Latest news

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  1 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  2 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  10 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Бельгия қандай қилиб Европанинг энг кучли жамоасига айланди? News

Бельгия қандай қилиб Европанинг энг кучли жамоасига айланди?

Бунинг учун баъзи оддий қоидаларга риоя этиш кифоя...

Катта эҳтимол билан сўнгги бир неча йилда сиз Бельгия термасининг ўйинини кўрар экансиз: "Қандай қилиб?! Қойил!!!" деган бўлсангиз ажабмас. Бельгиялик йигитларнинг янги авлоди йўқ жойдан пайдо бўлиб, "қизил-қора"ларни дунёнинг энг кучли термаларидан бирига айлантирди. Улар кеча пайдо бўлгани йўқ, аммо биз ҳамон кўника олмадик.

Бугун сизлар билан Бельгия — Европанинг аҳолиси унча кўп бўлмаган мамлакатида, қаердан шунча иқтидор пайдо бўлаётгани ҳақида гаплашамиз.

Демак, эътибор беринг:

• Қандай қилиб илмий ёндашув Бельгия болалар футболида "инқилоб"га сабаб бўлди?
• Нега болаларга тўп учун курашишни таъқиқлаб қўйишди?
• Ўзларида ўтган Европа Чемпионатидан тушган пулларни болалар футболи сарфлашди.
• Маҳаллий академиялар нега ўзгаришларга қарши чиқди?
• Бельгиялик иқтидорлар тугамадими ва улар бошқа чиқмайди-ми?


Ўтган асрнинг сўнгги йилларида Бельгия футболи чуқур инқирозга дучор бўлганди. Ўз уйида ўтган Европа Чемпионатидаги омадсизликдан сўнг Бельгия жиддий ўзгаришларга қўл урди

ЖЧ-1998 Бельгия учун "қўрқинчли туш"дек ўтди: нисбатан қийин бўлмаган гуруҳда (Мексика, Голландия ва Жанубий Корея) Жорже Клеменс шогирдлари бирор марта ғалаба қозона олишмади ва бор йўғи 3 очко тўплашди. Ўша жамоадан фақатгина ярим ҳимоячи Марк Вильмотсга ортиқча эътирозлар йўқ эди. Айнан у мексикаликлар дарвозасига 2та гол урганди. Орадан икки йил ўтиб ўша "туш" давом этди: Бельгия Голландия билан биргаликда Европа Чемпионатини ўтказди, аммо аввалги йирик мусобақадаги омадсизлик аламини олиш ҳамда мухлисларни хурсанд қилиш ўрнига, антирекорд соҳибига айланди — тарихда илк бор мезбон жамоа плей-офф босқичига чиқолмади.

Бу тасодиф эмас, балки тизимдаги муаммо эди — Евро-1996 га бельгияликлар буткул чиқа олишмади. Ишлар юришмагандан кейин ниманидир ўзгартириш зарур бўлади. Бельгия ва гигант термалар ўртасидаги тафовутни тушуниб етган раҳбарлар мамлакат Футбол Федерациясига янги техник директор — 54 ёшли Мишель Саблонни ишга таклиф қилди.

Саблоннинг тайинланиши рамзий маънога ҳам эга эди. Сабаби у Бельгиянинг афсонавий авлоди ўйинини ўз кўзи билан кўрганди. Мишель ЖЧ-1986да бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Ўшанда Бельгия тўртинчи ўринни эгаллаган, Италияда ўтган ЖЧ-1990да Кулеманс, Шифо ва Верворт 1/8 финал босқичига дадил одимлаганига гувоҳ бўлган.

Саблон оддийгина резюме билан келганди (Бельгия лигаларидан бирида болалар мураббийи сифатида бир неча йиллик фаолияти бор холос), лекин мамлакат футболини ўзгартиришга бўлган хоҳиши, ишончи ўта юқори эди. Инқироз-менеджери ўзининг илк матбуот анжуманида аниқ мақсадни белгилаб олди: "Бизга футболчилар тайёрлашнинг янги тизими зарур ва у ҳеч бўлмаганда кейинги 10 йил амал қилиши керак. Шунда барчаси ўзгаради".

