"Футболимизда кўплаб "тасодифий инсонлар" бор". Алишер Никимбаев билан интервью (1-қисм)
01 aug 2023 23:46
News
"Футболимизда кўплаб "тасодифий инсонлар" бор". Алишер Никимбаев билан интервью (1-қисм)
Championat.Asia мухбири Николай Егоричев Алишер Никимбаевдан интервью олди. Суҳбат катта бўлди, шу сабаб биз уни қисмларга бўлиб беришга қарор қилдик. Бугун – интервьюнинг биринчи қисми.
- Ўзбек футболини қандай кузатасиз? Қайси telegram каналларга обунасиз, маълумотларни қаердан оласиз?
- Ўзбек футболини деярли кузатмайман, сабаби ўйинларнинг трансляцияларини кўриш имконияти йўқ. Лекин, Championat.Asia'га обуна бўлганман, шунингдек журналистларнинг бир неча каналлари. Аммо, менинг маълумот манбаларим каналлар эмас, менга қўнғироқ қиладиган ва ёзадиган, қандайдир янгиликларни айтиб берадиган дўстларим ва танишларимдир. Тез-тез эмас, аммо Тошкентга бориб тураман. Келганимнинг иккинчи кунида менга кўплаб янгиликларни айтиб беришди ва уларни камчилик билишига аминман. Шу сабаб, умуман воқеалар ривожидан узилиб қолганман дейиш мумкинмас, ўзбек футболи мени қўйиб юбормайди ва қачондир қўйиб юбориши ҳам амри маҳол. Аммо, тўлиқ кузатишнинг имкони йўқ: кимнинг қайси ўриндалиги, ўйинлар натижалари, чемпионатдаги вазиятни озми-кўпми биламан.
- Сиз тез-тез Ўзбекистондаги футбол раҳбариятини танқид қиласиз. Сизга ёқадиган нимадир ҳам борми? Ҳеч бўлмаса, сизнингча ривожланаётган нимадир?
- Биринчидан, "танқид қиляпман" дегани нимани англатади? Одамлар шунчаки фақатгина менинг танқидимга эътибор қаратишади. Оддий мисол келтираман: бир куни каналимда иккита янгилик чиқди – бири лицензиялаш ҳақида, иккинчиси футзал бўйича жаҳон чемпионати ҳақида. Бу қандай бўлганини тушунтирдим, сабаби беш-олти йил олдин бу имконсиз эди. Раҳбариятда ўзгариш бўлганидан сўнг у ерда бир ярим йил бўлган одамлар бу вақт давомида деярли барча билан муносабатларни барбод қилишга улгуришганди. Ўша ФИФА билан ҳам шундан сўнг муносабат яхши бўлмаган. Буни олдин ҳам айтганман, кейин ҳам айтаман, Равшан Эрматовнинг энг катта қилган иши Ўзбекистоннинг обрўсини қайтаргани ва бунгача бўлганини янада яхши қилганидир. Эрматовни ОФК Ижроия қўмитаси раҳбари этиб танлашгани ҳам кўп нарсадан далолат беради. Одамлар ҳудди танқидлардан ташқари ҳеч нарсани кўрмайдигандек. Ҳа, муаммолар бор, аммо мақтайдиган нарса бўлса, мен доим мақтайман. Балки айрим инсонларга шунчаки кимнидир ютуқларини айтиш фойдасиз, шу сабаб ўзларини пиар қилишга уринишади. Мен масалан аллақачон "сохта" лицензиялаш ва VAR ҳакамлари ҳақида гапирдим. Бизнинг VAR'да неча нафар ҳакам бўлиши муҳиммас – уларнинг қандай ишлаши муҳим. Агар АПЛда 380та ўйинда 15та хато бўлса, бизда қанча? Ва уларни ким ўрганади ва таҳлил қилади? Championat.Asia туфайли ҳакамларнинг иши бўйича ҳеч бўлмаса қандайдир фикрлар пайдо бўлмоқда. Саудия Арабистони футбол федерациясида ҳамюртимиз Фарҳод Абдуллаев ишлайди. У у ерда ҳакамлар департаменти бошлиғи. Хўш: Саудия Арабистонида уларнинг ўзлари ҳар бир турдан сўнг ҳакамлик қарорларини ўрганишади ва кимдир четдан баҳсли вазиятларни таҳлил қилишини кутишмайди. Бизнинг Футбол ҳакамлари марказига нима ҳалақит беради? Ҳеч нарса. Ҳақиқий ишдан қандайдир ҳаёлий ютуқларни фарқлаш керак. ЎФАда ўсиш бор деб ҳисоблайман, аммо камчиликларсиз эмас, албатта.
- Диёр Имомхўжаевга қандай муносабатдасиз? Кўплар сиз билан унда қандайдир совуқлик бор деб ҳисоблайди.
- Нега менинг ПФЛни танқид қилишимни бевосита директор билан боғлашларини тушунмайман. Мен ПФЛни Магаметов даврида ҳам танқид қилганман. Аммо, негадир айнан ҳозир бу шахсий муносабатларга уланмоқда. Бир ҳамкасбингиз ПФЛ директорига "Никимбаев айтганидек" дея сўзларини бошлаб савол берди. Якунда, муаммони таҳлил қилиш ўрнига, фақатгина мен ҳақимдаги негативни эшитдик.
Хўш: мен бутун ташкилотнинг ишини баҳолайман. Менга уни ким бошқаришининг фарқи йўқ. Лицензиялаш билан боғлиқ ҳолат ҳам шунақа – бу "кўзга чанг сепиш" эмас. У ПФЛни бошқарган олти йил давомида оламшумул ҳеч нарса рўй бермади. Ҳа, у ажойиб пиарчи, буни таъкидлаш даркор. ПФЛнинг сўнгги йиллардаги асосий ютуғи Суперлигадаги чемпионлик пойгаси дейишади. Аммо, лиганинг бунга умуман даҳли йўқ, у шунчаки ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланади. Агар АПЛдан директорни олиб ташлашса, "Манчестер Сити" чемпион бўлишни тўхтатадими? Йўқ, ундай бўлмайди. Бу нарсалар умуман бир-бирига боғлиқ эмас. Одамларнинг бу жойда тоқат қила олмаяпти деб ҳисоблаётгани ҳақидаги талқинни эшитдим, аммо бундаймас. Мен шунчаки Ўзбекистонда футбол ривожланишини хоҳлайман. Мен бу мамлакатда туғилдим, ўсдим, ўзбек футболи мен учун қимматли. Мен унда 1990 йилдан бериман. Ҳаттоки, буни ўқийдиганларнинг кўпи ўшанда туғилишмаган. Сўнгги 12 йилда Ўзбекистондан ташқарида ишлаяпман ва ҳали ҳам ўзбек футболидан бутунлай узилганим йўқ. Кимга қандай фикрда эканлигим муҳим эмас, асосийси муаммонинг моҳияти ва уни ҳал қилиш учун қандай қадамлар ташланаётгани.
- Ўзбек футболини ривожланаяпти дейиш мумкинми ёки жойида турибдими? Унда яхши бўлган ёки камида ривожланаётган соҳаларни айта оласизми?
- Ўзбек футболининг асосий ютуғи инсон ресурсидир. Биринчидан, бу футболчиларга тегишли: раҳбариятда ким бўлишидан ва ёш-ўсмирлар футболида нима бўлишидан қатъий назар, бизда иқтидорли ўйинчилар пайдо бўлади, терма жамоаларимиз эса Осиё кубогида муносиб иштирок этишмоқда ва жаҳон чемпионатларига чиқмоқда. Бу босқичда бизда муаммолар унчалик кўп эмас – қийинчиликлар катталар футболига ўтиш пайтида бошланади.
Иккинчидан, футболга бўлган муҳаббат. Бизда кўплаб инсонлар ушбу ўйин билан яшашади ва футболда деярли текинга ишлашга тайёрлар. Доим Ўзбекистонда мутахассислар борлигини айтганман, шунчаки уларни пайқашмаяпти ёки қандайдир сабаблар билан эътибор қаратишмаяпти. Инсонни унинг кимнидир укаси, ўғли ёки кимнингдир қариндоши билан эмас, иши билан баҳолаш керак. Сўзларимнинг исботи сифатида бизнинг ОФК тизимида янада кўпроқ вакилларимиз пайдо бўлаётганини айтиш мумкин.
Мен олдироқ тилга олган Фарҳод Абдуллаев Ўзбекистондан кетганида одамлар хурсанд бўлишганди: кетаверсин, у бу ерда бизга керак эмас дейишганди. У ҳозирда Саудия Арабистонидаги энг зўри. Абдуллаевга қадар бу жойда бутун дунёга таниқли бўлган Марк Клаттенбург ишлаганди. Яъни, бу мутахассислар деярли бир хил даражада. Менимча, Абдуллаев умуман ФИФАда топ-5 инструкторлар қаторига киради. Биздагилар жаҳон чемпионатларида ишлашган, ҳозирда эса аёллар ўртасидаги жаҳон кубогида ишлашмоқда. Бизда шахслар бор, асосийси уларни ишлатиш, ишлашга ва ўзини кўрсатишга имкон бериш.
Муаммомиз менежментда. Агар ҳозирда масалан, футбол клубларида раҳбарларни сифатли аттестация қилса, унда улардан камида ярми ўтмайди. Бизнинг футболда кўплаб "тасодифий инсонлар" бор. Улар ҳозирда эгаллаб турган жойида бўлмасликлари керак эди. Якунда, футболдан ташқарида унга лойиқ бўлган инсонлар қолмоқда.
Бизда раҳбарлик лавозимларида рақобат тизими йўқ. Шундай қилиб, бошлиқ ушбу тайинлашни топади ёки йўқ. Якунда, клубларни нопрофессионаллар бошқармоқда. Клубларнинг кучи йўқ, уларда позиция йўқ. Улар ўзларини манипуляция қилишга имкон беришади. Регламентлар уларнинг иштирокисиз қабул қилинади. Якунда, профессионал футболнинг бутун тизими жабр кўради.
Аммо, такрорлайман, бизда ажойиб ўйинчилар бор, шунингдек сифатли мураббийлар таркиби ҳам етарли. Тизим идеал эмас, шу сабаб ишлашда давом этиш ва ўсиш керак.
- CAFA кубоги ўтказилишини қандай баҳолайсиз? Балки ҳамкасбларингиздан бу борада нимадир эшитгандирсиз?
- Қандайдир муаммолар бўлганини эшитдим, аммо чуқурлашмадим, сабаби бўлажак Осиё кубоги стадионларида ОФК инспекцияси билан эдим. Аммо, умуман олиб қарасак, менимча уни шунчаки ўтказилгани учун муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкин. CAFA эркаклар терма жамоалари орасида турнир ўтказмаган Осиёдаги ягона минтақавий ташкилот эди. Ғарбий Осиё ҳозирда ўз турнирларини деярли ўтказмайди, аммо у ерда саккиз жамоа иштирок этадиган Кўрфаз кубоги бор. Марказий Осиёдан бошқа барча жойда эса турнирлар бўлганди.
Ҳозирда ФИФА тақвимида кейинги турнир учун имконият пайдо бўлаётгани жуда муҳим. 2025 йилнинг сентябрида ФИФА кунларидаги пауза узаяди. CAFA яқин вақтлардаёқ буни таҳлил қилиши ва ушбу вақтда мусобақа ўтказишни келишиши керак деб ҳисоблайман. CAFA кубоги тиғиз вақтда ўтказилгани сабаб Ўзбекистон терма жамоасининг Эронга қарши ўйини ФИФА тақвимидан четда қолди, Оманга қарши ўйин эса ярим "нарх"га эга эди.
Бу биринчи турнир, шу сабаб қандайдир муаммодан қочиб бўлмасди. Қийинчиликларнинг бир қисми Россиянинг жавобни беришни узоқ чўзгани ва якунда CAFA кубогида иштирок этишни рад этгани деб ҳисоблайман. Мен вазиятни ичидан биламан: CAFA РФИдан бир ойдан ошиқ вақт мобайнида жавоб кутди. Бунга кўп нарсалар, жумладан ҳомийлик шартномалари, трансляциялар сотуви ва бошқалар боғлиқ эди. Якунда, турнир саккизинчи жамоани йўқотди ва унга тезкорлик билан бошқа жамоа топа олмади.
- Сизнингча, Россия нега турнирни рад этди? Ва Россия келганда нима бўларди?
- Бу трансляциялардан кўпроқ даромад дегани, сабаби ўйинлар Россияда кўрсатиларди. Балки, мухлислар томонидан бироз кўпроқ қизиқиш бўларди. Нега рад этишди? Сабаб мураббийда бўлган деб ўйлайман. Юз фоиз ўзимга ишонган ҳолда айта олмайман, аммо, менимча, Карпин рози бўлмаган. Бу ерда тақвим билан мослик бўлмади: турнир Россияда мавсум якунланганидан олдин бошланди (CAFA кубогининг биринчи ўйини 10 июнда бўлди, Россия кубоги финали эса 11 июнда ташкил этилди - СА). Барибир, бунда уларни айблаш қийин, шунчаки буни бироз эртароқ ҳал қилиш ва жавобни кечиктирмаслик мумкин эди.
- Championat.Asia'да аналитик платформалар ва скаутинг ҳақида бир неча материаллар чиқди. Нима деб ўйлайсиз, бу замонавий футболда қанчалик муҳим?
- Ўн йил олдин БАА лигасида ишлагандим ва ўшандаёқ бу билан шуғулланганмиз. InStat, WyScout'да ишлайдиган ва уларни лигаларга таклиф қиладиган инсонларни биламан. Бошқа платформалар ҳам бор, ҳаммасининг ўзини устун ва заиф томонлари бор. Масалан, InStat унда ўйинлар кўп бўлгани билан фойдали эди. Ўзбекистон терма жамоаси ва Чемпионлар лигасида иштирок этадиган Суперлига клублари рақибларини таҳлил қилишлари мумкин эди. Миржалол Қосимов ҳам терма жамоа мураббийи сифатида InStat'дан фойдаланган ва бўлажак ўйинларга тайёргарлик кўрганди. Бу селекцияда ҳам фойдали эди. Буни нималигини ва ҳақиқатдан ҳам кераклигини биламан. Клубларимиз бундан фойдаланмаслиги мени ҳайрон қолдиради. Ҳамкасбларим айтишича, Ўзбекистонда бундай нарсаларни қатъиян қабул қилмайдиган ва ўзидаги "нарсаларга" ишонадиган бир мураббий бор. Олдин у яхши даражада эди, ҳозирда эса ўз позициясини йўқотган. Бу одамларнинг ривожланмаётгани ва шунчаки ҳаётдан ортда қолиб кетаётганининг натижаси.
Бусиз замонавий футболда ишлаш умуман имконсиз деб ҳисоблайман. Ва мени клубларда раҳбарлик лавозимида ўтирадиган ва аналитикадан фойдаланмайдиган инсонлар ҳайрон қолдиради.
Николай Егоричев суҳбатлашди
Алишер Остонов таржимаси
Comments