Асқар Толибжонов: "Терма жамоаларимиз муҳим турнирларга муносиб тайёрланиши учун барча шароит яратилган"
27 jul 2016 17:42
News
Асқар Толибжонов: "Терма жамоаларимиз муҳим турнирларга муносиб тайёрланиши учун барча шароит яратилган"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг якуний – учинчи босқичини бошлаш арафасида бўлса, ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоалари олдида Осиё чемпионати турибди. Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эса Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёрланмоқда.
Мана шу муҳим ўйинлар ва мусобақаларга жамоалар қандай тайёргарлик кўраётгани, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоалари билан ишлаш маркази бу борада қандай ишларни амалга ошираётгани борасида марказ раҳбари Асқар Толибжонов билан Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати суҳбатлашди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига тайёргарлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, Толибжонов шундай деди:
“Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионатининг учинчи босқичига тайёргарликни анча илгари бошлади ва терма жамоалар маркази томонидан мамлакатнинг асосий жамоаси саралашнинг якуний босқичига муносиб тайёрланиши учун барча имконият яратилди, деб ўйлайман. Бугунгача жамоа Австрияда икки бора, июнь ва июль ойларида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди.
Мураббийларнинг танлови ва сўрови асосида рақиблар танланиб, назорат ўйинлари ташкил этилди. Австриядаги сўнгги йиғинда “Боруссия” (1:1) ва “Уфа” (2:2) ҳамда йиғин якунида Ироқ (2:1) терма жамоаси билан Тошкентда ўртоқлик учрашувлари ўтказилди. Кейинги йиғин энди 20 август куни бошланади ва 24 август куни Яман терма жамоаси билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказилиб, шу билан саралашнинг учинчи босқичига киришилади. Шуни ҳам қўлшимча қилишим керакки, саралашнинг учинчи босқич ўйинлари давом этаётган пайтда, 11 ноябрь санасида Иордания билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришганмиз”.
Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларнинг қитъа биринчилигига тайёргарлиги йўлида қилинган ишлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Терма жамоалар маркази раҳбари қуйидагиларни таъкидлади.
“Ҳар икки жамоа узоқ муддатлик режа асосида, босқичма-босқич тайёргарликни олиб боряпти. Жасур Абдураимов мураббийлик қилаётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хитой, Саудия Арабистони, Беларусь ҳамда яқиндагина Сингапурда ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориб, кўплаб ўртоқлик учрашувлари, халқаро ўртоқлик турнирларида иштирок этиб қайтди. Ушбу жамоанинг тайёргарлик жараёни ҳали давом этмоқда.
Режага кўра улар навбатдаги йиғини Тошкентда бўлади ва 6 – 9 август саналари давомида бўладиган Марказий Осиё Футбол Ассоциациаси Кубогида иштирок этади. Шундан кейин жамоа, август якуни ва сентябрь аввалида Сербияда ҳам ўқув йиғини олиб боради ва бир неча ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Тайёргарликнинг сўнгги босқичида эса ёшлар терма жамоаси Қатарда ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб, Қатар ёшларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Темур Олихўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси йил аввалида Тошкентда Япония Футбол Ассоциацияси ва ЎФФ терма жамоалар маркази ҳамкорлигида ўтказилган “Sport for tomorrow” мусобақасида иштирок этди. Шундан сўнг Бирлашган Араб Амирликларида, Беларусда йиғинлар ўтказди. Тошкентда Польша ўсмирларига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. Мана, айни кунларда Уммон ўсмирлар терма жамоасини Тошкентга таклиф этганмиз ва ушбу жамоа билан иккита назорат ўйини ўтказяпмиз.
Ушбу жамоа тайёргарликнинг кейинги босқичларида Словенияда йиғин ўтказиб, Словения ўсмирлар терма жамоаси билан иккита назорат учрашуви ўтказишади. Шундан сўнг Ўзбекистонда якуний йиғин ўтказилиб, 9 сантябрь куни Ҳиндистонга учиб кетилади. 10 сентябрда эса Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида Австралия ўсмирлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишувимиз бор. Бу мусобақа олдидан сўнгги назорат учрашуви бўлади ва 15 сентябрдан расмий ўйинлар бошланади.
Шуни ҳам қўшимча қилишим мумкинки, ўсмирлар терма жамоасининг кенгайтирилган таркиби, мураббийлар штаби ва делегация аъзолари аллақачон Ҳиндистон визасини олиб улгурди. Ҳозирда ёшлар терма жамоасининг Бахрайнга борадиган таркиби, шатб ва делегациянинг бошқа аъзолари визаларини олиш борасида иш олиб бориляпти”.
“16, 19 ёшгача бўлган қизлардан ташкил топган терма жамоаларимиз Осиё чемпионати саралашларига тайёргарлик кўрмоқда. 19 ёшгача бўлган қизларимиз яқинда Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб, иккита ўртоқлик учрашуви ва йиғин ўтказиб қайтди. 16 ёшгача бўлган қизлар эса Беларусда йиғин ўтказишади”, дея аёллар футболига оид саволга жавоб бериб ўтди Асқар Толибжонов.
“Энг қизғин тайёргарлик жараёнини футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси олиб бормоқда”, - дея Асқар Имомжонович сўзида давом этди - “Улар деярли ҳар ойда йиғин ўтказиб, кўплаб халқаро ўртоқлик учрашувларида қатнашяпти. Масалан жамоа Япониядаги кичик халқаро ўртоқлик турнирида иштирок этди. Тошкентдаги йиғинда Тожикистон билан ўртоқлик ўйинларида қатнашди. Колумбияга кетгунга қадар Озарбайжон, Қозоғистон терма ажмоаларига қарши бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Бундан ташқари Португалия ва Испания терма жамоалари билан ҳам турнирга қадар ўртоқлик ўйинлари ўтказиш бўйича келишувга эришган. Мана шундай тайёргарлик босқичларини босиб ўтгач, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди”.
“Умуман, терма жамоалар марказининг асосий вазифаси – барча тоифадаги футбол терма жамоаларимизнинг расмий ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни яратиб бериш, хорижда, Ўзбекистонда йиғинлар ташкил этиш, ўртоқлик турнирларида иштирок этишини таъминлашдан иборат. Юқорида саналганларнинг барчаси бўйича аниқ режалар асосида ишлар олиб боряпти. Терма жамоалар маркази ўз ишини профессионал тарзда амалга оширяпти, деб айта оламан”, - дея Асқар Толибжонов ўз сўзларига якун ясади.
Comments