Саблон дастлабки ойлар ўша янги тизимни излаш билан оввора эди: бир неча марта Голландия ва Испанияга ташриф буюрган ҳамда маҳаллий академиялар ишини таҳлил қилган. Унинг йўналиши ва аниқ харитаси йўқ, лекин "Барселона" ва ПСВ футбол мактаблари рўйхатда борлиги аниқ эди. Амалий жиҳатдан етарлича маълумот йиғгач, Мишель ишга назарий томондан ёндашди: Льеж, Гент ва Левен университети вакилларидан ёш футболчилар ўсиши, ривожланиши учун қайси омиллар муҳим роль ўйнашини аниқлаш борасида тадқиқот ўтказишни илтимос қилди.

Саблон Левен университети ҳаракатланиш ва эгилувчанлик бўлими мудири Вернер Хелсен билан дўстлашиб қолади. Техник директор илтимосига кўра, Хелсен ва унинг олти нафар талабаси 1,5 минг соатлик видеоматериални таҳлил қилиб чиқишди ва жуда катта ҳажмдаги ҳисобот тайёрлашди. Айнан ўша материал Бельгия юлдузлар фабрикасининг тамал тоши бўлиб хизмат қилди.


Бельгия академияларидаги ўзгариш: барча 4-3-3 тактик схемасидан фойдаланади, тўп учун курашиш ва мусобақа жадваллари қатъиян ман этилади

Мишель Саблон бир неча ой тўпланган маълумотларни ўрганиб чиқди ва катта кўламдаги ишга қўл урди. Ҳозир уларнинг баъзилари оддийдек туюлар, лекин 2001 йил учун катта гап эди.

• Белгиянинг барча клуб академияларида 4-3-3 схемасига ўтиш.

90-йиллар белгияликларда қайси схемадан фойдаланиш борасида аниқ бир тўхтамга келинмаганди. Кимдир 3-5-2 тактикасидан фойдаланса, бошқа биров 3-4-3дан фойдаланарди. Миллий терма жамоада эса 4-4-2дан ҳам фойдаланишган ва бирор бир тактик схема узоқ вақт асосий бўлиб қолмаган. Бу эса ўз-ўзидан футболчиларга ноқулайлик туғдирган. Сабаби улар термага келгач, буткул бошқа ўйин услубига мослашишларига тўғри келарди. Саблон "Барселона" ва "Аякс" академияларида бўлган вақти, уларнинг иш/ўйин услубини кузатаркан, 4-3-3 – энг мукаммал жойлашув деган қарорга келади.

"Бундай жойлашувда ҳаракат қилар экан, футболчиларни ҳар томонлама ривожлантириш мумкин ва улар бошқа тактик схемаларда ҳам йўқ бўлиб қолмайдилар. 4-4-2 ёки 3-5-2 схемаларида меҳнаткаш ва югуришга ўрганган ўйинчиларни тайёрлаш мумкин", – тушунтиради Саблон.

• Болаларни тайёрлашда ўзгача ёндашувдан фойдаланиш: дриблингни кучайтириш, майдондаги футболчилар сонини камайтириш, тўп учун кураш ва ҳимоядан тўпни узоққа (олдинга ҳаводан) тепишни тақиқлаш.

Хелсеннинг меҳнати самараси ўлароқ, ҳайратланарли факт аниқланди – ўйиннинг ҳар 30-дақиқасида майдондаги ёш футболчиларнинг ҳар бири тўпга бор йўғи 2 (!!!) бор тегади. Саблон ўзига хос вариантни таклиф қилди: етти ёшгача футболчилар 2х2 таркиб, кейин 5х5, унданда каттароқлар – 7х7 (шу йўсинда 15 ёшдагина тўлиқ таркибда учрашув ўтказишади). Бундай форматда футболчилар майдон бўйлаб ҳаллослаб югурмай, кўпроқ тўп билан муомалада бўлар, бевосита ўйиндаги вазиятларда дриблинг устида ишлаш имкониятига эга бўладилар.

