Бошланди, биз Сизлар биланмиз Ўзбекистон МТЖ аъзолари!
29 may 2013 14:12
News
Бошланди, биз Сизлар биланмиз Ўзбекистон МТЖ аъзолари!
Бу байроқ Бразилияда хилпирамаса ҳисоб эмас
Буни кириш сўзи деб қабул қилинг. Энди мақсадга ўтаман. Сўнгги пайтларда баъзи бир ҳамкасбларимиз томонидан гоҳ футболчи, гоҳ мураббий томон танқидлар чиқа бошлаяпти. Икки ҳафта аввал Фарҳод Тожиев ва Санжар Турсуновлар ҳақида ёзилган хабар, ўша сайтнинг рекламасидан бошқа нарса эмас эди. У ерда, бир пайтлар Россия терма жамоасида ҳам рўй берган воқеани журналистлар баён қилиб чиқишганлиги такидланган эди. Битта зукко ўқувчимизни калласига келган фикр, уларга келмаганига ҳайрон қолдим: "Россиялик журналистлар терма жамоаларини муваффақиятсизликка учраганликларидан кейин воқеани ошкор қилганлар, сизлар каби аввал эмас"! Жуда ҳам тўғри фикр. Биз ҳозир қайнаб турган қозонимизни бўлар бўлмас сафсата ва танқидлар билан совутишимиз керак эмас. Аксинча, футболчи ва мураббийларимиз билан бир тану- бир жон бўлиб уни янада ловуллатишимиз керак. Шундай ўт олдирайликки, у гоҳ Корея бўлсин, гоҳ Қатар бизнинг оловимиз олдида жиз этиб куйсин! Терма жамоамиз аъзоларини шундай қўллаб-қувватлайлик, стадионга келган Қатар футболчилари ўзларини йўқотиб қўйсинлар. Кореяга кетаётган футболчиларимизни мақтаб ташланг демайман, меёрида бўлсада "поддержка" қилайлик. Бу ўйинчини ўйини чиқмаяпти, мураббийнинг тактикаси ўтмаяпти деган гапларни бисотимизга солиб қўяйлик ва иншооллох уни ишлатиш бизга насиб этмасин. Аввало Қатар ва Корея тўсиғидан ўтиш орқали мундиал йўлланмасини қўлга киритайлик. Гуруҳда ишни ҳал қила олмасак ҳам шошмайлик, олдимизда плей офф ўйинлари бўлади. Ният қилардикки, ишимиз плей оффга қадар чўзилмасин. Ҳеч бир футболчи, баъзилар айтаётганидек Қосимовга қарши эмас, Жепаров жуда яхши тушуниб турибди, бу саралаш ўйинлари унинг учун сўнггиси бўлиши мумкинлигини. Ҳудди шундай Копадзе, Бақоев ва Гейнрих каби ўйинчиларимиз ҳам. Мундиални қўлга киритилиши Аҳмедовга ланг этиб Европа эшикларини очиши, Турсунов ва Тожиевни эса кучлироқ бўлган чемпионатга равона қилишини улар ҳам яхши англашган. Денисов учун ҳам мундиал жуда мухим бўлса, Гадоев, Мусаев, Козак, Искандеров, Кримец, Тўхтахўжаев ва Зотеев каби ёш футболчиларимиз учун катта "шанс". Мен истардимки, марказда Одил Аҳмедовдан кейин Ўзбекистонда иккинчи ўринда турадиган Азиз Ҳайдаровни айнан шу имкониятдан фойдаланиб Европанинг кучлироқ чемпионатига йўл олса. Гувоҳи бўлганингиздек, ЖЧ футболчиларимиз учун жуда ҳам керак. 2014 йил Осиё ўйинларида ғалаба қозонганлигимизга 20 йил тўлади. Айнан шу чемпион таркибда жавлон урган Қосимов ва Мақсудов учун ЖЧ айни пайтда ҳамма нарсадан ҳам устун туриши керак. Терма жамоада мен кўраётган битта муаммо ҳақида айтиб ўтишни лозим топдим. Терма жамоамизнинг сўнгги ўйинларидан келиб чиқиб ўтказаётган машғулотларида асосий таркибда майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар 3 кун аввал маълум бўлиб қолаётгандек. Бу эса захирада қолишини биладган футболчи учун психологик томондан салбий таъсир этиши мумкин. Натижада ўйин бошланишига бир неча кун аввал ўзини асосий таркибда тушмаслигини билган футболчи рухан тушкунликка тушаяпти. Миржалол Қўшоқович бу сафар шундай йўл тутингки, терма жамоамиз негизида ахил оилани кўрайлик. Майдонга ким тушиш тушмаслиги футболчи учун сир бўлсин ва ўйиндан аввал 11талик таркибни айтганингизда қолганлар ҳафа бўлишмасин. Мураббий, футболчи, журналист ва мухлисларнинг барчаси бир ёқадан бош чиқариб, фақат ватан шаъни йўлида бирлашган ҳолда терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқайлик. Танқидларни эса бироз кейинга қолдирамиз. Умид қиламиз, МТЖ ўша танқидларимизни бисотимизда "чанг босиб қолишга" мажбур қила оладилар!
Ўзбекистон ЖЧга чиқадиган бўлса, тасаффур ҳам қила олмайсизлар қандай ўсишга эришамиз. "Машъал" ва "Пахтакор"да ишлаб турган профессионал академиялар сони кенг Республика бўйлаб кўпайиб кетади... Эх нимасини айтасиз, бир чиқайлик биз ҳам шу ЖЧга!
Нодирхўжа Юлдашев
Comments