ОФК адолатсиз ташкилотми ёхуд нега Япония ОФКни тарк этмоқчи?
23 oct 10:30
News


ОФК адолатсиз ташкилотми ёхуд нега Япония ОФКни тарк этмоқчи?
Ироқнинг UTV нашри маълумотига кўра, Япония футбол ассоциацияси Саудия Арабистонида ўтказилган Элит Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақаси атрофидаги баҳсли қарорлардан сўнг ОФКда "бадавлат араб мамлакатлари таъсири" кучайиб бораётганидан ғазабланмоқда. Ушбу хабардан сўнг Осиё ОАВларида японларнинг Осиё футбол конфедерациясидан чиқиб, янги бошқарув органини тузиши мумкинлиги кенг муҳокама қилинмоқда. Келинг, барчасига батафсил тўхталиб ўтамиз.
Японияда ОФКдан чиқиш ҳаракатлари пайдо бўлмоқда, чунки бу ташкилот коррупциялашган ва Қатар пуллари билан бошқарилиши ва айнан шу сабабли ОФКга нисбатан ишончсизлик ортиб бормоқда, дея хабар бермоқда Ироқ телеканали. Японлар нафақат Қатар, балки Саудия Арабистонининг ҳам таъсири кучайиб бораётганидан хавотирда. Улар япон клубларининг мунтазам равишда ноқулай ўйин жадвалларидан азият чекишаётганини таъкидлашмоқда. Бунинг ўрнига мустақил "Шарқий Осиё федерацияси"ни ташкил этиш кўриб чиқилмоқда, унга бир вақтнинг ўзида Ироқ ҳам таклиф этилади. Ҳозирча батафсил маълумотлар йўқ.
Япониянг "Виссел Кобе" клуби регламентдан жабр кўрди
Ўтган мавсумда Элит ОЧЛда бир ҳодиса юз берди. Хитойнинг "Шандун Тайшан" клуби саккиз турдан еттитасини ўтказиб, мусобақани тарк этди. Саккизинчи, яъни сўнгги ўйиндаги иштирок қолганда, Хитой клуби ўйинчиларнинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар туфайли таркиб туза олмасликларини маълум қилишди. Ваҳоланки, 1/8 финалга чиқиш учун сўнгги турда жамоадан фақатгина мағлуб бўлмаслик талаб этилар эди. Бунинг ўрнига натижалар бекор қилинди ва жамоа сўнгги ўринга тушиб кетди. "Шандун" мусобақадан четлатилгач эса, "Шанхай Шенхуа", "Шанхай Порт" ва "Бурирам Юнайтед жамоалари 8та ўйин ўтказишди, қолганлар эса 7тадан.
Бу ҳолат японларнинг эътирозига сабаб бўлди. Регламентга кўра, мусобақани тарк этган жамоанинг барча ўйинлари бекор қилиниши лозим. Шундай қилиб, Япониянинг "Виссел Кобе" клуби уч очкодан маҳрум бўлди. Натижада, клуб якунда аввалги ҳолатдагидек учинчи ўринни эмас, бешинчи ўринни эгаллади. Бунинг барчаси "Шандун Тайшан" мусобақани тугата олмагани туфайли. Оқибатда, кучсизроқ рақиб ва уй майдонидаги жавоб учрашувини қабул қилиш каби устунликлардан маҳрум бўлди.
"Виссел Кобе" тўртинчи ўриндаги Кореянинг "Гвангжу" клуби билан тўқнаш келди. Японлар ўз уйида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, бироқ сафарда 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради ва мусобақани тарк этди. Лига босқичини учинчи ўринда якунлаган "Жохор Дарул Тазим" эса олтинчи ўриндаги Таиланднинг "Бурирам Юнайтед" жамоаси билан куч синашди ва жавоб учрашувини ўз майдонида қабул қилди. Лекин Малайзия клуби барибир мусобақани тарк этди.
ОЧЛ финали битта учрашувдан иборат ва Саудия Арабистонида ўтказилади
Саудия Арабистони ва Қатарнинг таъсири кучайиши деганда, бу мамлакатларда мусобақалар ўтказилиши ҳам назарда тутилмоқда. Масалан, ўтган йилги Элит ОЧЛнинг барча чорак финал, ярим финал ва финал учрашувлари марказлашган ҳолда Саудия Арабистонида ўтказилди. Ҳар бир босқич фақат бир ўйиндан иборат эди. Чорак финалда иштирок этган "Ал Ҳилол", "Ал Аҳли" ва "Ал Насср" ўз рақибларини мағлуб этишди. "Ал Ҳилол" "Гвангжу"ни 7:0, "Ал Аҳли" "Бурирам Юнайтед"ни 3:0 ва "Ал Насср" "Йокогама Маринос"ни 4:1 ҳисобида ер тишлатди. Саудия клублари ўз рақибларини йирик ҳисобда мағлуб этишди ва барча ўйинлар Жиддада ўтказилди.
Ярим финалда "Ал-Аҳли" "Ал-Ҳилол"ни енгди, "Ал-Насср" эса Япониянинг "Кавасаки"га ютқазди. Финалда эса "Ал-Аҳли" "Кавасаки"ни мағлуб этди ва табиийки ўша куни стадионда саудиялик мухлислар сони анча кўпроқ эди. 2025/26 йилги мавсумда чорак финалдан бошлаб барча ўйинлар яна марказлашган ҳолда Саудия Арабистонида ўтказилади. Фақатгина Жиддада эмас, пойтахт Ар-Риёдда.
Саудия Арабистони ва Қатар ўз уйида ўйнаб, мундиалга йўл олишди
ЖЧ-2026 учун ОФКга 8.5та йўлланма берилди ва саралаш мусобақасининг формати бироз ўзгарди. Осиё саралашида 18 терма жамоа уч гуруҳга бўлинди, ўз гуруҳларидан биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоалар тўғридан-тўғри ЖЧга йўл олишди. Гуруҳда учинчи ва тўртинчи поғонадаги жамоалар эса, тўртинчи плей-офф босқичида иштирок этишди. Яқинда якунига етган тўртинчи саралаш босқичи қандай ўтказилганидан хабарингиз бор. Олти нафар терма жамоа уч нафардан икки гуруҳга бўлинди ва гуруҳ ғолиблари мундиал "чипта"си билан рағбатлантирилди. "А" гуруҳда Қатар, БАА ва Ўмон жой олишди ва якунда сўнгги мундиал мезбони гуруҳ ғолиби бўлди. "B" гуруҳида эса Саудия Арабистони, Ироқ ва Индонезия йўлланма учун курашишди ва Саудия ЖЧга йўл олди. Эътирозга сабаб бўлган асосий жиҳатларга тўхталиб ўтамиз.
Қатар ва Саудия Арабистони тўртинчи саралаш босқичида иштирок этди ва икки мамлакат ҳам ушбу босқичга мезбонлик қилди. Бу эса бошқа иштирокчиларга нисбатан адолатсизликдек. "А" гуруҳидаги барча учрашувлар Доҳадаги "Жассим Бин Ҳамад" стадионида ўтказилди. "B" гуруҳидаги баҳслар эса Жиддадаги "Қирол Абдуллоҳ" стадионида ўтказилди. ОФК Қатар ва Саудия Арабистони саралашнинг тўртинчи босқичига мезбонлик қилишини 13-июнь куни эълон қилди, аммо мезбонлик ҳуқуқи нега айнан Қатар ва Саудия Арабистонига берилгани, учрашувларни ўзида қабул қилишга қизиқиш билдирган мамлакатлар ва уларга қўйилган талаблар ҳақидаги маълумотларни очиқламади.
Мезбонларга яна бир имтиёз берилди. Фақат мезбон жамоаларнинг ўйинлари ораси деярли бир ҳафта эди. Қатар Ўмон билан тўқнаш келди ва фақатгина олти кундан сўнг БАА билан ўйнади. Шу билан бирга, Ўмон ва БААда ўйинлар орасидаги танаффус атиги уч кунни ташкил этди. Саудияда ҳам шундай ҳолат, улар дастлаб Индонезия билан беллашишди ва деярли бир ҳафтадан сўнг Ироқ билан ўйнади. Тўртинчи босқичга қуръа ташлаш маросими 17-июль куни Куала-Лумпурда ўтказилди ва маросимда Тимур Кападзе иштирок этганидан хабарингиз бор. Қуръа ташлаш маросими учун терма жамоаларни тақсимлаб олишда ОФК FIFA рейтингидан фойдаланди. Яъни FIFA рейтингида баландроқ ўринни эгаллаб турган жамоалар биринчи саватчадан жой олди. Терма жамоалар уч саватчага қуйидагича тақсимланди: Қатар ва Саудия Арабистони биринчи саватчада, БАА ва Ироқ иккинчи, Ўмон ва Индонезия эса учинчи саватчадан ўрин эгаллади. ОФК терма жамоаларни саватчаларга тақсимлашда FIFA рейтингининг 13-июнь санасида актуал бўлган жадвалга таянди (суратда келтирилган), аммо қуръа ташлаш маросими 17-июль куни ўтказилади. Бир ойдан кўпроқ муддатдан сўнг. Энг қизиғи, ушбу вақт давомида FIFA рейтинги янгиланди. 10-июль куни FIFA рейтингининг янгиланган жадвали тақдим этилди ва янги жадвалда терма жамоаларнинг июнь ойидаги FIFA кунларида қайд этган натижалари ҳисобга олинган эди. Июль ойида янгиланган FIFA рейтингига кўра Ироқ Саудия Арабистонини қувиб ўтган эди, лекин ОФК тўртинчи босқичга қуръа ташлаш маросими учун терма жамоаларни саватчаларга тақсимлаш жараёнида FIFA рейтингининг 13-июндаги жадвалига таянди. Унга қадар эса FIFA рейтинги апрель ойида янгиланган эди. Ваҳоланки, ОФК апрель ойида эълон қилинган рейтингидан фойдаланди. Нега? ОФКнинг ғалати қароридан Ироқ терма жамоаси азият чеккандек.
Якунда Қатар ва Саудия океан ортида бўлиб ўтадиган тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасида иштирок этадиган бўлишди. Ироқ ва БАА эса энди 0.5та йўлланма учун курашишади.
P.S Бироқ ушбу муаммо Японияга бевосита алоқадор эмас, сабаби "самурай"лар ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритган дунёдаги биринчи мамлакат ҳисобланади. Японлар март ойидаёқ ЖЧ йўлланмасини ҳал этиб бўлишган эди.
Кимлар бу ҳақда гапирди?
Ўмон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш яқинда бўлиб ўтган CAFA Nations Cup-2025 мусобақаси доирасида ушбу баҳсли масалалар бўйича изоҳ берди. Ўзбекистон терма жамоасига қарши учрашувдан кейинги матбуот анжуманида португалиялик мутахассис шундай деди:
"Биз кейинги ойда Қатар ва БААга қарши ўйнаймиз, устига-устак Қатар майдонида. Ўша саналарда дунёдаги барча стадионлар банд бўлар экан ва шунинг учун биз Қатарда ўйин ўтказамиз. Қатарга қарши Қатарда ўйнаймиз. Улар шундай қарор қилишди. Биз ушбу учрашувларга тайёр бўлиб боришимиз керак, айниқса руҳий жиҳатдан"
"Пахтакор"нинг ироқлик ҳимоячиси Заид Таҳсинга ушбу масала бўйича савол бердим ва унинг жавоби шундай бўлди:
"Биз дастлабки ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Сабаби беш кун вақтимиз бор эди, Индонезиядан кейин эса бор-йўғи уч кун вақт бор эди. Бир кун тикланишга ва бизда фақатгина икки кун қолди. Жисмоний жиҳатдан қийналиб қолдик. Саудия Арабистонидаги об-ҳаво ҳам жуда иссиқ эди. Энди буларнинг барчаси ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ. Барчаси ортда қолди. Кўпроқ меҳнат қилиб, мундиални кўзлаймиз. БААга қарши ўйин осон кечмайди, аммо биз ЖЧга чиқишни истаймиз"
Шарқий Осиё футбол федерацияси (ЕАFF)
Шарқий Осиё футбол федерацияси (EAFF) 2002 йилда Япония, Жанубий Корея ва Хитой ташаббуси билан ташкил топган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Токиода жойлашган. Ҳозирги кунда федерацияга Япония, Хитой, Корея Республикаси, КХДР, Мўғулистон, Хитой Тайпейи, Гонконг, Макао, Гуам ва Шимолий Мариана ороллари аъзо.
EAFF Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) таркибида фаолият юритади ва мустақил мақомга эга эмас. Бироқ у Осиё футболида Шарқий Осиёнинг таъсирини кучайтириш мақсадида тузилган. Унинг асосий мусобақаси минтақа терма жамоалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган EAFF E-1 футбол мусобақасидир.
Экспертлар нима дейди?
Япониялик спорт журналисти Шуичи Тамура ушбу гап-сўзлар ҳақида шундай фикр билдирди:
"Янгиликларни ўқидим, аммо Японияда бу ҳақда ҳеч ким ўйламаяпти. Япониянинг ОФКдан мустақил бўлиши ҳақиқатдан йироқ фикр. Япония 2002 йилда ОФКдан ажралиб чиқиш мақсадида Шарқий Осиё футбол федерациясини (EAFF) ташкил этган эди. Бироқ бугунги кунда сиёсий жиҳатдан улар ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаяпти. Шундай экан, ушбу хабарларга катта эътибор бериш керак эмас деб ўйлайман"
Шунингдек, Осиё футболида ўз номига эга бўлган инсон билан боғландик, аммо шахс ўз исмини очиқламасликни илтимос қилди.
"Бу гап-сўзлар Ироқдан тарқалди. Энди эса бу мавзу кўп муҳокама қилинмоқда. Ушбу воқеийликнинг амалга ошиш эҳтимоли нолга тенг. Менинг назаримда, 30 йилдан сўнг Шимолий Африка мамлакатлари ва Шарқий Осиё бирлашиши мумкин, аммо бу учун жуда катта маблағ ва катта сиёсий кучларнинг аралашуви талаб этилади. Бу менинг тахминим, холос. Шимолий Африка ва Шарқий Осиё MENAга айланади (MENA - Middle East and North Africa, географиядаги махсус атама. Мағриб ва яқин шарқ мамлакатларининг бирлашмаси учун ишлатиладиган термин).
Жанубий Африка, шунингдек Шимолий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё алоҳида конфедерацияларга бўлиниб кетиши мумкин. Сизларнинг минтақа, Марказий Осиё эса алоҳида ажралиб, ЖЧга 2та йўлланма берадиган конфедерацияга айланиш эҳтимоли бор. Буларнинг барчаси Жаҳон чемпионатининг иштирокчилари сони 64тагача кўпайтирилиши туфайли рўй бериши мумкин. ЖЧда 64талик формат ташкил этилиши эҳтимолига ишонаман", - деди "инкогнито" шахс.
Хулоса
Ҳозирча Япониянинг ОФКдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни жиддий қабул қилиш керак эмас. Маълумот тарқатган манба ишончли эканлигига шубҳа бор.
Тўғри, ОФКнинг кўпгина қарорлари баҳсли, бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Мисол учун, ЖЧ-2026 тўртинчи саралаш босқичини Қатар ва Саудиядан бошқа яна қайси мамлакат қабул қилишга даъвогарлик қилган ва қизиқиш билдирган экан? Футбол инфратузилмаси ривожланган Япония, Жанубий Корея ва Хитой каби мамлакатлар тўртинчи саралаш босқичини қабул қилишга қизиқиш билдирганми? Ушбу саволларга эса фақатгина ОФКнинг ўзи жавоб бериши мумкин.
Элит ОЧЛнинг энг қизиқарли босқичини марказлашган ҳолда Саудия Арабистонида ўтказиш каби мантиқсиз қарорларни имкон қадар тезроқ тўғирлаш керак, назаримда.
Similar news

Comments
Keyrush )))))))))))))))))))) THIS IS OSIYO !!!!!!!!
YOQMASA YEVROPANGGA BOOOOOOOOOR xd xd xd