Саблон ҳимоя ҳақида ҳам унутгани йўқ. Ёш болакайларга тўп учун курашга кириш (ҳайрон бўлманг, яъни тўп учун якка курашларга кириш ва "подкат"дан фойдаланиш)ни тақиқлашни таклиф қилди. Назарий жиҳатдан бу футболчиларнинг майдонда фикрлаш қобилияти ўсишига олиб келарди: тўпни олиб қўйишнинг энг оддий усулини эмас, футболчилар ўйинни "ўқиш"ни ўрганишади. 

"Андерлехт"нинг болалар жамоаларида тўп учун курашга кириш ман этилган — бу ҳақида ёшлар жамоасида айтиб беришади. Ёш болакай "ўйинни ўқиш"ни ва рақибни тезкорлик эвазига енгишни ўрганиши зарур. Бизга ақл билан ҳаракат қилувчи футболчилар керак, "қассоб"лар эмас", – тушунтирарди "Андерлехт" академияси мураббийи Жан Киндерманс. Тизимни ўйлаб топишнинг ўзи камлик қилади — Саблон инновациялар ҳаётга тадбиқ этилишига академияни ишонтира олиши керак эди. Барча маълумотларни етказиш учун катта тақдимот ўтказди (4 соат давом этди) ва 2001 йил баҳорда мамлакат бўйлаб саёҳат қилди — таҳминан юз маротаба ислоҳотларини тақдимот орқали намойиш этди.

Баъзида у тақдимот учун янги ғояларни саёҳат давомида ўйлаб топарди. Тақдимотлардан бирида Мишель академия президенти билан биргаликда машғулот майдонига йўл олди. Саблон тўсатдан девор яқинига борди ва ўша ерда ярим дақиқа тошдек қотиб қолди.

Саблон: Назаримда, ҳамкорлигимиз узоққа чўзилмайди.
Президент: Тинчликми, нимага?!
Саблон: Сизларда U-7 ва U-8 жамоалари мусобақасида жадвал борлигига кўзим тушди...

Мишель тушуниб етди: агар болалар ўйиндан завқ олмай, фақат натижа ҳақида ўйласа, уларга футболни ўргатиб бўлмайди. Ўша куни Саблоннинг тақдимот ишига яна бир ғоя қўшилди — ёш болалар жамоаларидан турнир жадвалини олиб ташлаш керак. Ўша вақтлар Бельгия академиялари жуда кам иқтидорлар етиштириб чиқарарди. Шунинг учун улар Саблонга имкон беришга қарор қилишди.

Баъзи мактаблар дастурни ўз қарашларига кўра мослаштириб олганлар. Масалан, ҳимоячиларга бироз оғир бўлса-да, олдинга қараб тезроқ ҳаракатланишлари учун "Андерлехт" академияси 15 ёшгача бўлган жамоаларда 3-4-3 схемасини қўллайди. Бошқа бир мактаблар эса янги қоидани дарҳол қабул қилганлари йўқ. "Мураббийларни 4-3-3 схемасига ўтишга кўндиргунимизча орадан беш йил ўтди. Улар бунга рози бўлишмади, сабаби уларни фақат ғалаба қизиқтирарди", – ёдга олади Саблон.


Бельгияда бўлиб ўтган Европа Чемпионатидан йиғилган пулга 8та футбол мактаби қурилди. Лукакунинг отаси ўтказган босим туфайли "Андерлехт" академияни модернизация қилди

Бу воқеалар билан параллель равишда бельгияликлар бошқа муҳим босқични йўлга қўйдилар — инфратузилмалар ривожланиши.

Бельгия уйда бўлиб ўтган мусобақалардан қандай фойда олиш мумкинлигини кўрсатиб берди. Евро-2000да мамлакат яхшигина пул ишлаб олди. Аниқ сумма маълум эмас, бироқ қўшимча таълим учун саккизта футбол мактаби қуриш учун етарли бўлди. Клуб академияларида одатий машғулотларга қўшимча равишда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ўша мактабда таҳсил оладилар. Де Брюйне, Мертенс, Куртуа, Витцель ва Шадли ўша "қозонда қайнади".

Бир неча йилдан сўнг Бельгиянинг етакчи академиялари ривожланиш учун сармоя киритдилар. "Стандарт" 18 миллион евро сарфлади (натижада академиядан Феллайни ва Витцель етишиб чиқди), "Генк" эса янги майдон ва манеж учун 3 миллион евро пулни сафарбар этди (Тибо Куртуани тарбиялаб, харажатларини қоплаб олди).

"Андерлехт" қолганларга қараганда анча кучли "юриш қилди" ва 2007 йилда "Purple Talent Programme" номли инновацион дастурни тақдим этди. "Андерлехт" академия ва Брюссельдан иқтидорли болаларни йиғди ва барчасини алоҳида ўқув марказига жойлаштирди. Улар мактаб дарслари ўрнига ўша ерда эрталабдан шуғулландилар, дарсларни эса куннинг иккинчи ярмида ўтдилар.

 

Саблон ислоҳоти иш берди: Бельгияда иқтидорли авлод етишиб чиқди, техник директор эса супер юлдузга айланди

Ислоҳотдан кейинги илк йиллар осонлик билан ўтмади. Бельгиялик ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоалари янги схемага мослашишлари қийин кечди ва мағлуб бўлавердилар. Катталар термаси Евро-2004 ва ЖЧ-2006дан чиқиб кетди. Техник директор ва унинг инқилобига бўлган ишонч тобора сўниб борарди. Фақатгина Мишель ўзига бўлган ишончни сақлаб қолди ва бироз сабр қилишларини илтимос қилди. "Терма жамоа мураббийлари менга шундай дедилар: "Биз сиз айтган 4-3-3 схемасига ўтдик, аммо фақат мағлуб бўлмоқдамиз. Яқинда Европа чемпионати бошланади. Сиз ҳали ҳам тизим бўйича иш тутишимиз ва гуруҳдан чиқишга курашишдан воз кечишимизни истайсизми?". Мен эса доим қуйидагича жавоб қайтарганман: "Ҳа, мен шуни истайман", — дейди Саблон.

Шундан сўнг воқеалар ривожи умуман бошқача тус ола бошлади.

2007 йилга келиб Бельгия футбол лигаларида иқтидорли болалар кўзга ташалана бошлади. "Генк" сафида 16 ёшли Куртуа ва 17 ёшли Де Брюйне дебют учрашувида майдонга тушишди, "Стандарт" асосий таркибига 17 ёшли Витцель ва 19 ёшдаги Феллайни киритилди. Ким билади дейсиз, балки "Стандарт" нафақат футбол мактаблари, балки сартарошхоналарга ҳам инвестиция киритган ва шунинг натижаси ўлароқ, Аксель ва Маруандек иқтидорларни топа олгандир. Қўшни Франция мамлакатида "Лилль" таркибида 16 ёшли Эден Азар майдонга туша бошлади. Ҳаттоки, нисбатан молиявий имкониятлари чекланган "Гент" ҳам Нико Ломбертсга катта футбол учун трамплин вазифасини бажарди. Кейинчалик ушбу футболчи мамлакат бош термасида тўп тепгани ва Санкт-Петербургнинг "Зенит" клуби таркибида УЕФА Кубогида муваффақиятга эришганини мухлисларимиз яхши билади.

Ўша йили Бельгия U-17 ўзида ўтган Европа Чемпионатида ярим финалга етиб борди. Ўша жамоа етакчилари Азар ва Бентеке эди. Финал йўлланмаси учун курашда бельгияликлар пенальтилар сериясида испаниялик тенгқурларига имкониятни бой беришди. 2008 йил иқтидорларга бой Бельгия U-23 термаси таркибига Миральяс, Дембеле ва Вертонгендек футболчилар қўшилганди, Пекин Олимпиадасида тўртинчи ўринни эгаллади. Дунё илк бор бундай ўйин услубига эга Бельгияни кўраётганди: тезкор, тажовузкор ва ташаббусни ўз қўлида сақлаб турувчи жамоа.


Бельгиянинг иқтидорли футболчилари тугадими? Йўқ — "олтин авлод"дан кейин доим бироз танаффус бўлади

2019 йил. Сўнгги икки халқаро турнирда "олтин авлод" вакиллари порлади, Жаҳон Чемпионатида бронза медали соҳиби бўлдилар. Ҳозирда эса Евро-2020га тайёргарлик кўрмоқдалар. Терманинг асоси саралашни анча улғайгач якунлайди: Алдервейрелд ва Витцель 30 ёшда, Вертонген, Шадли ва Мертенс – 32да, Вермален (қизиқ, Мартинес ҳали ҳам уни термага чақиради) – 34 ёшга қадам қўйган. Терма жамоа сафини янгилаш керак, аммо бу биз ўйлаганчалик осон иш эмас.

Бельгиядан етишиб чиққан ёш супер-иқтидорли ўйинчи ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Ҳа, арзирли мисол келтириш қийин. Нисбатан Юри Тилеманс ва Деннис Пратни айтишимиз мумкин. Азар, Де Брюйне ёки ҳеч бўлмаганда Мертенс даражасидаги иқтидорлилар кўринмай кетганига анча бўлган (2012 йил лов этиб ёнган-у, пуф этиб ўчган Янузани кўпчилик эсласа керак). Саблон тизимига ортиқча баҳо бериб юборилганми ва "олтин авлод"дан кейин барчаси тугайдими? Асло!

Бельгия ноёб футбол фабрикасини ярата олган, лекин ҳеч бир тизим иқтидорли ўйинчини Де Брюйне ёки Азар даражасига олиб чиқолмайди. Бельгия тизимининг афзаллиги бундай "бриллиантлар" пайдо бўлишида эмас, балки танлов борлигида: сўнгги йилларда термада ақлбовар қилмайдиган вариантлар бор эди (Янузай, Миньоле, Миральяс, Бентеке, Ориги ва Наингголанни эсланг — жамоанинг муҳим футболчиси бўла олмаган жуда кучли ўйинчилар).

Ҳар бир мамлакатда "супер юлдузлар авлоди"дан сўнг бироз сустлик даври пайдо бўлади. Бир ёдга олинг: 1998-2002 мавсумлардан кейинги Франция, 2008-2014 йилдан сўнг Германия, ҳаттоки 2008-2012 йиллардаги даҳшатли Испания ҳам аста-секинлик билан ҳаракатланишга тушиб қолганди. Баъзан бу шунчаки ҳиссиётлар билан боғлиқ муаммо бўлади: биз етти йил мобайнида бельгияликларнинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлдик. Табиийки, улардан кейинги муносиб футболчилар ҳам кўзимизга бироз заифдек кўринади.

Бельгияликлар ҳозирда нисбатан яхши аҳволда. Роберто Мартинес Евро-2020 саралаш босқичида бир нечта ёш иқтидорларни термага жалб қилди. Ишга чуқурроқ киришса, "олтин топилмаларга" эга бўлиши ҳеч гапмас.

Яқин 5-6 йил бельгияликлар таркиб борасида ҳавотир олмасалар ҳам бўлади. 


Европада бельгиялик футболчилар "мода"да. Бельгияда тадқиқот ўтказишди: Англияга эрта кетиш футболчи карьерасига салбий таъсир кўрсатади

Мана келаси авлод билан айнан шундай муаммолар юзага келиши мумкин.

"Олтин авлод вакиллари"дан сўнг бельгиялик ўйинчиларни сотиб олиш урфга айланди ва кўплаб скаутлар Бельгия лигаларида изғиб, янги Азарни излашмоқда. Бошқа мамлакатларга эрта жўнаб кетиш ўтган авлод вакилларига ҳеч қандай салбий таъсирини ўтказмади (Азар, Мертенс, Вертонген, Вермален). Лекин айнан улар туфайли бошқа ёш футболчилар "синиб қолаётганига" бельгияликларнинг ишончи комил.

Қаранг. Керес Масангу, Флор Ван Ден Эйден, Чарли Мусонда, Инди Бонен — бирортаси ҳақида эшитганмисиз? Уларнинг барчаси яқин ўтмишдаги Бельгия ёшлар терма жамоаси ўйинчилари эди. Улар эндигина 17-18 ёшга қадам қўйганида Европа клублари сотиб олганди, бироқ бирортаси ҳатто захиралар ўриндиғидан жой эгаллай олмади (баъзилари Бельгияга қайтди, қолганлари эса ижарага бериб юборилди).

2019 йил Бельгиянинг етакчи футбол агентлиги "Stirr Associates" (терманинг ярим таркиби у билан шартнома имзолаган) АПЛга эрта трансфер қилинган бельгиялик футболчилар фаолиятини бу қандай таъсир кўрсатганини ўрганиш учун маблағ ажратди. Тадқиқот доирасида 2005-2018 йилларда фаолият юритган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган 80та ўйинчи карьераси ўрганиб чиқилди. Бундан маълум бўлдики, Англияга трансфер қилиниш ёш иқтидорлар фаолиятига катта салбий таъсир кўрсатган экан.

"18 ёшда АПЛда ўйнаб кетиш жуда қийин, — дейди агентликнинг ижрочи директори Стейн Фрэнсис. — Тадқиқот натижасида янги жамоадаги илк дақиқалар футболчининг узоқ муддатли ривожланишини муҳим аҳамиятга эга экани маълум бўлди. Премьер-Лига ёки А Сериянинг 23 ёшгача бўлган терма жамоалари билан бирга ўйнаш — Бельгиянинг олий дивизионида ўйнаш каби самарали эмас".

Сўнгги икки йил ичида шунга ўхшаш ҳолатлар кўп бўлди. Ёрқин мисол — вингер Чарли Мусонда: у 16 ёшида "Челси"га ўтди ва 3 йил ичида атиги уч марта "кўклар" сафида майдонга тушди. Ҳозирда эса Слуцкий қўл остидаги "Витесс" жамоасида фаолиятини қайтадан бошламоқда. Шунга ўхшаш трансферлар "МЮ" ва "Сити"да ҳам бўлган эди.

Омадсизликлар фақатгина АПЛ билан боғлиқ эмас. 19 ёшли ҳимоячи Флор Ван Ден Эйден 2017 йил "Интер"га ўтди. Орадан икки йил ўтди, аммо клубнинг бирорта ўйинида майдонга тушмади ва Голландия иккинчи даражали лигасидаги "Эйндховен" клубига ўтди. Керес Масангу "Рома"дан "Сассуоло"га ижарага ўтди, лекин барибир омади юришмади. Бу тўғри келган икки футболчи эмас – уларнинг ҳар иккисини "The Guardian" 2017 йил ҳар йиллик "Next Generation"да Винисус ва Санчо билан бир қаторда эътироф этганди.

Ким билади дейсиз, балки футболчилар Бельгияни жуда эрта тарк этаётгани туфайли шундай бўлаётгандир — ахир ўнга яқин клуб бирдек адашиб, иқтидорсиз ўйинчиларни сотиб олмагандир...

***

Воқеанинг энг зўр томони – Бельгия бугунги натижага нақадар осон эришганини англаб етишда. Илмий ёндашув ва бироз меҳнат, бир неча йил сабр кимларнингдир неча йиллик орзусини рўёбга чиқаради. Бунга жуда катта маблағ ва ёки давлат томонидан алоҳида ёрдам шарт эмас.



2012 йил Саблон миссия бажарилган деб ҳисоблади ва мамлакат футболини тарк этди. Кейинроқ у Сингапур Футбол Федерациясида тўрт йил фаолият олиб борди. Маҳаллий мутахассислар унинг ишлашидан ҳайратта эканликларини яшириб ўтиришмади. Ҳозир эса Мишель нафақада. У жуда кам интервью беради, лекин гапнинг дангалини айтади. Уларнинг бирида Мишель дунёнинг исталган федерацияси ўзи учун фойдали қисмини олиш мумкин бўлган, ўзи амалда қўллай оладиган гапларни айтган.


"Бельгияда амалга оширилган ишни исталган клуб ёки федерацияда ҳам қилиш мумкин. Биз оламшумул иш бажарганимиз йўқ. Бунинг учун "дунёнинг пуллари" ҳам керак бўлмайди. Бизни ортиқча пулимиз ҳам йўқ эди. Биз Европанинг кичик бир мамлакатимиз ҳамда муаммоларимиз ўзимизга етади. Сабаби мамлакатда иккита тил фаол ишлатилади – шимолий қисмдагилар голланд тилида гапирса, жанубликлар – французчада сўзлашади. Лекин биз бунга кўникдик ва муаммоларни енгиб ўтишни ўргандик".


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +17   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика