Дилшод Раҳматов: "Бизни кутиб олишда карнай-сурнайлар бўлмагани кўпчиликка ёқмаган бўлиши мумкин"
29 sep 2021 14:00
News
Дилшод Раҳматов: "Бизни кутиб олишда карнай-сурнайлар бўлмагани кўпчиликка ёқмаган бўлиши мумкин"
Мазкур мулоқот жараёни савол-жавоб кўринишида мухлислар эътиборига ҳавола этилмоқда.
- Футзалга кириб келишингиз қандай юз берган?
- Болалигимда катта футбол билан шуғулланганман. Ўша пайтда бизда футзал мактаблари йўқ эди. Шунингдек, сунъий майдонлар ҳам бўлмаган. 17 ёшимда қўшнимиз Самаджон Мусаев орқали футзал жамоаси борлиги ҳақида эшитдим ва ўша ерга боришга қарор қилганман. "Чотқол-Ғазалкент" деган жамоа бўларди. Шу жамоага бориб мени синаб кўришларини сўраганман. Футзалдаги илк фаолиятим шу ерда бошланган.
- Литва давлатида ташкил этилган жаҳон чемпионатида негадир гуруҳ босқич учрашувларида муваффақиятли ҳаракат қилмагандек кўриндинглар. Лекин Эрон термасига қарши ўйин бутун ўзбек футзал мухлисларига маъқул келди. Буларни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Истайсизми йўқми, жаҳон чемпионатининг улкан босими бўлади. Таркибимизда ёшлар кўп эди, уларнинг айримлари хатто Осиё чемпионатида ҳам ўйнамаган. Бизда гуруҳ босқичининг дастлабки ўйини муваффақиятли чиқмаганининг сабаби шу. Иккинчи ва учинчи ўйинларда чемпионатга мослашиб олдик ва айтиш лозим бўлса бу учрашувларда яхши ўйнадик деб ўйлайман.
- Сизнингча, жаҳон чемпионатида энг қийин ўйин қайси бўлди?
- Жаҳон чемпионатида осон ўйин бўлмайди. Барча учрашувлар қийин бўлди, ҳеч бир учрашувни осон ўтказмадик.
- Сизга катта футболдан таклиф тушса қабул қилган бўлармидингиз?
- Менимча катта футбол учун ёшим ўтди деб ўйлайман.
- Футзалдаги фаолиятингиз мобайнида сиз кўрган энг кучли мураббий ким деб ўйлайсиз?
- Хосе Мария Мендес, бу шахсий фикр.
- Сиз аслида қайси вилоятдансиз?
- Мен Қашқадарё вилояти Қамаши туманиданман.
- Сизга хориж клубларидан ҳам таклиф бўлганми?
- Ҳа, 2016-йилги Осиё чемпионатида Хитой клубидан таклиф бўлган. Хитойнинг "Далиан" клуби сафида 3 йил ўйнадим ва бир марта чемпионликни қўлга киритганмиз.
- Авваллари футзалда тизим мавжуд эди. Масалан "Ардус" каби кучли жамоалар ташкил этилганди. Эндидикда Суперлига ва Про-лига клублари қошида мажбурият юзасидан ташкил этилган футзал жамоалари бор. Бунга муносабатингиз қандай?
- Ҳақиқатдан ҳам "Ардус" жуда кучли футзал жамоаси бўлган. Бу жамоа футзал терма жамоамизнинг ўзаги саналарди. Афсус ҳозирги кунда ёпилиб кетди. У ерда ўйнаган йигитлар "Пахтакор" ва АГМК клубларининг футзал жамоаларига қўшилишди. Энди мажбурият билан ташкил этилган футзал жамоаси балки тўғри эмасдир. Лекин айнан ўша мажбуран ташкил этилган жамоалардан ҳам яхши футзалчилар етишиб чиқаяпти.
- Айрим манбалар футзалчиларни жаҳон чемпионатидан кутиб олиш маросими кўнгилдагидек ташкил этилмаганлиги ҳақида ёзишди. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
- Бизни мухлислар яхши кутиб олишди деб ўйлайман. Балки карнай-сурнайлар бўлмагани уларга ёқмагандир? Бу холат унчалик ҳам аҳамиятга эга эмас деб ҳисоблайман. Лекин мухлисларимиз бизни кутиб олишга чиқишганининг ўзи биз учун катта ютуқ бўлди.
- Константин Свиридов маҳоратли футзалчи саналарди. У келажакда футзал мураббийи бўлиши мумкинми?
- Ҳа, албатта. Свиридов ҳозирда ҳаваскор жамоаларда ишламоқда.
- Футзални янада оммавийлаштириш учун нималарни амалга ошириш лозим деб ҳисоблайсиз?
- Биринчи навбатда футзал мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларнинг сонини кўпайтириш керак. Бундан ташқари футзал мусобақаларини телевидение орқали мунтазам ёритиб бориш лозим. Бундан ташқари, агар терма жамоа қанчалик ёрқин ўйин намойиш этса табиий холда бу спорт турига мухлислик қиладиган ишқибозлар сони ортиб бораверади.
- Терма жамоамиз бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов ҳақида фикрингиз қандай? У юмшоқ табиатли мураббийлар сарасига кирадими?
- Баҳодир акани юмшоқ табиатли деб айтмаган бўлардим. У киши жуда талабчан ва қаттиққўл мураббий ҳисобланади.
- Ёш футзалчиларга тилакларингиз қандай?
- Футзалга эндигина кириб келган ёш укаларимиз барча ўйлаган эзгу ниятларига етишсин. Барчамиз биргаликда ишлайлик, меҳнат қилайлик, шунда натижа ўз-ўзидан келаверади.
- "Нефтчи" жамоаси мухлисларига тилакларингиз?
- Биринчи навбатда ҳамиша соғ-саломат бўлишсин. "Нефтчи" доимо ғалабаларга эришиб мухлисларини хурсанд қилиб юраверсин, барчангизга омад ёр бўлсин.
Онлайн мулоқот жараёнидан матнларни Бекзод Толибов ёзиб олди
Comments