Жасур Жалолиддинов: "Олимпик"ка келиш учун кўп нарсадан воз кечдим" (интервью)
04 mar 2023 01:35
News
Жасур Жалолиддинов: "Олимпик"ка келиш учун кўп нарсадан воз кечдим" (интервью)
Суперлиганинг биринчи туридан ўрин олган "Пахтакор"га қарши учрашувдан сўнг Жасур Жалолиддиновга бир нечта саволлар билан юзландик.
- Ўйин ҳақида...
- Биринчи ўйин "Пахтакор" билан кечди. Амалдаги чемпионга қарши қийин баҳс бўлди. Қуръа ташлаш маросимидан кейин Анталиядаёқ тайёргарликни бошлагандик. Уларнинг йиғинлардаги ўйинлари орқали ўргандик. Бу мавсумда биз қайсидир тарафлама кучайдик ҳам, дея оламан. Бошқа томонидан бизга қийин бўлиши аниқ. Чунки энди ёш жамоа, деб ўйлашмайди. Мана, "Пахтакор" ҳам жанговар руҳда майдонга чиқди. Лекин биз ҳамма нарсага тайёр эдик. Мураббийимизнинг кўрсатмаларини бажариб мақсадимизга эришдик. Умумий қилиб айтганда мавсумни муҳим ғалаба билан бошладик.
- Бундан буён "Олимпик"ни ёш дейишда давом этиш қанчалик тўғри бўлади?
- Ўйлашимча, бизни энди ҳеч ким ёш демайди. Қайтанга янада жиддий қарашса керак. Биз ҳам ёшмиз, деб ўтирмаяпмиз. Ишлаяпмиз.
- "Олимпик"даги рақамингиз ҳақида...
- Месси 30-рақамни олгани учун менда ҳам шундай имконият бўлди. Клубда 30, терма жамоада 10-рақамда тўп тепаман.
- "Олимпик"даги режаларингиз қандай?
- Агар ёзда яхши таклиф тушса, кетсам керак, деб ўйлайман. Лекин биринчи даврадан кейин чемпионлик учун курашадиган ўринларда бўлсак, кетаман.
- "Локомотив"да тажрибали футболчилар билан ўйнагансиз. "Олимпик"да эса тенгқурларингиз билансиз. Бу сизга эркинлик ва ўзингизни кўрсатиш имконини берадими?
- "Олимпик" очилганидан бери менда шундай имконият бўган. Биламан, бу ерга келсам терма жамоада бўлгани каби ўзимни яхши ҳис қиламан. Фақат молиявий томондан ютқазардим. Олимпиядага йўлланма берувчи Осиё кубогига бир йил қолди. Ҳозир пул ва бошқа нарсалардан кечишнинг вақти. Тимур Кападзенинг ёнида шуғулланиб, янада яхши тайёргарлик кўраман. Очиғи мухлисларда ҳам мен ҳақимда пул учун ўйнайди, деган шубҳа бор эди. "Олимпик"ка келиш учун кўп нарсадан кечдим.
Comments