томошабин
Бош ҳакам:
Наваф Шукрулла (Баҳрайн)
Голлар: Бадир Ал Мутва 49 - Максим Шацких 40, Сервер Жепаров 65.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Станислав Андреев, Виктор Карпенко, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Санжар Турсунов (Вагиз Галиулин, 90), Александр Гейнрих (Олим Навкаров, 74), Максим Шацких (Жасур Ҳасанов, 54). 

"Бу катта турнир, ундаги ҳар бир жамоа кучли. Ўйлайманки, биз сюрприз кўрсатиб, турнирда ғолиб чиқамиз. Бироқ кучли жамоалар етарлича, шу боис бу ишни уддалаш қийин бўлади. Менда Хитойга қарши ўйин режаси бор, бироқ илк навбатда вазиятни ўрганишимиз керак", — деди Вадим Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.


Хитойга қарши ўйиндан аввалги матубот анжуманида Вадим Абрамов ва Одил Аҳмедов иштирок этди.

Вадим Абрамов: "Умид қиламанки, бўлажака қарама-қаршиликда ижобий натижа қайд этамиз. Очколари қандай бўлишидан қатъи назар барча жамоалар гуруҳдан чиқиш имкониятига эга. Рақибни ўргандик, уларда яхши савиядаги ўйинчилар етарлича. Биз рақибимизни ҳурмат қиламиз, лекин аввалги учрашувларда бўлгани каби Хитойни ҳам мағлуб этамиз."

Одил Аҳмедов: "Жамоадошларимиз жисмонан, техник ва руҳан тетик ҳолатда. Хитойга қарши ўйинга тайёрмиз. Гарчи бизга дуранг етарли бўлса-да, ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Ҳисоб-китобларга аҳамият бермасдан, уч очко учун ўйнаймиз. Менинг энг севимли позициям — ярим ҳимоя, бироқ мен ҳар қандай позицияда ўйнашни яхши биламан. Агар мураббий менга ҳимояда ўйнашни буюрса, муаммо бўлмайди. Бироқ бу иккинчи даражали масала, энг муҳими, 3-турда ғалаба қозонишимиз керак."

Учинчи турда Хитой билан 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилди. Аҳмедов ва Гейнрихнинг голига Чин ўлкасидан Ю ҲАи ва Ҳао Жун Мин жавоб қайтарди.

Хитой — Ўзбекистон 2:2

Голлар: Ю Ҳаи (6), Ҳао Жун Мин (56) — Одил Аҳмедов (30), Александр Гейнрих (46)

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров (Шавкат Саломов, 85), Одил Аҳмедов, Станислав Андреев, Тимур Кападзе, Виктор Карпенко (Шавкат Муллажонов, 74), Олим Новкаров (Санжар Турсунов, 62), Александр Гейнрих, Максим Шацких.


Учрашувдан кейин Вадим Абрамов жамоаси гуруҳ пешқадами сифатида чорак финалга йўл олганидан хурсандлигини таъкидлади: 

"Ажойиб учрашув ўтказдик ва барча бундан хурсанд. Йигитларни табриклайман, улар гуруҳ босқичида ажойиб ўйин кўрсатишди. Натижа биз учун қониқарли бўлди, чунки биз ҳимоявий ўйин намойиш этдик.  Кейинги босқичда қайси жамоага рўбарў келишимизнинг аҳамияти йўқ, чунки ушбу босқичда жамоаларнинг барчаси кучли ҳисобланади."

Ўйиндан кейин Сервер Жепаров кейинги босқичда ҳар қандай рақиб билан тўқнаш келишга қодирлигини айтди:

"Эндиликда биздан ярим финалга чиқиш талаб этилади. Мақсадимиз — финалга йўл олиш. Кейинги босқичда Япония бўладими, Иордания ёки Сурия, ҳар қандай рақиб билан тўқнаш келишга қодирмиз."

Ўзбекистонга имкониятни бой берган Қатар гуруҳдаги қолган ўйинларда ғалаба қозониб, 2-ўрин билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Хитой терма жамоаси аъзолари мусобақага ҳар бири 100 минг юан (14 минг АҚШ доллари) костюмларда ташриф буюрди, бироқ натижа шунга яраша бўлмади.

Ўзбекистонга қарши ўйиндан кейин аккредитациядан ўтмаган фотографни кийим алмаштириш хонасига киритгани учун Кувайт футбол ассоциацияси 1000 доллар жаримага тортилди.

"B" гуруҳида Альберто Заккерони мураббийлигидаги Япония ҳамда Иордания кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Турнир аввалида япониялик футболчилар мукофот пулларининг яхши эмаслиги сабабли халқаро ўйинларга бойкот эълон қилиши мумкинлигини маълум қилди. Кейинчалик футбол ассоциацияси бу ҳолатни бартараф этишини маълум қилди. Сурия ушбу гуруҳда 3-ўрин билан чекланган бўлса, Саудия Арабистони кутилмаганда барча ўйинда мағлубиятга учраб, сўнгги ўринда қолиб кетди.

Сурияга қарши мағлубиятдан кейин Саудия Арабистонининг португалиялик бош мураббийи Хосе Песейру истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига тайинланган Носир Ал Жоҳар матбуот анжуманига қора кўзойнакда ташриф буюрди. Журналистлар бунинг сабабини сўраганда, кўз билан боғлиқ аллергик муаммоси бўлган Жоҳар "Менга "кўз тегди". Баъзи ҳамюртларим бош мураббий этиб тайинланганимдан сўнг менга ҳасад қилишди", — дея фикр билдирди.

"C" гуруҳида Австралия ва Жанубий Корея кейинги босқич йўлланмасини нақд қилишди. Баҳрайн ва Ҳиндистон гуруҳда қолиб кетди.

"D" гуруҳида Эрон пешқадамга айланди, Ироқ эса 2-ўрин билан кифояланди. Шимолий Корея ва Катанец бошқарувидаги БАА 1 очко билан гуруҳда қолиб кетди.

Чорак финалда Япония Қатарни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. 

Иорданияга қарши чорак финал учрашувидан аввалги матбуот анжуманида Вадим Абрамов ва Одил Аҳмедов иштирок этди.

Вадим Абрамов: "Эртанги ўйин жуда қийин бўлади. Мағлуб жамоа мусобақани тарк этади. Иордания кучли ва уюшқоқлик асосида ўйин намойиш этади. Рақиб имкониятларини паст баҳоламайман ва уларни чорак финалдаги энг кучсиз жамоа дейш фикридан йироқман."

Одил Аҳмедов: "Иордания терма жамоасининг турнирдаги ўйинларини томоша қилдик. Уларни биздан кучли ёки кучсиз деб бўлмайди. Биз фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз."

Учрашув аввалида бразилиялик юлдуз Бебето Доҳадаги Иордания терма жамоаси қароргоҳига ташриф буюрди ва футболчилар билан мулоқот қилиб, ўз либосини туҳфа қилди.

Ўзбекистон терма жамоаси Улуғбек Бакаевнинг дубли эвазига Иорданияни 2:1 ҳисобида таслим этиб, ўз тарихида илк маротаба ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Қизиқ томони, икки жамоа турнирга оз муддат қолганда ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон терма жамоасининг 2-рақамли ҳимоячиси Ярослав Крушельницкий жароҳат олиб, турнирни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Айнан унинг ўрнига жалб этилган Улуғбек Бакаев эса Иорданияга қарши чорак финал қаҳрамонига айланди.

Ўзбекистон – Иордания 2:1
21.01. 2011. Доха. “Халифа” стадиони. 16073 томошабин.
Бош ҳакам:
Абдул Малик Башир (Сингапур)
Голлар: Улуғбек Бақоев 46, 49 - Башар Бани Ёсин 58.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров (Темур Жўраев, 62), Шавкатжон Муллажонов, Саҳоб Жўраев, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Санжар Турсунов, Жасур Ҳасанов (Станислав Андреев, 57), Александр Гейнрих (Анзур Исмоилов, 70), Улуғбек Бақоев.


Ўйиндан сўнг Вадим Абрамов шундай деди: "Ўйин жуда қийин бўлди, айниқса, чорак финал бўлгани учун қўшимча машаққат юклади. Биз ярим финалдамиз ва энди финалга чиқишни хоҳлаймиз. Буни турнирнинг илк кунидан бери айтиб келаман. 

Биринчи бўлимдаги хатолардан керакли хулоса чиқардик. Иккинчи бўлимда эса уларни тўғрилаб, иккита гол урдик ва бу ўйинни анча осонлаштирди."

Шунингдек, Одил Аҳмедов, Станислав Андреев, Игнатий Нестеровлар ҳам ўйин таассуротлари билан ўртоқлашди.

Одил Аҳмедов: "Мураббий ўйин услубини ўзгаритиришга қарор қилди ва бу ёрдам берди. Иорданиянинг гуруҳ босқичидаги ўйинларини кузатдик ва уларнинг ҳимоявий ўйин асносида қарши ҳужумларга таянишини ёқтиришини билиб олдик. Шу боис, рақиб ҳимоясини бузиш учун бошқа услубдан фойдаландик."

Станислав Андреев: "Мураббий таркиб ва услубда бир қатор ўзгаришлар амалга оширди ва бу ёрдам берди, чунки Иордания буни кутмаганди."

Игнатий Нестеров: "Мураббийдан иккинчи бўлимда мени ўзгаритиришни сўрадим, чунки биринчи бўлимда 21-рақамли рақиб футболчининг зарбасини бартараф этганимдан сўнг бироз оғриқ сеза бошладим. Бу жиддий жароҳат деб ўйламайман. 

Австралияга қарши ўйинда пенальтилар сериясига қадар етиб бормаймиз, масалани асосий вақтда ҳал қилишимизга ишонаман. Жамоадаги ишонч юқори. Кейинги ўйинни интиқлик билан кутяпмиз."

Австралия ва Жанубий Корея қўшимча бўлимларда Ироқ ва Эронни 1:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди.

Ярим финалнинг дастлабки учрашувида Япония ва Жанубий Корея тўқнаш келди. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди ва "самурайлар" финал иштирокчисига айланди.

Вадим Абрамов ярим финал аввалида жамоаси Австралияни кучлилигини, бироқ Бразилия даражасида эмаслигини айтди: "Австралияга қарши ўйинни интиқлик билан кутяпмиз. Жамоадаги кўпгина ўйинчилар тажрибага эга, шу боис улар босимни енгиб ўтишга қодир. Тўғри, Австралия кучли жамоа, лекин улар Бразилия эмас. Бизнинг жамоа уларга қарши курашишга қодир. Рақиб инглизларга ўхшаб ўйин намойиш этади, бироқ мен йигитларни хотиржам ва диққат билан майдонда ҳаракатланишни талаб қиламан."

Сервер Жепаров эса ўзини чемпион каби ҳис қилаётганини айтди: "Турнирда ғалаба қозониш имконияти бор ва мен ўзимни чемпиондек ҳис қилпяман. Австралия кучли рақиб, аммо амбициянингиз мавжуд бўлса, ҳар қандай рақибни мағлуб эта оласиз. Шунинг учун ҳеч ким бизни тўхтата олмайди ва финалга чиқишимизга тўсқинлик қила олмайди."

Иорданияга қарши ўйинда ғалаба қозонган бўлсак-да, жиддий иккита юқотишга учрадик: Нестеров ва Гейнрих жароҳат олди. Бунинг натижасида Ўзбекистон Австралиядан қашқатқич олтита гол қабул қилиб олди.

Ўзбекистон — Австралия 0:6

Голлар: Кьюэлл (5), Огненовски (35), Карней (65), Эмертон (73), Валери (82), Круз (83)

Ўзбекистон: Тимур Жўраев, Анзур Исмоилов, Саҳоб Жўраев, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Тимур Кападзе, Жасур Ҳасанов (Марат Бикмаев, 55), Виктор Карпенко (Азиз Ибрагимов, 71), Улуғбек Бакаев, Максим Шацких (Санжар Турсунов, 59).


Вадим Абрамов: "Бундай мағлубиятдан кейин нима дейишни билмайман. Ғалаба ва мағлубият футболнинг бир бўлаги эканлигини тушунаман, бироқ битта гол билан олтита гол ўртасида улкан фарқ мавжуд. Ҳимояда кўп хатоларга йўл қўйдик. Шуни айтишим мумкинки, биз "ёмон кунда майдонга тушдик. Бутун жамоада хатолар бўлди. Бўлиб ўтган воқеалар учун узр сўрайман."

ОФК мусобақанинг ярим финалидан тушган маблағларни Австралия, Таиланд ва Шри-Ланкада юз берган тошқинлардан жабрланганлар учун хайрия қилишга қарор қилди.


Вадим Абрамов: "Жанубий Кореяга қарши муносиб ўйнашга ҳаракат қиламиз. Муаммо шундаки, олтита тўп фарқи билан қабул қилинган мағлубият барчага оғир таъсир қилди, лекин буни енгиб ўтамиз."

Учинчи ўрин учун баҳсда Жанубий Корея Ўзбекистонни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Ҳамюртларимиз сафида Александр Гейнрих дублга эришди. Мазкур турнир якунлангач, кореялик афсонавий футболчи Парк Жи Сун терма жамоадаги фаолиятини якунлади.

Ўзбекистон – Жанубий Корея – 2:3

28.01.2011. Қатар. “Жассим Бин Ҳамад” стадиони.

Бош ҳакам: Абдул Малик Башир (Сингапур).

Голлар: Гейнрих 45 (пен), 53 – Ку Жа Чол 17, Жи Донг Вон 28, 39.

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Шавкат Муллажонов, Одил Аҳмедов, Станислав Андреев, Виктор Карпенко (Жасур Ҳасанов, 87), Темур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Олим Навкаров (Шавкат Саломов, 77), Санжар Турсунов, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих.


Вадим Абрамов: "Психологик жиҳат таъсир ўтказдими, биринчи бўлимда футболчилар кўп хатога йўл қўйди. Иккини бўлимда эса йигитлар анча яхши ўйнашди. Ҳатто дуранг қайд этишимиз мумкин эди, аммо вақт етишмади."

Финал учрашуви олдидан тартибни сақлаш учун кўплаб полиция ходимлари жалб этилган. Тартибсизликлар натижасида 5 мингга яқин чиптаси бор томошабин стадионга кира олмаган. Сабаби, кўпчилик сохта чипталар билан стадионга кирган.

Финалда Япония асли келиб чиқиши Жанубий Кореяга бориб тақаладиган Таданари Лининг 109-дақиқада урган голи эвазига Австралияни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. 

ФИНАЛ

Австралия — Япония 0:1

Гол: Таданари Ли (109).


Дарвоқе, мусобақанинг ҳал қилувчи учрашувини ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борди. Унга қанотларда ҳамюртларимиз Абдуҳамидилло Расулов ҳамда Рафаэль Илёсов ёрдам берди. 

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, гуруҳ босқичи давомида барча ҳакам истиқомат қилаётган меҳмонхонада ёнғин содир бўлган, аммо ҳеч кимга шикаст етмаган.

Жанубий Корея ҳужумчиси Ку Жа Чеол 5 та гол билан турнир тўпурарига айланди. 

Япониялик Кеисуке Ҳонда мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Фейр-плей соврини Жанубий Корея терма жамоасига насиб этди.

Бу гал негадир рамзий жамоа тузилмади (араб мамлакатларидан бирортаси ҳатто ярим финалга ҳам чиқолмагани учун бўлса керак — муаллиф фикри). Бироқ тўртта футболчи эътироф этилди: Кеисуке Ҳонда (Япония), Парк Жи Сунг (Жанубий Корея), Ҳарри Кьюэлл (Австралия), Сервер Жепаров (Ўзбекистон).

Турнирнинг асосий воқеалари

Энг кўп мухлис ташриф буюрган ўйин: Япония — Австралия (финал), 37174 томошабин.

Энг кам мухлис ташриф буюрган ўйин: Саудия Арабистони — Япония, 2022 томошабин.

Энг кўп гол урилган ўйин: Баҳрайн — Шимолий Корея 5:2 (7 та гол).

Энг кам гол урилган ўйин: Шимолий Корея — БАА 0:0

Мусобақа давомида 90 та гол урилди.

Энг яхши ҳужумкор жамоа: Япония, 14 та гол

Энг ёмон ҳужумкор жамоа: Шимолий Корея ва БАА, 0 та гол

Энг яхши ҳимоя чизиғи: Австралия ва Шимолий Корея, 2 тадан гол ўтказиб юборди.

Энг ёмон ҳимоя чизиғи: Ҳиндистон ва Ўзбекистон, 13 тадан гол ўтказиб юборди.

Энг кўп офсайдга тушган жамоа: Австралия, 27 та.

Энг қўпол футболчи: Себастьян Сория (Қатар) — 18 та қўполлик.


Учрашувлар 80 дақиқа давом этган илк Осиё кубоги тарихи ҳамда турнирнинг урушдан ташриф буюрган ғолиби ҳақида ҳикоя қиламиз

Унутилган ва йўқолган кубоклар, сохта медаллар ҳамда ҳалок бўлган болакай — иккинчи Осиё кубоги ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1964. Чемпиони ОФК тарихидан тушиб қолган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1968. Муаммолар гирдобидаги Эрон "Олтин давр"ини чемпионлик билан бошлади

Осиё кубоги-1972. Мезбони алмашган турнир омадли кунда ўйнаган жамоанинг чемпионлиги билан якунланди

Осиё кубоги-1976. Рақиб либосларини кийган ҳолда охирги кубогини кўтарган чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1980. Кубокка эга чиққан мезбонлар, иккинчи ўрин учун уюштирилган парад ҳамда урушда укасини бой берган совриндор ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1984. Саудия Арабистони дебютидаёқ чемпионликка эришди 

Осиё кубоги-1988. Кувайт либосида ўйнаган Платини, талабалари билан келган Япония ҳамда операциядан кейин финалдаги ҳал қилувчи голни урган футболчи ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1992. 56 ёшида фаолиятини давом эттираётган энг яхши футболчи, легионер Рамос, ўйинчиларини алмаштирмаган ҳамда рақиб мағлубияти учун 500 доллар бермоқчи бўлган мураббий ҳақида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-1996. Дебютант Ўзбекистон, унинг димоғдор ва карта ўйнайдиган рақиблари ҳамда тайинланганидан икки ой ўтгач, чемпионга айланган мураббий ҳақида ҳикоя қиламиз 

Осиё кубоги-2000. Бразилияликлардан иборат мезбон, Ўзбекистоннинг шармандали натижаси ҳамда Қосимовдан супергол 

Осиё кубоги-2004. Дебютант Эрматов ва устаси ўзбек Қосимов, ёқиб юборилган байроқлар ҳамда пенальтилар серияси ўртасида дарвозани алмаштирган ҳакам тўғрисида ҳикоя қиламиз

Осиё кубоги-2007. Ён ҳакам туфайли ярим финалдан қуруқ қолган Ўзбекистон, аҳолисининг ҳалокатига олиб келган ғалаба, чироқсиз қолган стадион ҳамда ичкиликбозлик қилган футболчилар тўғрисида ҳикоя қиламиз


Оқил Абдубарноев тайёрлади.  

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика