Latest news

18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  0 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  3 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" 2:0 (матнли трансляция)  5 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  17 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  26 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7

Миржамол Қосимов: "Машҳур инсоннинг фарзандларига ҳамиша қийин бўлган" News

Миржамол Қосимов: "Машҳур инсоннинг фарзандларига ҳамиша қийин бўлган"

Ўзбек футболида Абдураимов, Бозоров, Дўрмонов, Усмонхўжаев каби сулолалар мавжуд бўлиб, бу футболчилар оиласида касб давомийлиги авлоддан авлодга ўтиб келяпти.
Бу сулолалар қаторига Қосимовлар оиласини ҳам киритсак бўлади. Ўзбек футболининг барча даврлардаги энг машҳур юлдузларидан бири Миржалол Қосимовнинг фарзандлари айни пайтда ота касбини давом эттиришяпти. Албатта, олма дарахтининг тагига олма тушади. Тўнғич ўғил Миркамол мураббийлик фаолиятини бошлаган бўлса, Миржамол мана бир неча йилдирки, Бунёдкор клуби шарафини ҳимоя қилиб келяпти.

Шунингдек, у Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг аъзоси ҳамдир. Бу йил Миржамол ва унинг жамоадошлари Мьянмада ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, келаси йили Янги Зеландияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди. Миржамолнинг ҳали орзулари бисёр. Биринчи галда кичик мундиалда муносиб тарзда ўйин намойиш этиш ҳамда Бунёдкорнинг асосий таркибидан жой олиш. Биз катта йўл бошида турган ёш, истеъдодли футболчи Миржамол Қосимовдан интервью олганмиз. 

- Миржамол, Қосимов фамилияси жуда ҳам машҳур. Унга муносиб бўлиш эса жуда ҳам мушкул иш. Футболни касб сифатида танлаётган пайтингизда бу ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
- Дадамнинг ўйинларини кўриб, футболга меҳрим тушган, десам муболаға бўлмайди. Табиийки, уйимиздаги муҳит ҳам футболни танлашимга замин яратган. Ҳамма болалар каби тўп тепишни маҳалладан бошлаганман. Уйимиз берк кўчада жойлашган бўлиб, футбол ўйнашга жуда ҳам қулай эди. Ўша ерда маҳалладаги болалар билан ўқишдан кейин тўп тепардик. Вақт ўтиши билан футболга бўлган меҳрим кучайиб борди. Бу қизиқишимни пайқаган дадамлар футбол мактабига олиб бордилар. Эътиборлига молик жиҳати шундаки, мени ҳам Юрий Гаспадарчук қўлига топширдилар. Футбол ишқибозларининг хабари бор, Юрий Михайлович отамнинг илк мураббийи бўлган.



- Футболни танлашингизга оиладагиларнинг, хусусан дадангиз муносабатлари қандай бўлган?
- Яхшигина эслайман, бу мавзуда анчагина вақт ўтириб суҳбатлашганмиз. Футбол осон касб эмас, боз устига сен футболчининг фарзандисан, яхшигина ўйлаб кўр, кейин футбол билан шуғулланишинг мактабдаги дарсларга ҳалал бермаслиги керак, буларнинг барига рози бўлсанг, сенга рухсат бераман, деб айтганлар. Ўз ўрнида мен ҳам муносиб издош, яхши фарзанд бўлишга ваъда берганман. Шундан кейингина Чиғатой футбол мактабига олиб борганлар. Юрий Михайлович билан таништириб, бу менинг мураббийим, мен каби футболчи бўлишни истасанг, уларнинг ҳар бир айтганини сўзсиз бажаришинг керак, деб маслаҳат берганлар. Мураббий ҳам кулиб, сен Миржамолсан, спорт, хусусан футболнинг нонини ейиш қийин, ўз хатти-ҳаракатинг билан Миржалолни уялтириб қўйишга ҳақинг йўқ, деб айтган. Ўша гаплар қулоғимга қўрғошиндек қуйилиб қолган.

- Онангиз футболни танлашингизга осонликча рози бўлмагандирлар? Чунки футболчиларнинг рафиқаларига жуда ҳам қийин. Турмуш ўртоқлари кўп вақтни сафарда ўтказишади. Фарзанд тарбияси билан ўзлари шуғулланишга тўғри келади...
- Албатта, онамларга қийин бўлганини кўрардим. Сиз айтгандек, отам сафарда кўп вақт бўлардилар. Лекин футболга кучли қизиқишимни кўргач, ўзлари шароит яратиб берганлар. Аммо бошида худди отам каби мен танлаган йўл мураккаб эканлиги, масъулияти жуда ҳам катта бўлишини айтганлар. Бу юкни кўтара оласанми, деб сўраганлар. Қарорим қатъий эканлигини билгач, менга барча шароитларни яратиб берганлар. Етти ёшимдан шуғулланишни бошлаган бўлсам, футбол мактабидаги машғулотларга кўпинча ўзлари етаклаб олиб борардилар. Улардан миннатдорман, куннинг иссиғида ҳам, қаҳратон қишда ҳам икки соатлаб машғулот якунланишини кутиб ўтирардилар. Қолаверса, бобомнинг ҳам бунда хиссалари катта бўлган. Кўпинча улар ҳам машғулотларга олиб борардилар. Футболни яхши тушганликлари учун машғулотлардан сўнг хатоларимни айтиб, тўғри йўлга бошлаганлар.  

- Исмингизни ким қўйган?
- Отам қўйганлар. Буни кейинчалик онам айтиб бергандилар. 1995 йили Владикавказнинг "Алания" клуби таркибида ўша пайтдаги УЕФА Кубоги доирасидаги учрашувда "Ливерпуль" дарвозасини ишғол қилганлар. Ўша 12 сентябрь куни киритилган бу голни тез-тез томоша қилиб тураман. Ўрганадиган жиҳатлари жуда ҳам кўп. Жарима зарбасидан Ливерпуль посбонини ожиз қолдиргандилар. Ўша ўйин арафасида мен дунёга келганман. Мен туғилган пайтда отам сафарда бўлганлар. Шунда ўғлимнинг исми Миржамол бўлсин, деб ўзлари қўнғироқ қилган эканлар.  



- Машғулотларда қатнаша туриб, кўча футболи билан профессионал футболнинг фарқини тушуниб етдингизми?
- Жуда катта фарқи бор. Кўча футболида ўзингиз хоҳлагандек ўйнайверасиз. Профессионал футболда ундай эмас. Мураббийнинг кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилишингиз лозим. Футбол жамоавий ўйин эканлигини айнан профессионал футболда тушуниб етасиз. Кўча футболида бир ўзингиз ярим жамоани алдаб ўтиб, дарвозага тўп киритишингиз мумкин. Лекин катта футболда бундай эмас.

- Эътиборлиси, сиз ҳам худди отангиз каби марказий ярим ҳимоя чизиғида тўп тепасиз. Ўйларингизни бир неча бор кўрганмиз, плеймекерлик вазифасини ҳам бажарасиз. Нима учун ҳужумчи ёки ҳимоячи эмас, айнан ярим ҳимоячи бўлишга қарор қилдингиз?
- Биласизми, ҳар бир футболчининг ўз кумири бўлади. Кимгадир ҳавас натижасида маълум бир спорт турини танлайди. Табиийки, менинг кумир отам бўлганлар. Уларга ҳавас қилиб, футболни касб сифатида танлаганман. Ярим ҳимоя чизиғидаги ўйинларини ҳамиша зўр завқ билан томоша қилардим. Шундай ўйинчи бўлишни орзу қилардим, ҳозир ҳам шунга интилиб келяпман. Биринчи мураббийим ҳаракатларимни кўриб, ярим ҳимояда ўз ўрнингни топа оласан, фақат бунинг учун астойдил ҳаракат қилишинг, меҳнат қилишдан тўхтамаслигинг  керак, деб уқтирганлар. Кейин Юрий Михайлович Миржамол, сен отангни уялтириб қўймаслигинг керак, сен машҳур фамилияни ўзинг билан олиб юрибсан, буни ҳеч қачон унутмагин, деб кўп гапирардилар.

- Энг қизиғи, сиз ҳам отангиз каби 4-рақамни танлагансиз.
- Бу ҳам шу билан боғлиқ. Отамга ҳар томонлама ўхшаш мақсадида 4-рақамни танлаганман. Нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам дадамларга ўхшашга ҳаракат қиламан. Оилада жуда яхши оталар. Ҳамиша уларга ҳавас қилиб келганман.

- Лекин 4-рақамли футболканинг ўзбек футболида ўз ўрни бор. Унга муносиб ўйин кўрсатиш эса муҳим ҳисобланади. Футбол ишқибозларининг кўз ўнгида биринчи галда отангиз гавдаланадилар. Рақам танлаётган пайтингизда бу ҳақида ҳам ўйлаб кўрдингизми?
- Ўзи машҳур инсоннинг фарзанди бўлиш ҳамиша қўшимча масъулият юклаб келган. Бу ҳақида жуда кўп ўйлайман. Нафақат майдондаги ҳаракатларимга, балки юриш-туришимга ҳам жуда катта эътибор қаратаман. Отамга ёмон гап эшиттиришни истамайман. Тўртинчи рақамга муносиб издош, ворис бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.



- ХХ аср ўзбек футболининг машҳур юлдузи Биродар Абдураимов билан суҳбатлашганимизда отангиз ҳақида жуда илиқ фикрларни айтгандилар. Биродар Хасановичнинг сўзларига кўра отангиз асосий машғулотдан кейин ҳам қолиб, алоҳида якка ўзлари шуғулланганлар. Бу одат сизда ҳам борми?
- Бу ҳақида мен ҳам эшитгандим. Кейин ёшлигимда уйдагилар билан бир неча бор машғулотларга борганимда, ўзим ҳам бунга гувоҳ бўлганман. Менда ҳам шундай йўл тутишга ҳаракат қиляпман. Кунига икки маҳал машғулотимиз бўлса, ўзим ҳам қўшимча тарзда шуғулланаман.
 
- Ўйинларингиздан кейин уйда оила даврасида ҳаракатларингиз юзасидан муҳокама, таҳлил жараёни бўладими?
- Бўлмасамчи. Бусиз илож йўқ. Бобом, дадам, акам ўйинларимни ҳамиша кузатиб, ҳаракатларимни таҳлил қилиб боришади. Хатоларимни айтиб, мана бу ерда бошқачароқ ўйнашинг керак эди, мана бундай қарор қабул қилганингда тўғрироқ бўларди, деб ҳамиша муносабат билдиришади. Дадам ўзлари бевосита майдонда ўйинимни кўрадилар. Сўнгги пайтларда шундай  ҳолатлар ҳам бўляптики, ўғлимга қўшимча босим тушмасин, деб билдирмасдан ўйинимни кўриб кетяптилар. Лекин уйга борганда албатта, ўз муносабатларини билдирадилар. Мана бу вазиятда тўпни ўзингда кўп ушлаб қолдинг, тезроқ ҳужумдаги жамоадошинга узатсанг мақсадга мувофиқ бўларди, деб танбеҳ берадилар.

- Бир неча йилдан бери Бунёдкор жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келяпсиз. Ўз вақтида отангиз қўл остиларидан ўйнаш ҳам насиб этди. Ўйинда ота-бола муносабатлари қандай бўлган?
- Машғулот жараёнида озгина босим бўлди. Тўғрисини айтаман, майдонга чиқишдан олдин ҳаяжон босди. Кейин секин-аста барчаси ўз жойига тушиб кетди. Ота-бола муносабатларига келсак, уйда ота, майдонда мураббийлар. Мана шу ақидага мен ҳам, отам ҳам амал қилганмиз. Ўзлари ҳам ота-ўғил муносабатларини билдирмаганлар. Танбеҳ берган пайтлари кўп бўлган, яхшигина уришганлар ҳам.

- Майдонга туширмаган пайтлари ҳафа бўлмаганмисиз? Отамларку, ҳеч бўлмаса 10 дақиқага туширсалар бўларди, деган фикр ҳаёлингиздан ўтмаганми?
- Бундай фикр ҳеч қачон бўлмаган. Мен бирор марта ҳам мураббийларга эътироз билдирмаган. Чунки, отам шундай тарбия қилганлар. Ҳар доим айбни биринчи галда ўзимдан излаганман. Мураббий захирада ушлаб турибдими, демак унинг қандайдир бунга асоси бор, деб фикр юритганман.

- Ёшлар лигасидаги ўйинларда, кейин ёшлар терма жамоаси таркибида ҳам сардорлик боғичида жамоадошларингизни майдонга бошлаб тушган пайтларингиз бўлган. Сардорлик масъулияти оғир эканлигини тушуниб етдингизми?
- Биринчи навбатда отамларга бир неча йиллар давомида қандай масъулият юклангани, зиммаларида оғир юкни кўтариб юрганликларини тушуниб етдим. Сардор мураббий ва футболчилар ўртасидаги кўприк вазифасини бажариб беради. Албатта, ташқаридан қараганда сардор ҳар доим ажралиб туради. Қўлидаги боғич биринчи галда кўзга ташланади. Лекин унга муносиб бўлиш бу бошқа масала. Ана шу масъулиятни ҳар доим ҳам ҳис қилиб келаман.

- Бу йилги футбол мавсуми Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун омадли келди. Равшан Ҳайдаров жамоаси Мьянмадаги Осиё чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориб, келаси йили Янги Зеландияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бу жамоа таркибида сиз ҳам бор эдингиз.
- Албатта, ўша пайтдаги қувончли онларни ёдга олиш мароқли. Қувончимизни сўз билан тасвирлаб бериш қийин. Ҳар бир футболчи жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қилади. Биз ёшларнинг футболдаги энг катта орзуларимиздан бири рўёбга чиқди. Тан олиш керак, бу йўлланмани қўлга киритишимиз осон бўлгани йўқ. Чорак финалдаги рақибимиз Таиланд терма жамоаси бизга охиригача жиддий қаршилик кўрсатди. Кучли рақобат остида кечган Осиё чемпионатида кичик мундиал йўлланмасини қўлга киритганимиздан жуда ҳам хурсандмиз.



- Келаси йилнинг 31 май куни Янги Зеландияда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади. Лекин жаҳон чемпионатига Осиё чемпионатида қатнашган футболчиларнинг ҳаммаси ҳам бормаслиги мумкин. Селекция жараёни ҳали давом этади...
- Жуда ҳам тўғри айтдингиз. Бу нарсани терма жамоанинг ҳар бир футболчиси тушуниб турибди. Ҳеч кимнинг ҳотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ. Ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Буни мураббийимиз ҳар бир машғулотдан кейин уқтириб турадилар. Режага биноан, 24-28 декабрь кунлари Тошкентда қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Жаҳон чемпионатигача ҳар ойда йиғинлар ўтказиш режага киритилганлигини айтишди. Билишимча, февраль ойида Тошкентда ҳам иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилиши кўзда тутилган экан. 10 февраль куни ЖЧ-2015га қуръа ташланади. Гуруҳдаги рақиблар маълум бўлгач, тайёргарлик режаси ҳам тасдиқланса керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жаҳон чемпионатига максимал даражада тайёргарлик кўриш керак. Бу ҳар бир футболчи учун каттагина бир имконият. Ўзини шу мундиалда кўрсатиш орқали футболчи ўз келажагини ўзгартириши мумкин. Яхши жамоалардан таклиф олиш имконияти бўлади.

- Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- Болалигимдан Барселона жамоасининг ўйинларини ёқтираман. Шу клубга ҳозиргача мухлислик қилиб келяпман. Жамоанинг ўйин услуби менга ёқади, бундан кўп нарсани ўрганиш мумкин.

- Миржамол, сиз футбол билан параллел равишда каратэ спорт тури билан ҳам шуғуллангансиз. Медалларингиз ҳам етарли экан. Бир вақтнинг ўзида иккита спорт тури билан шуғулланиш қийинчилик туғдирмаганми?
- Телевизорда каратэ мусобақасини кўриб, спортнинг бу якка кураш турига қизиқиб қолганман. Ўша пайтда 6 ёшда эдим. Ўша пайтда ўзбек каратэсининг юлдузи бўлган Отабек Қосимовга ҳавас қилиб, бу спорт тури билан шуғуллана бошладим.

- Каратэ ката ва кумитэ йўналишларидан иборат. Сиз қайси йўналишда кўпроқ медалларни қўлга киритгансиз?
- Кўпроқ ката, яъни кўргазмали чиқиш мусобақаларида ғолиб чиққанман. Дўстларим Хасан ва Хусан билан жамоавий ката баҳсларида жуда кўп бор чемпион бўлганмиз. Адашмасам, каратэдаги қисқа муддатли фаолиятим давомида  33 та медални қўлга киритганман. Лекин кумитэ йўналишида ҳам медалларим кўп бўлган. Футболга қизиқишим юқорироқ бўлгани учун кейинчалик каратэни ташлашимга тўғри келди. Чунки, бир вақтнинг ўзида иккита спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланишнинг иложи йўқ эди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика