Бақоев голлар стандартлардан урилаётгани ҳақида: “Ҳеч қандай сир йўқ, бизда бу устида ишлашга қаратилган тизим бор”
28 jun 2022 09:00
News
Бақоев голлар стандартлардан урилаётгани ҳақида: “Ҳеч қандай сир йўқ, бизда бу устида ишлашга қаратилган тизим бор”
- Мусобақадаги 2-ғалабангиз билан табриклаймиз. Ўйин ҳақида фикрингиз.
- Фурсатдан фойдаланиб, бутун Тожикистон аҳлини бирдамлик куни билан табриклайман, тинчлик ва хотиржамлик тилайман. Ўйинга келсак, яхши бошладик. Ҳаммаси режадагидек, сценарий бўйича амалга ошди. Гол ўтказиб юбордик ва кейин 2-тўпни киритдик. Иккинчи таймда тезкор гол ургандек кўриндик, аммо яна қўпол хатога йўл қўйилди ва гол бўлди. Руҳий томондан барча футболчиларга ғалабага керак эди, шу туфайли гол ўтказиб юборишдан чўчидик ҳамда баҳс охирлари жуда шиддатли ўтди. Йигитларни ғалаба билан табриклайман. Асосий қадамдан олдин 2-қадамни ташладик (У.Бақоев).
Шохруз Норхонов:
- Тўғри, ўйин қийин бўлди. Аммо бошдан охиригача учрашувни биз назорат қилдик. Ғалаба билан барча жамоадошларим ҳам мухлисларимизни табриклайман. Ўзбекистондан келиб бизни қўллаб-қувватлаган ишқибозларимизга катта миннатдорчилик билдираман. ЦСКА ҳам баҳс давомида яхши қаршилик кўрсатди. Уларга кейинги ўйинларда омад тилайман.
- Ўйин сиз учун (У.Бақоев) оғир ўтгани кўринди. ЦСКАдан бугун шундай қаршиликни кутганмидингиз?
- Биринчидан, мезбонларга қарши ўйнадик. Албатта, уларда мотивация 2 карра кўпроқ эди: ўз майдони, ўз шаҳри ва мухлислари. Ҳар бир футболчи ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. 10 киши қолишган бўлса ҳам икки ҳисса куч билан охиригача курашишди. Шу сабабли ўйин қийин кечди. Бу рақиб жамоанинг қаттиқ қаршилиги туфайли юз берди, чунки улар гол ўтказиб юборишдан қўрқмади.
- Ғалаба билан табриклайман. Бугун нафақат Жиззах, балки бутун Ўзбекистон сизларга мухлислик қилди. Айтингчи, жамоанинг ўз ўйин услуби сезилдими? Жамоа ҳар хил тактик кўринишларда ҳаракат қилди: қаердадир яхши, қаердадир умуман бошқа услубда. Ўйин стартидан олдин жамоани қандай тайёрлаган эдингиз? Ҳисоб 3:2 бўлганига қарамай, йигитларда ишонч сезилди. Аммо жамоа яхши ўйнади. Рақибнинг кучли томонларини айта оласизми? Кейинги савол эса Шохрузбекка: сиз бугун дублга эришишингизни ҳис қилганмидингиз?
- Рақиби ўйинига тўхталсак, улар 10 киши қолгандан кейин ва ундан олдин ҳам ҳимоявий кўринишда ўйнашди. Тезкор қарши ҳужумларга эътибор қаратишди. Агар сезган бўлсангиз, 2-гол юзага келган вазиятда қанотдан тўп узатилди, зарба берилди. Асосийси иккинчи тўпни киритишди. Тезкор ҳужумларни кутгандик. Бизда нимадир ўхшади, нимадир эса йўқ. Умумий олганда эса ғолибликка эришдик. Муваффақият билан йигитлар, ишқибозлар ва бутун Ўзбекистонни қутламоқчиман (У.Бақоев).
Шохруз Норхонов:
- Гол урганимдан хурсандман. Буни олдиндан кутмагандим, лекин жамоадошларимни ғалаба билан табриклайман. Керакли голни урганим учун жамоадошларимга ҳам миннатдорчилигимни билдираман. Агар улар бўлмаса голлар ҳам бўлмасди. Менинг ўрнимда бошқа футболчи бўлиши ҳам мумкин эди. Ҳар бир ҳужумчи ўйиндан олдин гол уриш учун майдонга чиқади. Кейинги ўйинларда ҳам тўп киритиб, жамоамга ғалаба келтиришда давом этаман.
- Жамонгиз ушбу мусобақадаги 4 та голини стандартдан урди. Бу нима билан боғлиқ? Рақиб жамоаларнинг даражаси Ўзбекистонникидан бироз пастроқлигими ёки мураббийлар штабида бу йўналишда яхши мутахассислар билан ишлаётганингизми?
- Стандартлар – футболнинг бир қисми. Агар статистикага қарасак, 60-70 фоиз голлар стандартлар вазиятлардан урилади. Мураббийларга тўхталсак, бу сир эмас, бизда стандартлар устида ишлашга қаратилган машғулотлар тизими мавжуд. Балки, қўшимча сифатида йигитларнинг якунлаш кўрсаткичи ҳам яхшидир ва стандартлар яратилишига сабаб бўладиганлар ҳам. Мазкур ҳолат шу туфайли бўлса керак (У.Бақоев).
- Биринчи навбатда учрашувда ғалаба қозонганингиз билан табриклайман. Олдинда учинчи ўйин кутмоқда ва кейинги босқичга чиқишга яқинсиз. Бунга қандай муносабат билдира оласиз?
Шохруз Норхонов:
- Учинчи ўйинга эртадан тайёргарликни бошлаймиз. Кейинги баҳсда ҳам фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз.
Comments